Тил ва нутқ


Download 28.92 Kb.
bet1/3
Sana28.12.2022
Hajmi28.92 Kb.
#1016347
  1   2   3
Bog'liq
3 га


ТИЛ ВА НУТҚ
Тил ва нутқ
Р е ж а:
1. Тил ва нутқ тушунчаси ҳамда уларнинг ўзаро муносабати.
2. Тил ва нутқ ҳақида Ф.де Соссюр назариясининг моҳияти.
3. Тил ва нутқ ҳодисаларининг қарама-қарши хусусиятлари.
4. Тил ва нутқнинг меъёрлашув ҳодисасига муносабати.
Мавзу бўйича таянч иборалар: Ф. де Соссюр, тил ва нутқ дихатомияси, тил, сўзлаш қобилияти, нутқ, умумийлик, моҳият, имконият, тил бирликлари: фонема, морфема, лексема, конструкция (модель), нутқ бирликлари: товуш, фон, бўғин, аффикс, морф, сўз, сўз-шакл, сўз бирикмаси, гап, микроматн, макроматн, тил ва нутқда қарама-қарши хусусиятлар.
1. Тил ва нутқ тушунчаси ҳамда уларнинг ўзаро муносабати. Инсон бор экан, тил ва нутқ нима, улар қандай пайдо бўлган, тил ва нутқ қандай қонуниятлар асосида яшайди, ўзгаради ва тараққий этади, тилнинг мазмуни ва шакли нимадан иборат, тил ва жамият ўртасидаги муносабат, тилнинг жамиятдаги ўрни, тилнинг таснифи, уни таҳлил қилиш усулларида қандай маъно бор каби масалалар барчани ўйлантиради.
Тил - материал, нутқ - фаолиятдир. Фаолиятнинг етакчи ва ёрдамчи турлари фарқланади. Етакчи фаолиятнинг бажарилиши онг иштирокида, ёрдамчи фаолиятнинг бажарилиши онг иштирокисиз амалга оширилади. Нутқ пайдо бўлишининг бошланғич нуқтаси руҳий, якуний нуқтаси жисмонийдир, чунки у нутқ организимининг ҳаракати натижасида пайдо бўлади. Ана шу икки нуқта орасидаги жараён психологик тилшуносликни қизиқтирадиган масаладир. Бу қуйидаги моделга тўғри келади: мазмун-матн.
Бирор мазмунни нутқ шаклига келтиришда биринчи босқич хотирадаги сўз бойлигидан зарур сўзни танлайди, иккинчи босқич тўғри синтактик қурилмани аниқлайди, учинчиси - сўзни керакли морфологик шакллар билан жиҳозлайди.
Ниятнинг туғилиши нутққа кирмайди. Ният пайдо бўлгандан кейин инсон уни амалга оширишга ҳаракат қилади, шу мақсадда мазкур ниятнинг мазмуни шакллантирилади, бу жараён икки босқични ичига олади: биринчи босқичда матннинг темаси ва бу тема тўғрисида нима дейилиши, яъни рема аниқланади.
Нутқнинг яратилиш модели қуйидагича бўлади: ният (мотив) - чуқур семантик босқич - ташқи семантик босқич - чуқур синтактик босқич - ташқи синтактик босқич - чуқур морфологик босқич - ташқи морфологик босқич - чуқур товушлар босқичи ёки фонологик босқич ва ниҳоят фонетик босқич.
Турли экспериментлар йўли билан замонавий психологик тилшунослик тавсия этган модел ана шу.
2. Тил ва нутқ ҳақида Ф.де Соссюр назариясининг моҳияти. Фанларнинг тараққиёти ҳар бир даврнинг илғор фалсафий фикри, давр учун етакчи бўлган фан соҳаларининг ютуқлари билан узвий боғлиқ. ХХ аср бошларида илмий-фалсафий таълимотга Ф. Гегель диалектик усулининг кенг кириб бориши, Дарвин эволюцион таълимотининг, А. Эйнштейн нисбийлик назариясининг шаклланиши ва ривожи тилшуносликка ҳам катта таъсир кўрсатди.
Тил ва нутқ ҳодисаларини ўзаро фарқлаб ўрганиш дастлаб араб тилшунослиги (VIII-IX аср) нинг тил ўрганиш усулларида (1:160-162), кейинчалик В. Гумбольдтнинг тилдаги ҳаракат, жараён, куч (энергео) ва маҳсулот (эргон) (2:10-16), А. Штейнталнинг тилдаги «барқарор моҳият ва ҳаракатдаги кучлар» (3:5-14), Бодуэн де Куртенэнинг «тилдаги барқарорлик ва ўзгарувчанлик» (4:12-16) ҳақидаги фикрларида учратамиз. Лекин тил ва нутқ бирликларининг моҳиятини очиш ва унга мазмун берилиши Ф. де Соссюр ва унинг издошлари яратган таълимот билан боғлиқдир.
Идеалистик диалектика методологиясига таянадиган Соссюр таълимотини материалистик асосда ривожлантириб, унга диалектик материализмга хос мазмун беришда А.И.Смирницкий, В.З.Панфилов, А.С.Мельничук, В. М Сольнцевларнинг хизмати катта.
Тилнинг турли қирраларини узвий тарзда бирлаштириб, уни яхлит бир бутунлик, бир система сифатида ўрганувчи тилшунослик асримизнинг 20-йилларида шаклланди. Ф. де Соссюр асос солган систем тилшунослик номи билан машҳур бўлди. Диалектик усул билан қуролланган систем тилшуносликнинг асосини тил ва нутқ оппозицияси ташкил этади.
Систем тилшуносликдаги тил ва нутқ оппозициясидан келиб чиқиб, нутқ фаолияти қуйидаги уч таркибий қисмдан иборат, деб кўрсатилади: 1) тил; 2) сўзлаш қобилияти (тилдан фойдаланиш малакаси ва кўникмаси); 3) нутқ (5:12).
Маълум бир жамиятнинг барча аъзолари учун аввалдан тайёр ҳолга келтирилиб қўйилган, ҳамма учун умумий, яъни қабул қилиниши ва қўлланиши мажбурий, фикрни шакллантириш, ифодалаш учун хизмат этадиган бирликлар ва бу бирликларнинг ўзаро бирикишини белгиловчи қонун-қоидалар йиғиндиси тил деб аталади.
Тил инсон онгидаги психофизик ҳодиса бўлиб, ўзига умумийлик, моҳият, имконият каби сифатларни мужассамлаштирган. У ўзининг бу сифатларини аниқ шаклларда-хусусий ҳодиса ва воқеликлар сифатида, ранг-баранг миқдорий кўринишларда гавдалантиради. Шу жиҳатдан тил ва нутқнинг ўзига хос нисбий мустақил бирликлари мавжуд: фонема, морфема, лексема, конструкция тил бирликлари ҳисобланса; товуш, фон, бўғин, аффикс, морф, сўз, сўз шакли, сўз бирикмаси, гап, матн нутқ бирликлари саналади.
Тил бирликлари ҳамиша икки (ташқи ва ички) томоннинг бир бутунлигидан иборатдир. Ташқи томонда унинг моддий жиҳати намоён бўлади. Масалан, фонемаларнинг талаффуз хусусиятлари, морфемалардаги фонемалар тизими каби. Ички томонда тил бирлигининг вазифаси, маъноси ва қиймати намоён бўлади. Масалан, фонемаларнинг маъно фарқлаши, морфемаларнинг мазмуни ва вазифаси.
Маълум бир жамиятга мансуб шахснинг шу жамиятга мансуб тилдан огоҳлиги, унинг имкониятларидан фойдалана олиш кўникмаси ва даражаси сўзлаш қобилияти ҳисобланади.
Тилнинг тил қобилияти асосида айрим шахс томонидан маълум бир хабар бериш (коммуникация) мақсади учун қўлланиши, ишга солиниши нутқ деб аталади.
Тил - тил қобилияти-нутқ занжирида фақат нутққина ташқи шаклда намоён бўлади ва бизнинг сезгиларимиз томонидан қайд этилади. Тил яширин ички идеал ҳодиса сифатида англашилади.
Ф. де Соссюр тил ва нутқ муносабатини шатранж ўйини қоидалари мисолида изоҳлаб берган. Тил ва шатранж бирликлари орасида умумий ўхшашликлар мавжуд.
Тил билан нутқнинг ўзаро муносабатини яхши англамоқ учун тилнинг қандай қурилма эканлигини яхши англамоқ лозим.
Тил бирликлари ташкил этувчилик принципи асосида ўзаро боғлангандир. Шу жиҳатдан тил бирликларини икки гуруҳга ажратиш мумкин: а) ташкил этувчи: бунга энг кичик тил бирликлари киради; б) ҳосила: бунга тил бирликларидан вужудга келувчи натижа киради.
Ўзаро бирикиб, ўзидан йирик тузилишдаги бир бутунликни ҳосил этувчи бирликлар ташкил этувчилар дейилади. Масалан, АВСД квадрат ўзига хос катта бир ҳосила бутунлик бўлиб, у қуйидаги ташкил этувчилардан иборат:
1) АВ, АД, ВС, СД тўғри чизиқлар;
2) АВ ва СД, ВС ва АД тўғри чизиқларининг ўзаро тенглиги ва паралеллиги;
3) АВ ва АД, ВС ва СД тўғри чизиқларининг ўзаро тенглиги ва перпендикулярлиги;
4) Шу чизиқлар асосида вужудга келган тўртта 900 ли бурчак.
Ташкил этувчилар билан улар томонидан янги ташкил этилган бутунлик орасида иерархик (поғонали) бутун билан бўлак боғланиши мавжуд. АВСД квадрати ташкил этувчилари рўйхатидаги каби иерархик муносабат тил бирликларининг сатҳма-сатҳ қатламланишида муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ўзбек тилидаги фонемалар маълум бир бутунлик – фонологик сатҳни ташкил этади. Бу сатҳ эса, унли ва ундошлардан иборат икки қисмдан тузилган. Унлилар тизими лабланган ва лабланмаган унлилардан иборат.
Тилшуносликда бўлинмас, энг кичик деб тушуниладиган фонема ва морфема яна ҳам кичикроқ ташкил этувчиларга ажратилади. Фонемада фарқловчи белгилар, морфемада мазмун режаси (семема) ва ифода режаси (номема, семема) фарқланади. Семемада семалар ажратилади.
Энг кичик тил бирлиги ҳисобланган фонемалар инсон нутқ аъзолари ёрдамида ҳосил қилинган товуш типларининг андозалари бўлиб, улар психик-акустик образлар қатори сифатида бизнинг хотирамизда сақланади. Сўзловчи психик-акустик образлар асосида нутқ аъзоларини ҳаракатга келтириб, фонемаларнинг нутқий кўринишлари ҳосил бўлади. Масалан, а фонемаси турли талаффузи натижасида мазмун ўзгаради: ота-ата, она-ана, қора-қара кабилар.
Тилнинг энг кичик бирликлари – фонемалар асосида вужудга келган лексема ва морфемада ҳам ушбу ҳолатни кузатиш мумкин.
Тилда фонема, морфема, лексема ва қурилма каби ташкил этувчи бирликлар мавжуд бўлиб, улардан ҳар бири ўзига хос қатор белгиларга эгадир.
Тил билан нутқ бир-бирини шартлайдиган, бири иккинчисини вужудга келтирадиган, бирисиз иккинчиси тўғрисида гапириб бўлмайдиган воқеликдир.
Тил қобилияти шахснинг ақлий фаолият тури бўлиб, у тил ўрганиш ва тил қўллаш компонентларидан иборат. Киши тил ўрганишда нутқ-тил, тил қўллашда эса тил-нутқ тизмаси билан иш кўради.
Шундай қилиб, у тил ва нутқни ажратади. Тил ижтимоий ҳодиса, шу билан бирга, кўп қаторли ва психик характерлидир. Нутқ тилни тўплаш натижаси бўлиб, у индивидуал бир қаторли ва табиий характердадир.
Ф. де Соссюр қарашларида баъзи нотўғри жиҳатлар мавжуд. У тил ва нутқнинг фарқли томонини берса-да, тилни ижтимоий ҳодиса, нутқни шахсий ҳодиса санаб бир-бирига қарама-қарши қўяди. Тилда бетайин белгилар ҳукмронлик қилади деб, белгилардаги психологик ҳолатдан ташқари бўлган ҳодисаларни инкор этади. Белгилар психик характерда, дейди. Тилни синхроник ва диахроник аспектда ўрганиш бир-бирига боғлиқдир. Лекин Ф. де Соссюр уларни бир-бирига қарама-қарши қўяди.
Умуман, Ф. де Соссюр социологизмни тарихийликка қарши қўйиб, тилшуносликни психологизмга боғлайди.

Download 28.92 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling