6-боб. Ўрта профессионал таълим
1-§. Ўрта профессионал таълим муассасалари бошқаруви
77. Ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлаш асосан вазирликлар ва идоралар тизимида фаолият кўрсатадиган коллежларда амалга оширилади ва улар тегишли равишда вазирликлар ва идораларнинг идоравий бўйсунувида бўлади.
78. Коллежларга тегишли вазирликлар ва идора раҳбари томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади. Директор коллежнинг фаолияти натижалари учун шахсан жавоб беради.
79. Коллеж директори қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ таълим муассасаси номидан иш юритади, шартномалар, шу жумладан, меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, белгиланган тартибда коллежнинг шахсий ҳисобварақларини очади, ўз ваколати доирасида барча ходимлар ва ўқувчилар учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
Директор белгиланган тартибда ишчи ва хизматчиларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, шунингдек, уларнинг хизмат вазифаларини белгилайди.
80. Коллеж директори ҳузурида коллегиал орган ҳисобланган педагогик кенгаш ташкил этилади.
Педагогик кенгашнинг фаолияти коллежнинг Уставида белгиланади.
81. Коллежларда тармоқ вазирликлари ва идоралари вакилларидан иборат таркибда васийлик кенгашлари тузилиши мумкин.
Васийлик кенгаши таркиби ва унинг фаолияти тартиби тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланади.
82. Тизимида коллежлар мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар:
коллежларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига моддий ва молиявий таъминлайдилар;
ўқувчиларда касбий компетенцияларни шакллантириш учун тегишли шарт-шароитларни яратадилар;
битирувчиларни амалиёт ўташи учун амалиёт базалари билан таъминлайдилар ва эгалланган касб ёки мутахассисликлар бўйича улар меҳнатидан самарали фойдаланиш масалаларини ҳал этадилар.
83. Тизимида коллежлар мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар ўқувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш учун чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва уни амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |