Қ. Ж. Мирзаев, Э. Ш. Шавқиев,Б. К. Жанзаков
Ўзбекистон Республикасида замонавий инновацион маркетинг стратегияларини жорий этиш масалалари
Download 4.21 Mb.
|
Иннов иқтисодиёт ЎУМ
11.2. Ўзбекистон Республикасида замонавий инновацион маркетинг стратегияларини жорий этиш масалалари
Иқтисодиётнинг инновацион ривожланиш йўлига ўтаётган шароитда–ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари олдида турган муҳим вазифалардан бири маркетинг тамойилларидан самарали фойдаланиш ҳисобланади. Маркетинг тамойиллари – бу маркетинг асосини ва унинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи ҳолат, талабдир. Маркетингнинг вазифасига товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш албатта истеъмолчига, ишлаб чиқариш имкониятларини доимо бозор талабига мўлжаллашдан иборат. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида маркетингнинг асосий тамойиллари қуйидагилар ҳисобланади: истеъмолчиларга нима керак бўлса шу нарсани таклиф этиш. Бозорга товарлар ва хизматлар таклифи билан эмас, балки истеъмолчиларнинг муаммоларини ечиш воситалари билан ишлаш; харидорлар мотивларини, уларнинг хулқ-атворларини таҳлил қилиш; рақобатчиларни, уларнинг стратегияси ва тактикасини ўрганиш; бозордаги рақобатнинг ўзини таҳлил қилиш; истеъмол товарлари бозорини билиш, ҳар бир турдаги товарга харидорлар талабини ҳар томонлама ўрганиш, олинган ахборотдан хўжалик юритиш қарорларини қабул қилиш жараёнларида фойдаланиш; товарларни сотиш ва сервис жараёнини мақсадли бошқарилишини таъминлаш; маркетинг изланиши натижасида юзага келган масалаларни ҳал этилишига ижодкорлик билан ёндашишни ривожлантириш ва рағбатлантириш; янги, айниқса юқори сифатли товарларни истеъмолчиларга етказишдан кеч қолмаслик; корхона хизмат кўрсатаётган ҳудудларни гуруҳларга ажратиш (бозорни сегментлаштириш) ва корхонанинг имкониятига яраша иш юритиш; истеъмолчилар талаб-эҳтиёжини тадқиқ қилгандан сўнг маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш; маркетинг концепцияси воситаларини қўллаш асосида маркетинг дастурини шакллантиришга олиб келувчи қўйилган мақсадларга эришиш учун комплекс ёндашиш ва мақсадли дастур услубини ишлатиш. Юқорида келтирилган маркетингнинг асосий тамойиллари умумий ҳолда – бу истеъмол бозорини билиш, унга мослашиш ва бозорга таъсир ўтказишдан иборат. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари маркетинг тамойилларига таянган ҳолда маркетинг стратегиясини ишлаб чиқишади. “Маркетинг стратегияси – фирманинг мақсадли бозордаги маркетинг фаолиятини ифодаловчи бош дастури бўлиб, унинг узоқ муддатга мўлжалланган маркетинг комплекси (маркетинг - МИКС)ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали кўзланган мақсадига эришиш жараёнларини ўз ичига олади. Бозордаги ҳар бир сегмент учун алоҳида товар тарқатиш, сотиш ва коммуникация сиёсатларини аниқланади. Маркетинг стратегиясида корхона қайси маҳсулот (хизмат) билан, қайси бозорга қачон кириши кераклиги белгиланади. Шундай қилиб маркетинг стратегияси, корхонани ўз имкониятларидан фойдаланиб, атроф-муҳит (бозор, макро омиллар ва бошқалар) шароитида мақсадига эришиш йўлларини аниқлайди”62. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида маркетинг стратегиясига нисбатан қўйилаётган умумий талаблар қуйидагиларга олиб келиши керак: бозор ва ўз имкониятларини ҳаққоний баҳолашга; қўйилган мақсадларни аниқлаштиришга; ҳаракатлар мослашувчанлиги (бирон-бир омилнинг таъсир этиши ҳолатида вазиятнинг ўзгартиришга тез мослашиши)ни таъминлашга ва бошқаларга. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг асосий мақсади истеъмолчилар талабини қондириш орқали фойда олиш бўлса, унга эришиш учун фойда келтирадиган товарларни ишлаб чиқариш ва сотишни кўпайтириш, улар ҳиссасини оширишлари зарур бўлди. Бу вазифалар– маркетинг вазифалари бўлиб, маркетинг стратегиясини ишлаб чиқишни талаб этади. Маркетинг стратегиясини ишлаб чиқишда энг муҳим муаммо, истеъмолчилар талабини қондириш асосида корхонани фойда олишга йўналтириш ҳисобланади. Бунда бозорни ўрганиш, таклиф манбаларини топиш, корхонага тегишли ҳар бир товар бўйича конъюнктурани ўрганиш ва хулоса чиқариш жараёни бажарилади. Маркетинг стратегияси – бу корхонанинг мақсадга эришиш йўлидаги ҳаракат қилиш режаси. Стратегик режалаштириш– корхонанинг нима ишлаб чиқаришлигини, уларнинг истеъмолчиларини, нарх, реклама, сотиш каби йўналишларини аниқлайди. Режалаштиришнинг мақсади – корхона фаолиятини олиб боришда хавф-хатарни камайтиришдир. Корхоналар бизнес режа асосида иш юритишни йўлга қўйиш учун қуйидагиларга амал қилишлари зарур: бозор конъюнктурасини ўрганиш; ички муҳитни таҳлил қилиш; корхона келажаги истиқболларини башорат қилиш; бўлажак хавф-хатарни ўрганиш; ривожланиш концепциясини ва стратегиясини иқтисодий асослаш; бизнес режасини тузиш; моддий ресурс таъминотини аниқлаш; молиявий натижаларни аниқлаш; молиявий ресурслар манбаларини белгилаш; харажатларни назорат қилиш тадбирларни ишлаб чиқиш демакдир. Бозорга янгиликни киритиш стратегияси ва тактикаси маркетинг тадбирларининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. У ўзида янги маҳсулотларни бозорларда жойлаштириш ва сотиш йўлларини шакллантиришга асосланган янгиликнинг рақобатбардош стратегиясини ўз ичига олади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида маркетинг стратегияси заминида қуйидагилар ётади: бозор бир хил эмас, у ўзига хос табақалар (сегментлар)дан иборат; корхона бозорда бир ёки бир нечта сегмент талабларини назарда тутиши мумкин. Аммо ҳар доим танланган бозори табақа-лари (сегментлари)ни ўзига жалб этишда, кўпрок муваффақият қозонишни ўйлаш лозим; корхона бозорда мустақил ёки бошқа корхоналар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиши мумкин; маркетинг воситасини танлашда, кўпроқ бир-бирига мос ва ўзаро вазифалари билан бир-бирини тўлдириб турувчиларни ишга солишни кўзда тутиш керак. Масалан, товар упаковка (ўрама)си билан нарх, товар ҳаракати билан сотиш жойини, истеъмолчилар билан алоқаларни рекламага қўшиб ишлатилиши тавсия этилади; корхонанинг бозорга чиқишида иқтисодий ҳолатни ҳар томонлама ҳисобга олиш талаб этилади. Масалан, умумий ва савдо конъюнктурасининг ҳолатини, рақобатчиларнинг бозорда тутган ўрни ва бошқалар. Шуни таъкидлаш лозимки, инновацион маркетинг – корхонанинг ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва бозор шароитига таъсир кўрсатишга асосланган фаолиятдир. Кузатишлар шундан далолат берадики, инновация ҳаётий даврининг ҳар бир босқичи турли маркетинг усулларини ва ёндашувларини, турли стратегия ва тактикани талаб қилади. Инновацион маркетинг тадбирлари тизими фақатгина ишлаб чиқаришни янгилаш билан эмас, балки капиталнинг жамланиши ва оқими динамикаси билан узвий боғланган. Инновацион маркетинг рақобатчиларига нисбатан кўпроқ фойда олишни истаган корхоналар учун муҳим бўлиб, инновацияларга ва янгиликларга асосланган устун рақобат страте-гиясини шакллантиради. Шунингдек, инновацион маркетинг фақатгина бозордаги янги маҳсулотни ёки мавжуд маҳсулотни реализация қилиш эмас, балки янги технологиялардан: янги маҳсулот ёки технологик жараён бўйича ихтиро ва ноу-хаулар учун лицензия-ларни сотиш ҳамда уни тайёрлаш учун ускуналарни такомилаштиришни назарда тутади. Download 4.21 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling