Чет эл валютасидаги келгуси пул оқимлари
54 Келгуси пул оқимлари улар ҳосил бўладиган валютада баҳоланади ва сўнгра ушбу валюта учун ўринли бўлган дисконт ставкаси орқали дисконтланади. Ташкилот фойдаланиш қийматини ҳисоблаш санасидаги жорий айирбошлаш курсидан фойдаланиб дисконтланган қийматни бир валютадан бошқа валютага ўтказади.
Дисконт ставкаси
55 Дисконт ставкаси (ставкалари) қуйидагиларнинг жорий бозор баҳоларини акс эттирадиган, солиқ солингунга қадар ставка (ставкалар) бўлиши лозим:
(a) пулнинг вақт бўйича қиймати; ва
(б) келгуси пул оқимларининг ҳисоб баҳоларига тузатиш киритилмаган, активга хос бўлган рисклар.
56 Пулнинг вақт бўйича қиймати ва рискларнинг активга хос жорий бозор баҳоларини акс эттирадиган ставка, бу агар инвестор ташкилот томонидан активдан олиниши кутилаётган пул оқимларига сумма, муддат ва риск даражаси бўйича эквивалент бўлган пул оқимларини юзага келтириши мумкин бўлган инвестицияни танласа, талаб этиладиган даромадлиликдир. Ушбу ставка ўхшаш активлар бўйича жорий бозор операцияларидан келиб чиқадиган ставка орқали ёки кўриб чиқилаётган активга нисбатан иқтисодий наф ва рисклар жиҳатидан ўхшаш бўлган биржада котировкаланадиган ташкилотга тегишли алоҳида актив (ёки активлар портфелига) эга ташкилот капиталининг тортилган ўртача қиймати орқали баҳоланади. Лекин, активнинг фойдаланиш қийматини баҳолашда қўлланган дисконт ставка(лар)и келгуси пул оқимларининг баҳоланиши бўйича тузатиш рискларини акс эттирмаслиги лозим. Акс ҳолда, айрим фаразларнинг таъсири такрор ҳисобга олинган бўлади.
57 Активга хос ставкани бевосита бозор маълумотлари асосида аниқлаш имкони бўлмаса, ташкилот дисконт ставкани баҳолашда муқобилидан фойдаланади. А илова бундай ҳолатларда дисконт ставкани баҳолаш бўйича қўшимча кўрсатма беради.
Қадрсизланишдан зарарни тан олиш ва баҳолаш
58 Гудвилдан ташқари алоҳида актив учун қадрсизланишдан зарарларни тан олиш ва баҳолаш талаблари 59-64 бандларда белгиланган. Пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликлар ва гудвил учун қадрсизланишдан зарарларни тан олиш ва баҳолаш 65-108-бандларда кўриб чиқилади.
59 Фақат ва фақат агар активнинг қопланадиган қиймати унинг баланс қийматидан кам бўлса, активнинг баланс қиймати унинг қопланадиган қийматига қадар камайтирилиши лозим. Бундай камайиш қадрсизланишдан зарар ҳисобланади.
60 Қадрсизланишдан зарар бевосита фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим, бундан актив бошқа стандартга мувофиқ (масалан, 16-сон БҲХСдаги қайта баҳолаш моделига мувофиқ) қайта баҳоланган қийматда ҳисобга олинадиган ҳолатлар мустасно. Қайта баҳоланган актив бўйича ҳар қандай қадрсизланишдан зарар ушбу бошқа стандартга мувофиқ қайта баҳолаш суммасининг камайиши тарзида ҳисобга олиниши лозим.
61 Қайта баҳоланмаган актив бўйича қадрсизланишдан зарар фойда ёки зарар таркибида тан олинади. Лекин, қайта баҳоланган актив бўйича қадрсизланишдан зарар қайта баҳолаш натижасида қийматнинг ўсиши суммасидан ошмайдиган даражада бошқа умумлашган даромадда тан олинади. Бундай қайта баҳоланган актив бўйича қадрсизланишдан зарар ушбу актив бўйича қайта баҳолаш натижасида қийматнинг ўсишини камайтиради.
62 Агар қадрсизланишдан зарарнинг ҳисоб баҳоси у билан боғлиқ активнинг баланс қийматидан катта бўлса, фақат ва фақат агар у бошқа стандарт орқали талаб этилса, ташкилот мажбуриятни тан олиши лозим.
63 Қадрсизланишдан зарар тан олингандан сўнг, актив учун эскириш (амортизация) суммасига активнинг тугатиш қиймати чегирилган ҳолда (агар мавжуд бўлса) ўзгартирилган баланс қийматини унинг қолган фойдали хизмат муддати мобайнида тизимли равишда тақсимлаш учун келгуси даврларда тузатиш киритилади.
64 Агар қадрсизланишдан зарар тан олинса, ҳар қандай тегишли кечиктирилган солиқ активлари ёки мажбуриятлари 12-сон БҲХСга мувофиқ активнинг ўзгартирилган баланс қийматини унинг солиқ базаси билан таққослаш орқали аниқланади (3 намунавий мисолга қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |