15-мавзу. Диний мутаассиблик ва диндорлик. Режа


 Диний ташкилот, диний конфессия, диний секта тушунчалари


Download 0.57 Mb.
Pdf ko'rish
bet7/10
Sana28.12.2022
Hajmi0.57 Mb.
#1021640
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10
Bog'liq
15-мавзу. Диний мутаассиблик ва диндорлик

3. Диний ташкилот, диний конфессия, диний секта тушунчалари. 
Ўзбекистон Республикасида 16 конфессия ва 2276 та диний ташкилот фаолият 
кўрсатмоқда. Шулардан 2090 таси мусулмон ташкилоти, 166 та христиан ташкилоти, 8 та яҳудий 
жамоаси, 6 та баҳоийлик жамияти, 1та кришначилар жамияти ва 1 та будда ибодатхонаси. Диний 
конфессиялар: Ислом (Ўзбекистон мусулмонлари идораси), Православлик (Тошкент ва 
Ўзбекистон епархияси), Католиклик (Рим–католик черкови), Лютеранлик (Немис–лютеран 
черкови), Арман–апостол черкови, Пятидесятниклар (Тўлиқ инжил христианлари), Баптистлар 
(Евангель–христиан баптистлар черкови), Новоапостол черкови, Еттинчи кун адвентистлари, 
“Голос божий”, Иегово шоҳидлари, Корейс протестант черковлари, Яҳудийлик, Баҳоийлик, 
Кришнани англаш жамияти, Буддавийлик рўйхатга олинган. “Ўзбекистон Библия китоб жамияти” 
эса диний ташкилот ҳисобланиб, бошқа конфессиялардан алоҳида фаолият олиб борсада, “диний 
конфессия” мақомига эга эмас. Мазкур диний жамоалар ўртасида бағрикенглик маданиятини 
шакллантириш мамлакатимиз тараққиёти, турмушимиз ободлиги гаровларидан биридир. 
Маълумотларга қараганда, бугун дунё бўйлаб 1000 дан ортиқ конфессия мавжуд. Шу 
билан бирга ўзини қайсидир динга мансуб деб ҳисоблайдиган 5000 дан ортиқ секта (оқим)лар бор. 
Диннинг жамиятдаги функцияларидан конфессия вакиллари ва секта аъзолари турли 
мақсадларда фойдаланадилар. Бундай вазиятда конфессия тушунчасини, унинг секта тушунчаси 
билан боғлиқлик ва фарқли жиҳатларини англаб олиш долзарб аҳамият касб этади. Чунки 
дунёнинг диний манзараси қотиб қолган, ўзгармас бир ҳодиса эмас. Хусусан, мазкур манзара 
йилдан-йилга ўзгариб бораётгани, мавжуд динлар ўзларининг анъанавий доирасидан чиқиб 
бораётганларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. 


Конфессия – лотинча сўз бўлиб “эътиқод қилиш” деган маънони билдиради. Конфессия 
маълум диннинг муайян йўналишини англатувчи тушунчадир. Бунда эътиқод қилувчилар жамоаси 
маълум диний таълимотнинг ўзига хос талқини, маданияти ва анъаналарига эга эканлиги билан шу 
диндаги бошқа жамоалардан айрим жиҳатларда фарқланади. Масалан, христианликдаги католик 
ва православ жамоалари, ёки ислом динидаги суннийлик ва шиа жамоалари умумэътироф этилган 
конфессиялар ҳисобланади. 
Конфессиялар географик, маданий ёки маърифий сабабларга кўра узоқ тарихий даврда 
шаклланади. 
Конфессионал манзара – дунёдаги барча диний жамоаларни умумий ҳолда ифодаловчи 
тушунча. 
Конфессия жамоа томонидан эътиқод қўйилган таълимотнинг тўғри, якдиллик билан 
талқин этилиши, мазкур таълимотнинг соғлом асосга эга эканлиги билан сифатланади ва унинг 
жамият тинчлиги, тараққиёти ва фаровонлигидаги ўрни умумэътироф этилади. Диний таълимотни 
бузиб талқин қилиш ва уни вайронкорлик учун хизмат қилдиришни кўзлаган жамоалар конфессия 
сифатида эътироф қилинмайди. Балки бундай жамоаларга секта (тоифа ёки оқим) сифатида 
қаралади ва унинг фаолияти таъқиб қилинади. 
Секта – аввал шаклланган диний йўналишдан ажралиб чиққан мухолиф оқим. Секта, 
одатда, муайян дин ичидан ушбу диннинг таълимоти, ташкилий тузилиши ва бошқа жиҳатларидан 
норози бўлиб чиққан шахслар томонидан ташкил этилади. Секта сўзи, энг умумий маънода, 
муайян диний, сиёсий ёки фалсафий қарашларга эргашувчилар гуруҳини англатади. Диний секта 
деганда маълум бир диндаги расмий ақидаларга зид равишда ажралиб чиққан ёки мавжуд динлар 
ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда дин байроғи остида фаолият кўрсатадиган 
гуруҳлар тушунилади.
Сектанинг хусусиятлари: 
– таълимотини ўзи ажралиб чиққан диний йўналишга қарама-қарши қўйиш 
– радикаллик; 
– бошқа диний йўналишлар билан алоқа қилмаслик; 
– жамият билан муносабатларни чегаралаш; 
– уламолар табақасининг мавжуд эмаслиги; 
– аксарияти бошқаларни асл ақидадан қайтганликда айблайди. 
Конфессия ва сектага икки хил муносабат билдирилади. Бирининг фаолиятига имкон 
берилса, бошқаси таъқиб қилинади. 
Умуман олганда, бундай секталарнинг барчаси инсоннинг ожизлиги, маънавий ва 
жисмоний камолотга эришишга бўлган интилиши, кишилар ҳаётда дуч келадиган 
қийинчиликлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида шахсий бойлик орттириш ниятида 
фойдаланадилар. 
Мавжуд диний таълимотлар, улардаги муайян қоидаларни давр талабига мослаштириш
бошқача айтганда, модернизация қилиш жараёни ҳам давом этмоқда. Масалан, христианлар 
амалга оширган инквизиция ва салб юришлари хато бўлганини тан олиб, Рим Папаси ҳатто, 
расман кечирим ҳам сўради. 1992 йилда Папа Иоанн Павел II ўз пайтида Ернинг Қуёш атрофида 
айланиши ҳақидаги қарашларни ёқлагани учун черков трибунали томонидан тавба қилдирилиб, ўз 
қарашларидан воз кечишга мажбур қилинган Галилео Галилейнинг ҳақ бўлганини тан олиб, 
барчадан узр сўрагани ҳам бунга мисол бўла олади. 
Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар масаласи ижтимоий ҳаётда мухим ва мураккаб 
масала бўлиб келган. Чунки унинг замирида шахснинг хуқуқи, демократия, адолатпарварлик ва 
инсонпарварлик каби катта ижтимоий, сиёсий, хуқуқий ва ахлоқий тушунчалар ётади. Виждон 
эркинлиги кишиларнинг руҳий оламига, унинг соғлом ва баркамоллигига бевосита таъсир 
кўрсатади. Шунинг учун ҳам бу масаланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва бажарадиган вазифалари 
ғоят мухимдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уставидан тортиб, барча халқаро хужжат 
ва шартномаларда, ҳамма мамлакатларнинг конституция ва қонунларида виждон эркинлиги ўз 
ифодасини топган. 1948 йилда кабул қилинган инсон хукуклари умумий декларациясига мувофиқ 
ҳар бир инсон фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги хуқуқига эга. Бу хуқуқ ўз дини ёки эътиқодини 
ўзгартириш эркинлигини, ўз дини ёки эътикодига ўзича, шунингдек бошқалар билан биргаликда 
амал қилиш кафолатини, ибодат қилишда ва диний маросимларда якка тартибда ёки одамлар 
орасида бирга қатнашиш эркинлигини ўз ичига олади. 


Бундан ташқари бу масала яна бир мураккаб ходисани - турли дунёқараш, эътиқодда 
бўлган кишилар ўртасидаги, давлат билан дин, диний ташкилотлар билан давлат ўртасидаги 
муносабатларнинг амалда хуқуқий таъминланишини ҳам назарда тутади. 
Одамлар доим турли дунёқараш ва эътиқод билан яшаганлар ва яшайдилар. Ҳар кимнинг ўз 
ички дунёси, ўз эътиқоди бўлади. 
Виждон эркинлиги ҳақидаги қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикасида дин ва 
диний ташкилотлар давлатдан ажратилганлиги кўрсатилган. Бу дегани давлат диний масалалар 
билан шуғулланмайди, диний ташкилот ва диний бошқарма ишларига аралашмайди. Дин ва диний 
ташкилотлар ҳам давлат ишларига аралашмаслиги лозим. Лекин диний ташкилотлар жамоат 
ишларида иштирок этиш хуқуқига эгадирлар. Шунингдек, мазкур моддада давлат турли диний 
конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаши, конфессиялар ўртасида 
адоватни авжиришга, хусусан, бир диний конфессиядаги диндорни бошқасига киритишга 
қаратилган хатти-ҳаракатларга, миссионерликка йўл қўймаслиги таъкидланган. 
Диний ташкилотларга Ўзбекистан Республикасида диний характерга эга бўлган 
партиялар тузиш, республикадан ташқаридаги диний партияларнинг бўлим ёки филиалларини 
очиш ман этилади. 
Диндан давлатга ва Конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, 
миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, 
вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда 
давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл 
қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек 
бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг 
бундай фаолиятлари тақиқланади. 
Фуқаролар динга бўлган муносабатларидан қатьиназар, таълимнинг хилма-хил турлари ва 
даражаларини эгаллаши мумкин. Қонуннинг 9-моддасида кўрсатилишича, диний ташкилотларнинг 
марказий бошқарув органлари руҳрнийларни ва ўзларига зарур бўлган диний ходимларни тайёрлаш 
учун диний ўқув юртлари тузишга хақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия 
вазирлигида рўйхат ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш хуқуқига эга 
бўлади. 
Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон 
Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим 
олганидан кейин қабул қилинади. 
Диний таълим берувчилар махсус диний маълумоти бор кишилар бўлиб, болаларни 
ўқитиш учун диний бошқарманинг ёки марказнинг рухсатномасига эга бўлиши керак. Хусусий 
диний таълим беришга йўл қўйилмайди. Бу қонун-қоидаларни бузганлар қонун олдида 
жавобгардирлар. 
Диний ташкилотлар диний таълим олиш учун фуқароларни чет элга юборишлар ва чет 
эл фуқароларини таълим олиш учун қабул қилишлари мумкин. 
Диний ташкилот - бу маълум динга ишонувчилар ва уларнинг жамоаларининг 
уюшмасидир (масжид, черков, синагога, диний ўқув юртлари ва ҳ.к. каби). Уни ташкил этиш 
учун унга бир хил эътиқодга эга бўлган камида 100 киши аъзо бўлиши керак. Ўзбекистон 
Республикасининг ҳар қандай фуқароси 18 ёшга тулганидан кейин маълум диний жамиятга 
аъзо бўлиши мумкин. 
Диний ташкилотлар ўз мулкларига эга бўладилар. Бинолар, дин билан боғлиқ буюмлар, 
ишлаб чиқариш ва хайрия ишларига мўлжалланган иншоотлар, пул маблағлари ҳамда диний 
ташкилотлар фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа мол-мулк диний 
ташкилотларнинг мулки ҳособланади. Диний ташкилотларга 
ушадиган молиявий ва мулкий хайриялардан, шунингдек фуқаролардан тушган маблағлардан 
давлат солиғи ундирилмайди. 
Ибодат, диний расм-русум ва маросимлар ўтказиш махаллий ҳокимият томонидан 
тақиқланмайди. Қонуннинг 3-моддасида кўрсатилишича, динга эътиқод қилиш ёки ўзга 
эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, 
саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина 
чекланиши мумкин. 
Диний ташкилотлар фуқароларни ишга олишга хақлидирлар. Улар давлат, жамоат 
корхоналари ва ташкилотларининг ишчи хизматчилари билан баравар солиқ тўлайдилар, 


ижтимоий таъминланиш ва суғурта қилиш хизматларидан фойдаланадилар. Умумий асосда 
нафақа олишга ҳақлидирлар. 
Қонуннинг охирги 23-моддасида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги 
қонунни бузган кишилар қонун олдида жавоб беришлари кўрсатилган. 
Конституция да ҳурфикрлилик, виждон ва диний эътиқод эркинлиги масалаларига катта 
эътибор берилган. Унда диннинг тарбиявий аҳамиятига янада кўпроқ эътибор берилиши 
лозимлиги кўрсатилган. 
Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва 
фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Унинг худудида 16 та диний конфессия 
вакиллари истиқомат қиладилар. Юқоридаги қонунда келтирилганидек, улар Конституция олдида 
ҳуқуқ ва мажбурият юзасидан тенгдирлар. Конституциянинг 12-моддасида таъкидланишича, ҳеч 
қандай мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас. Шунга кўра, ҳеч қандай 
конфессия бошқаларидан устун деб қаралиши ёки уларга ўз таъсирини ўтказиши мумкин эмас. 

Download 0.57 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling