16-боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
173-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни юритиш божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан ушбу Кодексга мувофиқ, Кодексда тартибга солинмаган ҳолларда эса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
174-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритиш жойи
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни божхона органининг мансабдор шахси ҳуқуқбузарлик аниқланган жойда ёки юқори божхона органининг рухсати билан — ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда юритади.
175. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни юритиш муддатлари
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишни юритиш у бошланган кундан эътиборан бир ой муддатдан кечикмай тугалланиши лозим.
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни юритиш муддати зарур ҳолларда божхона органининг бошлиғи томонидан юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тўрт ойгача узайтирилиши мумкин.
176-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш материалларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш материалларида мавжуд бўлган маълумотлар иш кўриб чиқилгунга қадар ошкор қилинмайди.
177-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича баённомалар
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги факти бўйича ҳамда зарур ҳаракатларни содир этиш пайтида божхона органининг мансабдор шахси қонун ҳужжатларида белгиланадиган шаклда баённомалар тузади.
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги иш бўйича баённомаларга тўпланган далиллар қўшиб қўйилади. Божхона органининг мансабдор шахси иш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда узил-кесил ҳал этилгунга қадар далилларнинг сақланишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |