118-модда. Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг дипломатия агенти учун бож имтиёзлари
Дипломатия ваколатхонасининг дипломатия агентлари (дипломатия жамоасининг бошлиғи ва аъзолари), шунингдек улар билан бирга яшайдиган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган оила аъзолари ўзларининг шахсий фойдаланишига мўлжалланган товарларни, шу жумладан рўзғорни бир қадар бутлаб олишга керакли товарларни божхона чегарасидан божхона тўловларидан озод этилган ҳолда олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя қилиб Ўзбекистон Республикасига олиб киришлари ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишлари мумкин, сақлаганлик учун, белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун олинадиган тўловлар бундан мустасно.
Кўрсатилган шахсларнинг шахсий юки унда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланмаган товарлар ёки олиб кириш ва олиб чиқиш қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларда тақиқланган ёхуд карантин ва бошқа махсус қоидалар билан тартибга солинадиган товарлар бор деб тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона кўригидан ўтказишдан озод қилинмайди. Бундай текширув фақат дипломатия агенти ёки унинг ваколатли вакили иштирокида ўтказилади.
119-модда. Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг маъмурий-техник ходимлари учун бож имтиёзлари
Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг маъмурий-техник ходимлари ва уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмасалар ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамасалар, рўзғорни бир қадар бутлаб олишга керакли товарларни божхона тўловларидан озод қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб киришлари мумкин, сақлаганлик учун, белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун олинадиган тўловлар бундан мустасно.
120-модда. Дипломатия агентларига бериладиган бож имтиёзларини чет давлат дипломатия ваколатхонасининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига татбиқ этиш
Чет давлат дипломатия ваколатхонасининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган оила аъзоларига ушбу Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ дипломатия агентларига бериладиган божхона имтиёзлари ҳар бир чет давлат билан тузилган махсус битим асосида ва улар билан муносабатлардаги ҳамжиҳатлик принципидан келиб чиқиб, татбиқ этилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |