1 мавзу. Эстетиканинг предмети, тадқиқот доираси, аҳамияти ва вазифалари
Download 0.58 Mb.
|
нафосат фалсафаси
- Bu sahifa navigatsiya:
- Эстетика ва педагогика.
- Эстетика ва семиотика.
Эстетик ва диншунослик. Эстетиканинг диншунослик билан алоқаси алоҳида диққатга сазовор. Чунки дин ва санъат доимо бир-бирини тўлдириб келади ва кўп ҳолларда бири бошқаси учун яшаш шарти бўлиб майдонга чиқади. Бунинг устига, ҳар бир умумжаҳоний диннинг «ўз тасарруфидаги» санъат турлари бор: буддҳачилик учун - ҳайкалтарошлик, насронийлик учун -тасвирий санъат, мусулмончилик учун - бадиий адабиёт. Шунингдек, барча умумжаҳоний динлар ўз ибодатхоналари бўлишини тақозо этади. Ибодатхоналарнинг эса меъморлик санъати билан боғлиқлиги ҳаммамизга маълум.
Умуман олганда, динлар деярли барча санъат турлари билан алоқадорликда иш кўради. Асрлар мобайнида ана шу алоқалар натижаси ўлароқ, санъат асарининг ўзига хос кўриниши – диний-бадиий асар вужудга келди. «Абу Муслим жангномаси», Шоҳизинда меъморлик мажмуи, Кёлн жомеси, Рембрандтнинг «Муқаддас оила» асари, Ҳинди-Хитой минтақасидаги Буддҳа ибодатхоналари ана шундай диний-бадиий асарлардир. Уларда диний ғоялар бадиият орқали ифода топган. Нафосатшунослик бундай асарларни тадқиқ этар экан, албатта, диншунослик билан ҳамкорлик қилмай иложи йўқ: у ўша диний ғояларнинг моҳиятини, ҳар бир умумжаҳоний диннинг санъат олдига қўйган талабларини яхши билмоғи ва ҳисобга олмоғи лозим. Эстетика ва педагогика. Эстетиканинг педагогика билан алоқаси тарбия муаммоларини ҳал қилиш борасида яққол кўзга ташланади. Чунки педагогика ҳам маълум маънода нафосат тарбияси билан шуғулланади. Лекин бу тарбия алоҳида-алоҳида, мухтор қисмларга бўлинган ҳолда, турли ёш ва соҳалар учун махсус белгиланган тарбия тарзида, яъни муайян, аниқ чегараларда олиб борилади. Масалан, мактабгача тарбия, ўқувчилар тарбияси, спортчилар тарбияси в. ҳ. Педагогика ана шу соҳалар ва ёш бўйича олиб борилаётган эстетик тарбия муаммоларини ўрганади. Эстетика эса нафосат тарбиясининг умумий қонун-қоидаларини ишлаб чиқади, яъни, инсон туғилганидан бошлаб то ўлгунигача босиб ўтадиган босқичлар учун умумий бўлган тарбия фалсафаси сифатида иш кўради. Эстетика ва семиотика. Эстетика семиотика–белгилар ва белгилар тизими ҳақидаги фан билан ҳам алоқадор. Чунки санъат асари белгилар орқали намоён бўлади. Масалан, ҳарфлар, ноталар в.ҳ. Бошқачароқ қилиб айтганда, билиш ва баҳолаш фаолияти натижаларини, яъни семантик ва прагматик ахборотни ўзида мужассам қилган санъат асари ўша ахборотни етказиб беришга ҳам мўлжалланган. Ана шу санъатнинг белги билан боғлиқ томонини, коммуникатив-воситачилик жиҳатини семиотика ўрганади. Айни пайтда, эстетикада тузилмали-семиотик нафосатшунослик деб аталадиган назария ҳам мавжуд. Унда санъат махсус тил ёки белгилар тизими, алоҳида санъат асари эса ана шу тизим белгиси ёки ўша тизим белгиларининг изчиллиги сифатида олиб қаралади. Зеро бунда белги санъат асарини идрок этувчига уни етказиб берувчи ҳодиса тарзида ўрганилади. Бундан ташқари, эстетика кибернетика, экология ва, юқорида айтиб ўтганимиздек, барча санъатшунослик фанлари билан ҳам яқин алоқадорликда иш олиб боради. Чунончи ҳар бир санъат турининг «ўз эстетикаси» мавжуд: сўз санъати эстетикаси, театр эстетикаси, мусиқа эстетикаси в.ҳ. 3. Ҳар бир фаннинг инсон ва жамият ҳаётида ўзига хос амалий аҳамияти бор: эстетика ҳам бундан мустасно эмас. Аввало, у кундалик ҳаётимизда нафосат тарбиясини тўғри йўлга қўйиш борасида катта аҳамиятга эга. Эркин, демократик жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси гўзалликни чуқур ҳис этадиган, уни асрайдиган нафис дид эгалари бўлишлари лозим. Ҳақиқий бадиий асар билан савияси паст асарни фарқлай билишлари, «оммавийчилик санъати»ни рад қила олишлари лозим. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, эстетика жамиятнинг барча аъзолари учун муҳим аҳамиятга эга. Эстетиканинг, айниқса, бадиий асар ижодкорлари учун амалий аҳамияти катта. Чунончи, бирор бир санъат турида ижод қилаётган санъаткор биринчи галда, маълум маънода, ўз соҳасининг билимдони бўлиши керак. Дейлик, бастакор нотани билмасдан, мусиқали асар яратиш қонун-қоидаларини, шу жумладан, мусиқага ҳам тааллуқли бўлган эстетиканинг умумий қонуниятларидан бехабар ҳолда тузукроқ асар яратиши даргумон. Баъзилар, даҳо санъаткорлар қонун-қоидаларсиз ҳам ижод қилаверадилар, деган нотўғри тасаввурга эга. Ваҳоланки, даҳоларнинг ўзлари кўп ҳолларда нафосат назарияси билан шуғулланганлар. Бу борада Навоий, Жомий Леонардо да Винчи, Шиллер каби буюкларнинг номларини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Бадиий асарни тадқиқ этувчи олимлар – танқидчилар, санъатшунослар ва адабиётшунослар учун ҳам эстетикани билиш зарур. Дейлик, «соф театр»ни – фақат саҳна санъатинигина яхши билган санъатшунос, у қанчалик истеъдодли бўлмасин, юксак талаб даражасида тадқиқот олиб боролмайди, ҳатто эътиборга молик мақола ҳам ёза олмайди. Чунончи, у драматургиядан, мусиқадан, услуб ва композиция қонун-қоидаларидан, бир сўз билан айтганда, нафосатшунослик қонуниятларидан етарли хабардор эмас. Натижада унинг тадқиқоти, мақоласи ёки тақризи бирёқлама, фалсафий умумлашмалардан холи, саёз жумлалар йиғиндисидан иборат бўлиб қолади. Умуман олганда, эстетика ҳамма учун ҳам зарур. Чунки инсон зоти барибир ҳаётда тез-тез санъат асарини идрок этувчи сифатида майдонга чиқади. Дейлик, сиз Самарқандга «ўйнаб келгани» бордингиз. Агар эстетикадан бехабар бўлсангиз, Гўри Мир мақбарасиниг гумбазига, Регистондаги мадрасалар ёнида қад кўтарган минораларга, пештоқлардаги кўҳна арабий ёзувларга қизиқиб қарайсиз, чиройли экан деб мамнуният ҳосил қиласиз. Борди-ю, аксинча, нафосат илмидан хабардор бўлсангиз, у ҳолда нафақат уларнинг чиройлилигини, балки гумбаз шунчаки гумбаз эмас, Худо гўзаллигининг рамзи эканини, у «жамол» деб аталишини, миноралар – Тангри қудратининг тимсоли ўлароқ «жалол» дейилишини, пештоқлардаги гўзал ёзувлар - оятлар, Худонинг белгиси, «сифат» деб номланишини эслайсиз ва олаётган таассуротингиз бир неча баробар кучаяди. Зеро эстетика орқали биз фақатгина кўрганларимизнинг шаклий гўзаллигини эмас, балки айни пайтда шакл билан бирга унинг фалсафий моҳиятини ҳам идрок этамиз. Шу сабабли, фермерга ёки темир йўл ишчисига, ёки тадбиркорга нафосатшунослик ҳақида бош қотириб ўтириш зарур келибдими, деган гаплар хато ва зарарлидир. Юқорида кўриб ўтганларимиздан шу нарса маълум бўладики, бугунги эстетика фани олдида улкан вазифалар турибди. Зотан биз қураётган фуқаролик жамиятининг аъзоси ҳар жиҳатдан камол топган, юксак нафис дид эгаси бўлмоғи лозим. Қолаверса, ҳозирги машинасозликни, авиасозликни, умуман, саноатни замонавий дизайнсиз тасаввур этиш мутлақо мумкин эмас. Бунда бевосита техника эстетикасининг аҳамияти катта. Булардан ташқари, айниқса ёшларнинг нафосат тарбиясига алоҳида эътибор бериш – замоннинг долзарб талаби бўлиб қармоқда. Шу боис «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да узлуксиз таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш тамойилларидан бири: «Таълимнинг ижтимоийлашуви – таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ҳосил қилиш, уларда юксак маънавият, маданият ва ижодий фикрлашни шакллантириш», деб аниқ белгилаб қўйилгани бежиз эмас1. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling