Қулфларни ҳодиса жойида фотосуратга олиш қоидалари. Қулфларни ҳодиса жойида фотосуратга олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) дасталаб, қулфни икки ўзгармас объектга нисбатан жойлашувини акс эттирадиган фотосурат олинади;
2) қулфнинг ҳодиса жойида топилган вақтдаги ҳолатини (унинг механизмлари ёпиқ ҳолатдами ёки очиқми) акслантирадиган фотосуратга олинади;
3) қулфнинг ташқи қисмидаги жарохатлар ва унинг хусусиятларини намоён қиладиган деталли фотосуратга олиш амалга оширилади (жарохатлар бунга қўшимча масштабли чизғич ёрдамида алоҳида олинади);
4) қулф ўраб жойлаштирилган ҳолда, қадоқлаш воситаси билан бирга фотосуратга олинади.
Қулфларни кўздан кечириш баённомасида тарифлаш тартиби. Қулфларни тарифлашда баённомага қуйидагилар киритилиши керак:
1) қулф топилган жой ва унинг иккита ўзгармас мўлжаллга нисбатан жойлашуви; 2) қулфнинг тури (ички, сиртқи, осма қулф, унинг конструктив тузилиши бўйича тури пружинали, цилиндрли, сувалдали ва бошқалар); 3) қулфнинг шакли, ўлчамлари, ранги; 4) қулфнинг ташқи қисмларининг ҳолати; 5) ички кўринадиган қисмларининг ҳолати; 6) қулфдаги ва унинг тўсиқдаги деталларидаги мавжуд излар, уларнинг жойлашган жойи, шакли, ўлчамлари ва характери; 7) қулфдаги бегона модда ва зарраларнинг мавжудлиги; 8) қулфларни қайд этиш ва ўраб жойлаштириш усуллари.
Қулфларни тарифлаш бўйича баённома лавҳаси:
"...кириш эшигидан 0,5 м ва девордан 1,7 м узоқликда, ер устида осма қулфнинг ётгани аниқланди. Ушбу қулф илмоқ, қулф қутиси ва цилиндрли механизмдан иборат бўлиб, унинг қуттиси металлдан тайёрланган, трапеция шаклида бўлиб, кулранг рангга бўялган. Унинг ўлчамлари: узунлиги 55 мм, энг узун эни 60 мм, калта эни 55 мм, қалинлиги 21 мм, илмоғининг диаметри 21 мм га тенг. Унинг пастки томонида қуйидаги ўйиқ шаклидаги ҳарф ва сонлар кўринишидаги белгилар бажарилган: "КЗМ" “Ц 2р 40 к". Илмоқнинг ёпиладиган қисми қуттидан ташқарида ва пастга эгилган. Унинг юзасида трассалар кўринишидаги эзиш излари мавжуд. Қулф илмоғи кирадиган тешикдаги ригель тиши юқори томон эгилган. Қулф қутисининг юқори қисми, илмоқга қарши томонида турли шакл ва ўлчамларда, трассалар ва эзилиш кўринишларида кўп миқдордаги излар мавжуд. Ушбу изларни 4 маротаба катталаштирувчи лупа ёрдамида текширилганда, уларда майда жигарранг заррачаларнинг мавжудлиги аниқланди. Ушбу зарралар шиша пробиркага жойлаштирилиб олинди..."
Do'stlaringiz bilan baham: |