62-модда. Ташувчининг жавобгарлиги
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситаларининг бут сақланиши учун ташувчи жавобгар бўлади.
Товарлар божхона органининг рухсатисиз бериб юборилган, йўқотилган ёки юк келиб тушадиган божхона органига элтиб берилмаган тақдирда, ташувчи, тегишли равишда эркин муомалага ёки экспортга чиқариш режимларида тўланиши лозим бўлган бож тўловларини тўлаши шарт, товарлар ҳалокат ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида йўқ бўлган ёхуд қайтариб бўлмайдиган тарзда қўлдан кетган, ёхуд камомад табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитида камайиш туфайли юзага келган ёхуд органлар ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари натижасида эгаликдан чиқиб кетган ҳоллар бундан мустасно. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўй берган бундай ҳоллар Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.
63-модда. Фалокат юз берган ёки енгиб бўлмас куч таъсир этган тақдирда кўриладиган чора-тадбирлар
Фалокат юз берган ёки енгиб бўлмас куч таъсир этган тақдирда ташилаётган товарлар транспорт воситасидан туширилиши мумкин. Бу ҳолда ташувчи товарларнинг бут сақланишини таъминлаш ва улардан бирон-бир тарзда фойдаланилишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўриши, ишнинг ҳолатларини, товарлар ва транспорт воситаларининг қаерда эканлигини энг яқин божхона органига дарҳол хабар қилиши, товарларнинг энг яқин божхона органига ташиб келтирилишини ёки божхона органининг мансабдор шахслари товарлар турган жойга олиб келинишини таъминлаши шарт.
Божхона органи бундай ҳолларда божхона назоратини таъминлаш учун кўриладиган чора-тадбирларни белгилайди.
Ушбу моддада назарда тутилган чора-тадбирлар кўрилиши муносабати билан ташувчининг қилган харажатлари божхона органи томонидан қопланмайди.
Ушбу модда қоидалари ушбу Кодекс 84-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган денгиз, дарё ёки ҳаво кемалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ноилож тўхташ ёки қўнишга мажбур бўлган ҳолларда ҳам қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |