112-модда. Божхона тўловларини ундириш ва жавобгарлик чоралари
Ушбу Кодексга мувофиқ тўланмаган божхона тўловлари божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундирилади, товарларни нотижорат мақсадларида олиб ўтадиган жисмоний шахслардан ундириладиган тўловлар бундан мустасно бўлиб, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.
Тўланмаган божхона тўловлари, тўламаганлик факти қачон аниқланганлигидан қатъи назар, ундирилиши лозим.
Қарздорлик вақти учун ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун боқимонда суммасининг 0,05 фоизи миқдорида сўзсиз тартибда пеня ундирилади. Тадбиркорлик субъекти томонидан ортиқча тўланган суммаларга тенг бўлган қарздорлик суммасига пеня ҳисоблаб чиқарилмайди. Пеня миқдори тадбиркорлик субъектининг божхона тўловлари бўйича қарздорлик суммасидан кўп бўлиши мумкин эмас
Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товланган ёки тўловчида пул маблағлари бўлмаган тақдирда ундирув қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
113-модда. Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш
Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг, шунингдек божхона режимларига мувофиқ қайтарилиши лозим бўлган божхона тўловларининг суммалари қайтарилиши ёхуд тўланган пайтдан бошлаб ёки бундай тўловлар ундирилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида тўловчининг талабномаси бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши лозим.
Божхона тўловлари қайтарилганда улар учун фоизлар тўланмайди.
VI БЎЛИМ. ДАСТЛАБКИ ҚАРОРЛАР
114-модда. Дастлабки қарорни қабул қилиш
Божхона органлари товарларнинг таснифи, уларнинг божхона қиймати ва қайси мамлакатда тайёрлангани, божхона тўловлари миқдори ва божхона ишининг бошқа масалалари юзасидан дастлабки тарзда қарор қабул қилиши мумкин. Дастлабки қарорни қабул қилганлик учун уни сўраётган шахсдан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ҳақ ундирилади. Дастлабки қарорни қабул қилиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланади.
Дастлабки қарор божхона органлари учун мажбурий бўлиб, қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида амал қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |