Ўзбекистон республикасида автомобиль транспортида юк ташиш қоидалари
Ташувчилар, юкни жўнатувчилар ва юкни олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг жавобгарлиги
Download 106.5 Kb.
|
Маъруза матни
4.Ташувчилар, юкни жўнатувчилар ва юкни олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг жавобгарлиги
Ташувчи ва мижоз ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадилар. Ташувчилар ва мижозлар ташиш шартномаси бўйича мажбуриятлар бузилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар. Тақдим этилмаган ёки бўлмаса тақдим этилган, бироқ ташилмаган юкка тақдим этилган ташиш қиймати ташиш пайтида амал қилган, шартномада кўрсатилган тарифнинг ташиш қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Жабрланган томон ўз шартнома мажбуриятларини бажармаган томондан зарар қопланишини талаб қилиши мумкин. Мижоз, агар юк юкни олувчининг талаби бўйича: шаҳар ва шаҳар атрофида ташишда — юк ташиш учун қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида; шаҳаралараро ташишда — етказиб бериш муддати тамом бўлгандан кейин 30 кун мобайнида; тўғридан-тўғри аралаш ташишда — юк ташиш учун қабул қилинган кундан бошлаб тўрт ой ўтгач юкни олувчига берилмаса, юкни йўқотилган деб ҳисоблашга ва юк йўқотилганлигини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Автотранспорт воситаси ташиш шартномасида белгилангандан ортиқча вақт нормасида юк ортилган ёки туширилган ҳолда бекор туриб қолганлиги, шунингдек мижознинг айби бўйича автотранспорт воситаси тўхташ жойида ёки бориш йўлида бекор туриб қолганлиги учун ташувчи ташиш шартномасида назарда тутилган неустойкани талаб қилишга ҳақлидир. Товар-транспорт юкхатидаги ёки йўл варақасидаги автотранспорт воситаси келган ва жўнаб кетган вақт тўғрисидаги белгилар автотранспорт воситаси бекор туриб қолганлиги учун даъво қўзғаш учун асос ҳисобланади. Ташиш шартномасида товар-транспорт юкхатини, шунингдек йўл варақасини расмийлаштириш рад этилганлиги ёки нотўғри расмийлаштирилганлиги учун мижоз томонидан ташувчига неустойка тўлаш назарда тутилиши мумкин. Юкни жўнатувчи у томонидан товар-транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг нотўғрилиги, ноаниқлиги ёки тўлиқ эмаслиги муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган барча зарарлар учун ташувчи, юкни олувчи ва ташиш жараёнида иштирок этувчи барча шахслар олдида жавоб беради. Мижоз автотранспорт воситаларига қонун ҳужжатларида тақиқланган ва илова ҳужжатларида кўрсатилмаган юклар ортилганлиги учун жавоб беради. Юкни ташиш шартномасидан келиб чиқадиган даъвони ташувчига тақдим этишдан олдин унга талаб тақдим этиш мажбурийдир. Ташиш шартномаси шартлари бажарилмаслиги ёхуд зарур тарзда бажарилмаслиги муносабати билан ташувчи билан мижоз ўртасидаги келишмовчиликлар ҳоллари томонларнинг келишувига кўра эркин шаклдаги далолатномалар билан расмийлаштирилиши мумкин, уларда томонларнинг жавобгарлиги чораларини белгилаш учун асос ҳисобланадиган ҳолатлар кўрсатилади. Юкнинг йўқолганлиги, бузилганлиги, камомади ёки шикастланганлиги учун зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво ҳар бир жўнатиш бўйича алоҳида тақдим этилиши керак. Бир юкни жўнатувчининг бир юкни олувчи манзилига бир турдаги юклари бўйича жўнатишлар гуруҳига битта даъво тақдим этишга йўл қўйилади. Даъволарга зарур ҳужжатлар (товар-транспорт юкхати, товар учун чек ва зарарнинг ҳисоб-китоби) илова қилинган бўлиши керак. Зарур ҳужжатларсиз ташувчига берилган даъволар у олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда берилган ҳужжатлар билан биргаликда ва қайтариш сабаблари кўрсатилган ҳолда ариза берувчига қайтарилади. Бунда даъволарни тақдим этиш учун белгиланган муддат тўхтатилмайди. Даъво почтада ёки бевосита ташувчига тилхат остида берилган кун мижоз томонидан даъво берилган кун деб ҳисобланади. Даъвони кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ташувчи мижозни ўттиз кунлик муддатда хабардор қилиши керак. Даъво ташувчи томонидан рад этилган тақдирда у даъво рад этилишининг сабабларини кўрсатиши керак. Ташувчи даъвони тўлиқ ёки қисман рад этган, ёхуд ташувчидан ўттиз кунлик муддатда жавоб олинмаган тақдирда ташувчига даъво юкни жўнатувчи ёки юкни олувчи томонидан тақдим этилиши мумкин. Download 106.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling