Қ. Ж. Мирзаев, Э. Ш. Шавқиев,Б. К. Жанзаков
Инсон омилини фаоллаштириш асосида инновацион соҳада корхонани бошқариш
Download 4.21 Mb.
|
Иннов иқтисодиёт ЎУМ
6.2.Инсон омилини фаоллаштириш асосида инновацион соҳада корхонани бошқариш
Ҳозирги пайтда муваффақиятли ташкилотларнинг асосини персонал ташкил қилади деган тушунча ўз тасдиғини топган. «Бизнес – бу ташкилот бўлиб, унинг барқарор ривожланиши ёки инқирозини белгиловчи асосий куч унинг ходимлари малакаси ҳисобланади. Жисмоний меҳнат вақт ўтиши билан тўлиқ автоматлаштирилиши мумкин. Лекин билим – бу инсоннинг ўзига хос ресурси бўлиб, уни китоблардан топишнинг имконияти йўқ. Китобдан ахборот олишимиз мумкин; бироқ билим – бу ахборотни аниқ бир фаолият соҳасида қўллай олиш қобилиятидир. Ташкилот шахснинг фаолиятини чеклар экан ўзининг ўзгаришларга мослашиш қобилиятини чеклайди. Ташкилот шахснинг ривожланишини рағбатлантирар экан, унинг янгиланиши доимий ҳисобланади. Шахслар – ташкилотлар янгиланишининг ягона манбаи ҳисобланади. Ҳозирги пайтда инсон салоҳияти миллий бойликнинг асосий ташкил этувчиси деб тан олинган ва иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Унинг сифати илмий-техник тараққиёт, меҳнатни ташкил этиш ва маданияти, самарадорликни белгилаб беради.Юқори меҳнат унумдорлиги нафақат техника, балки персонал салоҳияти билан ҳам белгиланади. Инновациялар ва технологияларни бошқариш ижтимоий жараёнларни акс эттиради.Меҳнат ресурслари, ишлаб чиқаришнинг субъектив омили бўлиб, инсоннинг жисмноий ва ақлий қобилиятлари йиғиндисини, унинг меҳнатга қобилиятини акс эттиради. Меҳнат ресурслари сифати қуйидагиларга боғлиқ: меҳнатнинг ишлаб чиқариш кучида номоён бўлади ва ходимнинг таълим олиши ва шаклланишига сарфланган вақт асосида аниқланади; умумий таълим даражаси, касбий билим ва кўникмалар, мутахассислиги бўйича ишлаш давомийлиги ва шароитларини акс эттиради; ходимнинг умумий маданият даражаси ва интеллектуал қобилиятлари, қадриятлар тизими, маънавий-ахлоқий, иродавий сифатлари, фуқаролик фаоллиги ва бошқа ижтимоий эгалланган хусусиятлари билан белгиланади. Персонални бошқариш жараёнларида мутахассислар ва раҳбариятнинг сифат кўрсаткичларини баҳолаш ва қўллашга катта аҳамият берилади: ижодий фаолиятга эҳтиёж ва қобилият; тадбиркорлик; командада ишлай олиш; ривожланишнинг потенциал имкониятлари; ахлоқий ишончлилик ва бошқалар. Ижодий фаолиятга имкон берувчи ишчанлик муҳитини яратишда ходимларни мотивлаштиришнинг турли усуллари қўлланилади. «3М» фирмасида (Миннесота Майнинг энд Мэнюфекчуринг, АҚШ) инсон ресурсларини бошқаришнинг инновацион фаолиятни рағбатлантирувчи тамойиллари қўлланилади: юқори меҳнат унумдорлигини рағбатлантириш асосида ҳар бир одамнинг индивидуаллиги ва қадриятларини таъкидлаб ўтиш. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; ходимларнинг бир-бирига ишончли ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларини ривожлантириш; персоналга таълим бериш ва малакасини оширишга жавобгарлик; ҳар бир ходимнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва шу билан бирга эркин ижодий фаолиятни таъминлаш; мураккаб вазиятларда жавобгарликни ўзига олишни рағбатлантириш; ҳар бир кишига ўз индивидуал қобилиятларини рўёбга чиқаришига имконият яратиш; кадрлар жойлашувини тўғри танлаш; ходимлар меҳнат салоҳиятининг ривожланишида раҳбарларнинг масъулиятини ошириш; яхши бажарилган иш натижалари учун адолатли ҳақ олишда ҳаммага тенг имкониятлар яратиш; қўйилган мақсадлар асосида ишлаб чиқариш фаолияти натижаларини баҳолаб бориш. Ҳозирги пайтда инновацияларни яратиш оммавий тус олмоқда – “ихтиролар саноати” яратилмоқда. Бунда ҳар бир янгилик ўзига хос бўлиб, алоҳида индивидуал ижодий жараён маҳсулини акс эттиради. “Ихтиролар саноати”нинг ривожланиши жиддий ресурслар таъминотини талаб этади. Янгиликнинг яратиши ва бозорга чиқиши учун илмий, лойиҳа-конструкторлик, технологик, маркетинг ва бошқа бўлинмалар керак бўлади. Замонавий бозорнинг янги маҳсулот сифати ва намоён қилишга талаблари жуда юқори ва муваффақият кўп жиҳатдан хилма-хил билимларни қўллай олишга боғлиқ. Шу сабали янги маҳсулотни яратиш – бу турли мутахассисларнинг жамоавий фаолияти натижасидир. Шу сабабли янгиликлар яратувчи хусусий ихтирочилар ва саноат корхоналари ўртасидаги меҳнат тақсимоти чуқурлашиб боради. Шубҳасиз, инновациялар юзага келишига асосий туртки бўлган ихтирочилар ва олимларнинг янги ғоялар генератори сифатидаги аҳамияти юқори бўлиб қолади. Инновацион ташкилотларнинг асосий хусусияти ижодий шахсларга нисбатан эътиборли бўлишларидир. Ижодий қобилият – шахснинг муаммони ечишда ўзига хос ечимни топиш ва ноанъанавий қарорларни қабул қилишида номоён бўлади. Ижодий қобилият ҳар бир инсонда туғилганидаёқ бўлиши мумкин, лекин ижодий ёндашув рағбатлантириладиган муҳитдагина тўлиқ намоён бўлади. Ўз ишига ҳаддан ташқари берилиб кетган инсонлар – ташаббускорларни алоҳида таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ Ташаббускор – бу ташкилотнинг энг қимматли ва кўп ҳолларда ягона капиталидир. Моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг ҳеч бир усули ташаббускор каби ходимни мақсад сари йўналтиришга мажбур қила олмайди. Янгиликларни жорий этиш нафақат янгиликларни яратиш ва қўллаш билан боғлиқ ташкилий-технологик жараён, балки ташкилот функциялари, тузилмаси ва қадриятлари ўзгариши билан боғлиқ ижтимоий-маданий жараённи ҳам ифодалайди. Янгиликларни жорий этиш – бу мавжуд маданий муносабатларга янги маданият элементларининг кириб боришидир. Шу сабабли янгиликларни жорий этишда кўпинча ташкилот перссоналининг янгиликларга қаршилиги юзага келади. Бу қаршиликлар очиқ, яъни лойиҳага очиқ танқидий муносабатлар кўринишида ёки ёпиқ, яъни ички қаршилик ташқи кўринишда розилик сифатида намоён бўлиши мумкин. Ўзгаришларни амалга оширишда одамлар таваккал қилишга мажбур бўладилар, бу эса уларнинг маданиятига зид келади. Персоналнинг хулқ-атвори қуйидагилар билан изоҳланади: ўзгаришларнинг оқибатлари номаълумлиги сабабли қўрқув ҳисси; барқарорликнинг йўқолиши мумкинлигидан безовталик; даромадларнинг пасайиши мумкинлигидан; мавқеини йўқотиш мумкинлиги; ташкилотга кераксиз бўлиб қолишдан қўрқиш; келажакда янги ролни бажариш имкониятига эга бўлмаслик; янги ишни ўргана олмаслик ёки бажара олмаслик. Бундан ташқари, янгиликларни жорий этишга тўсқинлик ташкилотда вужудга келган умумий маданият таъсирида вужудга келади: Сиёсийлашган ички муҳит.Бу юқори таъсирга эга менежерларга ўзгаришларга қаршилик қилишга имконият беради. Кўп масалалар шовқинли қўллаб-қувватлаш ёки кучли таъсирга эга юқори лавозимли шахсларнинг қаршилиги, асосий раҳбарга тайзиқ ўтказиш, маълум натижалардан манфаатдор гуруҳ ёки бўлимлар ўртасидаги низолар асосида ҳал этилади. Ўзгаришларга ёки уларни ўтказишга интилаётган ходимларга нисбатан душманларча муносабат. Янги ғояларни жорий этиш ташаббуси билан чиқаётган менежерлар ва ходимларни қадрламайдиган мансабдор шахслар мавжуд ҳолатни яхшилашга интилишларга тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Стратегик ривожланиш, рағбатлантирувчи ғоялар ва маданиятни шакллантиришга нисбатан структура, назорат тизими, бюджет, назорат тизимини яхши билувчи менежерларга устувор аҳами-ят қаратиш. Бу турдаги менежерлар ташкилотнинг ички ташкилий масалаларни муваффақиятли ечишга қодир бўлади. Лекин уларни юқори лавозимларга қўйишганда, компания янги стратегик вазифаларни еча оладиган ишбилармон лидерларга нисбатан танқислик сезиши мумкин, бу эса узоқ муддатли мақсадларга эришишга имконият бермайди. Персоналнинг ўзгаришларга қаршилигини пасайтириш учун ташкилот ичида бўлаётган ўзгаришларни енгишга имкон берувчи ўзига хос мослашувчан маданиятни шакллантириш керак. Download 4.21 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling