Халқ фикридан сайқал топган Тараққиёт стратегияси
Ҳар учала ҳужжат лойиҳаси ўтган йил 30 декабрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Шу тариқа “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси муҳокамасининг учинчи босқичи 2021 йил 30 декабрдан жамоатчилик муҳокамалари якунига етган сана, яъни 2022 йил 15 январгача бўлган даврни қамрайди.
Ушбу муҳим ҳужжат лойиҳалари 2022-2026.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz электрон платформалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама учун жойлаштирилгани юртдошларимизга ўз таклифларини билдириши учун қулай имконият туғдирди. Натижада қизғин ва жиддий муҳокамалар асносида фақатгина электрон платформалар орқали жами 17 минг 535 та таклиф келиб тушди.
Жамоатчилик муҳокамалари миллий ва халқаро миқёсда кенг ташкил этилгани диққатга лойиқ. Миллий муҳокамаларнинг ўзи ҳам бир нечта йўналишда ўтказилди.
Авваламбор, Тараққиёт стратегияси парламент йўналишида — Олий Мажлис палаталари мажлисларида, қўмита ва комисссиялар, сиёсий партиялар фракциялари, Ёшлар парламентларида муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлат органлари масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, турли соҳа вакиллари иштирокида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган конференция, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари алоҳида намуна кўрсатди. Муҳокама жараёнларига хориждаги ватандошларимиз ҳам кенг жалб этилди.
Бундан ташқари, Тараққиёт стратегиясига халқаро даражада ва хорижий экспертлар томонидан фаол ҳамда юксак баҳолар берилдики, бу ҳақда алоҳида тўхталамиз.
Қолаверса, интернет, телевидение, радио ва матбуот нашрларининг имкониятидан унумли фойдаланган ҳолда, мунтазам равишда жамоатчилик муҳокамалари ўтказиб борилди.
Шу қамровдор жараёнларда билдирилган барча таклиф ва фикр-мулоҳазалар тегишли соҳа мутахассислари томонидан диққат билан ўрганиб чиқилди. Натижада минглаб таклифлар Тараққиёт стратегиясини тегишли равишда бойитишга тўғридан-тўғри хизмат қилди.
Бунга биргина яққол мисол: “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганида 94 та мақсаддан иборат бўлган. Жамоатчилик муҳокамалари якунидан сўнг Тараққиёт стратегиясидаги ушбу мақсадлар сони 100 та этиб белгиланган.
Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “Давлат — инсон учун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик”.
Do'stlaringiz bilan baham: |