Таълим олганликни назорат қилиш ва ташхислаш тамойиллари.
Педагогикада таълим олувчиларнинг таълим олганлигини ташхислаш ва назорат қилиш тамойилларининг тизими ишлаб чиқилган. Улардан энг муҳимлари холислик (объективлик), тизимлилик (системалилик), кўргазмалилик (ошкоралик) саналади. Холислик (объективлик) ташхис тестлари (топшириқлари, саволлари), ташхис жараёни мазмунининг илмий асосланганлиги, педагогнинг барча таълим олувчиларга дўстона муносабати ҳамда билим, малакаларни баҳолашнинг аниқ кўринишда белгиланган мезонларидан иборат. Амалда ташхиснинг холислиги қўйилган баҳолар назорат методлари воситаларидан, ташхис ўтказган таълим берувчидан қатъий назар ҳамма вақт мос келишини англатади.
Тизимлилик (системалилик) тамойилининг талаби шундан иборатки, ташхислаш назоратини таълим жараёнининг барча босқичларида – билимларни бошланғич идрок этишдан то амалда қўллашгача бўлган босқичларида олиб бориш керак. Тизимлилик барча таълим олувчилар ўқув муассасасида бўлган биринчи кундан бошлаб охиригача мунтазам ташхисга жалб этилишини англатади. Таълим олувчининг билими ва эгаллаши лозим бўлган барча жиҳатларни ишончли текшириш учун таълим назоратини тез – тез ўтказиш керак. Тизимлилик тамойили ташхис ўтказишга бутун ёндашувни талаб этадики, бунда назорат, текшириш, баҳолашнинг турли шакллари, методлари, воситалари узвий ўзаро боғлиқликда ва бирликда қўлланилади, бир мақсадга хизмат қилади. Бу каби ёндашув ташхиснинг айрим методлари ва воситаларини мутлоқлаштиришга йўл қўймайди.
Кўргазмалилик (ошкоралик) тамойили аввало барча таълим олувчиларни айнан бир хил мезонлар бўйича очиқ синовдан ўтказишни англатади. Ташхис жараёнида белгиланадиган ҳар бир таълим олувчи рейтинги кўргазмали, қиёсий ҳарактерга эга. Ошкоралик тамойили, шунингдек, баҳоларни эълон қилиш ва мотиватсиялашни талаб этади. Баҳо мўлжал (ориентир) бўлиб, таълим олувчилар унга мувофиқ ўзларига қўйиладиган талаблар ва педагогнинг холислиги ҳақида фикр юритади.
Маълумки, бугун таълим тизимида рейтинг назоратидан кенг фойдаланилмоқда. Рейтинг деганда баҳолаш, тартибга келтириш, классификациялаш (тизимлаштириш, синфлаш), биронта ҳодисани олдиндан белгиланган шкала бўйича баҳолаш тушинилади. Рейтинг назорати таълим олувчининг маълум бир фандан рейтингини аниқлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |