1-мавзу: “Ходимлар меҳнатини ташкил этиш” фанининг предмети ва вазифалари
Иш вақти сарфини кузатиш босқичлари
Download 4.29 Mb.
|
Xodimlar mehnatini tashkil qilish
11.2. Иш вақти сарфини кузатиш босқичлари
Барча турдаги иш вақти фотографиясини ўтказиш жараёни қуйидаги босқичлардан иборат бўлади: кузатишга тайёргарлик кўриш; иш вақти сарфини кузатиш ва ўлчаш, фотография қилиш (қайд қилиш, ёзиб олиш); кузатиш натижасида олинган маълумотларни таҳлил қилиш; иш вақти сарфининг зое кетишини камайтириш ёки бартараф қилишга қаратилган ташкилий-техникавий чора-тадбирларни ўз ичига олган режаларни ишлаб чиқиш. Кузатишга тайёргарлик кўриш босқичида, одатда, кузатиш объекти танланади, кузатувчи ўзининг иш жойи билан таништирилади, ижрочи ва унинг иш жойи тайёрланади ва ниҳоят, кузатиш объекти тўғрисидаги қисқача маълумотлар кузатиш варақасига ёзилади. Меҳнат нормаларини ҳисоблашда фойдаланиладиган меҳнат нормативларининг прогрессив бўлишини, меҳнат ва ускуналар иш унуми ўсишини рағбатлантириш керак. Шу сабабли меҳнат нормативларини ишлаб чиқиш учун профессионал билими ва меҳнат кўникмалари мукаммал, оқилона меҳнат усуллари ва меҳнат услубларини биладиган ва меҳнат нормаларини мунтазам ошириб бораётган ижрочиларнинг иш вақтини кузатиш керак. Равшанки, бундай ходимларнинг кўрсатгичлари ўртача кўрсатгичлардан фарқ қилади. Ишлаб чиқариш илғорларини кузатиш энг оқилона меҳнат усуллари ва услубларини танлаб олишга, қолоқлар ва меҳнат нормасини бажармаётган ходимлар ишини ўрганиш эса иш вақти исроф бўлаётганинг сабабларини аниқлашга ёрдам беради. Иш вақти сарфини кузатишдан кўзда тутилган мақсад, кузатишнинг мазмуни, кузатиш методикаси ҳақида кузатувчига олдиндан йўл-йўриқ (инструктаж) берилиши, у кузатиш объекти билан таништирилиши керак. Нормал вақт сарфи ҳақида маълумот олиш учун иш жойидаги ташкилий-техникавий шароитлар худди шу ишнинг ёки операциянинг бажарилиш лойиҳасига батамом мос ҳолга келтирилиши лозим. Иш вақти сарфини кузатишдан мақсад илғорлар тажрибасини ёки меҳнат нормаларини бажармаслик сабабларини ўрганишдан иборат бўлса, иш жойи ўзгаришсиз қолдирилади, ундаги ижобий ва салбий хусусиятларнинг ҳаммаси иш вақтини кузатиш жараёнида қайд этиб борилади. Кузатиш ўтказиш учун мумкин қадар осойишта ва қулай шароитлар яратиш мақсадида кузатилувчи ходим бўлажак кузатиш ва унинг мақсадалари ҳақида олдиндан огоҳлантирилиб қўйилиши керак. Тайёргарлик босқичи кузатиш ўтказиладиган ташкилий-техникавий шароитлар, шу жумладан, иш усулининг давом этиш вақти омиллари тафсилотини ёзиш билан тугалланади. Тафсилот пировард натижаларнинг характери, бу натижалар қандай шароитда олиниши ҳақида ҳам тасаввур берадиган бўлиши керак. Шароит тафсилоти, одатда, қуйидагилардан иборат бўлади: кузатувчи ходимнинг ишлаб чиқариш тавсифномаси (ихтисоси, иш стажи, ёши, меҳнат нормаларини бажариш даражаси ва ҳ.к.); бажарадиган ишнинг ёки операциянинг тавсифи (масалан, тўқув корхонасида йигирилган ипнинг нимага мўлжаллангани, газламанинг номи, артикули ва ҳ.к.); жиҳозларнинг тавсифи (машинанинг типи, иш органларининг сони ва ҳ.к.); технологик жараённинг тавсифи (тезликлар, ипнинг узулувчанлиги ва ҳ.к.); иш жойини ташкил этиш тавсифи (қандай режаланганлиги, асбоб ва мосламалар билан жиҳозланганлиги ва ҳ.к.); меҳнат қилиш шароитидаги теварак-атроф муҳитининг тавсифи (ҳарорат, намлик, ёритилганлик ва ҳ.к.); яна бошқа ташкилий шартларнинг тавсифи (хизмат кўрсатиш зонаси, кўп жиҳозли иш услуби, ўзаро ёрдам ва ҳ.к.). Иш вақти сарфини кузатиш объекти тафсилоти, одатда, маълум шаклда бўладиган кузатув варақасининг ўнг томонига ёки биринчи бетига ёзилади. Иш вақти сарфини кузатиш ва ўлчаш, фотография қилиш (қайд қилиш, ёзиб олиш) босқичи – бу, кузатиш вазифаларига мувофиқ иш жойида содир бўлаётган ҳодисаларни рўйхатга олишдан иборат. қайд қилиш методикаси кутилган мақсадга қараб танланади. Иш вақти сарфини кузатувчи тафсилот ёзишга энг кам вақт сарфлаб, жараён элементларининг мазмунига ва вақтни аниқ ўлчаб боришга энг кўп эътибор беришни назарда тутиши керак. Иш вақти сарфларини кузатиш ишларида бир стрелкали секундомерлар энг кўп, икки стрелкали секундомерлар эса нисбатан камроқ ишлатилади. Бир стрелкали секундомерларнинг секунд стрелкаси тугмани босиш билан юргизиб юборилади, иккинчи босишда стрелка тўхтайди, учинчи босишда эса дастлабки ноль ҳолатига қайтади. Секундомер стрелкасининг тўхташи вақтни ўлчашни узиб қўйиб, ўлчанган вақт бўлаги қанча давом этганини қайд этиш имконини беради. Икки стрелкали секундомерда иккита: асосий ва ёрдамчи секунд стрелкалари мавжуд. Асосий стрелка қайд қилиш бошида юргизиш тугмасини босиб ишлатиб юборилади ва қайд қилиш сўнггида яна ўша тугмани босиш орқали тўхтатилади. Қайд қилиш жараёнида эса фақат ён томонидаги тугмадан фойдаланилади. Бу тугма биринчи босилганда ёрдамчи стрелка тўхтайди, иккинчи босилишида эса асосий стрелкага етиб бориб, яна босилгунча у билан бирга ҳаракатланаверади. Шундай қилиб, асосий стрелка вақтни узлуксиз ўлчаб боради, ёрдамчи стрелка эса ҳар бир ўлчаш охирини қайд қилади ва бу ўлчаш охири ўлчашнинг бошланиши бўлади. Ҳар қайси ўлчаш қанча давом этгани эса натижаларни ишлаётганда олдинги ўлчаш кўрсатгичини кейингисидан айриш йўли билан аниқланади. Иш вақти сарфини кузатишдан кутиладиган мақсад нималигига қараб, қайд қилиш узлуксиз ва танлама бўлиши мумкин. Узлуксиз қайд қилишда меҳнат жараёнининг ҳамма элементларига кетган вақт ҳисобга олинади ва ўлчанади. Танлама қайд қилишда меҳнат жараёнининг алоҳида элементларига кетган вақт ҳисобга олинади ва ўлчанади. Масалан, ходимнинг фойдали иш билан бандлик даражасини аниқлаш учун вақт сарфларининг ҳаммасини уларнинг нимага мўлжалланганлигига мувофиқ ўлчаш, яъни узлуксиз қайд қилиш керак. Бирор иш усулининг давом этиш вақтини аниқлаш учун эса фақат шу усуллардан бир нечтасини ўлчаш, яъни танлама қайд қилиш лозим. Қайд қилишнинг умумий давом этиши ва қайд қилиш вақти иш вақти сарфини кузатишдан кўзланган мақсадга қатъиян мувофиқ танланиши керак. Бунда иш куни мобайнидаги иш қобилияти динамикаси, кундузи ва кечаси ишлашнинг хусусиятлари, иш куни бошида (смена қабул қилаётганда) ва иш куни охирида (смена топпширилаётганда) ишлаш, яъни фаолият кўрсатиш хусусиятларини ҳисобга олиш зарур. Меҳнат жараёнини характерлайдиган якуний ўртача маълумотлар қанчалик аниқ ва сифатли бўлиши талаб қилинишига қараб вақт сарфи неча марта кузатилиши топилади. Иш вақти фотографиясини ўтказиш жараёнининг қолган учинчи ва тўртинчи, яъни «Кузатиш натижасида олинган маълумотларни таҳлил қилиш» ва «Иш вақти сарфининг зое кетишини камайтириш ёки бартараф этишга қаратилган ташкилий-техникавий чора-тадбирларни ўз ичига олган режаларни ишлаб чиқиш» босқичлари иш вақтини кузатиш услубларининг ҳар бирида ўзига хос хусусиятларга, тартибларга ва мазмунга эга бўлганлиги учун, бу босқичлар иш вақти сарфини кузатишнинг ҳар бир услуби учун махсус ажратилган параграфда батафсил ёритилади. Меҳнат жараёнларини ва иш вақти сарфларини тадқиқ қилишда ва уларни кузатишда қўлланиладиган техник воситалар асосан икки гуруҳга: вақтни ўлчайдиган асбоблар ва ёзиб борадиган (қайд қиладиган) ускуналар гуруҳларига бўлинади. Кузатиш жараёнида вақт сарфини ўлчайдиган асбобларга секундли стрелкаси бор соатлар, бир стрелкали ва икки стрелкали секундомерлар, хроноскоплар (жуда ҳам оз вақтни ўлчайдиган электрик соатлар) ва хроноприставкалар, кузатиш натижаларини ёзиб борадиган (қайд қиладиган) ускуналарга эса осциллогрофлар, счётчиклар ва киноаппаратуралар киради. Download 4.29 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling