Ўқитилаётган меҳнат йўналиши соҳасидаги илмий-техникавий билимларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш –илғор технология ва рационал меҳнат усулларини, техника янгиликларини мунтазам ўрганиб бориш, илмий-техникавий семинарларда қатнашиш, техникага оид мавзулардаги маърузаларни ешитиб бориш, кўргазмаларга бориб туриш, илғор корхоналарга ўтказиладиган экскурсияларда қатнашиш ва ҳоказолар орқали эришилади. Амалий кўникмалар ва малакалар меҳнат таълими ўқитувчиларининг малакали методистлар раҳбарлигида ва ишлаб чиқариш илғорлари иштирокида илғор иш усулларини эгаллаш йўли билан такомиллаштирилади.
Педагог меҳнатини илмий асосда ташкил этиш соҳасидаги билим ва малакаларини такомиллаштириш – меҳнат таълими дарсларида амал қилинадиган ҳужжатларни илмий асосланган тарзда ишлаб чиқиш; ўқув устахоналарини зарур материаллар, асбоб-ускуналар билан мунтазам таъминлаб туриш тадбирларини белгилаш, иш жойини илмий асосда ташкил этиш, таълимнинг энг самарали кўрсатмали ва техникавий воситаларидан оқилона фойдаланиш йўли билан эришилади.
Дидактик материаллар тайёрлаш. Назарий ва амалий машғулотлар учун манба сифатида ишлатиладиган воситаларни тайёрлаш ҳам методик ишларга киради. ўқув ва дидактик материалларни тайёрлаш деганда, ўқитувчи томонидан уларнинг танланиши ва назарий ёки амалий машғулотлар мақсадига мослаштирилиши тушунилади. Агар тайёр воситалар йўқ бўлса, у ҳолда бу воситаларни ўқитувчининг ўзи тайёрлашига тўғри келади.
Ўқув ва дидактик материалларни тайёрлашда меҳнат таълими ўқитувчиси чегараланган вақт ва техник имкониятларни инобатга олган ҳолда эътиборини қуйидагиларга қаратиши лозим:
-иш варақалари, тарқатмалар (босилган матнлар нусхалари), слайдлар, доска тасвирлари учун ескизлар;
-ёзма топшириқлар, ёзма ва оғзаки тестлар учун сўров қоғозлари;
- баҳолаш варағи, назорат қоғози;
- иш режалари, ташкилий ҳужжатлар.
ўқитувчи учун материаллар нафақат соҳага тегишли маълумотларни, балки ташкилий ишлар, усул ва натижаларни баҳолаш борасидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олади. Ўқувчилар учун материаллар эса қоида бўйича фақатгина соҳага тегишли жиҳатларни ўз ичига олади.
Дидактик материаллар ўқувчиларга мўлжалланган бўлса, ўқитиш материаллардан фарқ қилиши мумкин. Масалан: топшириқлар варақлари, саволномалар, йўналтирувчи усул саволлари ва муайян тарқатма материаллар.
Тарқатма материаллар тайёрлаш бўйича энг янги усуллардан бири бу матнларни ранглар билан ажратиш саналади:
-оқ қоғозлар: мазмуний жиҳатлар борасида матнлар (ўқитувчи ва ўқувчилар учун)
-яшил қоғозлар: ўқувчиларга топшириқлар
-қизил қоғозлар: ўқитувчининг методик ҳужжатлари ва топшириқларнинг жавоб варақалари.
Рангларни кодлаш ҳам ҳужжатлардан фойдаланишни енгилллаштиради. Шунингдек, бугунги кунда компютер технологияларидан фойдаланган ҳолда турли ўқув дидактик материаллар тайёрлаш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |