ЎҚИГАНИНИ БОШҚАЛАРГА ЕТКАЗИШ
“Бахтли ҳаёт сари” китоби чиққанида бир инсонга ҳадя қилгандим. Маълум вақт ўтгач, иш билан
унинг хонасига кирдим. Қарасам, китобнинг ярмигача ўқилган экан. Мен: “Секин ўқияпсизми?” деб
сўрадим. У киши: “Китоб оддий одамлар тушунадиган тилда ёзилибди. Шундай бўлса ҳам
шошилмасдан, тушуниб ўқияпман. Кейин ўқиганларимни бошқаларга гапириб беряпман. Фалон
мавзуни гапираман, деб мўлжалламасам ҳам суҳбат давомида ўзи мияга қуйилиб келаверади”, деди.
Демак, китобни яхши тушуниш, мавзуларни қалбга сингдириш учун шошилмасдан, хаёлни бир
ерга жамлаб ўқилади. Қолаверса, ўқиганларини бошқаларга тушунтириб берилса, хотирада яхшироқ
сақланади, гапириш давомида мавзунинг янги қирралари очилади.
БАДҲАЗМ ТАОМДЕК...
Агар овқатни шошилиб, яхши чайнамасдан есангиз, луқмани икки ямлаб, бир ютсангиз, ҳазм
қилиш ошқозонга оғирлик қилади. Худди шунга ўхшаб, маълумотлар пала-партиш ўқилса, мулоҳаза
қилинмаса, у мияни бузади, фикрни ўтмаслаштиради, кишини янгиликлар қулига айлантириб қўяди.
Маънисиз, қуруқ тана ҳаракатларию томошалардан иборат нарсаларга ўчлик инсонни маънан
қашшоқликка олиб боради.
МАЪЛУМОТЛАРНИ САРАЛАШ
Интернетдаги турли маълумотларни ўқиб, видеоларни томоша қиладиганлар бир нарсани ёдда
тутсалар, ёмон бўлмасди: Фикрлашсиз ҳар қандай мутолаа ёки томоша мияга зарар келтиради. Миянгиз
маълумотлар чиқиндихонасига айланиб қолмаслиги учун хабарлар оқимини саралай билиш, таҳлил
қилиш, ўқиган-кўрганлари ҳақида мулоҳаза юритиш керак. Шундагина улар қалбга сингади. Ақлли
одам – чиқиндини ташлаб юборгани каби – ортиқча маълумотлар баҳридан ўта олади, ҳар қандай
хабарни қабул қилавермайди.
ЧАНГ БОСГАН КИТОБЛАР
Жавонимиздаги китоблар чангини гоҳ-гоҳида артиб турамиз. Қўл тегмаганидан устини чанг
қоплайди. Телефонимизда эса чанг йўқ. Аксинча, кўп ушлайверганимиздан четлари кир бўлиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |