708–709 йилларда Бухоро ва унинг атрофидаги ерлар ҳам фатҳ этилгач, унинг иттифоқчиси Суғд подшоҳи Тархун Қутайба билан ўртадаги тинчлик сулҳини бузиб, унга қарши исён кўтаради. Тохаристоннинг бошқа ҳукмдорларига мактублар ёзиб, уларни арабларга қарши бош кўтаришга даъват этади46. Қутайба Тархунга қарши ўз укаси Абдураҳмонни 12 минг аскар билан Балх яқинидаги Баруқон шаҳрига юборади. Қиш ўтиши билан 91/709-10 йилда Қутайба ибн Муслим Тохаристонга юриш бошлайди. Низакнинг одамлари Тохаристонда Хулм тоғларидаги тор даранинг ичига, ўзи эса Бағлон шаҳридаги қалъага беркинади. Қутайба уни икки ой қамал қилгач, иложсиз қолган Тархун таслим бўлишга мажбур бўлади. Аҳдга ва ўртадаги сулҳга вафо қилмагани боис қатл этилади47.
91/709-10 йилда Шумон48 ҳукмдори ҳам исён кўтаради. У Қутайба қолдирган одамларни ҳайдаб, сулҳда келишилган жизяни тўлашдан бош тортади. Қутайба қўшин билан Шумонга келади ва унинг қалъасини манжаниқлардан ўққа тутиб, деворини тешади. Шумон ҳукмдори арабларга қарши чиқиб, ҳалок бўлгунча жанг қилади49.
Шундан сўнг Қутайба ибн Муслим бор эътиборини Суғднинг бош шаҳри – Самарқандга қаратади. Бироқ Хоразмда бошланган ака-ука Чағон ва Ҳурразода ўртасидаги зиддиятдан фойдаланиб, қисқа муддат ичида Хоразмни эгаллайди. 712 йил Самарқандга ҳужум қилиб, подшо Тархунни тахтдан ағдаради. Бу воқеадан кейин Суғд подшоҳи ва Самарқанд ҳокими сифатида Ғурак (710–737) тахтга ўтиради. Ғурак арабларга қарши қаттиқ қаршилик кўрсатади, аммо Қутайба яна ғолиб келади. Икки ўртада сулҳ тузилиб, унга кўра, Ғурак арабларга йилига 200 минг дирҳам товон тўлаш, шунингдек, Самарқанднинг энг гавжум мавзеси – Афросиёбни арабларга бўшатиб беришга мажбур бўлади. Қутайба шаҳарда масжид қурдиради, Ғуракни эса Самарқанд, Кеш ва Насафга ҳоким этиб тайинлайди50.
713 йилда Қутайба ибн Муслим биринчи марта Чоч ва Фарғонага юриш қилади. Бухоро, Кеш, Насаф ва Хоразмдан янги мусулмонлардан тўпланган йигирма минг кишилик қўшинни Чочга юборади. Ўзи эса лашкарнинг кўпроқ араблардан иборат қисми билан Фарғона тарафга йўл олади. Аввал Хўжандга келиб, уни қамал қилади. Қаттиқ қаршиликларга қарамай, шаҳар таслим этилади. Сўнг Фарғонанинг ўша даврдаги энг йирик шаҳри Косонга қараб йўл олади. Бу орада Чочга юборилган қўшин уни эгаллаб, Қутайбанинг қўшинига бориб қўшилади. Бирлашган лашкар Косонни эгаллайди51.
Do'stlaringiz bilan baham: |