Ўзбекистон республикасида автомобиль транспортида юк ташиш қоидалари


Download 106.5 Kb.
bet2/4
Sana24.12.2022
Hajmi106.5 Kb.
#1064497
1   2   3   4
Bog'liq
Маъруза матни

Юкларни ташиш

Тез бузиладиган юклар асосан ҳарорат режимига риоя қилган ҳолда изотермик кузовли (фургонларда, рефрижираторларда ва шу кабиларда) ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларида ташилади.


Тез бузиладиган юклар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:
а) ўсимлик маҳсулотлари: мевалар, реза мевалар, сабзавотлар, қўзиқоринлар ва бошқалар;
б) ҳайвонларнинг маҳсулотлари: ҳар хил ҳайвонлар ва паррандаларнинг гўшти, балиқ, икра, сут, тухум ва бошқалар;
в) қайта ишлаш маҳсулотлари: сут маҳсулотлари, ҳар хил ёғлар, музлатилган мевалар, колбаса маҳсулотлари ва бошқа гўшт маҳсулотлари, пишлоқлар ва шу кабилар;
г) ўсимликлар: кўчатлар, гуллар ва бошқалар.
Агар ташиш ҳужжатларида юкни жўнатувчи томонидан ташишнинг чекланган муддати кўрсатилмаган бўлса, шунингдек агар ташишнинг чекланган муддати етказиб бериш муддатидан кам бўлса, тез бузиладиган юклар ташиш учун қабул қилинмайди.
Тез бузиладиган юклар, агар:
юкни олувчи юкни қабул қилишни рад этса, юкни жўнатувчи эса янги юкни қабул қилувчи тўғрисида ёзма кўрсатмалар бермаган бўлса;

  • юклар уларни бундан кейин ташиб бўлмайдиган ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган даражада шикастланган бўлса сотилиши керак.

Ташувчи тез бузиладиган юкни сотиш учун бериш зарурлиги тўғрисида мижозни ёзма равишда хабардор қилиши керак. Агар билдиришнома жўнатилгандан кейин беш календарь кундан сўнг мижоздан жавоб олинмаса, ташувчи тез бузиладиган юкни унинг рухсатисиз сотиши мумкин.
Агар ўз хусусиятига кўра омборга жойлаштирилиши мумкин бўлмаса, шунингдек агар юкни сотиш кечиктирилиши унинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлса, ташувчи юкни сотиш учун қисқароқ муддатда ҳам бериши мумкин.
Сотилган юк учун ташувчи олган сумма улар ўртасидаги келишув бўйича мижозга ўтказилади (берилади).
Ташувчи ташиш учун берилаётган тез бузиладиган юкларнинг сифатини танлаб текшириши мумкин, герметик ўрамдаги юклар бундан мустасно.
Юкни очиш ва кейинчалик уни ўраб-жойлаштириш текширишдан кейин юкни жўнатувчи томонидан амалга оширилади.
Юкни жўнатувчи ташувчига тез бузиладиган юкка товар-транспорт юкхати билан биргаликда, агар бундай юк мажбурий сертификатланиши керак бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилган бўлса, сертификат ёки сифат гувоҳномасини тақдим этиши керак.
Юкни жўнатувчи тез бузиладиган юкка товар-транспорт юкхатида юклашдан олдин юкнинг амалдаги ҳароратини ва юкни ташишнинг чекланган муддатини кўрсатиши керак. Агар юкхатида кўрсатилган ташишнинг чекланган муддати етказиб бериш муддатидан ортиқ бўлса, тез бузиладиган юклар ташувчи томонидан ташиш учун қабул қилинмаслиги керак.
Бир автотранспорт воситасида таркиби ва хоссаларига кўра бир хил бўлган тез бузиладиган юкларнинг ҳар хил турларини биргаликда ташишга йўл қўйилади.
Тарага жойлаштирилган сабзавотлар, мевалар, реза мевалар, узумни ташишда юкни жўнатувчи уларни автотранспорт воситаси кузовининг юк ўринларига зич қатор қилиб жойлаштиради.
Унли-кремли қандолатчилик маҳсулотлари ўрамларда ташилади. Улар автотранспорт воситаси кузовида бир нечта қатор қилиб устма-уст жойлаштирилиши мумкин.
Унли-кремли қандолатчилик маҳсулотларини ноозиқ-овқат маҳсулотлар, шунингдек ўткир ҳидли маҳсулотлар ёки янги ёпилган нон билан биргаликда ташишга йўл қўйилмайди.
Нон ва нон-булка маҳсулотларини ташиш учун фургон типидаги кузовли, секцияларга бўлинган ва лотоклар ўрнатиш учун йўналтирувчилар билан жиҳозланган автотранспорт воситаси ёки нон ва нон-булка маҳсулотларини контейнерларда ташиш учун мослаштирилган автотранспорт воситаси қўлланилади. Нон ва нон-булка маҳсулотларини ушбу талабларга мувофиқ жиҳозланмаган автотранспорт воситаларида ташишга йўл қўйилмайди.
Нон ва нон-булка маҳсулотларини ташиш учун юкни жўнатувчидан қабул қилиш ва юкни олувчига топшириш ташувчи томонидан ҳар бир лотокдаги (контейнердаги) маҳсулотларнинг сонини ҳисобламасдан стандарт тўлдирилган лотоклар (контейнерлар)нинг номи ва сони бўйича амалга оширилади.
Ун ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари — цистерналарда тарасиз усулда ва шолча билан ёпилган бортли платформали автотранспорт воситалари — фургонларда тарали усулда ташилиши мумкин. Ёрма фақат тарали усулда ташилади.
Ун, ёрма, шакар ва тузни турғун ҳидли ёки уларнинг ўрами юзасини ифлос қилувчи юклар билан биргаликда ташишга йўл қўйилмайди.
Техник туз шолча билан ўралган очиқ автотранспорт воситаларида ташилади.
Ун, ёрма, шакар ва туз солинган қоплар, агар уларни жойлаштириш баландлиги автотранспорт воситаси борти баландлигидан ортиқ бўлса маҳкамланади.
Дон, ҳашакнинг силос массаси ва пичанни ташишда автотранспорт воситасининг кузови юкни атмосфера ёғингарчилигидан ва ташишда камайишдан ҳимоя қилиш учун парда билан жиҳозланади.
Пахта хом ашёси автотранспортнинг барча турларида тарасиз усулда (тўкилган ҳолда) ташилади, элита уруғлик чигит ва янги қопларда ташиладиган янги навлар бундан мустасно. Тўкилган ҳолда ташиладиган пахта хом ашёсининг усти мато билан ёпилиши керак.
Пахта хом ашёсини ташийдиган автотранспорт воситалари учқун сўндиргичлар, оловни ўчиргичлар ва кузовни ёпиш воситалари билан жиҳозланади.
Хавфсизлик шартлари ва агротехника талаблари бўйича пахта хом ашёсини даладан тайёрлов пунктига ташишда автотранспорт воситаларининг пахтазорга киришига рухсат берилмайди.
Юкни жўнатувчи, юкни олувчи томонидан пахта хом ашёсини жўнатиш ва қабул қилиш селекция ва саноат навлари, териш турлари ва ҳоказолар бўйича бир хилдаги туркумлар билан амалга оширилади.
Пахта толаси, линтни ташишда юкнинг сақланишини ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун полига металл бўлмаган материал тўшалган ва текис бортли ёпиқ автотранспорт воситаларидан фойдаланилиши керак.
Пахта толасини бўёғи қуримаган юк бўлмаларида ҳайвонот-хом ашё юклари (тери хом ашёси, жун ва шу кабилар) ва нам чиқарувчи юклар билан биргаликда ташишга йўл қўйилмайди.
Толали пахта маҳсулотларининг ҳар бир туркуми (туркумнинг бир қисми) транспортда алоҳида ташилади. Автотранспорт воситасига толали пахта маҳсулотларининг бир нечта туркумларини (қоидага кўра учтагача), агар улар бир хилдаги селекция ва саноат навлари бўлса, автотранспорт воситасига юклашга йўл қўйилади, бунда ҳар бир туркумга сифат тўғрисидаги алоҳида ҳужжат расмийлаштирилади.
Юкни олувчи билан келишган ҳолда автотранспорт воситаларига толали маҳсулот туркумлари, агар айни бир селекция ва саноат молларидан бўлса, уларнинг учтадан ортиқ туркумини юклашга йўл қўйилади. Юкланадиган туркумга сифат тўғрисидаги алоҳида ҳужжат расмийлаштирилади.
Тахламларни автотранспорт воситаларига ортиш ва туширишда камарларни ечишга ва уларнинг «тугунчалари» узилишига йўл қўйилмайди.
Техник чигитлар тўкилган ҳолда ёки тоза, қуруқ, ўзга ҳидларсиз қопларда ташилади.
Транспортда ташишда ўртача толали ва узун толали селекция навлари уруғликлари, турлича саноат навлари ва даражалари, шунингдек намлик юқори бўлган уруғликлар аралаш ташилишига йўл қўйилмайди.
Экиладиган чигит солинган қоплар ёпиқ автотранспорт воситаларида ташилади. Экиладиган чигитларни очиқ автотранспорт воситаларида ташишда чигит солинган қоплар брезент билан ёпилади.
Доривор ишқор билан ишлов берилмаган экиладиган чигитларни тўкилган ҳолда транспортда ташишга йўл қўйилади.
Ишқор билан ишлов берилган чигитларни цехга транспортда ташишда нобудгарчиликларга ва экиладиган чигитларнинг шикастланишига йўл қўйилмайди.
Нуқсонлари аниқ кўриниб турган, боғлаш камарлари ва ўралган матонинг яхлитлиги бузилган, хўлланган ва ифлосланган тахламли пахта толаси, линт тахламлари, шунингдек ўзидан ўзи исиб кетадиган ёки ўзидан ўзи ёниб кетадиган пахта ташиш учун қабул қилинмайди.
Ташиладиган пахта хом ашёсининг амалдаги массасини аниқлаш учун ҳам тайёрлов пунктида юклашда (тара, брутто), ҳам пахта тозалаш заводларида туширишда (брутто, тара) автотранспорт воситасининг бир типдаги тарозиларида тортилади, шунингдек ҳар бир кузовдан намуна олиш, анализлар қилиш йўли билан натижалари пахта хом ашёсининг туркумига татбиқ этиладиган унинг кондицион массаси аниқланади.
Ҳайвонлар ёки паррандаларни ташиш ихтисослаштирилган автотранспорт воситасида ёки у мавжуд бўлмаганда, ҳайвонлар ёки паррандаларни ташиш учун жиҳозланган борт платформа типидаги кузовли автотранспорт воситасида ташилади.
Ҳайвонлар ёки паррандаларни ўзи ағдаргич кузовли автотранспорт воситасида ташиш тақиқланади.
Ташувчи, агар бу ташиш шартномасида назарда тутилган бўлса, ҳайвонлар ёки паррандаларни кузатиб боришни ўз зиммасига олиши мумкин.
Ташиш шартномаси шартларига мувофиқ юкни кузатиб борадиган мижоз ёки ташувчининг вакили ҳайвонлар ёки паррандаларнинг камомади, жароҳатланиши ва ўлатга чалиниши, шунингдек санитария нормаларига риоя этилмаганлиги, ҳайвонларни (паррандаларни) парвариш қилиш учун мўлжалланган мол-мулкнинг камайиши ва бузилиши учун жавоб беради.
Асалариларни ташишда мақбул ҳарорат 80С. Асалариларни автотранспорт воситалари — фургонларда ташқи ҳаво ҳарорати 100Сдан ортиқ бўлмаганда ташишга йўл қўйилади.
Чарм, тери, момиқ, пат, жун ва бошқа шунга ўхшаш юкларни (чарм ва тери-мўйна хом ашё) ташиш юк албатта брезент билан ёпилган ҳолда фургонларда ёки бортли автотранспорт воситаларида амалга оширилади.
Чарм ва тери-мўйна хом ашёни автотранспорт воситалари билан чилвир билан боғланган тагликларда ташишга йўл қўйилади.
Тузланган терилар бочкаларда, тахламларда, боғлам қилиб ва алоҳида (тарасиз) ташилади. Териларни қуруқ юклар ва ўзга ҳидларни ўзига сингдириб оладиган юклар билан биргаликда ташиш тақиқланади.
Тузланган терилар атмосфера ёғингарчиликларидан ишончли ҳимояланган бўлиши керак. Сепарацияда ёки кузовнинг полига ётқизиш учун эман тахталардан фойдаланиш тақиқланади.
Ювилган ва ювилмаган (ёғли) жунни биргаликда ташиш, нам ёки ҳўл жунни ташиш учун тақдим этиш ва уни нам ёки ёғли юкка юклаш тақиқланади.
Ҳайвонларнинг юнглари прессланган ҳолда тахламлар ёки қопларда ташилади.
Йириклаштирилган пакетларда ёки контейнерларда идиш-товоқни ташишда автотранспорт воситаси кузовининг полига зич қилиб тенг ўлчамда хашак, пичан қатлами ёки ёғоч қипиғи тўшалади. Пакетлар қаторларига ҳам горизонтал ва вертикал бўйича ўраш материали қўйилади.
Шишадан ясалган, хўжаликда ишлатиладиган идиш-товоқ контейнерларда, тара-ускуналарда ёки полиэтилен плёнка ёпиштирилган пакетларда ташилади.
Идиш-товоқ солинган тара ва контейнерларга «ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ШИША!» деган ёзув ёзилиши керак.
Овқатланиш анжомлари солинган қутилар сув ўтказмайдиган қоғоз билан қопланган ёғоч яшчикларга ёнма-ён жойлаштирилади. Ўралган яшчиклар кўндалангига пўлат ўраш лентаси ёки юмшатилган сим билан ўралади.
Овқатланиш анжомларини кимёвий моддалар ва металлни коррозияга учратадиган бошқа материаллар билан биргаликда ташишга рухсат берилмайди.
Юкни олувчи пачкалар (пакетлар) ичидан сингандаги товуш эшитилса уларни очишни ва товарни битталаб топширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Буюмларнинг синганлиги аниқланганда юкни олувчи буюмларни қабул қилишни ва синган буюмларнинг ҳақини тўлашни рад этишга, ташиш шартномасида белгиланган миқдорда ташувчидан жарима ундиришга, агар товарларнинг ҳақи тўланган бўлса, тўланган суммаларни белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир.
Суюқ органик ўғитлар фақат ихтисослаштирилган автоцистерналарда ташилиши керак. Ташувчи автоцистернанинг барча резбали бирикмалари, қопқоқли туйнуклари ва қулф қурилмаларининг герметиклигини, шунингдек шлангларнинг маҳкамланганлиги ишончлилигини таъминлаши ва тўлдириш даражасини назорат қилиши керак.
Матолар ва улардан тикилган буюмлар махсус қаттиқ, ярим қаттиқ ва юмшоқ тарага жойлаштириб ташилади.
Матолар ва улардан тикилган буюмлар солинган қаттиқ тара (тахта ва фанер яшчиклар) кўндалангига қулфга маҳкамланган металл лента билан ўралган бўлиши керак.
Ипак матоларнинг тахламларини ингичка сим билан ўраш тақиқланади.
Тойга ўралган матолар қоғоз билан ёки ўраш матоси билан қопланиши, бир чокда тикилиши ва кўндалангига чилвир билан ўралиши керак.
Гилам ва гилам буюмлар қандай ҳолда ишлаб чиқарилган бўлса, ўша шаклда ўралмасдан рулонларда ташиш учун тақдим этилиши мумкин.
Пойабзалнинг ҳар хил турлари махсус тарага (картон қутилар, картон, ёғоч, фанер, комбинациялаштирилган яшчикларга солинган ҳолда) жойлаштирилган ҳолда ташиш учун тақдим этилади.
Маиший машиналар, приборлар ва бошқа мураккаб маиший техника автотранспорт воситасида ташиш учун юкнинг турига қараб маҳкамланган ҳолда завод ўрамида ташиш учун тақдим этилади. Ўрамга манипуляцион белгилар («ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ШИША!», «ТЕПА ҚИСМИ», «НАМДАН САҚЛАНГ!») босилади.
Мебель ташиш учун ҳам тарада, ҳам тарасиз усулда тақдим этилади. Мебель тарасиз усулда ташилганда ташувчи махсус жиҳозланган автотранспорт воситасини қўллаши керак.
Цемент ва гипс тарасиз ва тарали усулда (қопларда) ташилади. Тарасиз усулда ташиш фақат ихтисослаштирилган автоцистерналарда амалга оширилади.
Цемент ва гипсни ихтисослаштирилган автоцистерналардан омборхонага тушириш учун юкни олувчи қаттиқ қопламали майдончаларга эга бўлиши керак.
Цемент доимий равишда тушириладиган жойларда (қоришма узеллари, заводлар, қурилиш майдонлари ва шу кабиларда) юкни олувчи ихтисослаштирилган автоцистерна тушириш томонга 12 — 140 қияликда бўлишини таъминлаган ҳолда тушириш майдончаларини жиҳозлаши керак.
Ихтисослаштирилган автоцистерналарни тушириш жойига тракторларда шатакда олиб келиш, шунингдек тушириш шлангларини сим, чилвир ва бошқа қўлости воситалар ёрдамида қабул қилиш қурилмаларига маҳкамлаш тақиқланади.
Асбестоцемент шифер (ясси, тўлқинли ёки бошқа конфигурацияли) автотранспорт воситасида ташиш учун лентали ёки сим маҳкамлаш бандажлари билан маҳкамланган контейнерларда, тагликларда тақдим этилади.
Транспортда ташиш вақтида маҳкамлаш бузилган тақдирда шифер юкни олувчига товар-транспорт юкхатида кўрсатилган листлар сони бўйича топширилади.
Ғишт автотранспорт воситасида контейнерларда, тагликларда ва уларсиз, шунингдек уюлган ҳолда ташилади. Тагликлар, агар ғиштни жойлаштиришнинг баландлиги автотранспорт воситаси кузови бортининг баландлигидан юқори бўлса, тўсувчи қурилмаларга эга бўлиши керак.
Ташувчи пакетнинг пастки қаторидан, бурчакларидан ёки четларидан ғиштлар тушиб кетаётган бўлса, шунингдек агар ғиштни жойлаштиришнинг баландлиги автотранспорт воситаси кузови борти баландлигидан юқори бўлса, тўсувчи қурилмалар йўқ бўлганда пакетларни ташишга қабул қилмаслиги мумкин.
Хом ғишт 7 тоннагача юк кўтарадиган автотранспорт воситасининг тагликларида ташилганда пакетлар юкни жўнатувчи томонидан кузовнинг ўқи бўйлаб жойлаштирилиши, 7 тоннадан ортиқ юк кўтарадиган автотранспорт воситасида ташилганда эса — кузовнинг ён бортларидан бирига тақаштирилиб шахмат тартибида кузовнинг ўқига перпендикуляр жойлаштирилиши керак.
Қурилиш қоришмалари кузови цистерна шаклидаги автотранспорт воситалари — қоришма ташувчиларда, бортли автотранспорт воситасининг кузовига ўрнатилган махсус контейнерлар ва пастак ёғоч тараларда, шунингдек орқа борт термоизоляция қопқоқлари, кигиз тўшамалар, шунингдек йилнинг қиш вақтида кузовни ишлатилган газлар билан иситиш учун қурилмалар билан қўшимча равишда зичлаштирилган автосомосвалларнинг кузовларида ташилади.
Қурилиш қоришмалари ёпишиб қолишидан ҳимоя қилиш учун ифлос нарсалар ва занглардан синчиклаб тозаланган кузовнинг ички юзасига хлорли кальцийнинг сувли эритмаси суртилади.
Листли шишани ташиш учун брезент билан таъминланган борт платформали автомобиллардан (автопоездлардан ёки автомобиль фургонлардан) фойдаланилади. Витринага мўлжалланган лист шиша махсус жиҳозланган автотранспорт воситаларида ташилиши керак.
Листли шиша ёғоч яшчикларда, универсал ёки махсус контейнерларда, кўп оборотли яшчикларда ва шишанинг сақланишини таъминлайдиган бошқа тарада ташилади.
Шиша солинган яшчиклар бир-бирига зич тақалган ҳолда автотранспорт воситасининг ҳаракати йўналиши бўйлаб кўндаланг ҳолда унинг кузовига жойлаштирилади. Кузов тўлмаган тақдирда яшчиклар ҳаракат вақтида силжимайдиган ва тебранмайдиган қилиб маҳкамланади ёки тикилади.
Кўп оборотли яшчиклардаги листли шишани автотранспорт воситаси кузовининг узунаси ва кўндалангига ўрнатиш мумкин. Яшчикларни маҳкамлаш: юпқа тахталар билан тикиш ёки бурчаклари орқали сим билан боғлаш зарур.
Кўндалангига жойлаштиришда кўп оборотли яшчикларни автотранспорт воситасининг кабинасига томон сал қия ҳолда ўрнатиш зарур.
Носоз ва синган шиша бўлаклари бўлган яшчиклар ва контейнерлар ташиш учун қабул қилинмайди.
Сантехника буюмлари (чинни-ганч, металл) уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайдиган завод ўрамида ташиш учун тақдим этилади.
Темир-бетон буюмлар конструкциясига қараб йўлда юкнинг барқарор ҳолатини таъминлайдиган ускуна билан жиҳозланган ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларида ва горизонтал, вертикал ёки қия ҳолатда ихтисослаштирилмаган автотранспорт воситаларида ташилиши мумкин.
Ихтисослаштирилган автотранспортдан деворбоп панеллар ва тўсгичларни, шунингдек массаси 16 тоннадан ортиқ темир-бетон буюмларни ташиш учун фойдаланилади.
Бортли платформали автотранспорт воситаларидан (автопоездлардан) унча катта бўлмаган ўлчамли темир-бетон буюмларни (пойдевор блоклари, тўшамалар, плиталар, зинапоя маршлари ва бошқаларни) ташиш учун фойдаланилади.
Узун ўлчамли темир-бетон буюмларни (фермалар, тўсинлар ва бошқаларни) ташиш учун яримтиркамали ва тиркамалар — ёғоч аравали автопоезддан фойдаланилади.
Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материалларини ташиш учун фойдаланиладиган ихтисослаштирилмаган автотранспорт воситалари ёғоч-тахталар кабинага силжишининг олдини олувчи махсус мосламалар (тишлар, сирғалишга қарши тароқлар) билан жиҳозланади, кабинанинг орқасига эса ёғоч хода, говронларнинг зарбаларидан ҳимоя қилиш учун ғов ўрнатилади.
Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материаллари автотранспорт воситаси ва тиркама бўйича тенг жойлаштирилади. Автотранспорт воситасидаги юкнинг баландлиги тиркама-ёғоч аравадаги юкнинг баландлигидан 100 миллиметрдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материалларини ташишда юкни жўнатувчи ёғоч-тахта материалларини олдиндан узунлиги бўйича навларга ажратиб пакетларга жойлаштириши ва уларни инвентарь боғич билан маҳкамлаши керак.
Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материалларини юкни жўнатувчидан ташиш учун қабул қилиш ва юкни олувчига топшириш ташувчи томонидан ҳажми бўйича, пакетли усулда ташишда эса — юк ўринлари (пакетлар) сони бўйича амалга оширилади.
Металл ва ундан ясалган буюмларни ташиш учун уларнинг гуруҳига қараб бортли платформали автотранспорт воситалари, яримтиркамали шатакчилар, металл ташувчилар, тиркамали-ёғоч аравали автомобиллар қўлланилади.
Металл ва ундан тайёрланган буюмлар:
узун ўлчамли прокат (пўлат прокат, бурчаклар, швеллерлар ва қўштаврлар — штабелларда ёки боғламаларда;
пўлат канатлар — бухтага ёки барабанга ўралган ҳолда;
ўрама сеткалар — юмшоқ пўлат сим билан ўралган ҳолда;
ясси сеткалар — пакетларга боғланган ҳолда;
кичик габаритли металл (михпарчинлар, больтлар, гайкалар, шайбалар, винтлар) — тарага жойлаштирилган ҳолда;
электродлар — қоғозга ўралган ва яшчикларга жойлаштирилган ҳолда;
рангли металлар ва қотишмалар — пачкаларга боғланган ва тарага жойлаштирилган ҳолда ташилади.
Узун ўлчамли металларни (ва бошқа металлардан тайёрланган буюмларни) юклашда тиркама-ёғоч араваларда тиркаманинг буришини таъминлаш учун автомобилга нисбатан исталган томонга 90 даражада кабина билан юк ўртасида оралиқ қолдирилиши керак.
Ташувчи автотранспорт воситаси кузовининг олд қисмига юк кабинани шикастлашидан ҳимоя қилиш учун пўлат ғов ўрнатиши керак.
Юк ортилган контейнерни қабул қилиб олишда ташувчи ва мижоз контейнерни ташқи томондан кўздан кечирадилар, тамғанинг, тамғалаш симининг яхлитлиги ва созлигини, контейнер рақами ва тамға изи назорат белгисининг товар-транспорт юкхатида кўрсатилган контейнер рақами ва назорат белгисига мувофиқлигини текширадилар.
Юкни жойлаштиришда юкни жўнатувчи юк билан контейнер эшиги ўртасида 30 миллиметрдан 50 миллиметргача бўш оралиқ қолдириши керак. Юк контейнер ичида юкни жўнатувчи томонидан нотўғри жойлаштирилиши ёки маҳкамланиши оқибатида юз берган юкнинг бузилганлиги ва шикастланганлиги учун ташувчи жавоб бермайди. Тамға ноаниқ босилган, шунингдек нотўғри илинган тамғали контейнерни қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Ҳар бир контейнерга юкни жўнатувчи юкланган ўринлар сонини кўрсатган ҳолда муҳр ва имзо билан тасдиқланган юкнинг рўйхатини солиб қўяди.
Юк носоз контейнерда, шунингдек тамға бузилган ёки тамғаланмаган контейнерда келган тақдирда юкни олувчи контейнерни очиши, ташувчининг вакили билан биргаликда юкнинг массаси, ўринлар сони ва ҳолатини текшириши керак ва юк йўқотилганлиги, бузилганлиги ёки шикастланганлиги аниқланган тақдирда товар-транспорт юкхатига ёзувни қайд этиши ёки белгиланган тартибда далолатнома тузиши керак.
Кимё-фармацевтика саноати маҳсулотлари (дори-дармонлар) ташиш учун 20 килограммдан оғир бўлмаган массали картон қутиларда, ёғоч яшчикларда, шиша идишларда, шунингдек контейнерларда тақдим этилади.
Шиша ўрамдаги суюқ дори-дармонлар ортиш, транспортда ташиш ва тушириш пайтида шикастланмаслиги учун яшчиклар тагликлар билан бирга жойлаштирилади. Шиша идишлар ёғоч катакларга ёки новдалардан ясалган саватларга жойлаштирилади. Яшчикларнинг туби, тагликлар ва саватлардаги бўш оралиқлар ҳамда қопқоқнинг остидаги жой ўраш материали билан тўлдирилади.
Каучук ўралмасдан тахламларда, яшчикларда, қопларда ва блокларда ташилади.
Автотранспорт воситаси кузови ички юзасининг барча металл қисми каучукдан қуруқ тахталар ёки фанер билан тўсилган бўлиши керак. Каучукнинг устига бошқа ҳар қандай юкни юклаш тақиқланади. Каучукни ортиш бошлангунига қадар юкни жўнатувчи ёнғинга қарши хавфсизликнинг зарур чораларини таъминлаши керак. Латексни (табиий каучукнинг сувли эритмасини) ташишда махсус сақлагичли клапанли бочкалар қўлланилади.
Халқ истеъмоли товарларига тегишли бўлган резина ва резина буюмлар (пойабзал, ўйинчоқлар, атторлик буюмлари) ўралган шаклда ташилади.



Download 106.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling