2-§. Адабий тил меъёрлари − нутқ маданияти мезони
Download 33.23 Kb.
|
Тасвир ва овоз ёзувларини иш билан бирга сақланади ва дастлабки тергов тугагач, муҳрланади. (ЖПК, 117-м.). Моддада тасвир ва овоз ёзувларини сўзидаги -ни тушум келишиги қўшимчаси ортиқчадир. Маълумки, эга ҳар доим бош келишикдаги сўзлар билан ифодаланиб, гапнинг нима ёки ким хақида эканлигини билдиради. Шу сабабдан ҳам мазкур моддани қуйидагича тузиш мақсадга мувофиқдир:
Тасвир ва овоз ёзувлари иш билан бирга сақланади ва дастлабки тергов тугагач муҳрланади. Қуйидаги модда таркибидаги ҳужжатларида сўзида ўрин-пайт келишиги қўшимчаси ортиқча ва моддадаги она тилига бирикмаси она тилисида шаклида ифодаланиши лозим эди. Қиёсланг: Тергов ва суд ҳужжатлари ушбу Кодексда белгиланган тартибга мувофиқ айбланувчига унинг она тилисида ёки у билган бошқа тилга таржима қилиб топширилади. Кесимдан эгага нима? сўроғи берилса эга – тергов ва ҳужжат сўзлари эканлиги аён бўлади. Қонуншуносларимиз оддийгина эганинг бош келишикда келишини ҳам билмаганликлари ачинарлидир: Тергов ва судлов ҳужжатларида ушбу Кодексда белгиланган тартибга мувофиқ айбланувчига унинг она тилига ёки у билган бошқа тилга таржима қилиб топширилади. (ЖПК,11-м.). Баъзи моддаларда қаратқич-қаралмиш муносабатлари адабий тил меъёрларига тўғри келмайди: Жиноят ишни қўзғатиш рад этилганлиги тўғрисида ариза ёки хабар берган манфаатдор шахсга, муассаса ва ташкилотга маълум қилинади (ЖПК, 54-м.). Судья, халқ маслаҳатчиси,... кўрилаётган ишдан бевосита ва бавосита манфаатдор бўлсалар, уларнинг жиноят иш кўришда иштирок этишлари мумкин эмас (ЖПК, 15-м.). Мазкур моддаларда учинчи шахс эгалик қўшимчаси жиноят иши бирикмасидан туширилиб, жиноят иш тарзида ишлатилган, натижада қаратқич билан қаралмиш ўзаро мослашмаганлиги туфайли услубий ғализлик юзага келган. Қуйидаги моддаларда ҳам шу ҳолатни кўриш мумкин: Эр-хотиндан бири ўзининг биргаликдаги умумий мулк бўлган уй-жой ва автомашинасини бошқа шахсларга ўтказганда, иккинчиси-нинг бунга розилиги ёзма формада ифодаланиши шарт (Оила кодекси, 26-м.). Ичимлик сувдан фойдаланиш қоидаларини бошқа тарзда бузиш (МҲК, 68-м.). 26-моддадаги умумий мулк, 68-моддадаги ичимлик сувдан бирикмаларида ҳам эгалик қўшимчаси қўлланиши адабий тил талабидир. Қонун ижодкорлари феъл нисбатларини ишлатишда ҳам адабий тил меъёрларига риоя қилмаётирлар. Яъни аниқ нисбат ўрнига мажҳуллик нисбатини қўллаш ҳолатлари моддалар таркибида кўп учрайди: Тегишли ваколат берилган органлар ва мансабдор шахслар ўз компетенциялари доирасида, қонунларга аниқ риоя қилган ҳолда маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини қўлланадилар (МҲК, 8-м.) Судьяга ёки халқ маслаҳатчисига нисбатан берилган отвод масаласини суд отвод берувчининг иштирокисиз ҳал этилади (ЖПК, 33-м.) Бу моддаларда қўлланадилар ва ҳал этилади феъллари мажҳул нисбатда эмас, балки аниқ нисбатда (қўллайдилар, ҳал этади) берилиши лозим эди. Чунки мазкур моддаларда иш ҳаракатнинг бажарувчиси (органлар ва мансабдор шахслар; суд) иштирок этмоқда. Мажҳул нисбатдаги феълларда эса иш ҳаракатнинг бажарувчиси - субъекти номаълум бўлади. Бундай хатоликлар моддалар мазмунига ҳам салбий таъсир этади. Демак, қонунлар ва уларнинг моддалари адабий тил меъёрларига мувофиқ тузилмас экан, бундай моддаларда мантиқий изчиллик йўқолади, мазмунга путур етади. Адабий тил меъёрларига риоя қилинмай тузилган моддалар фуқароларга ҳар доим ҳам тушунарли бўлавермайди. Шунинг учун ҳам бўлажак юристларимиз ихтисослик фанлари билан нутқ маданияти фанини ҳам узвий ўрганмоқлари ҳаёт тақозосидир. Download 33.23 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling