1 мавзу. Эстетиканинг предмети, тадқиқот доираси, аҳамияти ва вазифалари


Download 0.58 Mb.
bet2/37
Sana13.04.2023
Hajmi0.58 Mb.
#1355202
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   37
Bog'liq
нафосат фалсафаси

2.Эстетика ва ахлоқшунослик. Эстетика қадим-қадимлардан буён кўпгина фанлар билан мустаҳкам алоқада ривожланиб келган. Шулардан бири бўлган фалсафа ҳақида, улар орасидаги боғлиқлик тўғрисида юқорида айтиб ўтдик. Эстетика учун яна бир яқин алоқадор, «қадрдон» фан ахлоқшуносликдир.
Бу иккала фан шу қадар бир-бирига яқинки, ҳатто баъзи даврларда айрим мутафаккирлар томонидан улар етарли даражада ўзаро чегараланмаган. Чунки инсоннинг хатти-ҳаракати ва нияти кўпинча ҳам ахлоқийликка, ҳам нафосатга тегишли бўлади, яъни муайян ижобий фаолият ҳам эзгулик, ҳам нафосат хусусиятларини ўзида бирваракай мужассам қилади. Шу сабабли «Авесто», «Библиё» ва «Қуръон» каби муқаддас китобларда, Суқрот, Афлотун, Форобий сингари қадимги файласуфлар таълимотларида ахлоқийликни – ички гўзаллик, нафосатни – ташқи гўзаллик тарзида талқин этганлар. Бундан ташқари, кўриб ўтганимиздек, санъат нафосатшуносликнинг асосий тадқиқот объектларидан ҳисобланади. Ҳар бир санъат асарида эса ахлоқнинг долзарб муаммолари кўтарилади ва ижодкор энг юксак ахлоқий даражани бадиий қиёфалар орқали инъикос эттиради. Бу инъикос бевосита ижобий қаҳрамонлар қиёфасида амалга ошса, билвосита салбий воқеа-ҳодисаларга муаллиф нуқтаи назари орқали рўй бериши мумкин. Яъни, бирор-бир бадиий асарда ижобий қаҳрамонлар умуман бўлмайди, лекин ундаги воқеа-ҳодисаларга ижодкор ўз замонаси эришган ахлоқий юксакликдан туриб баҳо беради. Шу боис ахлоқсиз бадиий асарнинг бўлиши мутлақо мумкин эмас. Демак, нафосатшунослик ўрганаётган ҳар бир бадиий асар маълум маънода ахлоқшунослик нуқтаи назаридан ҳам тадқиқ этилаётган бўлади. Бироқ, бундай яқинлик, юқорида айтганимиздек, асло айнанликни англатмайди. Бу иккала фаннинг тадқиқот объектлари орасидаги фарқни биринчи бўлиб буюк Арасту «Метафизика» асарида назарий жиҳатдан исботлаб берган эди; у, эзгулик фақат ҳаракатда, гўзаллик эса ҳаракациз ҳам намоён бўлади, деган фикрни билдиради.
Бундан ташқари, ахлоқнинг қонун-қоидалари, насиҳатлар, ҳикматлар умумийликка, барчага бир хилда тааллуқлилик хусусиятига эга. Нафосат эса муайянликни, аниқликни ёқтиради. Масалан, ахлоқшуносликдаги «яхши одам» тушунчаси ҳаммага – аёлга ҳам, эркакка ҳам, ёшу қарига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Эстетикада эса «гўзал одам» тушунчаси йўқ: ё «гўзал йигит», ё «гўзал қиз» деган тушунчаларгина мавжуд. Чунки, эркак кишидаги чиройли мўйлов фақат эркакнинг юзида, аёл кишидаги ҳуснлардан бири – кўкрак фақат аёл киши вужудида гўзалликка эга. Энди мўйлов бураб сўзлаётган аёлни-ю, сийнабанд тақиб юрган эркакни тасаввур қилинг! Бояги гўзалликлар хунукликка айланади-қолади. Демак, ахлоқ учун – умумийлик, нафосат учун эса – муайянлик мавжудлик шарти ҳисобланади.

Download 0.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   37




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling