Учинчи йўл жанг қилиш бўлиб, у сўнгги чора сифатида амалга оширилган. Агар рақиб тараф жангда таслим бўса, ҳарбий ҳаракатлар ўша заҳоти тўхтатилган.
Араб қўшини икки асосий қисмдан иборат бўлиб, улар доимий ва кўнгиллилардан ташкил топган. Унга халифа томонидан қўмондон тайинланган ва аскарлар унинг буйруғи асосида ҳаракатланган. Имтиёзли мусулмон жангчилари алоҳида ўринга эга бўлган. Қўшиннинг асосини отлиқлар ташкил этган. VII-VIII асрларда араб қўшинлари ажамлардан ташкил топган кўнгиллилар билан тўлдирилади26.
Қутайба Балх дарёсидан ўтгач, унинг ҳузурига Чағониён подшоҳи Тиш Авар совға-саломлар ва олтин калит билан келиб, ўзининг мамлакатига таклиф этади. Сўнг унинг олдига Куфтон подшоҳи келиб, унга совға-саломлар ва пуллар тақдим этади. Иккиси ҳам ўз мамлакатини Қутайбага топшириб, итоатларини изҳор этади. Кейин Қутайба Тохаристонга қарашли Охарун ва Шумонга қарши юриш қилади. Унинг олдига Шумон ва Охарун подшоҳи Ғуштасбон келиб, у билан сулҳ тузади. Қутайба унга берилган ўлпон билан қаноатланади27. Наршахийнинг ёзишича, Қутайба ибн Муслим бутун Хуросонни ўзига бўйсундиради. Тохаристон фатҳи ҳам унинг даврида якунланди28.
87 (706) йилда Қутайба Марвдан чиқиб, Марв ар-Рудга, сўнг Омулга келади, лекин у ерда дарёни Фарабрни кечиб ўтмасдан, унинг юқорироқ оқимида жойлашган Замм шаҳрига боради29. Ўша йилнинг 12 декабр куни Қутайба Жайҳун дарёсидан ўтиб, Пойкандни қамал қилади30. Бу шаҳар Бухоро шаҳрининг дарёга яқин бўлган Бухоро чўлининг бошида жойлашган бўлиб, унинг аҳолиси Хитойгача савдо ишлари билан борганлиги боис “савдогарлар шаҳри” (“мадинат ат-тужжор”) деб аталар эди31. Пойкандликлар унга қарши чиқадилар ва суғдийларни ёрдамга чақирадилар. Пойкандликлар билан суғдийлар арабларни қуршовга олиб, икки ой давомида уларни қамалда ушлаб турадилар32. Икки ойлик қамал пайтида Қутайба Ҳажжож билан бирор марта ҳам хабарлаша олмайди. Ҳажжож қўшиндан хавотирда эди. Шу боис масжидларда уларнинг ҳаққига дуо қилишларини буюради33.
Кейинчалик тарафлар ўртасида шиддатли жанг бўлиб, унда араблар устун келадилар. Омон қолган пойкандликлар қалъа ичига беркинадилар. Қутайба қалъа деворини қўпоришга тушганда, улар сулҳ сўрайдилар34. Қутайба улар билан сулҳ тузади ва укаси Варқо ибн Наср Боҳилийни уларга амир қилиб қолдириб, ўзи Бухорога қараб юради35. У беш фарсах масофа узоқлашгач, пойкандликлар сулҳни бузадилар. Қутайба қолдирган кишиларни қатл этадилар. Қутайба ортга қайтади ва бир ой давомида шаҳарни қамал қилади. Унинг буйруғига кўра дарахтлар кесилиб шаҳар деворларига осилади ва ёқиб юборилади. Оқибатда девор қулаб, 40 киши унинг остида қолади. Шаҳар аҳли яна сулҳ сўрайди. Аммо Қутайба бу сафар сулҳни рад этади ва шаҳарни жанг билан қўлга киритади36.
Араблар Пойканддаги бир бутхонада оғирлиги 400 дирҳам37 келадиган битта кумуш бут ва кўплаб кумуш жомлар топадилар. Уларни ҳаммасини жамлаб тарозида тортилганда, вазни 150 минг мисқол чиққани (690 кг) манбаларда хабар қилинади38. Ўлжанинг 1/5 қисми(хумс)ни Ҳажжожга юборилади, қолгани аскарларга бўлиб берилади39.
Қутайба қўшинни қуроллантириш учун изн сўраб Ҳажжожга мактуб йўллайди, бунга рухсат олгач қўлга киритилган ўлжалар ҳисобидан от ва қурол-яроғлар сотиб олиниб, қўшин қайта жихозланади. Аскарлар ўз қуролларининг гўзаллиги билан рақобатлаша бошлайдилар. Бу қуроллар жуда қиммат бўлганининг далолатидир: бир дона найзанинг баҳоси 70 дирҳамгача кўтарилади40.
Do'stlaringiz bilan baham: |