299-модда. Тақдимномани ва хусусий ажримларни бажариш мажбурияти
Жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисидаги тақдимнома ёки хусусий ажрим юборилган давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, жамоат бирлашмаси, жамоа ёки мансабдор шахс зарур чораларни кўриши ва кўрилган чораларнинг натижалари тўғрисида кечи билан бир ойлик муддат ичида тегишинча суриштирувчини, терговчини, прокурорни ёки судни хабардор қилиши шарт.
Тақдимнома ёки хусусий ажрим бажарилмаган ёки виждонан бажарилмаган тақдирда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг айбдор раҳбари қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 181, 196, 197 ва 198-моддалари.
300-модда. Фуқаро ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида тақдимнома ва хусусий ажрим
Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор — тақдимнома, суд эса, хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарини ва жамоасини жиноятнинг олдини олиш ёки уни фош этишда фуқаро юксак онглилик, жасорат кўрсатгани, ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида хабардор қилиши мумкин.
[ОКОЗ:
1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.12.00.00 Жиноят-процессуал қонунчилиги / 16.12.07.00 Реабилитация]
ЕТТИНЧИ БЎЛИМ
РЕАБИЛИТАЦИЯ
37-боб. Реабилитация асослари ва оқибатлари
301-модда. Реабилитация асослари
Оқлов ҳукми, шунингдек ушбу Кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган ҳолатлар шахсни реабилитация этишга асос бўлади.
302-модда. Реабилитация этилишнинг мулкий ва бошқа оқибатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши қонунга хилоф равишда тўхтатиб турилгани, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани ёхуд тиббий муассасага қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатлари бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
(302-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 28 августдаги ЎРҚ-558-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.08.2019 й., 03/19/558/3662-сон)
Бундай ҳолларда реабилитация этилган шахснинг ушбу Кодекснинг 310-моддасида назарда тутилган меҳнат қилиш, нафақа олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқлари ҳам тикланиши лозим.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 9-бандининг учинчи хатбошиси.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 990, 991, 1022-моддалари, «Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш тартиби тўғрисидаги низом» (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 11 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2569).
Do'stlaringiz bilan baham: |