3-мавзу: Антик даврдан VII асргача ва Шарқ уйғониш даврида тарбия, илм-фан ва педагогик фикрлар тараққиёти
Энг қадимги ёзма ёдгорликларда таълим-тарбия масалалари
Download 147 Kb.
|
3-маъруза
Энг қадимги ёзма ёдгорликларда таълим-тарбия масалалари.
Тадқиқотчилар эрамиздан олдинги биринчи минг йиллик ўрталарида оромий ёзуви, Александр Македонский истилосидан сўнг эса юнон ёзуви ва шу билан бирга форсий миххат ҳам маълум вақтларда қўлланиб келинганини таъкидлайдилар. Демак, ўша даврдаёқ Хоразм, Сўғд, Кушан, Рун (Урхун-Енисей), уйғур ва бошқа ёзувлар пайдо бўлган ва бу юксалиш таълим-тарбиянинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этиб келган. Чунки, инсон ибтидоий жамоа бўлиб яшаш тарзини аста-секин ривожлантириб бориб, жаҳон маданиятида катта кашфиётлар яратди.Чунончи, Хитойда қоғознинг ихтиро этилиши, Хиндистонда ҳисоблаш ўнлик системасининг пайдо бўлиши, Месопотамияда Ер куррасини градусларга, суткани соат, дақиқа ва сонияларга бўлишнинг жорий этилиши, Марказий Осиёда ўрта денгиз билан Ҳиндистонни боғловчи археологик топилмалари, тарихчилар, адабиёт ва санъат намояндаларининг ижодий мероси, санъат ва адабиёт намуналари бунинг далилидир. Ибтидоий жамият тараққиётининг биринчи босқичида, уруғчилик жамиятидан олдинги жамиятда, одамлар табиатнинг тайёр маҳсулотларини истеьмол қилганлар, овчилик билан шуғулланганлар. Яшаш воситаларини топиб қўлга киритиш жараёни унчалик мураккаб бўлмаган ва айни вақтда кўп меҳнат талаб қилган. Жамоа бўлиб яшаш, меҳнат қилиш ва истеьмол қилиш шароитидагина йирик ҳайвонларни овлаш, табиат билан курашиш мумкин бўлар эди. Ҳамма нарса муштарак эди, жамоа аъзолари ўртасида ижтимоий тафовутлар йўқ эди. Ибтидоий жамиятдаги ижтимоий муносабатлар қон-қариндошлик муносабатларига асосланар эди. Ундаги меҳнат ва ижтимоий (социал) вазифаларнинг тақсимланиши табиий биологик негизга асосланади, бунинг натижасида эркаклар билан аёллар ўртасида меҳнат тақсимоти мавжуд эди, шунингдек, ижтимоий жамоалар ёш жиҳатдан бўлинар эди. Янги туғилган бола дастлаб ўсиб етишаётган кишилар гуруҳига бериларди: уни шу жамоадаги кексайиб қолган кишилар боқардилар ва ўстирардилар. Бола тегишли биологик ёшга тўлиб, баъзан бир ижтимоий тажриба, меҳнат қилишни ўрганиб, ҳаётий билим ва малакаларни эгаллаганидан кейин одам қаторига киритилиб тўла қимматли меҳнатчилар гуруҳига ўтар эди. Бир қанча замонлардан сўнг бу гуруҳга ўтказиш чоғида инициация «бағишлаб» удуми бажариладиган бўлиб қолди. Бу удумни бажариш чоғида ёшларнинг турмушга қанчалик тайёрланганликлари: азоб- уқубатларга бардош бера олишлари, ботирлик ва чидамлилик кўрсата билишлари синаб кўрилар эди. Ёш жиҳатдан бўлинган бир гуруҳ аъзолари билан бошқа гуруҳ аъзолари ўртасидаги муносабатлар ҳеч қаерда ёзилмаган, лекин қатьий бажариладиган одат ҳамда аньаналар билан тартибга солиниб турар эди, булар таркиб топаётга ижтимоий нормаларни мустаҳкамлар эди. Уруғчилик жамиятидан олдинги жамиятда табиий танланиш ва муҳитга мосланишнинг биологик механизмлар хам одам тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучларидан биридир. Бироқ, жамият ривожланиб борган сари унда таркиб топаётган ижтимоий қонуниятлар каттароқ рол ўйнай бошлайди, аста-секин устунлик даражасига кўтарилади. Ибтидоий жамиятда бола ўзининг ҳаёт фаолияти жараёнида, катталарнинг ишларида қатнашиб, улар билан кундалик муомалада бўлиб тарбияланар ва таълим олар эди. Бола, кейинроқ одат бўлиб қолганидек, ҳаётга ҳозирланибгина қолмасдан, шу билан бирга, ўзи уддалай оладиган фаолиятга бевосита қўшилиб ҳам кетаверади, катталар билан бирга ва уларнинг рахбарлигида жамоа бўлиб меҳнат қилишга ва ҳаёт кечиришга ўрганар эди. Машаққатли турмуш кечириш ва табиат билан кураш олиб бориш шароитида одам фақат жамоа бўлиб яшаши ва меҳнат қилиши мумкин эди. Бундай жамиятда ҳамма нарса жамоаники бўларди. Болалар ҳам бутун уруғ қўлида, дастлаб оналари қўлида бўлар, сўнгра оталар қўлига ўтиб колардилар. Болалар ва ўсмирлар мехнатда ва катталар билан кундалик мулоқатда турмуш учун зарур кўникмалар ва меҳнат малакаларини ўрганиб олаверадилар, урф-одатлар билан танишаверадилар, ибтидоий одамлар ҳаётида ҳар доим бўлиб турадиган расм-русумларни бажаришни ўрганадилар. Ўғил болалар катта ёшдаги эркаклар билан бирга ов қилиш ва балиқ тутишда, қурол ясашда қатнашар, қизлар эса хотинлар рахбарлигида экин экиб, ҳосилни йиғиштириб олиш ишларида қатнашар, овқат пиширар, идиш ясаб, кийим тикар эдилар. Матриархат тараққиётининг охирги босқичларида ёш авлоднинг яшаши ва тарбияланиши учун ўғил болалар учун алоҳида, қиз болалар учун алоҳида - биринчи муассасалар пайдо бўдди. Мана шундай жойларда - ёшлар уйларида ёшлар уруғ оқсоқолаларнинг рахбарлигида яшашга, меҳнатга, ўтказиладиган «синовларга» тайёрланар эдилар. Аста секин чорвачилик, деҳқончилик, ҳунар-касблар пайдо бўла бошлади. Ишлаб чиқарувчи кучлар ривожланиб, одамларнинг меҳнат тажрибаси кенгайиб борганлиги сабабли тарбия ҳам мураккаблашди, кўп томонлама ва режали бўлиб қолди. Болаларга ҳайвонларни боқиш, деҳқончилик қилиш, ҳунар-касб ўргатиладиган бўлди. Бирмунча ташкилий равишда тарбия қилиш зарурати туғилиши билан уруғчилик жамоаси ёш авлодни тарбиялашни тажрибалирок кишиларга топшириб қўядиган бўлди. Улар болаларга меҳнат кўникмалари ва малакаларини ўргатиш билан бир қаторда пайдо бўлиб қолаётган диний урф-одатларнинг қоидалари, нақллар билан уларни таништирар, ёзишга ўргатилар эди. Эртаклар, ўйинлар ва рақслар, мусиқа ва ашула, халқнинг бутун оғзаки ижоди характернинг муайян белгиларини тарбиялашда катта роль ўйнади. Уруғчилик жамоасининг янада ривожланиб бориши натижасида ҳарбий тарбиянинг бошланғич турлари пайдо бўлди: ўғил болалар ўқ-ёй отишни, найзадан фойдаланишни, отда юришни ва шу касбларни ўрганадиган бўлиб қолдилар. Одамлар ёшларига қараб гуруҳларга ажратиладиган бўлди, бундай гуруҳларда ўзининг аниқ ички ташкилоти, бошлиқлар пайдо бўлди, махсус тайинлаб кўйилган уруғ оқсоқоллари раҳбарлигида йигит ва қизларни уруғнинг тўла ҳуқуқли аъзолари қаторига қўшиш учун тантанали синовлар ўтказиш мураккаблашди. Бошланғич билимларни ўқиб олишга, хат пайдо бўлгандан кейин эса ёзувга ҳам катта эътибор бериладиган бўлиб қолди. Ёш авлодни тарбиялаш уруғ томонидан ажратилган алоҳида кишиларга топширилганлиги, тарбия мазмунини ҳамда синовлар дастури кенгайганлиги ва мураккаблашганлиги, мана шуларнинг ҳаммаси уруғчилик тузуми шароитида тарбия иши ижтимоий фаролиятнинг алоҳида шакли айлана бошлаганлигидан далолат беради. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби, Марказий Осиёда ҳам меҳнат тақсимоти оилавий тарбия орқали наслдан - наслга ўтиб мустаҳкамланиб борди. Жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи оддий халқдан устун даражада турувчи жангчилар ва коҳинлар гуруҳлари пайдо бўла бошлади. Коҳинлар ўзлари ўрганиб олган бошланғич илмий билимларни оддий кишилардан яшириб, болаларига ўргата бордилар ва шу тариқа бундай билимлар авлоддан-авлодга ўтадиган бўлиб қолди. Марказий Осиёнинг кўпгина жойларида қояларга ўйиб ёзилган қадимий суратлар сакланиб келмокда. Ибтидоий жамиятнинг сурат солишга моҳир бўлган кишилари бу суратларда одамларни ва ҳайвонларни, ов манзаралари ва бошқа шу каби манзараларни тасвирлаганлар. Бундай сураткашлик ривожлана бориб, бир канча мамлакатларда пиктографик хатнинг пайдо бўлишига имкон берди, кейинроқ иероглифлар билан ёзиладиган хат ва харфлар билан ёзиладиган хат мазкур пиктографик хатлардан вркудга келди. Эрамиздан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарида, яъни ибтидоий жамоа тузуми даврида одамлар инсоннинг камолоти тўғрисидаги ғояларини жуда кўп ривоятлардан фойдаланиб бахшилик йўли оркали авлоддан-авлодларга етказганлар, мазкур ривоятларда, кишиларни тарбиялаш, ахлокий баркамоллик шахснинг маънавий юксаклиги масалалари асосий ўрин олган. Шунингдек ибтидоий даврда инсонлар тарбиянинг таъсир кучи оркали тўғри хаёт кечирганлиги, маданият ва санъат соҳасида хам мисли кўрилмаган кашфиётлар юзага келгани маълум. Юнон тарихчиси Геродот (эр. ав. V аср) «Тарих» китобида ёзишича... Марказий Осиёнинг ибтидоий жамоа тузуми шароитида халклар асосан чорвачилик ва деҳкончилик билан шуғулланган. Уларда никоҳ муносабатларининг умумий (тартибсиз) шакли ҳукмрон бўлган. Оиланинг гуруҳли шаклларида боланинг отаси номаълум бўлса ҳам, лекин онасининг ким эканлиги маълум бўлган ва шу сабабдан боланинг тарбияси она зиммасига юклатилган. Аста-секин одамларнинг ижтимоий онг фаолиятининг такомиллашуви, хусусий мулкнинг дастлабки куртакларининг пайдо бўлиши якка тартибдаги оилаларни вужудга келтирган. Якка оила пайдо бўлгандан сўнг меҳнат тарбиянинг энг асосий қуролига айланган. Қадимги Эрон қабилаларида мис ва темирдан уй-рўзғор буюмлари ясала бошланганди. Ана шу меҳнат жараёнида болалар ҳам иштирок этарди. Ибтидоий даврдаги тарбия асосан оилада, жамоа ва меҳнат масканларида кишилар орттирган тажрибаларни болаларга ўргатишдан иборат бўларди. Болаларга ўргатиладиган кундалик меҳнат малакалари уларни яшаш учун курашишга тайёрлар, акл-идрокли, одобли бўлиб ўсишларига хизмат киларди. Минг йиллар мобайнида моддий неъматлар яратиш учун ҳамкорликда қилинган меҳнат кишилар ўртасидаги ахлоқ-одоб муносабатларининг меъёрини келтириб чикарди. Эрамиздан олдинги мингинчи йилларнинг ўрталарида энг қадимги аждодларимиз томонидан қаҳрамонлик мазмунидаги жуда кўп афсоналар ривоятлар айтилган бўлиб, улар зардуштийлик динининг муқаддас китоби «Авесто» га киритилган. «Авесто»да инсоннинг баркамол бўлиб етишишида унинг сўзи, фикри, иши, бирлигига катта эътибор берилган. Бу ахлоқий учлик энг қадимги даврлардан бошлаб ундан кейин яратилган барча маърифий асарларга асос бўлган десак хато қилмаган бўламиз. Маълумотларга кўра «Авесто» эрамиздан аввалги VII асрнинг охири ва VI асрнинг бошларида яратилган бўлиб, у узоқ даврлар маҳсули саналади. Даврларнинг ўтиши билан у қайта-қайта ишланади. Барча манбаларда тўлиқ китоб холида шаклланишини эрамиздан аввалги биринчи асрга тўғри келади, дейилади. «Авесто»нинг ватани Хоразм эканлигини олимлар ишонч билан таъкидлайдилар: Зардўшт эрамиздан олдин VI асрда яшаган. Хоразмда яшаган чорвадорлар оиласи спитама уруғидан бўлган. Отаси Паурушаспа, онаси Дугдова деб номланганлар, улар от ва туя боқиш билан шуғулланганлар. Зардўшт кўп худоликка сиғиниш, қурбонлик натижасида моллар қирилиб кетаётганини ҳамда қабилалар ўртасидаги низоларни кўриб, унинг олдини олишни ўйлайди ва ўз таълимотини тарғиб эта бошлайди. Лекин қабила бошлиқларига унинг таълимоти ёқмайди. Зардўшт худодан келган ваҳий орқали кўпхудоликка қарши якка худоликни тарғиб этиб чиқади, кучли хокимият ўрнатиб, ер юзида тинчликни барқарор этиш учун курашади, яхшилик ва эзгулик худоси Ахура Маздани ҳимоя этади. «Авесто»да биз инсон шахсининг такомилига оид маърифий фикрларнинг маълум бир тизимини кўрамиз. Хатто, «Авесто»ни дастлабки педагогик асар десак ҳам хато қилмаган бўламиз ва энг қадимги даврларда халқимизнинг табиий, илмий, маърифий фикрларига оид қизиқарли материалларга эга бўламиз. Шунингдек тадқиқотчилар ҳам уни диний характерга эга бўлиши билан бирга фалсафа, сиёсат, таълим-тарбия, адабиёт масалаларини ҳам қамраб олган асар сифатида ва унинг келиб чиқиши ҳақида муҳим фикрлар баён этадилар. Хулоса қилиб айтганда, «Авесто»да инсоннинг баркамол бўлиб етишишида унинг сўзи, фикри, иши бирлигига катта эътибор берилади. Бу ахлоқий учлик энг қадимги даврлардан бошлаб ундан кейин яратилган барча маърифий асарларга асос бўлган десак хато қилмаган бўламиз. Зеро, унда инсоннинг инсон сифатида маънавий ва моддий камол топиши учун зарур бўлган муайян талаблар ўз ифодасини топиб, ҳаёт кодекси сифатида фақат Шарқ халқларининг эмас, Ғарбнинг ҳам муқаддас мероси бўлиб қолди. Энг қадимги туркий тилда яратилган ва турк-руний ёзувида битилган Урхун-Енисей битиклари ҳам VI-VIII асрларда ёзиб қолдирилган бўлиб, улар таълим-тарбияга оид қимматли маълумотлар беради. Гарчи Урхун-Енисей ёзма ёдгорликлари бевосита таълим-тарбия масалаларига бағишланмаган бўлса ҳам, улардан ўша давр ахлоқий талаблар юзасидан маълум бир маълумот олиш мумкин. Хусусан, хоқонлар ва алпларнинг жанговор фаолияти, турмуш тарзи, ватанпарварлик, бирдамлик, иттифоқ бўлиб яшашга интилиши, мардлик, жасорат, самимийлик, инсонпарварлик, эзгулик каби инсоний хислатлари жамият ҳар бир аъзосининг ахлоқий қиёфасини белгиловчи муҳим фазилатлар сифатида маърифий қадриятларимиз тарихида муҳим аҳамиятга эга. Энг қадимги маърифий ёдгорликларда инсонда энг қадрланадиган хислат - жасурлик, мардлик, адолат, садоқат, инсонийлик, хушмуомалалик бўлган. Бу хислатлар ўз-ўзидан шаклланмаган. Табиат ва жамиятдаги ўзгаришлар, ибтидоий уруғчилик қабилачилик турмуш тарзи буни тақозо этган. Икки катта куч - яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги аёвсиз кураш инсондаги бу хислатларнинг бевосита шаклланишига туртки бўлган. Маълумки, ўтмишда кишилар меҳнат фаолияти жараёнида ўз эҳтиёжларини қондирган ва бу жараён ёш авлодга меҳнат кўникма ва малакаларини ҳосил қилишга ёрдам берган. Энг кадимги даврларда таълим-тарбияга оид қимматли маълумотларни биз халқ оғзаки ижоди намуналари афсоналар, қаҳрамонлик эпослари, қўшиклар, мақол ва ибораларда ҳам кўрамиз. Чунки, халқ донишмандлигининг кўзгуси бўлган халқ оғзаки ижодида халқ педагогикасига хос бўлган тарбия тажрибалари умумлашгандир. Айниқса, Полиэннинг «Ҳарбий ҳийлалар» асарида келтарилган Широқ афсонаси, Геродотнинг «Тарих» китобидаги жасур Тўмарис хақидаги афсоналар шулар жумласидандир. М.Қошғарийнинг «Девону луғқтит турк» асарида эса илм олишнинг кадри, билимли, донишманд кишиларни ҳурмат қилиш, меҳмондўстлик ҳушхулклик мардлик ва жасурликни тарғиб этувчи, ўз манфаатини кўзлаган молпараст, бахил, очкўз, дўстига ва халкига хиёнат каби салбий томонларни қоралайдиган шеърлар кўп учрайди. Бундай шеърлар туркий халклар кадим-қадимлардан бошлаб, инсон шахсини шакллантиришда таълим-тарбияга катта эътибор берганлигини кўрсатади. Download 147 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling