СЎЗБОШИ
Ҳазрати инсонга ақл-идрок, фикрлаш, мулоҳаза қилиш неъмати берилган. Банда
ушбу неъмат
орқали Яратган Зотни танийди, ҳаёт моҳиятини англаб етади, турмуш ҳақида мушоҳада юритади.
Етти иқлимга донғи кетган улуғ боболаримизнинг пурмаъно сўзлари воситасида тасаввуримизни
бойитамиз, ўзимизни қийнаётган жумбоқлар ечимини топамиз. Улар ёзиб қолдирган китобларни, айтган
ҳикматли сўзларини ўқиб, илм-маърифат булоғидан сув ичамиз, маънавий чанқоғимизни қондирамиз.
Бу билан онгимизда фикрлар уйғонади, атрофимизда бўлаётган ҳодисалар борасида мулоҳазалар
туғилади.
Камина ходимингиз 2007 йилда айрим мушоҳадаларни қоғозга туширишни бошлаган эди. Орадан
ўн уч йил ўтиб, мазкур жумлалар мўъжаз китоб ҳолида муҳтарам ўқувчиларимизга тақдим этилмоқда.
Китобдан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мулоҳазалар ҳам ўрин олган. Сиз азизлар билан диёнат
ва маърифатнинг инсон ҳаётида тутган ўрни, руҳий покланиш, оила, фарзанд тарбияси, адабиёт, ижод,
қолаверса, ота-онага яхшилик қилиш, поклик, меҳр-оқибат, инсоф, адолат каби фазилатлар ҳақида
яқиндан суҳбатлашиш ниятидаман. Бу битиклар ёзувчига ҳам, ўқувчига ҳам фойдали бўлишини
Яратгандан сўрайман.
1-БЎЛИМ. ИМОН-ЭЪТИҚОД – СОҒЛОМ ҲАЁТ АСОСИ
ПОЙДЕВОРСИЗ ИМОРАТ ВА ҚАНОТСИЗ ҚУШ
Эътиқодсиз амал пойдеворсиз бинога, ихлоссиз эзгу иш қанотсиз қушга ўхшайди.
АТРОФИМИЗ МЎЪЖИЗАГА ТЎЛА
Кўзимизни очсак ҳам, юмсак ҳам Аллоҳнинг борлигига, бирлигига етарли далил топа оламиз.
"ОДАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?"
“Одамлар нима дейди?” деб, кўп савобли ишлардан қуруқ қоламиз. “Одамлар нима дейди?” деб,
билиб-билмай бидъат-хурофотларга қўл урамиз, гуноҳга ботамиз. Гўё биз одамлар учун яшаймиз.
ҚАЛБНИ НИМА ВАЙРОН ҚИЛАДИ?
Қалб қалъага ўхшайди. Агар соғлом эътиқод билан зийнатланмаса, нотўғри ақидалар, бидъат-
хурофотлар уни вайрон қилади.