Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти
Инсоният пайдо бўлибдики, адолатли ва эркин жамият барпо этиш орзуси билан яшаб келмоқда. Энг қадимги даврдан ҳозирги кунга қадар қанчадан-
Download 67.83 Kb.
|
Умаров
2. Инсоният пайдо бўлибдики, адолатли ва эркин жамият барпо этиш орзуси билан яшаб келмоқда. Энг қадимги даврдан ҳозирги кунга қадар қанчадан-қанча аллома ва мутафаккирлар бу ҳақда бош қотирганлар, кўплаб давлат арбоблари, олиму фузалолар, одамлар аҳил ва иноқ, бахтли ва фаровон яшайдиган ана шундай ҳаёт шароитига эришиш учун ҳаракат қилганлар. Веда ва упанишадлар, “Авесто” ва “Ўзгаришлар китоби” каби манбалардан бошланган илк Шарқ анъанасига кўра бу мавзу олам ва одам, коинот ва инсон, адолат ва эзгулик масалалари таҳлилининг таркибий қисми бўлган. Хусусан, “Авесто”даги фикр-мулоҳазалар бугунги кун учун ҳам ўз қадрини йўқотмаганлиги диққатга сазовор. Чунончи, “Қаерда икки тан бир-бирини қўлласа, ўша ерда иш юришади”, “Ўзгаларни яхшиликка йўллай олган одамнигина яхши одам дейиш мумкин”, “Тангри ростгўйлар ва ҳақиқат йўлида ҳамкор бўлганларнинг нигоҳбонидир” ва ҳоказо. “Ясна”да таъкидланганидек, жамиятни, давлатни бошқариб турган раҳбар ҳамиша жамоа манфаатини ҳимоя қилиши, жамоа томонида бўлиши шарт. У ўзи мансуб бўлган одамлар гуруҳи, тоифаси билан бирга нафас олмоғи, уларнинг қувончларию ташвишлари билан яшамоғи, жамоа душманларига нафрат билан қарамоғи даркор.
“Авесто”дан кейин ҳам бу Шарқ анъанаси давом этган. Хусусан, Монийнинг фалсафий-ахлоқий қарашлари, монийчиларнинг тавбаномаси –“Хуастуанифт” асарида бу янада яққолроқ намоён бўлади. Унда таъкидланганидек, инсоннинг ўзгалар билан ҳамкорликдаги онгли фаолияти эзгуликка бахшида этилса, эзгулик, албатта, ёвузлик устидан ғалаба қилади. Бунинг учун жамиятда барча одамлар тенг бўлиши, улар орасида содир бўладиган турли муносабатлар ижтимоий адолат тамойилларига асосланиши даркор. Одамлар бир-бирларига ниҳоятда суяниб яшашга муҳтож бўлган ўша даврларда кенг тарқалган бундай ғоялар ифодаланган “Хаустуанифт” Моний ибодатхоналарида оммавий равишда қироат билан ўқилгани бежиз эмас. “Фуқаролик жамияти” тушунчасининг Афлотун ва Арастуга бориб тақалувчи қадимги Европа анъанасида у эркин ва озод, тенг ҳуқуқли ҳамда ягона сиёсий ҳукуматга бўйсунувчи одамлар уюшмаси сифатида тушунилади. Антик даврда “фуқаролик” ва “сиёсат” тушунчалари бир хил маънода тушунилган. Кейинроқ эса у “давлат” тушунчасига қарама-қарши қўйилган бўлса-да, асосий муаммо сифатида давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларга эътибор қаратилган. Афлотуннинг бу борадаги қарашларида давлат ва жамиятнинг ўзаро ҳамкорлиги одамлар қизиқишлари, худуди ва ундаги тартибнинг ҳимояси, шаклланиши ва тараққиёти, қолаверса, кундалик эҳтиёжлари қондирилишини таъминлашга қаратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Арасту ғояларида эса давлат ва жамиятнинг ўзаро шерикликда фаолият олиб бориши давлатнинг ўзига хос ҳукмронлик ва итоаткорлик муносабатлари асосида амалга оширилиши керак бўлади.1. Шунинг учун ҳам бу файласуфлар полис (давлат)ларнинг ўзаро ҳамкорликда тузилган муносабатларини мукаммал ўрганиб чиқиб, бундай шериклик идеал назария сифатида, политияни (монархия, аристократия ва демократия белгилари чамбарчас боғланиб кетган давлат тузилмасини) мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишади. Ўрта асрлар Шарқ фалсафасида алоҳида ўрин эгаллаган ислом фалсафасининг асосчиси Абу Наср Форобий эса ўзининг «Мадина ал-Фозила», «Фуқаролик сиёсати», «Бахт-саодатга эришув ҳақида»ги асарларида ижтимоий шериклик муаммосини кенг таҳлил қилган. Бу асарларда ижтимоий шериклик, эзгу ахлоқий қадриятларга асосланган, кишиларни бахт-саодатга элтувчи давлат, етук хислатлар соҳиби ва фуқаро томонидан сайланадиган бошқарувчиларга эга бўладиган жамият тўғрисида ўша давр тафаккурига таъсир кўрсатган фикрлар қайд этилади. Алломанинг ижтимоий шериклик моҳиятини излашдан мақсади – энг эзгу маънавий-ахлоқий қадриятлар, илм-фан, одамзот қадри, онги, тафаккурининг аҳамияти баланд бўлган жамиятни қарор топтиришдан иборат бўлган. Форобий таъкидлашича, шаҳар, давлат ва жамиятнинг барча таркибий қисмлари бир инсон вужудининг турли аъзолари фаолияти каби, ўзаро мувофиқлашган, уйғунлашган, тартибли, тизимлашган бўлиши зарур. Табиий мавжудотлардаги мутаносиблик шаҳар (давлат) жамиятида ҳам бўлиши зарур. Жамиятнинг барча аъзолари ҳар бири ўз мавқеидаги ишлари, ҳаракатлари билан шаҳар биринчи бошлиғининг (давлат, мамлакат фаровонлигини ошириш йўлида) мақсадини амалга оширишда ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Жамият адолатли қонунларга амал қилганида, жамият ва шахс муносабатлари позитив, конструктив, ижобий бўлганида, зиддиятлар ва қарама-қаршилик минг йиллар давомида тўпланган тажриба, миллий анъана ва урф-одатларга мувофиқ ҳал этилганида шахс – камолотга, жамият – тараққиётга эришади. Абу Райҳон Беруний эса ўз асарларида ижтимоий шериклик кишиларнинг руҳий ва моддий эҳтиёжлари – жамият вужудга келиши негизида ётишини алоҳида таъкидлаб ўтади. Унинг фикрича, “Эҳтиёжларнинг тури ҳам, сони ҳам кўп, уни фақат кўпчилик бўлиб бирлашган кишиларгина бажо келтира олади. Шунинг учун инсон тўп-тўп бўлиб яшашга муҳтождир”. Яъни, одам эҳтиёжининг кўплиги, уни ҳимоя қилиш қуролига эга бўлмаганлиги, бир-бирини ёввойи ҳайвон ва душманлардан ҳимоя қилиш зарурлиги, ўзи ва бошқаларни моддий таъминлаш учун бирор ишни бажариш лозим бўлганлиги туфайли қариндош-уруғлари билан жамиятда ўзаро бирлашишга мажбур бўлган. Шунингдек, давлатнинг пайдо бўлиши ҳам кишиларнинг зарурий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ. Бошқача қилиб айтганда, одамлар душманлардан ҳимоя қилиниш, ижтимоий адолатли тартиб ва қоида ўрнатиш учун давлатга бирлашадилар, деган ғояни илгари суради. У “Минералогия” асарида кишиларнинг эҳтиёжлари турли-туман бўлишини, фақат кишилар мақсадли ҳамкорлиги уларни қондириши мумкин, деб ҳисоблайди. Абу Али ибн Сино ўзининг “Ишорат ва танбиҳат” асарида одамларнинг ўзаро шериклик муносабатлари тўғрисида фикр юритиб, “Инсон ўз шахсий талаблари жиҳатдан бошқалардан ажралган ҳолда яшай олмайди, чунки у инсониятнинг бошқа вакиллари билан муносабатдагина уларни қондира олиши мумкин. Жамоанинг барча аъзолари меҳнат билан шуғулланмоғи зарур”, дейди. У жамиятда кишилар ўзаро бир-бирларига ёрдам беришлари асосида яшашлари керак, дейди. Олим яна қуйидагича фикр билдиради: “Ўзаро ҳамкорлик ва ёрдамлашиш учун қонун ва адолат керак, қонун ва адолатнинг амал қилиши учун шундай шахс зарурдирки, у қонун ва адолат қоидаларини тартибга солиб, бажарилишини таъминлай олсин. Шу билан бирга, у одамларни юмшоқ, таъсирчан сўзлар билан қабул қилинган, ўрнатилган қонунларга риоя қилишга даъват эта олиши керак”. Бундан ташқари, жамият аъзоларининг ҳаммаси бу қонунларга итоат этишлари зарур. Жамиятда қонунларни бузиш ва адолатсизлик жазоланиши лозим. Адолатли, фанни севувчи ақлли ҳукмдор инсонпарварлик муносабатларини адолат билан тартибга солиши лозим. Агар ҳукмдор “адолатсиз бўлса, жамият унга қарши курашни мақбул ҳисоблайди”. Янги даврда Ж.Локк, Т.Гоббс, Ш.Л.Монтескье, И.Кант, Гегель, М.Фуко, Н.Бердяев каби файласуфлар ижодида “фуқаролик жамияти” тушунчаси мукаммал таҳлил этилган ёки фуқаролик жамияти жамият антитезиси доирасида кўриб чиқилган. XVII-XVIII асрларда шаклланган назарияларда “шериклик” тушунчаси давлат ва фуқаролар муносабатларини мувофиқлаштирувчи самарали омиллардан бирига айланди. Бу Ж.Локк, Т.Гоббс ва И.Кант каби файласуфларнинг қарашларида, айниқса, яққол намоён бўлади. Жон Локкнинг асосий сиёсий асари ҳисобланган “Давлат бошқаруви тўғрисида икки трактат”да монархлар абсолютизмини қайта қуришга йўналтирилган қарашлар илгари сурилган. Жумладан, Жон Локк биринчи трактатида сиёсий ҳукмронликнинг патриархал илдизларини рад қилган. Унинг фикрича, инсоннинг Худо олдидаги бурчи ҳам, табиат қонунларига кўра, ўзига хос инсоний сифатлар – ақл ва ирода эркинлигидан фойдаланишдан иборат бўлиши лозим. "De Cive" ("Фуқаро") ва "Левиафан" (1651й.) асарларида Томас Гоббс фуқаролик жамияти “илми” яратилган, деб айтади. Т.Гоббс илгари сурган ижтимоий “тартиб муаммоси” ғояси социологияда марказий муаммо саналади. Унинг лойиҳаси геометрик-дедуктив мулоҳазага асосланган, бирламчи тамойиллари эса ҳам механистик, ҳам материалистик фалсафа билан йўғрилган. Унинг назариясига кўра, жамият инсон каби машина. Унинг қандай ишлашини тушуниш учун алоҳида деталларини аниқ тасаввур қила олишимиз лозим, бунинг учун уни энг содда элементларга бўлиб, кейин компонентларнинг ҳаракат қонуни асосида яна қайта йиғиб олишимиз керак бўлади. Т.Гоббснинг ахлоқ тамойилига кўра, кишилар давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро шерикликка ўзларининг табиий ҳуқуқларини ўрнатиш ва мутлақ суверен ҳукуматга бўйсуниш, деб ёндашишлари лозим. Баъзи олимлар Т.Гоббс қарашлари И.Кантнинг “ахлоқий бурч” ҳақидаги тасаввурига яқин деб ҳисоблайдилар. И.Кантнинг дастлабки асаридан бири “Умумий тарих ғояси бутунжаҳон фуқаролиги миқёсида” асарида давлатнинг келиб чиқиши ва идеал фуқаролик жамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилади. Бундаги қатъий императивни “Шундай қилгинки, токи сенинг хатти-ҳаракатларинг умумахлоқ қонуни намунаси сифатида қабул қилинсин” ёки “Ўйлаб кўр, агар ҳамма ҳам худди шундай йўл тутса, нима бўлади” каби иборалари билан таърифлаш мумкин. Шунинг учун ҳам кейинчалик Н.А.Бердяев “Эркинлик инсонни ташқи тарафидан эмас, балки ички ҳолати, руҳига қараб таърифламоқ ёки таъриф бермоқни билдиради. Инсоннинг руҳияти ва маънавияти ҳақиқий эркинликдир. Инсоннинг мавжуд руҳиятини инкор қилиш эркинликни инкор қилишдир” деб ёзган эди. Т.Гоббсдан фарқли И.Кант “умумий”, яъни умуминсоний фуқаролик жамияти ҳақида гапиради. У Ердаги бутун аҳолини қамраб олади. И.Кант нафақат алоҳида халқ ва давлатлар учун ички сиёсий муносабатлар, балки муваффақиятга асосланган ташқи сиёсий муносабатларга эришишлари учун ўзаро шериклик муносабатлари яратилади, деб айтади, “у ҳам фуқаролик жамияти каби, автоматик ишлаб, мустақил мавжуд бўлади”. И.Кантнинг бу ғояси унинг “Назария учун тўғри келсада, амалиёт учун яроқсиз” (1793й.) мақоласида ва махсус трактати “Мангу оламга” (1795й.) каби асарларида кенгайтирилган ҳолда давом эттирилади. Бу қарашлардан маълум бўладики, ижтимоий шериклик тизими анъанавий жамиятда кўп асрлик маданий анъаналарга, миллий қадрият ва бой маънавиятга эга халқларнинг аҳлоқий нормаларига кириб борган, уларнинг ўзаро шериклигига оид баҳсли масалаларда муросага эришишга йўналтирилган. Бу жараёнда эса нафақат ўзаро шерикчиликка асосланган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳодисалар билан, балки мавжуд анъаналар билан ҳисоблашиш керак бўлади. Шунинг учун М.Вебер “Ижтимоий муносабатларнинг рационал асосларини белгиловчи ижтимоий тартиб дуалистик хусусиятга эга. Чунки у, бир томондан, индивидлар учун объектив бўлади, шунинг учун улар хатти-ҳаракатларининг бош назоратчиси ҳисобланади. Иккинчи томондан эса, у “мақсадли иттифоқ” иштирокчиларининг бир қатор кўрсаткичлар бўйича ўзаро розилиги натижасидир, бундай ижтимоий шерикликнинг ўрнатилиши ва узоқ муддатли бўлиши томонларнинг ўзаро мақсадли ва манфаатли фаолияти билан белгиланади”, деб таъкидлайди. Ижтимоий шериклик ижтимоий тартибнинг моҳиятан ўзаро келишувга асосланган шакли бўлиб, унинг янгича маъно-мазмунга эга бўлиши кескин вазиятларда ҳам интеграциялашган яхлитлигини сақлаб қолишни талаб этади. Чунки ўз даврида Т.Парсонс ҳам “Ижтимоий шерикликни таъминлашда мақсадларнинг институционаллаштирилган шакли, моҳиятан шерикликнинг барқарор моделлари ҳисобланади ва ижтимоий тизим асосини ташкил этади”, деб ёзган эди. Шубҳасиз, ижтимоий шериклик принципларини амалиётга татбиқ этиш – мураккаб вазифа. Бу жараён залварли натижаларга олиб келади: жамиятнинг қутбларга бўлиниши барҳам топади, жараённинг барча иштирокчиларида фаоллик ошади, сиёсий ва ижтимоий барқарорлик кучаяди, тараққиёт учун мустаҳкам асос яратилади. Бундай фундаментал мақсадларга ўз-ўзидан эришилмайди, бу борада муайян тажриба тўплангани юқоридагилардан кўриниб турибди. Тарихий нуқтаи назардан дастлабки шериклик субъектлари икки томонни ташкил этади: ишчи ва иш берувчи (ишлаб чиқариш воситаси эгалари). Бундай икки томонлама шериклик кейинчалик «бипартизм» номини олди. Шундан сўнг шериклар таркиби сезиларли даражада ўзгарди, чунки музокаралар жараёнида давлат ҳам иштирок эта бошлади. Натижада юзага келган уч томонлама шериклик «учпартизм» (трипартизм) деб номланди. Уч томонлама келишув модели Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) конвенциясида 144-рақам билан белгилаб қўйилган. Мазкур конвенцияга кўра, давлатлар ҳам ўзаро ижтимоий шерикка айланадилар ва ишчилар ҳамда иш берувчилар уюшмалари билан бир қаторда умуммиллий шериклик – келишув шартномаларини имзолайдилар. Ниҳоят, ижтимоий шериклик субъектлари таркиби янада мураккаблашди – кўп даражали шериклик жорий этилди. Бу эса учпартизм принципига нафақат умуммиллий даражада, балки тармоқ ва корхона даражасида ҳам амал қилиниши лозимлигини билдирарди. Ушбу ижтимоий шериклик механизмининг бош элементи томонлар ўртасидаги музокара жараёнидир. Бу шу қадар муҳимки, қолган элементлар ўз моҳиятига кўра, фақат унга хизмат қилиб, самарадорликни оширади, холос. Механизмнинг кейинги элементи шерикларнинг позицияларини аниқлаш ва мувофиқлаштириш технологиясидир. Бунга мисол қилиб шериклар манфаати ва муносабатини аниқлашга хизмат қиладиган «нуқта»ларни топиш учун махсус комиссиялар тузишни санаб ўтиш мумкин. Механизмнинг яна бир муҳим элементи – шерикларнинг умумий шартномага киритадиган талаб-таклифларини баҳолаш ва таҳлил қилиш мақсадида ўтказиладиган экспертиза. Ниҳоят, бу механизмда унинг самарадорлигини таъминлаб туриш учун арбитраж вазифасини бажарадиган элемент ҳам ўз ўрнини топиши керак. Юқорида санаб ўтилган элементлар бир тизимга бирлашган ҳолдагина шерикликнинг бош мақсади бўлган ижтимоий барқарорлик ва тинчликни таъминлай олади. Айни шу маънода, ижтимоий шериклик меҳнат муносабатлари нуқтаи назаридан жамоа шартномалари иш берувчилар ва ходимлар вакили бўлмиш касаба уюшма қўмиталари ўртасида имзоланган муҳим локал ҳужжат сифатида янгича маъно-мазмун касб этмоқда. Касаба уюшмалари фаолиятининг асосини ҳам айнан ижтимоий шериклик тамойиллари ташкил этади. Ижтимоий шериклик тизимининг бугунги босқичидаги асосий элементлардан бири унга эришишнинг стратегия ва тактикасидир. Бу эса ижтимоий-иқтисодий мақсадга эришишнинг узоқ муддатга мўлжалланган йўналиши, яъни стратегияни кўзда тутишни ҳамда унга эришишнинг тактикасини англатади. Ижтимоий шериклик тизимининг тўртинчи элементи уларнинг механизмидан иборат. Бу таркибий қисм шунчалар муҳим ва ўзига хоски, алоҳида кўриб чиқишни тақозо этади. Ниҳоят, замонавий ижтимоий шериклик тизимининг бешинчи элементи сифатида шерикларнинг маданияти ва ахлоқини қайд этиб ўтамиз. Бу тушунчалар ортида шерикларнинг бир-бирига ҳурмат билан қараши, ҳалоллиги, ишончи, юксак масъулияти ётади ва уларсиз жамиятда ҳақиқий шерикликни амалга ошириб бўлмайди. Ижтимоий шерикликнинг тарихий тараққиётига эътибор қаратсак, у дастлаб ривожланган Ғарб мамлакатларида легитимлаштирилганлигига гувоҳ бўламиз. Чунки дастлаб шериклик касаба уюшмалари ташаббуси билан юзага келган, асосан, ташкилотлар ҳамда касаба уюшмалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида шаклланган. Кейинчалик шерикликнинг доираси кенгайиб, ташкилот доирасидан йирик субъектлар ҳамкорлигига нисбатан татбиқ этиш амалиёти юзага келди. Ижтимоий шериклик натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат ёки унинг муайян органига тенг ҳамкор сифатида майдонга чиқади. Бундай ҳамкорлик инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга йўналтирилади. Шу каби муносабатларда давлат нодавлат нотижорат ташкилотларига ёрдам, кўмак берувчи субъект сифатида етакчи мавқеда турган бўлса, бугун нодавлат ташкилотлар давлатнинг тенг ҳамкорига айланмоқда. Шубҳасиз, бу уларнинг бугунги жамият ҳаётидаги роли ва ўрнини янада мустаҳкамлайди. Ҳозирги кунда бу моделлар жаҳонда кенг тарқалган ёлланма ишчилар ва иш берувчилар ўртасида давлатнинг бевосита ёки билвосита иштироки билан ижтимоий-меҳнат муносабатларининг тартибга солиниши кўринишидаги ижтимоий субъектларнинг ўзаро таъсир жараёни – индивидлар ёки ижтимоий гуруҳларнинг эҳтимолли низоларини ҳал этишга ёрдам бермоқда. Бугунги кунда хориж амалиётида ижтимоий шериклик турли шаклларда намоён бўлаётганлигини кўриш мумкин. Кўпгина илмий адабиётларда ижтимоий шерикликнинг Герман (Австрия, Германия, Швейцария), Скандинав (Швеция, Норвегия, Дания) ва Америка (АҚШ, Англия) моделлари ҳақида сўз боради. Мазкур масалани ретроспектив нуқтаи назардан ўрганиш ҳозирги даврда ушбу соҳага оид адабиётларда ижтимоий шерикликнинг қуйидаги уч модели алоҳида қайд этилишидан далолат беради: Download 67.83 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling