1-Мавзу: Кириш
Download 1.79 Mb.
|
66422 БУМ матн
Биологик тушунчалар.
Биология ўқув фани мазмуни мантиқий изчилликда шакллантириш, ривожлантириш ва ўзаро алоқада бўлган тушунчалар тизимидан иборат. Биология ўқув фани мазмунига биология фанининг морфология, анатомия, физиология, цитология, генетика, селекция, экология, гигиена, систематика, эмбриология, эволюцион таълимот, биотехнология, ген инженерияси каби тармоқларига оид маълумотлар киритилган бўлиб, тушунчалар тизими шу фан асослари билан белгиланади. Шу сабабли, биология ўқув фанининг асосий биологик тушунчалари сирасига морфологик, анатомик, физиологик, цитологик, генетик, экологик, гигиеник, систематик, эмбриологик, эволюцион, шунингдек, агрономик тушунчаларни киритиш мумкин. Биологик тушунчалар мазмуни ва моҳиятига кўра: оддий ва мураккаб, хусусий ва умумий биологик тушунчаларга ажратиш мумкин. Маълумки, ҳар бир тушунча аввал оддий, сўнгра бошқа оддий тушунчалар билан бирлашиб мураккаб тушунчаларни ҳоси қилади. Масалан, 5-синфда «Ботаника» ўқув фанидаги «Гулли ўсимликлар билан умумий танишиш» мавзусида ўқувчилар томонидан барг, илдиз, поя, гул, мева, уруғни ўсимлик органлари каби оддий бирламчи тушунча сифатида қабул қилинади. Мазкур ўқув фанининг кейинги бобларида ушбу оддий тушунчалар бошқа тушунчалар билан биргаликда ривожлантирилиб, мураккаб тушунчани ҳосил қилади. Масалан, дастлаб бирламчи тушунча - ўсимлик органи бўлган барг, «Барг» бобида барг қисмлари, бир ва икки паллали ўсимликлар баргининг томирланиши, пояда жойлашиши, оддий ва мураккаб барглар, баргнинг ҳужайравий тузилиши, баргнинг сув буғлатиши, нафас олиши, фотосинтез, ўсимликларнинг нам танқислигига мосланиши натижасида барглар метаморфози билан танишиш орқали мураккаб тушунчага айланади. Келтирилган мисолдан кўриниб турибдики, боб якунида бирламчи тушунча бўлган барг ўзида морфологик, анатомик, физиологик, цитологик, тушунчаларни мужассамлаштириб мураккаб тушунчага айланади. 6-синф «Ботаника» ўқув фани мазмунидаги «Ўсимликлар систематикаси», «Ўзбекистоннинг ўсимлик қоплами» мавзуларида барг тушунчаси систематик, экологик тушунчалар билан ўзаро алоқадорликда янада бойитилади. Бундай ҳолатни юқорида қайд этилган оддий бирламчи тушунча бўлган ўсимлик органлари илдиз, поя, гул, мева, уруғ мисолида келтириш мумкин ва уларнинг ҳар бири ўзида муайян тушунчаларни мужассамлаштириб мураккаб тушунчага айланади. «Ўсимлик-яхлит организм» мавзусида мазкур мураккаб тушунчалар ўзаро алоқадорликда янада мураккаб умумий биологик тушунчаларга айланади. 7-синф «Зоология» ўқув фанида ҳар бир тип ёки синф вакиллари мисолида ҳайвон тўғрисидаги тушунча унинг морфологияси, анатомияси, физиологияси, экологияси ва аҳамияти ёки зарари ҳақидаги тушунчалар билан уйғун ҳолда берилади. Айни пайтда ушбу тушунчалар организмларнинг оддийдан мураккабга то-мон эволюцион мураккаблашиб бориши нуқтаи назардан ривожлантирилади. 8-синф «Одам ва унинг саломатлиги» ўқув курсида оддий тушунча бўлган органлар тушунчаси, органлар системаси, органларнинг тузилиши ва функцияси тушунчалари бирлашиб мураккаб тушунчаларга айланади. Одам ва унинг саломатлиги курсида тушунчалар: ҳужайра, тўқима, орган, органлар системаси, организм яхлит система тизимини ҳосил қилади. Ўқув курси якунида ўқувчиларда ҳар бир органнинг тузилиши ва вазифаси бўйича морфологик, анатомик, физиологик, гигиеник, экологик, эмбриологик ва эволюцион тушунчалар тизимини шакллантириш назарда тутилган. Бир ўқув фани давомида ривожлантириладиган тушунчалар хусусий тушунчалар дейилади. «Ботаника»да ўсимликларнинг илдиз ёрдамида минерал озиқланиши, барг орқали озиқланиши – фотосинтез, «Зоология»да ҳайвонларнинг морфологияси, анатомияси, физиологияси, экологияси, «Одам ва унинг саломатлиги» ўқув курсида одам организмида борадиган ҳаётий жараёнлар, баъзи касалликларнинг белгилари ва уларнинг олдини олиш ҳақидаги тушунчалар хусусий тушунчаларга мисол бўлади. Хусусий тушунчалар ичида фақат битта мавзуда ривожлантириладиган тушунчалар локал тушунчалар дейилади. Локал тушунчалар сирасига «Пояларнинг хилма-хиллиги» мавзусидаги поянинг турлари тик ўсувчи, ўрмаловчи, чирмашувчи, палак отувчи, илашувчи, қисқарган поялар, «Ўғитлар» мавзусидаги ўғитларнинг турлари киради. Хусусий тушунчаларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: Ўсимлик ҳамда ҳайвонларнинг органлари тўғрисидаги тушунчалар; Ўсимлик ҳамда ҳайвон организмида борадиган ҳаётий жараёнлар тўғрисидаги тушунчалар; Экологик, систематик ва филогенетик боғланишлар тўғрисидаги тушунчалар; Биология ўқув фани мазмунида умумий биологик тушунчалар асосий ўринни эгаллайди. Барча тирик организмларга хос бўлган биологик қонуниятлар ва айрим биологик ўқув курсларининг хусусий тушунчаларини умумлаштирувчи тушунчалар умумий биологик тушунчалар дейилади. Умумий биологик тушунчаларга: Ҳужайра тирик организмларнинг тузилиш, қурилиш ва ҳаётий бирлиги; Органлар тузилиши ва функциясининг бирлиги; Организм билан муҳитнинг ўзаро боғлиқлиги; Организм – ўз-ўзини бошқарувчи яхлит система; Моддалар ва энергия алмашинуви; Ирсият, ўзгарувчанлик ва организмларнинг кўпайиши; Органик оламнинг эволюцион ривожланиши кабилар киради. Умумий биологик тушунчалар хусусий биологик тушунчалардан ҳосил бўлади ва уларнинг ҳар бири мактаб биология ўқув фанлари мазмунида ривожлантирилиб борилади. IX-синфда ўқитиладиган «Биология» (Цитология ва генетика асослари) ўқув фани мазмунида анатомик, морфологик, цитологик, физиологик, генетик тушунчалар асосий ўринни эгаллайди ва у ўқувчиларнинг аввалги курсларда ўзлаштирган билимлари асосида ривожлантирилади ва мустаҳкамланади. V-VIII-синфларда ўқитилган биологик ўқув фанларида умумий биологик характерга эга бўлган тушунчалар «Биология» (Цитология ва генетика асослари) ўқув фанини ўқитишда хусусий тушунчаларга айланади. Тушунчаларнинг бир тартибдан бошқа тартибга ўтиши, яъни умумий биологик тушунчаларнинг «Биология» ўқув фанини ўқитишда хусусий тушунчаларга айланиши биологик курсларда тушунчаларни ривожлантиришнинг ўзига хос хусусияти саналади. Бу тушунчалар кўп томонлама ва айни пайтда ҳаракатчан алоқалар билан боғланиб, ўзаро узвийликда ривожлантирилади. Масалан, V-VIII-синфларда ўқитилган биологик ўқув фанларида умумий биологик тушунча саналган ҳужайра тушунчаси ва унга боғлиқ маълумотлар «Цитология асослари» бобида янги тушунчалар билан ўзаро боғланади ва узвий ривожлантирилади. Жумладан, ядро тушунчаси ботаника, зоология, одам ва унинг саломатлиги курсларида ҳужайранинг асосий қисми шаклида эътироф этилган бўлса, мазкур курсда ядродаги хромосомаларнинг тузилиши, кариотип, диплоид, гаплоид набор, хромосоманинг экзон, интрон қисмлари ҳақидаги тушунчалар билан бойитилиб, ядро ҳужайранинг ажралмас қисми бўлиб, у ирсий ахборотни сақлаш, ирсий ахборотни наслдан-наслга ўтишини таъминлаш, ҳужайрада борадиган модда ва энергия алмашинуви жараёнини бошқариш каби функцияларни бажариши қайд этилади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитиладиган «Биология» (Эволюция ва экология асослари) ўқув фани мазмунида эволюцион ва экологик тушунчалар етакчи ўринни эгаллайди ва мазкур тушунчалар ўқувчиларнинг аввалги ўқ ув курсидан эгаллаган билимлари асосида ривожлантирилади. Мазкур ўқув курси биологик ўқув фанларни якунловчи курс бўлганлиги сабабли, умумий биологик тушунчаларни шакллантириш, кенгайтириш ва ривожлантириш асосий мақсад этиб белгиланади. V-VII-синфларда ўқитилган «Ботаника» ва «Зоология» ўқув фанларидан ўзлаштирган систематик бирликлар тур, авлод, туркум, оила, синф, тип, бўлим каби тушунчалари турларнинг пайдо бўлиши, микроэволюция, макроэволюция тушунчалари билан ўзаро боғликда кенгайтирилади ва ривожлантирилади. Тирик организмларнинг яшаш муҳитига мослашганлиги ҳақидаги билимлар «Экология асослари» бобида ривожлантирилади. Шундай қилиб, дастлаб бирламчи оддий тушунчалар, мураккаб тушунчаларга сўнгра хусусий ва умумий биологик тушунчаларга айланиб боради. Ўқувчиларда тушунчаларнинг шаклланганлик ва ривожланганлик даражасининг кўрсаткичи биологик таълим самарадорлигининг даражасини белгилайди. Шу сабабли, ўқувчилар томонидан ўзлаштирилган тушунчаларнинг энг юқори даражаси тушунчаларни эркин баён этиш ва амалиётда мустақил фойдалана олиш саналади.Тушунчаларни амалиётда мустақил фойдалана олиш жараёни ўқувчилар томонидан тушунчаларга боғлиқ ҳолда муайян кўникмаларни эгаллашни талаб этади. Ўқитувчи ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўриши, мавзу мазмунидаги хусусий ва умумий биологик тушунчалар, уларга мос ҳолда кўникма ва малакаларни аниқлаши, уларни ўқувчилар томонидан ўзлаштириш босқичларига амал қилган ҳолда ўқувчиларда шакллантириш ва ривожлантириш йўлларини белгилаши, дарс жараёнида уни амалга ошириши, эришилган натижаларни таҳлил қилиши, ўқувчиларнинг тушунчаларни ўзлаштириш жараёнидаги типик хатоликларни аниқлаши, унга барҳам бериш чораларини қўллаши лозим. ТАЛАБАЛАРНИНГ ЎЗЛАШТИРГАН БИЛИМЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТОПШИРИҚЛАРИ Билим ва тушунчага таъриф беринг. Ўқувчиларда тушунчаларни шакллантириш босқичларини аниқланг. Биологияни ўқитишда умумий биологик тушунчаларни ривожлантириш йўлларини белгиланг. Ботаника дарслиги мазмунидаги хусусий тушунчаларни боблар бўйича аниқланг. Оддий ва мураккаб тушунчаларга мисол келтиринг. 5.2. БИОЛОГИК КЎНИКМА ВА МАЛАКАЛАРНИ ТАРКИБ ТОПТИРИШ ЙЎЛЛАРИ Режа: Биологик кўникма ва малакалар. Ўқувчиларда кўникма ва малакаларни таркиб топтириш босқичлари. Кўникма ва малакаларнинг гуруҳлари. Биологияни ўқитишда ўқувчиларда таркиб топтириладиган кўникма ва малакалар. Асосий тушунча ва атамалар: биологик, ўқув, амалий, меҳнат кўникма ва малакалари, ўқувчиларда кўникма ва малакаларни таркиб топтириш босқичлари, кўникма ва малакаларнинг гуруҳлари, биологияни ўқитишда ўқувчиларда таркиб топтириладиган кўникма ва малакалар Биологик таълим мазмунининг иккинчи таркибий қисмини фаолият усуллари, яъни кўникма ва малакалар ташкил этади. Кўникма – бирор фаолиятни ўзлаштирилган усули, малака эса, мазкур кўникманинг автоматлашган кўриниши саналади. Биология ўқитувчиси ўқув дастуридан ўрин олган биологик кўникма ва малакаларни аниқ билиши, ўқувчиларда таркиб топтириш босқичларини чуқур англаган бўлиши керак. Ўқувчилар томонидан кўникмалар қуйидаги босқичлар ёрдамида ўзлаштирилади: Кўникма таркибига кирадиган иш усулларини аниқлаш; Кўникма таркибига кирадиган иш усулларини бажариш; Бу иш усулларини такроран бажариш; Амалда қўллаш; Натижаларни текшириш. Биологияни ўқув дастуридан ўрин олган кўникмаларни умумий ҳолатда қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: Морфологик кўникмалар – органлар шакли ва тузилишини ажрата олиш; Анатомик кўникмалар – ҳужайра органоидларининг тузилиши ва функциясини аниқлаш, катталаштирувчи асбоблар билан ишлаш, микропрепаратлар тайёрлай олиш; Физиологик кўникмалар – тирик организмларда содир бўладиган ҳаётий жараёнларни ўрганишга оид оддий тажрибалар ўтказиш, кузатишлар олиб бориш; Систематик кўникмалар – систематик гуруҳ белгилари ва хусусиятларини аниқлай олиш; Экологик кўникмалар – организмларнинг яшаш муҳитига мослашиш шаклларини аниқлаш, экологик системалардаги озиқ занжирининг таркибий қисмларини аниқлаш; Остеологик кўникмалар – таянч-ҳаракатланиш органларининг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, тузилиши ва функциясини белгилаш; Ушбу кўникмалар барча ўқув фанлари учун таалуқли бўлиб, ҳар бир ўқув фани учун ўқувчиларда таркиб топтириладиган кўникмалар ўқув дастурида белгиланган ва ДТС билан меъёрланган. Жумладан, «Ботаника» ўқув фанини ўқитиш давомида ўқувчилар қуйидаги малакаларга эга бўлиши кераклиги белгиланган: Гулли ўсимликларни таний билиши ва уни аниқлаши; Ўсимликларнинг озиқланиши, нафас олиши, ўсиш жараёнларини аниқлаш мақсадида кузатиш ва оддий тажрибалар ўтказиши; Ерни юмшатиш, суғориш, чопиқ қилиш, кўчатларни кўчириб ўтказиш, ўғитлаш; Табиатда ўсимликлар дунёсидаги мавзусий ўзгаришларни кузатиш ва кузатиш натижаларини расмийлаштириш; Катталаштириб кўрсатадиган асбоб ва микроскоплардан фойдаланиш; Микропрепаратлар тайёрлаш ва уларни микроскопда кўриш; Ўсимликларни парвариш қилишни билиши, мактаб ва яшаш жойини кўқаламзорлаштиришда қатнашиши, хона ўсимликларни таниши; Вегетатив кўпайтириладиган ўсимликлардан қаламча тайёрлаш ва қаламчадан кўпайтириш, пайвандлаш; Табиатда ўзини тутиш қоидаларига риоя қилиш; Дарсликдаги матн ва расмлар билан ишлашни уддалай олиш; Маҳаллий шароитда ўсадиган энг асосий экинлар ва ўрганилган оилалар турларининг энг муҳим белгиларини аниқлаш, таний олиш; Аниқлагичдан фойдаланиб ўсимликларнинг турлари аниқлай олиш; Мактаб олди ўқув-тажриба ер майдонида ишлаши (ҳосилни йиғиб олиши, кўп йиллик ўсимликларни парвариш қилиши), ўсимликларнинг биологиясига доир билимлардан экинларни парвариш қилишда қўллай олиши; Дарслик мундарижаси ёрдамида мўлжал олишни билиши, матн ва расм билан ишлай олиши, параграф ва мавзунинг асосий мазмунини фарқлай олиши, саволларга жавоб бера олиши; Биологик атамалар луғати билан ишлай олиши керак. Юқорида қайд этилган кўникмалар ичида нафақат биологик кўникмалар, балки ўқув, амалий ва меҳнат кўникмалар ҳам ўрин олганлигини кўриш мумкин. «Зоология» ўқув фанини ўқитиш давомида ўқувчилар қуйидаги малакаларга эга бўлиши кераклиги белгиланган: Ноёб йўқолиб бораётган ҳайвон турларини билиши, муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиши; Энг муҳим систематик белгилар асосида маҳаллий шароитда тарқалган ҳайвон типлари ва синфлари ҳамда уларга мансуб асосий турларни билиши ва аниқлагич ёрдамида аниқлаши; Ҳайвонларни парвариш қилиш ва улар устида кузатиш олиб бориш; Ўрганилган ҳайвонлардан коллекциялар тайёрлаш, коллекция ва расмлар ёрдамида ўрганилган ҳайвонларни табиатда таниб олиш; Дарслик мундарижаси ёрдамида мўлжал олишни билиши, матн ва расм билан ишлай олиши, параграф ва мавзунинг асосий мазмунини фарқлай олиши, саволларга жавоб бера олиши; Биологик атамалар луғати билан ишлай олиши керак. «Одам ва унинг саломатлиги» ўқув фанини ўқитиш давомида ўқувчилар қуйидаги малакаларга эга бўлиши кераклиги белгиланган: Одам организмидаги органлар системаси ва органларни таний олиш; Органларнинг тузилиши ва функцияларининг ўзаро боғлиқлигини тушунтира олиш; Жисмоний тарбия, спорт ва меҳнатнинг инсон организмига кўрсатган ижобий таъсирини билиши; Қад-қомат ўзгариши, яссиоёқлиликнинг ривожланиш сабабларини тушунтира олиш; Шахсий гигиена қоидалари, меҳнат ва дам олиш режимига риоя қилиш, рационал овқатланиш қоидаларини билиши; Чекиш, спиртли ичимликлар ичиш ва наркотик моддаларни истеъмол қилиш зарарини тушунтира олиши; Микроскопдан фойдалана олиш; Ҳар хил юкламаларнинг мускуллар ишига таъсирини аниқлаш, пульсни санаш, ўз организми устида мустақил кузатишлар олиб бориш; Қон кетганда ва бошқа шикастланишларда биринчи ёрдам кўрсата олиш; Параграф режасини туза олиш; Дарслик матни ва расмлар билан ишлай олиши, мавзунинг асосий мазмунини фарқлай олиш, қисқача ахборот тайёрлай олиш малакасини эгаллаган бўлиши керак. «Биология» ўқув фанини ўқитиш давомида ўқувчилар қуйидаги малакаларга эга бўлиши кераклиги белгиланган: Вақтинча препаратлар тайёрлаш, уларни ҳамда доимий препаратларни микроскоп орқали кўриш; Ҳужайранинг асосий компонентларини аниқлай олиш; Энг оддий цитологик тажрибалар ўтказа олиш, моддалар айланиши схемасини тузиш; Ҳужайранинг митоз ва мейоз бўлинишидаги тавофутларни, босқичларини, муртак варақаларини фарқлай олиш кўникмасига эга бўлишлари; Генетикадан масалалар ечиш, модификацион ва мутацион ўзгарувчанликни фарқлай олиши, вариацион қатор тузиш, модификацион ўзгарувчанликни статистик усуллар ёрдамида аниқлаш; Ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмлар селекцияси методларини; Генетика нуқтаи назардан чекишнинг, алкогол ва бошқа наркотик моддалар истеъмол қилишнинг зарарини асослаб беришлари керак. Ўқитувчи ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўриши, мавзу мазмунидаги биологик, ўқув, амалий ва меҳнат кўникмаларини аниқлаши, уларни ўқувчиларда таркиб топтириш босқичларига амал қилган ҳолда дарс, дарсдан ташқари ишларда ошириши, эришилган натижаларни таҳлил қилиши, ўқувчиларнинг кўникмаларни эгаллаш жараёнидаги типик хатоликларни аниқлаши, унга барҳам бериш чораларини қўллаши лозим Download 1.79 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling