Монтёрнинг сақлагич камарлари ва хавфсизлик арқонлари
3.2.11. Камарларнинг статик ва динамик юклама билан механик мустаҳкамлигининг намунавий синовлари ГОСТ 5718-77 талаблари асосида ўтказилади. Сақлагич камарлари ва хавфсизлик арқонларини қабул қилиш-топшириш ва 12 ойда 1 марта ишлатиш синовларида механик мустаҳкамлиги статик юклама билан текширилади. Синашга олинган камарлар аввал кўздан кечирилиб, камар тасмасида маҳаллий шикастлар йўқлиги (куйган, кесилган ва шунга ўхшаш), парчинли уланган жойларда люфтларнинг йўқлиги, белбоғ, камар чоклари ва қопламанинг тўла сақланганлиги, камар чарми ёғ билан шимдирилганлиги ва қайирганда ёрилмаслиги, капрон арқонлар ипларида узилган жойларининг йўқлиги, занжир бўлакларидаги кавшарланган чокли жойлари ва ҳалқалари текис ҳамда ғадир-будур жойлари йўқлиги, пружинали карабин калитининг бузилмаганлиги, карабин юзасининг силлиқлиги, тешилган, тирналган ва бошқа шунга ўхшаш камчиликлар йўқлиги, камарнинг ҳамма металл бўлаклари (парчинли уланган жойларидан ташқари) рух билан қопланганлиги аниқланиши керак.
3.2.12. Камарнинг ташқи юзаси кўздан кечирилгандан ва мустаҳкамлигига таъсир қилувчи майда камчиликлар бартараф қилингандан сўнг, у статик юклама билан синалади. Бунинг учун камар диаметри 300 мм бўлган қаттиқ таянчга (3.5-чизма) маҳкамланиб, ишлатишга қабул қилишда карабинга 300 кг, даврий ишлатиш синовларда эса 225 кг оғирликдаги юк 5 минут мобайнида осиб қўйилади. Карабинни илдириш учун мўлжалланган ярим ҳалқа ва хавфсизлик арқонни маҳкамлаш учун мўлжалланган ҳалқа ҳам шу тартибда синалади. Синов юки камарни вертикал ёки горизонтал ҳолатларида динамометр орқали бериладиган тортиш кучи билан алмаштирилиши мумкин. Синов тамом бўлгандан сўнг камар ва унинг деталларида бузилиш аломатлари бўлмаслиги зарур, карабин қулфи (зулфини) тўғри ва тўлиқ унинг ўйилган жойига тушиши шарт.
3.5-чизма. Сақлагич камарларини статик кучда синаш шакли: 1 — бикр таянч; 2 — юклама.
3.2.13. Хавфсизлик арқони ва елкадан ўтказиладиган камарлар ҳам ҳимоя камарлари каби синовдан ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |