11-МАВЗУ: ИШ ВАҚТИ САРФИНИ КУЗАТИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА ОБЪЕКТЛАРНИ ТАНЛАШ ТАРТИБИ.
11.1.Иш вақти сарфини кузатишнинг моҳияти ва мақсади.
Меҳнатни ташкил этиш ва нормалаш соҳасидаги амалий ишда бевосита иш ёки хизмат кўрсатиш жойида, иш вақтини ўрганиш-кузатиш муҳим аҳамиятга эга.
Иш вақти сарфларини кузатишдан асосий мақсад қуйидагилардир:
айрим ишларни, хизматларни, операцияларни ва операция бўлакларини (элементлари) бажариш учун ҳақиқатда сарфланадиган иш вақти миқдорини ўрганиш, ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш билан банд бўлган ходимлар томонидан қўлланиладиган илғор усул ва услубларни излаб топиш, ўрганиш, таҳлил этиш ва уларни амалиётга жорий қилиш;
самарали ишлашнинг ёки хизмат кўрсатишнинг энг яхши усул, услубларини, тартибларини, шунингдек, иш вақтидан унумсиз фойдаланиш сабабларини аниқлаш;
операцияларнинг айрим бўлаклари (элементлари)ни бажаришда энг мақбул изчилликни аниқлаш;
ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш корхоналарида ички меҳнат тақсимоти, потокли ишлаб чиқаришда ва кўп жиҳозга, иш жойига хизмат кўрсатишда меҳнатни ташкил этиш ва уни режалаштириш учун зарур ва етарли миқдорда маълумотлар олиш;
ишлаб чиқаришда, хизматлар кўрсатишда иш вақтининг зое кетиш сабабларини ва меҳнат самарадорлигини ошириш имкониятларини аниқлаш;
меҳнат нормаларини бажарганлик ёки бажармаслик сабабларини аниқлаш;
иш вақтидан самарали фойдаланиш ва меҳнат самарадорлигини ошириш имкониятларини аниқлаш ва ҳ.к.лар.
Демак, иш вақти сарфини кузатишга меҳнат самарадорлигини ошириш омили сифатида қарашимиз керак. Бу асосий масала бўлиб, мана шу ҳол корхоналарда кузатиш йўли билан иш вақти сарфини ўрганишнинг мазмунини ва амалиётини ташкил этади.
Иш вақти фотографияси кузатиш объектларига қараб учга бўлади:
иш вақти фотографияси – бу, ижрочи вақтининг сарфланишини кузатиш;
ускуналардан фойдаланиш фотографияси – бу, машиналар, жиҳозлар, агрегатларнинг ишлаш ва бекор туриш вақтларини кузатиш;
ишлаб чиқариш жараёни фотографияси – бу, ижрочи ишини ва хизмат кўрсатиётган ускуналар, жиҳозлар ишини бир вақтнинг ўзида кузатиш.
Бир вақтда кузатиладиган объектлар сони қанчалигига қараб иш вақти фотографияси индивидуал, гуруҳли ва бригадали турларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |