Китобни сев, у билан яша…


Download 54 Kb.
Sana13.04.2023
Hajmi54 Kb.
#1354711
Bog'liq
Ёдгоров -китобни сев


КИТОБНИ СЕВ, У БИЛАН ЯША…

Комил инсон тарбияси неча асрлардан бери жамиятнинг муҳим ва асосий вазифаларидан бўлиб келган. Ҳозирги кунда бундай вазифани амалга оширишнинг турли усул ва воситалари ишлаб чиқилмоқда. Миллий ғоямизнинг бош вазифаси ҳам маънавий баркамол инсонни тарбиялашдир.


Шахснинг шаклланишида шахсий хислат ва сифатларнинг ривожланиб, тараққий этиб бориши муҳим ўрин тутади. Шахс сифатларини тўғри аниқлаш учун уни турли муносабатлар жараёнида ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
Комил инсонни шакллантириш Ватанга садоқат, юрт тинчлигини сақлаш туйғуси билан чамбарчас боғлиқ экан, унинг қуйидаги жиҳатларига эътиборни қаратишимиз лозим. Булар: Ватанга фидойи бўлиш, намунали ахлоқ-одоб, хушмуомалали бўлиш, меҳнатга тўғри ва онгли муносабат, аҳиллик, инсонийлик, жонкуярлик, камтарлик, дўстлик ва ўзаро ёрдам, фаоллик, мақсад сари интилиш, ростгўйлик, ишбилармонлик ва тадбиркорлик, оилани муқаддас билиш, ор-номусли бўлиш, соғлом ва жисмонан етукликка интилиш, масъулиятлилик, виждонлилик ва бошқалар.
Маълумки, маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар сифатида маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар назарда тутилади. Маънавий мерос ҳисобланмиш адабиётнинг сара асарларини ўқувчи руҳиятига сингдириш, миллий қадрятларга ҳурмат ҳиссини тарбиялаш, бир сўз билан айтганда, маънавиятни шакллантириш адабий таълимнинг асосини ташкил этади. Ҳар бир миллатнинг қиёфаси, унинг катта-кичиклигидан қатъи назар, энг аввало, ўзининг миллий онги ва психологиясида ёрқин гавдаланади. Қадрият саналадиган миллий онг шаклланишини таъминловчи омил одоб ва ахлоқ бўлиб, у шу жараёнга катта таъсир этади.
Миллат қиёфасини кўтариш учун миллий хусусиятларга эътиборни қаратиш, ҳурмат уйғотиш орқали болага сингдирилади. Асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий урф-одатларимизга, анъаналаримизга ҳурмат ҳиссининг шаклланиши ва унга амал қилиш асарни санъат ҳодисаси сифатида ўрганиш билан бирга кечади.
Бадиий адабиётнинг бош мақсади инсон ва унинг руҳиятидаги изланиш, шаклланиш, ўзгариш, қийналиш ҳамда зиддият, мураккабликларни акс эттириб, одамни эзгуликка, инсонпарварликка чорлаш, қарор топтириш ва мустаҳкамлашга қаратилгандир. Маънавий баркамол шахсни етиштириш ҳар бир оиланинг, ҳар бир устознинг муқаддас вазифасига айланмоғи керак. Болага ватанпарварлик, олижаноб инсоний фазилатларни сингдириш, ички дунёсини гўзаллаштириш, миллат руҳини томиридаги қонларга жойлаш, мустақиллик қаҳрамонларига буюк ҳурмат-эътиборда тарбиялаш барча устозларнинг вазифасигина эмас, бурчига айланмоғи кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бунинг учун юрт тинчлиги, осойишталиги тараққиётимизнинг, келажагимизнинг кафолати эканлигини ёшларимизнинг дилига жо қилмоғимиз зарур бўлади. Шу сабабли келажак ворисларининг тарбияси нафақат зарурий эҳтиёж, балки миллатнинг, халқнинг доимий назорат қилинувчи нуқтасидир.
Ёшлар тарбиясида бадиий адабиётнинг тутган ўрни беқиёс. Халқимизнинг севимли шоири Эркин Воҳидов ижодига назар ташлар эканмиз, ижодкор асарларида халқчиллик, ватанпарварлик, дўстлик, эзгулик, инсонийлик ғояларининг улуғланганлигини кўрамиз. Шоирнинг дастлабки шеърларидаёқ кўринган халқона оддийлик унинг бутун ижодида ҳам ўзига хос фазилат бўлиб сақланиб қолди:
Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун?
Кибру ҳаво нимага керак?
Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
Дунё дунё бўлибдики, яхшилик улуғланади, ёвузлик қораланади. Инсонга хос бўлган ижобий хислатлар- камтарлик, соддалик, жўмардлик ибрат намунаси қилиб кўрсатилади. Манманлик, кибру ҳаво қораланади, инсонга ёт амаллар сифатида баҳоланади. Шоир инсонларни тартибга чақиради, камтарликка ундайди, ғурур чегарасидан чиқмасликка даъват этади. Шоирнинг топқирлигини қаранг. Мана шу жажжи бир шеърий асарда инсон ва унга хос хислатлар, нима яхши, нима ёмон, нима мумкин, нима ортиқча, оддийлик олий неъмат эканлигини, ана шунда одам эл эътиборида бўлиши мумкинлигини файласуфона кўрсатиб берган. Бундан ортиқ қиёслаш мумкин эмас. Бутун бир катта ҳажмдаги бадиий асарни ўқиб, баъзида одам ўзига керакли нарсани топа олмайди. Мазкур шеърни ўқиб, жунбушга келмаслик мумкин эмас, тирик жон бундай қилолмайди. Инсон ҳамиша ўзига ҳисоб беради, олдига ва кетига қараб яшайди. Ташлаган қадамининг тўғри-нотўғрилигини сарҳисоб қилади. Шеърни ўқир эканмиз, у бизни камтарликка, оддийликка, комилликка, халқ билан бирга бўлишга чақиради. Манманликка, кибру ҳавога, ортиқча ғурурга берилмасликка даъват қилади. Пиёла мисолида эса ҳамиша оддий, ҳамиша хокисорлиги учун элнинг қўлидан тушмагувчи камтарликни кўрамиз.
Биламизки, муқаддас Ҳадисларда шундай ёзилган: “Ватанни севмоқ иймондандур”. Зеро, инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмас. Ватан мадҳини куйлаш, унинг ишқи билан яшаш ҳар бир одам учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу ўринда шоирнинг қуйидаги мисраларига эътиборимизни қаратамиз:
Мен жилғаман,
Дарё бўлиб тўлгим келади.
Она юртим,
Сенга ўғлон бўлгим келади.
Бугун сенга
Фақатгина шеър бағишладим.
Керак бўлса,
Жонни фидо қилгим келади.
Шоир “жилға” мисолида ўзининг ҳали ёш эканлигини, тезроқ улғайишини, юртга муносиб ўғлон бўлишни, ҳозирча кичик бир шеър битганлигини, керак бўлса, Ватан манфаати йўлида жонни фидо қилиши мумкинлигини оддий сўзлар воситасида қуйма мисралар яратади. Ватанни севиш туйғусининг бундан ортиқ ифодаси бўлмайди.
Маълумки, глобаллашув асрида сўзнинг қудрати чексизлик касб этмоқда. Давлатлараро, миллатлараро масалаларда сўз ҳал қилувчи кучга айланганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳар қандай сўз қалам ёрдамида қоғозга тушади. Қалам кучи деганда, сўз тушунилади. Шоирнинг “Пўлат” номли шеърини кузатамиз:
У даставвал ойболта бўлди,
Сўнг замбарак бўлиб қуйилди.
Қилич ҳам у, милтиқ ва нагон,
У бомба ҳам бўлиб портлаган.
Лекин олган жаҳонни фақат
Перо бўлиб қуйилгач пўлат.
Қиссадан ҳисса шуки, куч билан бирни йиқитасан, билим билан мингни. Хулоса қилиб айтганда, фақат билим билан, илғор ғоялар билан дунёни забт этиш мумкин. Мазкур шеър бутун ёшларимизни, ўқувчиларни саводли бўлишга, билим олишга чақиради.
Одам учун энг қимматли ва такрор намоён бўлмайдиган нарса бу-вақт. Вақтнинг орқасида эса умр турибди. Хўш, бугун вақтга муносабат қандай? Дунёни дунё қилган инсон бир қарғача умр кўрмайди. Шундай экан, шоир бонг уради, ғафлатдагиларни уйғотади, бесамар ўтган кунлар учун вақт олдида жавоб беришларини безовталик билан қоғозга туширади:
Фурсат- олтин,
Сен кўкрак кериб
Олтинингни сочиб борасан.
Фурсат қувлар,
Унга чап бериб,
Сўроғидан қочиб борасан.
Инсон дунёга келибдики, унинг оила олдида, жамият олдида, Ватан олдида ўз бурчлари ва мажбуриятлари бор. Бу вазифаларни адо этиш вақт билан боғлиқ. Олтинни топса бўлади, лекин вақтни қайтариб топиб бўлмайди. Бенаф ва бесамар ўтган умр мевасиз дарахтдай гап. Бир оний ғафлат, бир оний бепарволик улкан ютқазишларга олиб келишини шоир юксак ҳарорат билан қоғозга туширади:
У етолмас,
Ёшсан-абжирсан,
Қолмай келар лекин орқангдан.
Қочма йигит,
Вақт келар бирдан-
Фурсат маҳкам тутар ёқангдан.
Баъзида вақт ўтганига хурсанд бўламиз. Унинг елкасига умр юки ортилганини кўпинча ўйлайвермаймиз. Ёш маълум бир жойга етганда, ортга боқар эканмиз, қуруқ аравани тортиб келаётганлигимиз аён бўлади. Ана ўшанда фурсат ёқамиздан олади. Афсуски, бу йўқотишни кейин топиб бўлмайди.
Ёшлар тарбиясида бадиий адабиётнинг таъсир кучи бир булоқдир. Биз ўзимиз қидирган яхшилик, эзгулик, ватанпарварлик, халқпарварлик, адолат, содиқлик, оқибат, ўзаро ҳурмат, оддийлик, камтарлик каби хислатларни ундан топамиз. Шундай экан, ўқувчини бадиий адабиёт сеҳридан, сўзнинг яратувчилик, бунёдкорлик кучидан баҳраманд қилиш даврнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолаверади.


Ҳ.Ёдгоров, Гулистон давлат университети
доценти
Download 54 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling