Маърифатли жамият-учинчи ренессанс бунёдкори


Download 25.91 Kb.
Sana18.06.2023
Hajmi25.91 Kb.
#1580443
Bog'liq
Учинчи ренессанс


"МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ-УЧИНЧИ РЕНЕССАНС БУНЁДКОРИ"

Тарихдан маълумки, ҳар қандай тараққиётнинг асосий калити илм-фан ҳисобланади. Бунга Шарқда икки марта рўй берган уйғониш даврларини яққол мисол сифатида келтириш мумкин. Жумладан, IX-XII асрларда ислом оламида вужудга келган биринчи Ренессанс даврининг асосий омили ҳукмдорлар томонидан илм-фанга қаратилган эътибор, илм аҳлига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу уйғониш даврининг асосий таянчи ўз даврининг ҳақиқий маънодаги Фанлар академияси ҳисобланган “Байт ул-ҳикма” – “Донишмандлик уйи” ҳисобланади. Айнан ушбу илмий муассасада фаннинг барча соҳалари бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилиб, дунёнинг барча тараққий этган цивилизацияларига тегишли бўлган ноёб асарлар араб тилига таржима қилинди. Натижада ислом олами бошқа цивилизациялар эришган ютуқларни ўзлаштирди, ушбу ютуқлар ўз навбатида ислом илм-фан ютуқлари билан омухталашиб, ўзига хос юксак илмий муҳитнинг ташкил топишига сабабчи бўлди.


Шарқ оламидаги иккинчи ренессанс асосчиси сифатида эътироф этилувчи соҳибқирон Амир Темур илм-фанга бўлган эътибори, олим ва шоирларни юксак даражада қадрлаши орқали мамлакат тараққиётига асос яратди. Унинг даврида Мовароуннаҳр ва Хуросон замини ўзининг энг ёрқин даврларини бошдан кечирди. Темур ва темурийлар давридаги олимларга қаратилган ғамхўрлик, қулай шарт-шароит натижасида диний ва дунёвий илмлар ривожланиб, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Саъдиддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий каби олим ва шоирлар Уйғониш даврининг асосий намояндалари сифатида майдонга чиқдилар.
Мана шундай илмий юксалиш даврларининг гувоҳи бўлган юртимизда мустақиллик шарофати билан бой маънавий меросимиз ҳисобланган алломалар меросини ўрганиш, уларни халқимиз орасида тарғиб қилиш масаласи долзарб аҳамият касб эта бошлади. Айниқса, сўнгги йилларда илм-фанга, таълимга эътибор кучайиб, “Учинчи Ренессанс” шиори остида барча соҳаларни янги босқичга кўтариш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Учинчи Ренессанснинг том маънодаги ҳуқуқий асоси ҳисобланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони бевосита илмий-тадқиқот марказларининг фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, бой маънавий меросимизни халқимизга етказиш борасидаги фаолиятларини янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамият касб этмоқда.
Ўз навбатида, мактаблар, илмий-тадқиқот муассасалари, ОТМлар Учинчи ренессанс учун чин маънодаги пойдевор бўлиши, бебаҳо маънавий бойлигимиз ҳисобланган аждодлар меросини тадқиқ этиш йўлида таянч муассасалар бўлиб хизмат қилиши мақсадга мувофиқдир. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда зиёлиларимизга катта ишонч билан қараймиз”.
Истиқлол йилларида, айниқса сўнгги йилларда ватан ва халқ мустақиллиги учун курашган, бу йўлда жонини фидо этган асл ватанпарварларнинг номини оқлаш, уларнинг номларини абадийлаштириш масаласига катта эътибор қаратилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Айниқса, 2021 йил 25 августь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1920-1930 йилларда истиқлол учун курашган ва қатағон қилинган 115 кишининг оқланиши ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Бу ватанпарварларнинг фаолияти, эрк учун олиб борган кураш тарихи бугунги кун учун ҳам ибрат намунаси бўлиб, мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини, унга эришиш йўлида не-не зотлар жонини фидо қилганлигини доимо бизга эслатиб туради.
Мустақиллик йилларида амалга оширилган энг катта ислоҳотлар ҳақиқий маънода халқимизга аждодлар меросини ўрганиш учун тақдим этилаётган имкониятнинг меваларидир.
Download 25.91 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling