4-Мавзу: «Чорва молларини маҳсулдорлигига қараб баҳолаш» Режа


Download 96.6 Kb.
Sana17.06.2023
Hajmi96.6 Kb.
#1552897
Bog'liq
4-маъруза


4-Мавзу: «Чорва молларини маҳсулдорлигига қараб баҳолаш»


Режа:



  1. Маҳсулдорлик ҳақида тушунча.

  2. Чорва молларининг маҳсулдорлиги бўйича баҳолаш.

  3. Молларни технологик кўрсаткичларига қараб баҳолаш.

1. Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари асосан инсон истеъмоли учун озиқ-овқат ва саноат учун хом-ашё етказиб бериш мақсадида урчитилади. Зоотехния фанининг асосий мақсади ҳайвонлардан имкони борича кўп миқдорда сифатли ва арзон маҳсулот етиштиришдир. Ҳар бир маҳсулот тури мураккаб белги бўлиб, бутун организм, яъни барча органлар, системалар ва тўқималар иштирокида пайдо бўлади.


Маҳсулдорлик жуда катта ўзгарувчанликка эга. Бу ўзгарувчанлик асосида ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини тўхтовсиз ошириб бориш ва унинг сифатини яхшилаш мумкин. Чорва молларининг маҳсулдорлиги икки гуруҳ омилларга: ирсият ва ташқи муҳит омилларига боғлиқ. Шу омиллардан молларнинг маҳсулдорлигини ошириш усулларини ишлаб чиқиш мумкин. Ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини ўрганиш ва бошқариш мақсадида улар доимий равишда ҳисобга олиниб борилади ва баҳоланади. Сут, гўшт, жун, тухум, барра тери, мўйна ва бошқалар асосан чорва маҳсулотларига киради.
2. Ҳайвонлар маҳсулдорлигини баҳолашда маҳсулотнинг миқдори, сифати ҳамда иқтисодий кўрсаткичлари ҳисобга олинади. Ҳайвонлардан олинган маҳсулот тарзида ўлчаниб, кг ларда кўрсатилади.
Сут соғилгандан, гўшт сўйилгандан, жун қирқимдан сўнг тортилади.
Қоракўл қўзиларининг барра териси, мўйнали ҳайвонлар ва қуёнларнинг териси, паррандаларнинг тухуми саналиб, дона ҳисобида ўлчанади. Бир хил маҳсулот берувчи ҳайвонларни ўзаро таққослашда маҳсулот сифатини баҳолаш лозим. Маҳсулот сифати ҳам ўз ўлчовларига эга. Сут таркибидаги ёғ, оқсил миқдори фоизларда, жуннинг сифати нисбий сонлар билан, йўртоқи отлар тезлиги минут ва секундлар билан кўрсатилади.
Кўпинча маҳсулот миқдори ва сифатига кўра баҳоланади. Молларнинг маҳсулдорлигини баҳолашда маҳсулот бирлиги бўлган икдисодий ҳаражатларни ҳисобга олиш, яъни маҳсулот етиштиришнинг самарадорлигини аниқлаш зарур. Иқтисодий баҳолашда маҳсулот бирлигига сарфланган озиқ миқдори аниқланади. Маҳсулот бирлигига қанча кам озиқ бирлиги сарфланса, унинг самарадорлиги шунча юқори бўлади. Аммо маҳсулотни иқдисодий баҳолаш, унинг таннархини ва сотиш баҳосини ҳисоблаш асосида рентабеллик даражасини аниқлаш билан тугалланади.
Сигирларни сут маҳсулдорлиги бўйича баҳоланганда, йилдан йилга сут миқдорини кўпайтириб борадиган, лактация давомида сутини деярли ўзгартирмайдиган сигирларни яхши сигирлар деб баҳоланади. Лекин зоотехника ишларида сигирларни иложи борича эртароқ баҳолаш керак бўлиб колади. Бунинг учун сигирларнинг биринчи туғишидаги сутига, ҳаттоки лактациянинг 90,180 кунлик сутига қараб баҳоланади.
Бизнинг мамлакатимизда сигирларни сут миқдори бўйича баҳоланганда лактация даври қилиб 305 кун қабул қилинган. Сигирлар сутининг энг кўп миқдори ўша сигирнинг имкониятларидан далолат беради. Шунинг учун ҳам бир неча лактациядаги сут миқдори маълум бўлса, шуларнинг ичидан энг кўп олинган сут ҳисобга олинади. Масалан: Арғимчок лақабли қора-ола зотли сигир III-лактацияда ўртача 3422 кг сут берган, IV лактацияда эса 8438 кг сут берган. Демак, шу сигирни IV лактациянинг натижасига қараб баҳолаш керак. Лекин айрим ҳолларда сигирни битта лактацияда берган сутига қараб баҳолаш объектив маълумот бермайди. Шунинг учун бир нечта лактация давомида берган сутининг ўртача кўрсаткичини эътиборга олиш керак.
Сигирларни 90 кунлик сутига қараб лактация давомидаги сутини баҳоланганда албатта яхши озиқлантириш шароити бўлиши керак. Маҳсулдорлик бўйича баҳо берилганда сифат кўрсаткичлари ҳам эътиборга олиш керак. Бунда сут таркибидаги ёғдорлик, оқсилдорлик эътиборга олинади. Масалан: 8500 кг 4 % ли ёғдорликка эга бўлган сут берган қора-ола зотли сигир 10000 кг 3,29 ли ёғдорликдаги сут берган сигирдан афзал.
Насллик ядродан олинган ғунажинлар ҳамма вақт ҳам ўзини оқлавермайди. Шунинг учун ҳам ҳозирги даврда биринчи туққан сигирларни 60 ёки 90 кун coғиб синаб кўриш усули қўлланилмоқда. Агар сигир талабга жавоб бермаса уни бошқа хўжаликка берилмокда.
Елин тузилишига қараб моллар қатъий баҳоланади. Қорамоллар гўшт маҳсулдорлиги бўйича ҳам танланади. Бунда кундалик ўсиш, ҳар бир кг ўсишга сарф бўлган озуқа бирлиги, гўштга топширилган ҳайвоннинг тирик вазни, сўйим вазни, сўйим чиқими каби кўрсаткичлар эътиборга олинади.
Чўчқачилик фермаларида кўп бола берувчи, болалари йирик, яхши ривожланган, ҳаётчан ҳамда сути кўп бўлган она чўчқалар наслга қолдирилади, эркак чўчқаларни баҳолашда уларнинг насл қиймати ҳисобга олинади.
Маҳсулдор қўйни баҳолаш қўйнинг йўналиши билан боғлиқдир. Майин жун берувчи қўйларда асосий кўрсаткич жун қирқими, ювилган жуннинг миқдори бўлиши керак. Бундан ташқари жуннинг мустаҳкамлиги, эгилувчанлиги, эластиклиги, йўғонлигига ҳам эътибор берилади. Ярим майин жун берувчи қўйлар эса кўпинча жун, тивит бергани учун уларни баҳолаганда тирик вазнига, гавда тузилишига, жун миқдорига эътибор берилади.
Пўстинбоп қўйларни баҳолашда белги қилиб пўстин сифатли бўлиши керак. Гўшт ва ёғ берувчи қўйларда эса тирик вазн, гўшт сифати ва думба катталиги шунингдек, қўзилаш хусусияти ҳам ҳисобга олиниши зарур.
Қоракўлчиликда қўйларни қўзиларининг, барра териси сифатига ва уларнинг сутлилигига қараб баҳоланади.
Отларни маҳсулдорлигига қараб баҳолашда қадамлаб юрувчи отларда уларнинг юк торта олиш қобилиятига, салт минилувчи отларда, йўртоқи зотларда - тезликка эътибор берилади.
Паррандаларни уларнинг тухумдорлигига, тухумнинг массасига, инкубациядан жўжа чиқишига, жўжаларнинг сақланишига эътибор берилади.
Чорва молларини белгилар мажмуаси бўйича баҳоланганда, маҳсулдорлик белгисига алоҳида эътибор бериш керак. Чунки барча белгилар ичида маҳсулдорлик бош белги, асосий белги ҳисобланади.
Чорва молларини келиб чиқишига қараб баҳоланганда ўша пробанднинг аждодларининг маҳсулдорлигига ҳам эътибор берилади. Экстерьер ва конституция бўйича баҳоланганда ҳам ўша ҳайвоннинг маҳсулдорлигини ҳал қилувчи тана қисмларига эътибор берилади. Ҳайвонларни авлодининг сифати бўйича баҳоланганда ҳам диққат марказида маҳсулдорлик туради.
Маҳсулдорликка қараб баҳолашда сон ва сифат кўрсаткичларига ҳам эътибор берилади. Чорва молларининг турига қараб унинг маҳсулдорлигига баҳо бериш турлича бўлиши мумкин.
3.Чорва моллари уларнинг технологик кўрсаткичлари бўйича ҳам баҳоланади. Масалан: сигирларнинг елин тузилиши, уларнинг барча сўрғичларидан баровар миқдорда сут бериш (индекс - 50); сўрғичларининг шакли ва катта кичиклиги ва сут бериш тезлиги яхши бўлса улар машинада сут соғишга яроқли бўлади. Бундан ташқари - молларнинг турли касалликларга чидамлиги (резистентлиги) (лейкоз, мастит, туёқларини мустаҳкамлиги, пуштдорлиги, ҳулқ-атвори, стресс ва ҳоказо).
Молларнинг маҳсулдорлиги ва тирик массаси ҳам деярли баровар бўлса, улар саноат усулида ишлаб чиқаришга мослашган бўлади. Бу кўрсаткичлар айниқса йирик чорвачилик комплекслари учун жуда мос келади.


Саволлар:



  1. Чорва молларининг маҳсулотларига нималар киради?

  2. Ҳайвонлар маҳсулдоргигини баҳолашда нималар ҳисобга олинади?

3. Чорва молларининг маҳсулот миқдори бир хил бўлса, қандай ҳисобланади?
4. Чорва молларнинг технологик кўрсаткичларига нималар киради?
5. Сигирларни сут маҳсулоти бўйича қандай баҳоланадилар?
Download 96.6 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling