ҚЎҚОН хонлигининг ҳудуди, маъмурий тузилиши ва аҳолиси - XVIII аср охирларида хонликнинг ҳудуди фақат Фарғона водийсидан иборат бўлиб, бу даврда Норбўтабий водийдаги барча беклик ва вилоятларни ўз итоатига киргизиб, уларни Қўқонга бўйсундирди. Унинг даврида Андижон ва Марғилон вилоятлари водийдаги энг катта мулклар эди.
- Олимхон даврида хонлик Худудлари Тошкент ва унинг атрофидаги ерлар ҳисобидан анча кенгайди. Тарихий манбаларда Тошкент мулки - вилоят, шаҳар, Тошкент ва Дашти Қипчоқ вилояти номлари билан тилга олинади. Унинг ҳудудларига Оҳангарон, Чиноз, Тошкент атрофи, Сирдарё бўйларидаги Туркистон шаҳри ва унинг атрофлари кирган. Бу мулкнинг ҳокимлари манба ва ҳужжатларда ҳоким, ҳукмдор, волий, ноиб атамалари билан тилга олинади.
- Умархон даврида Хўжанд, Ўратепа ва Жиззах атрофидаги ерларга ҳам кетма-кет юришлар қилиниб, 1817 йилда Ўратепа босиб олинади.
- Муҳаммадалихон даврида хонликнинг ҳудудлари янада кенгайади. Бу даврда хонлик шимолда Россияга қарашли Ташқи Сибирь округи билан, ғарбда Хива ва Бухоро амирлиги билан, жанубда Қоратегин, Дарвоз ва ундан узоқроқдаги ерлар – Шуғнон, Рўшон ва Вахон (бу ҳудуд Қўқонга номигагига қарам бўлган) Кўлоб билан, шарқда Қашғар билан чегараланган.
Хонлик ерларига Сирдарё билан Қоратегин Ўртасида жойлашган Фарғона ҳудудлари, Сирдарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Наманган, Хўжанд ва бошқа шаҳарлар, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасида жойлашган Қурама вилояти, Туркистон, Сирдарёнинг қуйи оқимидаги то Балхаш кўлигача бўлган қирғизлар яшайдиган ерлар, кўчманчи қирғизлар яшайдиган Биллур тоғининг шарқий этаклари, 1830 йилдан бошлаб ғарбий этаклари ҳам кирган.
XIХ аср манбаларида Қўқон хонлиги беклик, баъзан вилоят ва саркорлик сифатида тилга олинган маъмурий – ҳудудий қисмларга бўлинган ҳамда уларни хон томонидан тайинланадиган беклар, ҳокимлар ва саркорлар бошқарган. Айрим манбалар (А. Кун) Қўқон хонлигидаги 15 та бекликнинг номини келтиради. Булар: Қўқон ва унинг атрофи, Марғилон, Шаҳрихон, Андижон, Наманган, Сўх, Маҳрам, Булоқбоши, Аравон, Балиқчи, Чортоқ, Навкат, Косон, Чуст ва Бобо дарҳон. “Туркестанские ведомости” (1876, №13) тўпламида эса Асака, Марғилон, Балиқчи Ўш, Сўх, Косон ва Ўзган саркорлик сифатида ҳам тилга олинади.
- Ҳокимлар ва ҳудудий бўлинма бошлиқлари хон оиласи аъзолари, унга яқин гуруҳлар, юқори табақа вакиллари ҳамда етакчи қабилалар сардорлари орасидан тайинланган. Мисол учун, Худоёрхон даврида еттита беклик хоннинг ўғиллари ва яқин қаришдошлари томонидан бошқарилган. Ўз навбатида ҳокимлар вилоят ҳудудларини ўзларининг фарзандлари ва қариндошларига бўлиб берганлар.
- Қўқон хонлигининг маъмурий-ҳудудий бошқарув тизимида бек (ҳоким, волий) ва унинг ўрдаси алоҳида ўрин эгаллаган. Хон томонидан тайинланган ҳоким ва қози кўплаб ваколатларга эга бўлган.
- Бек ўрдасида ҳам хон саройидагидек юзлаб амал ва унвонлар жорий этилган бўлиб, улар маҳаллий аҳолидан йиғиладиган солиқ ҳамда тўловлар ҳисобидан кун кечиришган. Беклар хоннинг итоаткор вассаллари бўлиб, мамлакатни идора этишида уни қўллаб-қувватлашлари, зарур бўлганда унга ёрдам беришлари, унинг ҳурмат-иззатини жойига қўйишлари, керакли вақтда ўз қўшинлари билан ҳарбий юришларда иштироқ этишлари ва совға-саломлар юбориб туришлари лозим бўлган.
- Хонлик таркибига кирувчи ҳудудлар аҳолисининг жойлашуви ва турмуш тарзи бир – биридан фарқ қилган. Тошкент воҳаси ва Фарғона водийсининг суғорилиб деҳқончилик қилинадиган қисми аҳоли жойлашуви жиҳатидан зич бўлиб, улар ўтроқ ҳаёт кечирганлар. Саҳро, тоғ ва тоғ олди текисликларидан иборат ҳудудларда кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли яшаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |