Макроиқтисодий бозорларнинг баланслашиши рўй беради. Макроиқтисодий кўрсаткичлар экзоген ва эндоген ўзгарувчиларга гуруҳланибгина қолмасдан заҳираларни тавсифловчи ва оқимларни тавсифловчи ўзгарувчиларга ажратилади. Биринчи гуруҳ кўрсаткичлар тадқиқот объектининг маълум санадаги ҳолатини тавсифлайди. Буларга капитал билан қуролланганлик даражаси, ишсизлик даражаси, давлат қарзи каби кўрсаткичлар мисол бўлади. Иккинчи гуруҳ кўрсаткичлар маълум давр оралиғида иқтисодий жараёнларнинг кечишини тавсифлайди. Буларга йил давомида ишлаб чиқилган ЯИМ ҳажми, истеъмол ва инвестиция харажатлари миқдори, инфляция суръати каби каби кўрсаткичлар мисол бўлади. Оқимлар маълум давр мобайнида заҳираларнинг ўзгаришини келтириб чиқаради. Масалан йил давомида қилинган инвестициялар иқтисодиётда тўпланган капитал ҳажми, ўз навбатида эса меҳнатни капитал билан қуролланганлиги даражасининг ҳам ошишига олиб келади.
“Ресурслар — товарлар ва хизматлар” ҳамда “даромадлар — харажатлар"нинг доиравий оқими модели.
Ҳар қандай иқтисодий тизимда товарлар ва хизматларни такрор ишлаб чиқариш умумий жараёнини ресурслар, товар ва хизматлар, даромадлар ҳамда харажатларнинг доиравий оқими модели кўринишида тасаввур қилиш мумкин. Бу содда модел макроиқтисодий таҳлил асосини ташкил этади. Фақат хусусий мулкка таянган (яъни давлат иштироки мавжуд бўлмаган) ёпиқ иқтисодиётда бундай доиравий оқими фирмалар ва уй хўжаликлари ўртасида амалга оширилади (2-чизма). Уй хўжаликлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча иқтисодий ресурсларни ресурслар бозорига етказиб берадилар, корхоналар эса бу ресурсларни сотиб олиб турли хил маҳсулотларга, хизматларга айлантирадилар, сўнгра эса уларни тайёр маҳсулотлар ва хизматлар бозорига етказиб берадилар. Айни пайтда "ресурслар — товарлар ва хизматлар" оқимига қарама қарши йўналишда "даромадлар — харажатлар"нинг ҳам доиравий оқими амалга оширилади. Яъни, уй хўжаликлари ўзлари етказиб берган иқтисодий ресурслар эвазига даромад олади ҳамда уларни товарлар ва хизматлар истеъмол қилиш учун сарфлайдилар ёки аксинча корхоналар ресурслар учун сарф-харажатлар қиладилар ҳамда тайёр маҳсулотларни сотиш эвазига даромад оладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |