Ўзбекистонга Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотларининг кириб келиш сабаблари ва уларнинг болалар соғлиғига салбий таъсирининг оқибатлари тўғрисида
Download 24.43 Kb.
|
Dok-1 Maks2
Ўзбекистонга Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотларининг кириб келиш сабаблари ва уларнинг болалар соғлиғига салбий таъсирининг оқибатлари тўғрисида Европа фармацевтика саноатлари ва уюшмалари федерацияси (EFPIA)нинг 2021 йил натижаларига бағишланган ҳисоботи таҳлилига кўра, Ҳиндистон фармацевтикасининг 2021 йил жаҳон дори саноатидаги улуши 11,8 фоиз даражасигача кўтарилган. Ҳиндистон дори саноати бундай натижага, асосан, арзон нархдаги генерик дори воситаларга сармоя киритиш ва уларни ишлаб чиқариш орқали эришган. Аммо, Ҳиндистонда генерик турдаги дори воситалари ишлаб чиқарувчиларнинг сони ортиши ушбу соҳадаги назорат қамровини камайишига ва оқибатда соғлиқ учун зарарли дори воситаларининг ишлаб чиқарилишига олиб келган. Маълумот учун: “генерик дори” – оригинал дори таркибидаги таъсир қилувчи асосий фаол моддалар миқдори ва сифатига эга бўлган аналог дори воситаси. Масалан, Россияда ишлаб чиқарилган оригинал дори воситаси “Arbidol”ва унинг генериклари бўлган “Arpitol” (Беларус республикаси маҳсулоти) ва “Immunostat” дорилари. Ҳиндистон фарм саноати маҳсулотларининг нархи Европа ёки АҚШ фарма маҳсулотлариникидек юқори эмаслиги ушбу дориларга Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг иқтисодий қолоқ ва ривожланаётган мамлакатларида талаб ортишига сабаб бўлган. Ушбу мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон ҳам мавжуд бўлиб, gazeta.uz интернет нашрида келтирилган маълумотга кўра, Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотлари экспортида Ўзбекистон 44 ўринда, МДҲ минтақасида эса Россиядан кейин иккинчи ўринда туради. Давлат статистика қўмитасининг stat.uz портали маълумотлари таҳлилга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга 63 та давлатдан қиймати қарийб 1,6 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган фармацевтика маҳсулотлари импорт қилинган. Улар орасида Ҳиндистондан Ўзбекистонга экспорт қилинган фармацевтика маҳсулотлари салмоғи етакчи бўлиб, қиймати 300,8 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Халқаро савдо статистикаларини эълон қилувчи Volza.com порталида келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонга 2022 йилнинг ноябр ойига қадар жами 70 та мамлакатдан 3 277 маротаба фарм маҳсулотлар импорти амалга оширилган бўлиб, улар асосан уч мамлакат Ҳиндистон, Туркия ва Германия ҳиссасига тўғри келган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон аҳолисининг харид қобилияти юқори эмаслиги (Халқаро валюта фонди баҳосига кўра, 2022 йилда жаҳон миқёсида 124 ўринда), мамлакатдаги аксарият фармацевтика компаниялари замонавий технологиялардан фойдаланмаслиги ва доривор моддалар ишлаб чиқаришга эътибор қаратилмаганлиги Хиндистонда ишлаб чиқарилган арзон дори воситаларининг Ўзбекистон бозорида фаол сотилишига сабаб бўлган. Асосан учинчи дунё мамлакатларига дори воситаларини экспорт қилувчи Ҳиндистон сўнгги ўн йилликда асосан ишлаб чиқариш ҳажмига эътибор берган ҳолда, ишлаб чиқариш жараёни ва дорилар сифатини етарли даражада назорат қила олмай қолган. Халқаро фарм саноат янгиликлари ва таҳлилларини олиб борувчи “Outsouring-farma” нашрининг 2012 - 2018 йиллар жаҳон фарм саноатининг таҳлили натижаларига кўра, биргина 2012 йилнинг ўзида жаҳон бозорига чиқарилган контрафакт, соҳта дори воситаларининг 75 фоизи Ҳиндистонда, 7 фоизи Мисрда ва 6 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган. Шунингдек, ушбу нашр томонидан Ҳиндистоннинг 2017 йилдаги фарм саноати таҳлили натижаларига кўра, жами ишлаб чиқарилган фарм маҳсулотларнинг 3,16 фоизи сифатсиз, 0,0245 фоизи эса соҳта дорилар воситалар бўлиб чиққан. Шунингдек, Ҳиндистон ишлаб чиқарувчиларининг белгиланган нормага жавоб бермайдиган дори воситалари истеъмоли натижасида 2019 - 2022 йиллар давомида 100 дан ортиқ болалар ўлимига сабаб бўлди. 2022 йилнинг октябр ойида bbc.com нашри “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти”нинг ахборотига таянган ҳолда етарли даражада сифат назоратидан ўтмаганига қарамасдан муомалага чиқарилган ҳинд дори воситалари тўғрисида ўз таҳлилларини эълон қилди. Унга кўра, дастлаб 2019 йилда Ҳиндистоннинг Жамму шаҳрида 2 ойликдан 6 ёшгача бўлган 11 нафар бола, 2020 йилда Ҳимачал-Прадеш штатида беш ёшдан кичик бўлган 13 нафар бола белгиланган сифат талабига жавоб бермайдиган шамоллашга қарши сироп дориларни истеъмол қилишдан вафот этган. Ҳиндистон “кимё ва ўғитлар вазирлиги” ҳузуридаги фармацевтика бошқармаси олиб борган ўрганишлар натижасида, болалар ўлимига маҳаллий “Digital Vision” компаниясининг “Cofset” шамоллаш ва иситмага қарши сиропидаги диэтилен гликол моддасининг меъёридан ортиқ ишлатилганлиги сабаб бўлгани аниқлаган. Маълумот учун: “диэтилен гликол” – рангсиз, тиниқ ва ҳидсиз, ширин таъмга эга суюқликдир.Саноатда, мебелсозлик, косметика ва дори ишлаб чиқаришда қўлланилади. Гликоллар оиласига кирувчи яна бир тури – этилен гликол. Уларни кўп миқдорда истеъмол қилиш буйрак ва жигар касалликларига кейинчалик истеъмол яна давом этса бевақт ўлимга олиб келади. Нашрда, шунингдек, Африканинг Гамбия давлатида ҳинд дорилари истеъмолидан вафот этган 69 нафар бола фожиаси ҳақидаги таҳлил келтирилган бўлиб, унга кўра болалар ўлимига Ҳиндистоннинг “Maiden Pharmaceuticals Limited” компаниясининг “Promethazine”, “Kofexmalin”, “Makoff” ва “Magrip N” шамоллаш ва иситмага қарши сиропидаги диэтилен гликол ва этилен гликол моддаларининг белгиланган нормадан ортиқ ишлатилгани сабаб бўлганлиги аниқланган. Шу билан бирга, аниқлик киритилишича, истеъмол қилинган дори воситалари болаларга мўлжалланганлиги ва улардаги ширинлик даражаси ва эътиборни жалб қилувчи рангини ошириш учун меъёридан ортиқ гликол моддалар фойдаланилган. Тиббиёт доридаларида гликол моддалар меъёридан ортиқ қўлланганлиги учун болалар ўлими кузатилган яна бир ҳолат бўйча “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти” 2022 йилнинг октябр ойида дунё ҳамжамиятига огоҳлантириш билан чиққан эди. Унга кўра, Индонезияда маҳаллий ишлаб чиқарувчининг шамоллашга қарши сироп препаратларида гликол моддаларининг нормадан ортиқ қўлланлани ортидан 99 нафар беш ёшгача бўлган бола вафот этган. Аммо, бу ҳолат Ҳиндистон фарм маҳсулотлари билан боғлиқ эмас эди. Ўзбекистонда Ҳиндистон дори воситалари билан боғлиқ ҳолат 2022 йилнинг 22 декабр санасида ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят “Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази” бош врачининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи номига 15.12.2022 йилда ёзган хати тарқалганлиги сабабли маълум бўлди. Унга кўра, марказга охирги 2 ойда 21 нафар бемор шамоллашга қарши “Dok-1 Max” сиропини қабул қилганидан кейинги ножўя таъсирлар билан мурожаат қилиб, уларнинг 17 тасида касаллик оғир кечгани, 15 нафари вафот этганлиги, шу муносабат билан, “Dok-1 Max” препаратини болаларда қўллашни таъқиқлаш лозимлиги билдирилган. Download 24.43 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling