1-модуль. Мустақилликка эришиш арафасида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий


Download 311.58 Kb.
bet23/38
Sana15.06.2023
Hajmi311.58 Kb.
#1486199
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   38
Bog'liq
Тарих

Биринчидан, минтақа саноатининг технологик даражасини янги босқичга
кўтариш мақсадида маҳаллий хомашё ва захираларни чуқур қайта ишлаш асосида
саноат ишлаб чиқаришида икки ва уч босқичли жараёнларни ривожлантириш лозим
бўлади. Ҳозир минтақада мавжуд қувватлар, асосан, хомашё, ярим тайёр
маҳсулотлар тайёрлашга йўналтирилган иқтисодиётнинг бирламчи ишлаб чиқариш
секторига мансуб қувватлардир. Юқори қўшимча қийматга эга, сифатли,
рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш улуши
пастлигича қолмоқда.
Иккинчидан, ҳудуднинг инновацион-инвестиция фаоллигини янада ошириш. Бу
борада Қўнғирот саноат ҳудудида маҳаллий мавжуд хомашёни чуқур қайта
ишлаш бўйича янги технологик ғояларга асосланган лойиҳаларни кўпайтириш
муҳим аҳамият касб этади. Ушбу соҳани ривожлантириш борасидаги амалга
оширилаётган ишлар, хусусан, йилига 10 та, яъни беш йил мобайнида 53 та саноат
лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш туман салоҳияти учун этарли эмаслигини
таъкидлаш жоиздир. (2017 йилда 16 та, 2018 йилда 11 та, 2019 йилда 3 та, 2020 йилда 15
та ва 2021 йилда 8 та).
Углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида саноат, қишлоқ
хўжалиги, тиббиёт, транспорт ва бошқа соҳаларда юқори талабга эга қўшимча
ҳамда ёрдамчи тармоқларни ривожлантириш лозим бўлади. Бу ҳудуд ишлаб
чиқаришини диверсификация қилиш, минтақанинг индустриал ривожлантириш
имкониятини оширади.
Учинчидан, минтақанинг шимолий туманлари (Мўйноқ, Қўнғирот,
Қонликўл, Шуманай, Қораўзак, Чимбой) имкониятларидан келиб чиққан ҳолда
ноанъанавий соҳалар, жумладан, фарматсевтика ва парфюмерия саноати учун
қизилмия илдизи этиштириш ва уни қайта ишлаш, планкон организмли (артемия)
махсус сув ҳавзаларини ташкил этиш асосида ҳудуд экспорт имкониятларини янада
оширишга эътибор қаратиш лозим.
3. Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти.
1991 йил 31 август куни Ўзбекистон Олий Кенгаши Ўзбекистон давлат
мустақиллигини эълон қилди. Айнан шу сессияда қабул қилинган “Мустақиллик
ҳақидаги Баёнот”да Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати “Халқаро ҳамжамиятнинг
тўла ҳуқуқли аъзоси бўлган Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларда
мустақил давлат, халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида қатнашади, унинг мақсадлари
мустаҳкам тинчлик, қуролсизланиш, ўз ҳудудини қурол-яроғлардан холи қилиш,
ядровий қуролни ва бошқа оммавий қирғин қуролларни йўқотиш, суверен
давлатлар ўртасидаги низо ва зиддиятларни ҳал этишда куч ишлатиш ва тазйиққа йўл
қўймасликдан иборат” – деб қайд этилди.
Ўзбекистон Реcпубликаси Конституциясида бу йўл яна бир бор таъкидланиб
давлатимиз ташқи сиёсатининг асосий қоидалари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Хусусан: “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли
субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик
ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл
билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига
асосланади.
Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини
таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро
тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин,” – дейилади 17-моддасида.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги демократик принципларга тўлиқ амал қилиши
боис 1991-1992 йилларда Ўзбекистонни 111 давлат тан олган бўлса, бугунги кунда
уларнинг сони 143 тага этди. Ўзбекистон жаҳоннинг 130 дан ортиқ мамлакати билан
дипломатик алоқалар ўрнатди. Тошкентда 40 дан ортиқ мамлакатнинг элчихоналари
очилди, 88 та хорижий мамлакат ваколатхоналари аккредитация қилинди. Дунёдаги
30 дан ортиқ давлатда Ўзбекистоннинг элчихоналари ва консуллик ваколатхоналари
ишлаб турибди.
1992 йил 2 мартда Ўзбекистон Республикаси ўз тарихида биринчи бор халқаро
ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
аъзолигига қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан Ўрта Осиёда хавфсизлик,
барқарорлик ва ҳамкорлик масалалари бўйича БМТнинг Тошкентда доимий
ишловчи семинарини чақириш, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳузурида юзага
келаётган халқаро можароларни таҳлил қилиш ва истиқболни белгилаш бўйича махсус
гуруҳ ташкил қилиш, наркобизнесга қарши курашни кучайтириш, Орол муаммосини
ҳал этиш, Афғонистон можаролари ва унга барҳам бериш, “БМТнинг Ёшлар
ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва бошқа масалалар
бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Ўзбекистоннинг асосли мулоҳазалари БМТ
томонидан инобатга олиниб, 1993 йил 24 августда Тошкентда БМТнинг
ваколатхонаси иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси ва БМТнинг Тошкентдаги
ваколатхонаси мамлакатимизда БМТнинг тараққиёт Дастури, Саноат тараққиёти
дастури, қочоқлар иши бўйича вакиллари Олий Комиссари, Жаҳон соғлиқни сақлаш
ташкилоти, Аҳоли жойлашиш жамғармаси, Наркотикларни назорат қилиш Дастур,
Болалар жамғармаси сингари ихтисослашган муассасаларни ўз таркибига
бирлаштиришга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлгач, бу ташкилот доирасидаги
ихтисослашган муассасалар – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат
ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, БМТнинг болалар фонди, Халқаро
почта иттифоқи, электр алоқаси бўйича халқаро иттифоқ, Жаҳон метеорология
ташкилоти, Халқаро олимпиада қўмитаси, Халқаро автомобильчилар иттифоқи ва бошқа
ташкилотлар билан ҳам ўзаро алоқаларни ўрнатди, республикада уларнинг
ваколатхоналари очилди ва фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, Бирлашган Миллатлар
Ташкилотининг таълим, илм-фан ва маданият масалаларига ихтисослашган ЮНЕСКО
ташкилоти билан республикамиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари мамлакатни
дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон 1993 йил 29 октябрда
бу ташкилотга аъзо бўлиб кирган эди. 1994 йилда Ўзбекистон Республикасининг
ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ташкил этилган бўлса, 1996 йилда
Тошкентда бу ташкилотнинг ваколатхонаси очилди. ЮНЕСКО қарорига биноан
1995 йилда Самарқандда Ўрта Осиё тарихини тадқиқ қилиш халқаро институти ташкил
этилди. ЮНЕСКО ҳомийлигида 1993 йил Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги,
1996 йил Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, 1997 йилда жаҳон маданиятининг
дурдоналаридан ҳисобланган Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, 2001 йили
улуғ фиқҳшунос олимлари, ислом оламининг машҳур уламолари Бурхониддин
Марғиноний ва Абу Мансур Мотуридийнинг юбилейлари, 2002 йили Шаҳрисабз
шаҳрининг 2700 йиллиги, Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги, 2003 йили эса буюк
мутасаввуф Абдуҳолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги, 2009 йилда Тошкент
шаҳрининг 2200 йиллиги тантаналарининг ўтказилиши, “Шарқ тароналари” халқаро
мусиқа фестивали, Самарқандда 2014 йил 15-16 майда бўлиб ўтган халқаро
конференция, таълим соҳасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, фан-техника
ютуқларидан кенг фойдаланишни таъминлаш, маданий қадриятларни янада
ривожлантириш каби вазифаларнинг изчиллик билан амалга оширилаётганлиги
Ўзбекистоннинг жаҳондаги мустаҳкам ўрни ва унинг бугун ҳам кенг эътироф
этилаётганлигидан далолатдир.
Ҳозирги пайтда бутун жаҳонда глобаллашув жараёнларининг кучайиб бориши
билан Эр юзида тинчлик-барқарорликни сақлаш, аҳоли фаровонлиги, унинг муносиб
турмуш даражаси, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, таълим, тиббиёт ва
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби умумбашарий вазифалар тобора муҳим
аҳамият касб этиб, уларни амалга оширишда халқаро ташкилотларнинг роли кучайиб
бормоқда. Ҳозирги кунда дунёда ҳар хил мазмун ва мақсадга бўйсундирилган
2,5 мингдан ортиқ халқаро ташкилот мавжуд.
Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўз халқи манфаатларини
кўзлаб, дунёдаги деярлик барча ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга киришди,
чунончи, НАТО, Ислом конференцияси ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати каби
минтақавий ташкилотлар билан ҳам самарали алоқалар ўрнатди. 1994 йил июль ойида
Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастурига қўшилди. Бу
дастурга кўра, Ўзбекистон ҳарбий қисмлари Шимолий Каролина (АҚШ)даги Кемп
Лежюп денгиз пиёдалари полигонида ўтказилган ҳарбий машқларда, Ўзбекистон
ҳудудида америкаликлар билан ўтказилган десантчиларнинг “Ультрабаланс-96” ҳарбий
машқларида қатнашдилар. Шунингдек, Республика ҳарбий билим юрти талабалари 1997
йил Норвегияда ўтказилган “Кооператив банкерс-97” машқларида ҳам қатнашдилар.
Бу каби ҳамкорликлар ўзбек аскарлари учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб,
уларнинг жанговарлик қобилиятини оширишларига ёрдам берди.
1985 йилда тузилган Қўшилмаслик ҳаракати томонидан олиб борилаётган сиёсат
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларига, халқаро келишмовчиликларни
тинч йўл билан ҳал қилиш, турли ҳарбий-сиёсий блоклар фаолиятида қатнашмаслик,
тинчликсеварлик каби йўналишларга тўла мос келади. Ўзбекистон бу ташкилотга
105 чи аъзо бўлиб кирди.
Ўзбекистон 1996 йилда Ислом конференцияси ташкилотига аъзо бўлиб, икки
ўртадаги алоқаларнинг самарадорлиги кейинги йилларда янада ошди. 1969 йилда
тузилиб, Осиё ва Африка қитъаларидаги 57 мамлакатни ўзига аъзо қилган бу
ташкилотнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича муассасаси (АЙСЕСКО)
томонидан мамлакатнинг бош шаҳри Тошкентни 2007 йилда Ислом маданиятининг
пойтахти деб эълон қилинди.
Ўзбекистон 1992 йил 26 февралда Эвропа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига
(ЭХҲТ) аъзо бўлиб кирди. 1994 йил 28-30 сентябрда Тошкентда ЭХҲТнинг
халқаро анжумани ўтказилди. Унда ташкилот фаолиятининг барча қирраларига оид
масалалар кўриб чиқилди. ЭХҲТ Тошкентда ва Урганчда атроф-муҳитни қайта
тиклаш бўйича семинарлар ўтказди. Мазкур халқаро ташкилот Орол муаммосини
ҳал қилишга кўмаклашмоқда.
1995-йил июлда Тошкентда ЭХҲТнинг минтақавий бюроси очилди ва фаолият
кўрсатмоқда. ЭХҲТнинг 1996 йил декабрда Лиссабон саммитида Ўзбекистоннинг
можаролар юз бериб турган ҳудудларга қурол-яроғ этказиб беришни тўхтатиш,
ЭХҲТнинг Марказий Осиё фаолиятини кучайтиришга оид таклифлари маъқулланди ва
Лиссабон Декларасиясига киритилди. Ўзбекистон ташаббуси билан 1996 йилнинг 11-13
сентябрь кунлари Тошкентда ЭХҲТ Демократик муассасалар ва инсон ҳуқуқлари
бўйича Бюроси (ДИИҲБ)нинг «Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар»
мавзусида ўтказилган халқаро семинарда Марказий ва Шарқий Эвропада
Омбудсман институти, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар фаолиятини
ривожлантириш, қонунчилик тизимини такомиллаштириш, халқ таълими ва оммавий
ахборот воситаларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги роли масалалари кўриб чиқилди. Бу
тадбирлар Ўзбекистоннинг ЭХҲТ билан яқин ва самарали алоқалар ўрнатганлигидан
далолат беради. Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида мамлакатнинг барқарорлиги, унинг жаҳон
хўжалик алоқаларга киришувини таъминлашга имкон берувчи давлатлараро
ташкилотларнинг тузилишига ва бу ташкилотларда фаол иштирок этишга алоҳида
аҳамият қаратди. 1996 йилда Шанхайда, 1997 йилда Москвада бўлиб ўтган Хитой,
Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг саммитида
“Шанхай форуми” ташкилоти тузилган эди. 2001 йил 14-15 июнда бўлиб ўтган
Шанхай саммитида Ўзбекистоннинг “Шанхай форуми”га тўла ҳуқуқли аъзо бўлиб
кирди. Ўтган давр мобайнида ШҳТ саммитларида “Шанхай форуми” номи
“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” деб ўзгартирилди, террорчилик ва экстремизмга
қарши кураш борасида “Шанхай конвенция”си, ШҳТнинг ваколатлари
тўғрисидаги конвенция, наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний
айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида ҳамда ШҳТга аъзо давлатлар
ўртасида Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳақидаги битимлар, ташкилот ва унинг
органлари фаолиятига доир ҳужжатлар, ташкилотнинг таъсис ҳужжати (Хартияси),
ташкилотнинг мақсади, аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмийтехникавий,
маданий, таълим, энергетика, таранспорт, экология соҳалардаги
ҳамкорлик Декларацияси ишлаб чиқилди, ШҳТнинг доимий амал қилувчи идоралари
– Пекинда, Тошкентда котибият Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) ижроия
қўмитасини ишга туширилди. Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом
Республикасининг ташкилотга аъзо бўлиб кириши, Озарбайжон, Арманистон,
Комбоджа ва Непалга ШҳТнинг мулоқот бўйича шериклари мақомининг берилиши
ва бу борада имзоланган меморандумлар ташкилот ролининг янада ошувига
хизмат қилди.
Ўзбекистоннинг ички ривожи ва жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини топишида
Эвропа Иттифоқи (ЭС) билан ҳамкорликлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистон
билан ЭС ўртасидаги битим 1996 йил 21-22 июнь кунлари Италиянинг Флоренция
шаҳрида ЭС давлатлари раҳбарларининг йиғилишида имзоланди. Бу айтиш мумкинки
республика сиёсий ҳаётида тарихий аҳамиятга молик воқеа бўлди. Эвропа
Иттифоқига аъзо мамлакатлар давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирокида имзоланган
бу битим нафақат ғарбий Эвропа мамлакатлари билан республикамиз ўртасидаги
алоқалар равнақининг муҳим ҳуқуқий асоси, балки, Ўзбекистонда амалга
оширилаётган туб иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ўзгаришларнинг тан олиниши ва ёш
мустақил давлат мустақиллигининг халқаро ҳамжамият томонидан қўллабқувватланишидир.
Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, ташқи сиёсатимизнинг
устувор йўналишлари бўлмиш дунё сиёсати ва иқтисодиётига интеграцияланиш
учун муҳим пойдевор яратилаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида Америка Қўшма Штатлари
билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ва тобора чуқурлаштириш алоҳида
ўрин тутади. Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида давлатлараро
алоқалар мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ йўлга қўйилди. 1992 йил 15-16
февраль кунлари АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер Ўзбекистонга расмий ташриф
буюрди ва икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. 1992 йил 16 март
куни Тошкентда АҚШнинг, 1996 йил 25 июнда эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги
элчихонаси очилди. Ўзбекистон АҚШ билан мамлакатда амалга оширилаётган
фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш ва халқ турмуш даражасини
яхшилашга қаратилган модернизация жараёни ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш
мақсадида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий-технологик ва маданийгуманитар
соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Икки
томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари Афғонистонда тинчлик ва
барқарорликни мустаҳкамлаш, трансмиллий таҳдид ва хатарларга қарши курашга
кўмаклашишдан иборатдир. 2017-2018 йиллар ўзаро делегациялар ташрифини
амалга оширилиши ва давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи икки
томонлама кўп қиррали муносабатларни янада юқори даражага кўтариб, стратегик
шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.
Минтақавий барқарорликни таъминлашда, минтақа кўламида интеграцияни
ривожлантиришда собиқ иттифоқ таркибида бўлиб, энди мустақил тараққиёт йўлига
кирган давлатлар ўртасидаги муносабатлар ҳам алоҳида ўрин тутади. 1991 йил 8
декабрда Минск шаҳрида Россия федерацияси, Украина ва Белорус давлатлари
томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га асос солинди. 21 декабрда
Алматида ўтган учрашувда МДҲ битимини жами 11 давлат имзолаб, МДҲга аъзо
бўлиб кирди. Улар бу битимда давлатларнинг ҳудудий бутунлигини тан олиш, амалдаги
чегаралар, уларнинг очиқлиги, фуқароларнинг ҳаракат эркинлигига, халқаро тинчлик ва
хавфсизликни таъминлаш, ҳарбий ҳаракат ва қурол-яроғ тарқатишнинг олдини олишда
биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси МДҲ давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликка киришар
экан, доимо уларнинг мустақиллигига дахл қилмасликка интилди ва бунга амал қилди.
1992 йил май ойида МДҲ давлат раҳбарларининг Тошкент учрашувида
Ўзбекистоннинг ташаббуси билан бошланган коллектив хавфсизлик тўғрисидаги
шартноманинг имзоланиши МДҲ доирасидаги давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг
янги босқичига кўтарилишига сабаб бўлди. 1993 йил МДҲ давлатлари билан
имзоланган “Иқтисодий иттифоқ” ҳақидаги шартнома ҳам бу давлатларнинг иқтисодий
тараққиёти ва ўзаро ҳамкорликларининг янада мустаҳкамланишига катта таъсир
кўрсатди.
Мустақилликнинг биринчи ўн йиллиги даврида МДҲ давлатлари бошлиқларининг 30
га яқин кенгашлари бўлиб ўтди ва муҳим ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида
хавфсизлик масалалари, тинчликни сақлаш, иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиб олиш
учун давлатлараро иқтисодий қўмита тузиш, иқтисодий интеграцияни тўлақонли
амалга ошириш, божхона ва иттифоқ тўлови масалаларини изга солиб олиш кабилар
муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистон МДҲ доирасида сиёсий, иқтисодий, маданий
соҳалар бўйича шартнома ҳамда келишувларни Россия, Украина, Белорус,
Молдавия ва бошқа мамлакатлар билан имзолаб, ўзаро манфаатли ҳамдўстлик
алоқалари учун мустаҳкам асос яратди.
2001 йил МДҲ ташкил топганлигининг 10 йиллиги муносабати билан Москвада
МДҲ давлатлари раҳбарлари иштирокида саммит бўлиб, унда ўтган вақт мобайнида
қилинган ишлар сарҳисоб қилинди ва ўзаро савдодаги чеклашларни бартараф этиш,
товарлар ва хизматлар оқимини кўпайтириш учун ахборот–маркетинг марказларини
тузиш, таълим, маданият, солиқ, божхона соҳаларида фаолият кўрсатувчи
муассасалар, хўжалик судлари ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама
этилди. Саммит иштирокчилари МДҲ тузилганлигининг ўн йиллиги муносабати билан
ҳамда Афғонистондаги вазиятга доир “Баёнот”га имзо чекдилар.
Бугун МДҲ давлатлари фаолияти ва ўзаро ҳамкорлиги янада
фаоллашмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз ташқи савдоси ҳажмида МДҲга аъзо
давлатлар улуши 37 фоиздан ортиқни ташкил этади. 2017 йил бошидан ноябрь ойигача
Ўзбекистон ҳамда МДҲ давлатлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан
зиёд ошди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида ҳамдўстлик мамлакатлари билан икки
томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. Буборада Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси билан давлатлараро тенг
ҳуқуқли муносабатлар ўрнатиш ва ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераётганлиги
муҳимдир. Икки давлат ўртасида ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгач,
элчихоналар очилди. ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш
тўғрисида декларация ва Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси
ўртасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида шартнома имзоланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, икки мамлакат ўртасида турли мақсадларга
йўналтирилган 150 та ҳужжатлар имзоланди.
2004 йил 16 июнда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида
стратегик шерикчилик тўғрисида битим имзоланди. Учрашув давомида Ўзбекистон
Республикаси билан “Лукойл” нефть компанияси, ОАЖ ҳамда “Ўзбекнефтигаз”
миллий холдинг компанияси билан, “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ўртасида
маҳсулот тақсимотига оид битимлар имзоланди. Бу ҳужжатлар асосида Россия
томонидан Ўзбекистон ёқилғи-энергетикаси соҳасига қарийб 1 млрд АҚШ доллари
миқдорида инвестиция киритилди. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар
том маънодаги тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик, бир-бирларининг суверенитети,
ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ҳурмат қилиш тамойиллари асосида чуқурлашиб
борди. Бугунги кунда Республикамизда Россия капитали иштирокида 960 дан ортиқ
корхоналар, ўз навбатида, Россия ҳудудида Ўзбекистон Республикаси
сармоядорлари иштирокида 570 га яқин корхонлар фаолият юритмоқда. Шунинг
дек, Россиянинг 60 дан зиёд йирик фирма ҳамда компаниялари мамлакатимизда
ўз ваколатхонасини очган.
Ўзбекистоннинг МДҲ давлатларидан – Украина билан ўзаро муносабат ва
ҳамкорликлари ҳам кенгайиб борди. Ўзбекистон–Украина муносабатлари мустаҳкам
ҳуқуқий асосга эга бўлиб, турли соҳалардаги ҳамкорликни қамраб олувчи қарийб
150 ҳужжат билан тартибга солинади. Ўзбекистоннинг Украина ва бир қатор Кавказорти
давлатлари билан алоқаларининг мустаҳкамланишига 1996-йили Венада тузилган
ГУУАМ ташкилоти ҳам муҳим ўрин тутди. Ўзбекистон иттифоқдош давлатлар
Грузия, Украина, Озарбайжон, Молдова давлатлари асос солган бу тузилмага 1999
йил апрель ойида аъзо бўлди. Натижада, бу тузилма унга уюшган давлатларнинг
номидан олинган бош ҳарфлар асосида ГУУАМ, деб юритила бошланди. Мазкур
тузилма минтақавий ҳамкорлик доирасидаги Осиё-Кавказ-Эвропа транспорт
йўлагини ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилиб олди.
2001 йил июнь ойида ана шу ташкилотга аъзо давлатларнинг Ялтада учрашуви
бўлиб, унда Ўзбекистон ҳам иштирок этди. Бўлиб ўтган саммитда ҳамкорликни
мустаҳкамлашга доир айрим масалалар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан
қардошларча дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг
муҳим йўналишига айланди. Дин, эътиқод, тил бирлиги, азалий қардошлик
муносабатлари бу давлатлар иқтисодий тараққиётида шубҳасиз катта аҳамият касб
этади. Айни пайтда ўзига руҳан, урф-одатлари ва анъаналари билан яқин мамлакатлар
билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш суверен Ўзбекистоннинг ташқи
сиёсатдаги муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё давлат
бошлиқларининг биринчи учрашуви 1990 йил июнда Алмати шаҳрида бўлиб, унда
беш давлатнинг иқтисодий тангликдан чиқиши учун ресурсларни бирлаштириш зарур
деган хулосага келинган, Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларига мурожаатнома
ҳамда республика раҳбарларининг Баёнотини имзолаган эдилар.
1994 йил 10 январда Қозоғистон Президенти Н.Назарбоэвнинг Ўзбекистонга
ташрифи Марказий Осиё ҳамдўстлигига амалий пойдевор қўйди. Унда иккала
мамлакат раҳбари “Ягона иқтисодий ҳудуд” барпо этиш тўғрисидаги шартномани
имзолади. Бу шартномада Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида товарлар,
хизматлар, сармоялар ва ишчи кучларининг эркин ўтиб туришини назарда тутувчи
ҳамда ўзаро кредит, ҳисоб-китоб, бюджет, солиқ, нарх, бож ва валюта сиёсатини
таъминловчи ягона иқтисодий маконни ташкил этиш кўзда тутилди. Фан, маориф,
соғлиқни сақлаш йўлида имзоланган ҳужжатлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга
хизмат қилувчи омил бўлиб қолди. Бу шартномага Қирғизистон, кейинчалик
Тожикистоннинг ҳам қўшилиши Марказий Осиё минтақасида иқтисодий интеграция
жараёнининг чуқурлашувига катта имконият яратди. Томонлар Давлатлараро
кенгаш ҳамда унинг доимий ижроия ташкилоти, Бош вазирлар кенгаши, Ташқи
ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги кенгашини таъсис этдилар.
Марказий Осиё давлатларини бирлашиб ҳаракат қилишларида Орол денгизи
муаммоси муҳим ўрин тутади. Бу муаммо бўйича Марказий Осиё давлатлари
раҳбарларининг Қизил Ўрда (1993), Нукус (1994), Тошҳовуз (1995) учрашувлари
бўлиб, ушбу учрашувларда асосан бу муҳим муаммога бағишланган чоратадбирларни
кўриш белгилаб олинди. Республика раҳбарияти Орол муаммосини ҳал
этишда нафақат Марказий Осиё, балки Осиёдаги бир қанча ташкилотлар билан
ҳамкорликни йўлга қўйди. Жумладан, 2001 йил Осиё тараққиёт банки Президенти
Тадао Чино Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ўзбекистон ҳукуматининг бу
муаммони тугатишга қаратилган сай-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб,
Япониянинг махсус жамғармасидан беғараз грант ажратишни жадаллаштиришини
таъкидлаб ўтди.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон қисқа фурсатда халқаро
ҳамкорлик ва алоқаларда, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувда муҳим
ютуқларга эришди ва бу борада катта тажриба тўплади. Республиканинг турли халқаро
иқтисодий ва ижтимоий комиссияларга аъзо бўлиб кириши мамлакат тараққиёти
уфқларини очди. Республиканинг нуфузли давлатлар: АҚШ, Германия, Буюк
Британия, Франция, Италия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Эрон ва
Покистон каби давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари жаҳон ҳамжамиятига
интеграциялашувини кенгайтирди.

Download 311.58 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   38




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling