6-мавзу: жамият ва инсон фалсафаси
Download 81.25 Kb.
|
6-МАВЗУ
- Bu sahifa navigatsiya:
- К.Ясперс
- Макс Шелер
- «индивидуаллик».
XIX аср фалсафий фикрнинг инсон ҳақидаги таълимотни ривожлантиришдаги энг муҳим ютуқларидан бири - бу Людвиг Фейербахнинг (1804-1872) фалсафий антропологизмидир. У инсон моҳияти муаммосини фалсафасининг «бирдан-бир, универсал ва энг олий» муаммоси сифатида қаради ва биринчи планга олиб чиқди. Бироқ Фейербах, аслида, инсонга биологик нуқтаи назардан қарайди, унинг ижтимоий моҳиятини изоҳламайди.
Антропологик тамойил (яъни, объектив оламни инсон моҳиятининг ҳосиласидан иборат бир нарса сифатида қараш) экзистенциализм, ҳаёт фалсафаси, фалсафий антропология, антропосоциология, фрейдизм ва бошқа кўплаб фалсафий ва ижтимоий оқимларнинг асосида ётади. Экзисенциалистлар (Ж.П.Сартр, А.Камю ва ҳоказо) фалсафанинг асосий муаммоси деб инсоннинг мавжуд бўлиши масалаларини ҳисоблайдилар (Экзистенция). Инсон фақат ўзини англаши мумкин. К.Ясперс ёзганидек: «Мавжуд бўлиш билиш демакдир ва мен онг сифатида мавжудман». Экзистенциализмнинг асосий тамойили - эркинлик тамойилидир. Инсон «озод бўлишга маҳкум этилган» (Ж.П.Сартр). Ижтимоий ҳаётнинг тангликларидан чиқишнинг йўли - шахснинг индивидуалистик борлиғида. Инсоннинг ўз диққат марказига қўювчи яна бир оқим – «фалсафий антропология». Бу оқимнинг асосчиси - Макс Шелер (1874-1928) фалсафанинг асосий масаласи «Инсон нима?» деган саволдан иборат деб ҳисоблади. Фрейдизмга австриялик психолог Зигмунд Фрейд (1856-1939) асос солган. У шахс тузилмасида учта асосий қатламни ажратиб кўрсатди «У» онгости, «Мен» ёки «ЭГО» (онг), Юксак «Мен» (юксак онг). Фалсафа ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанларда «индивид», «индивидуаллик», «шахс» сингари тушунчалар кўп қўлланилади. Уларнинг ўхшашлиги ва фарқлари нимада? Бу тушунчаларнинг ҳар бирининг моҳияти нимадан иборат? Юқоридаги тушунчалар қаторида «индивид» тушунчаси биринчида туради. У энг аввало, муайян инсоннинг бошқа одамлардан алоҳидалигики, «чегараланиб» олганлигини ифода этади. Индивид - бу Homo sapiens биологик турининг айрим олинган, якка вакили. Индивиднинг асосий хусусияти - бу унинг бошқалардан ажралганлиги, алоҳидалигидир. Индивид - бу инсоннинг энг оддий ва абстрак тавсифи. Шуниси қизиқки, турли фанлар «индивид» тушунчасини турлича талқин этадилар. Масалан, психология ушбу тушунчани икки аспектда кўради: а) индивид айрим олинган табиий мавжудот, туғма ва орттирилган хусусиятларнинг маҳсули, индивидуал, ўзига хос хусусиятларнинг соҳиби сифатида; б) инсонлар жамоасининг алоҳида олинган вакили; ўзининг биологик чекланганлик доирасидан чиқувчи қуроллардан, белгилардан фойдаланувчи ва улар воситасида ўз хулқи ҳамда психик жараёнларини касб этувчи ижтимоий мавжудот. Психология индивиднинг асосий қирралари деб қуйидагиларни ҳисоблайди: 1) психофизиологик ташкиллашувнинг яхлитлиги; 2) атроф дунё билан ўзаро таъсирдаги барқарорлик; 3) фаоллик. Социология нуқтаи назаридан индивид - бу инсон наслининг айрим олинган вакили ва инсониятнинг барча ижтимоий ва психологик хусусиятларининг: ақл, ирода, эҳтиёжлар, манфаатлар ва бошқаларнинг муайян соҳиби. Бу ҳолда «Индивид» тушунчаси муайян, аниқ бир инсонни англатади. Ва ниҳоят, фалсафа учун индивид ижтимоий атом, алоҳида ажралиб турувчи моҳият, анча кенг бўлган ижтимоий яхлитликнинг (гуруҳнинг, синфнинг, миллатнинг, инсониятнинг) айрим олинган вакили. Индивид - энг аввало қандайдир кўпликни бир вакили, кўпларнинг бири. Шу маънода деярли ҳар бир одам - индивид (баъзан индивидиум ҳам дейилади ва ёзилади). Бу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим: ажралиб туриш, алоҳидалик инсоннинг специфик хусусияти эмас, объектив дунёдаги барча предметлар ва ҳодисалар у ёки бу тарзда ажралиб туради. Аммо инсонга нисбатан кўпроқ бошқа бир тушунча нисбат берилади - «индивидуаллик». У муайян инсоннинг ноёблики, бетакрорлигини англатади. Муайян маънода индивидуаллик - индивиддан шахсга олиб борувчи поғонадир. Инсон туғилишидан индивид бўлиб туғилади, бироқ шахс сифатида у ўз индивидуаллигининг барча имкониятларини очиш орқалигина шакллана олади. Индивидуаллик индивиднинг ўзига хослигини, ички дунёсининг ўзига хослигини акс эттиради, бу инсонга хос умумий (универсал) ва айрим (ноёб, ўзига хос) хусусиятларнинг узвий бирлигидир. Инсон фалсафасидаги яна бир муҳим тушунча «субъект» тушунчасидир. Субъект сифатида айрим олинган индивид ҳам ва қандайдир жамоа (гуруҳ, социум ва хатто умуман инсоният) намоён бўлиши мумкин. Бу ўринда бизни индивидуал субъект қизиқтиради. Унинг асосий тавсифлари қуйидагилардир: фаоллик, онглилик, мақсаднинг мавжудлиги, ўз-ўзини англаш, хатти-ҳаракатлар эркинлиги. Субъект сифатида инсон муайян ижтимоий ролни ўйнайди. Одам субъект бўлиб туғилмайди, балки тарбия жараёнида субъектга айланади. Субъективлик ҳақида сўз кетганда мазкур тушунчанинг икки маъноси борлигини эсда тутиш лозим. Биринчидан, у айрим индивиднинг танлови сифатидаги субъективликни англатади, иккинчидан эса ушбу индивид инсоний субъективлик доирасидан тамойилан чиқа олмаслигини билдиради. Шахс тушунчаси фалсафада ва умуман инсонни ўрганувчи фанлар мажмуасида энг мураккаб тушунчадир. Инсон шахси ривожланишининг энг муҳим биологик омили инсон миясидир. Аммо шахс моҳияти - бу ижтимоий хусусиятга молик ҳодиса. Мия эса моддий орган бўлиб, у орқали шахс ўз-ўзини намоён этади. Инсон мазкур социумга хос бўлган меъёрлар, билимлар, қадриятларнинг муайян тизимини ўзлаштиради. Муайян жамиятнинг реал шарт-шароитлари шахснинг ижтимоий моҳиятини белгилайди. Шахснинг шаклланиши жараёни социализация деб аталади. Фалсафада шахс муаммоси - бу энг аввало инсоннинг моҳияти, унинг дунёдаги, тарихдаги ва жамиятдаги ўрни муаммосидир. Муайян ижтимоий муносабатлар муайян тарихий типдаги шахснинг шаклланиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Антик давр одами учун энг асосий деб яхши фирклар, интилишлар, истаклар ҳисобланган ва улар ижтимоий амалиётда қанчалик рўёбга чиқишига умуман олганда катта аҳамият берилмаган: «Инсонни фақат унинг ишларига қараб эмас, интилишларига қараб ҳам баҳолаш лозим» (Демокрит), «Инсон қандай фикрласа, у ҳаётда шундайдир» (Цицерон), «Бизнинг ҳаётимиз биз у ҳақда нима ўйласак ана шудир» (Марк Аврелий), «Ахлоқий фазилатлар ниятлар билан боғлиқликда кўзга ташланади» (Арасту). Шахснинг шарқ типига хос асосий хусусиятлар қуйидагилардир: масъулият ва мажбуриятларнинг инсон ҳуқуқлари олдида устуворлиги, хулқ-атвордаги традиционализм, ҳулқ-атворнинг, жамоавий моделларининг индивидуал меъёрлардан устунлиги, социумга кўпроқ қарамлик, ижтимоий муҳит билан алоқанинг кўплиги. Шуни эсда тутиш лозимки, шахс типи ижтимоий муносабатларнинг реал тизимининг инъикосидир. Шахснинг шаклланиши ва ривожланишининг муҳим омили сифатида унинг ижтимоий фаолияти, социум ҳаётида муайян ролни бажариши намоён бўлади. Индивид шахс сифатида фақат турли туман ижтимоий муносабатлардагина ўз-ўзини намоён этиши мумкин. Ўз вақтида Арасту «инсоннинг вазифаси унинг онгли фаолиятидан иборат» деб ҳисоблаган эди. А.Жомий «Қўлларинг бақувват экан, мавжуд экан кундалик меҳнатга кўнгил қўй» дея даъват этган бўлса, Ибн Сино «Бекорчилик ва ишёқмаслик фақат нодонликка сабаб бўлибгина қолмай, айни пайтда касалликларга ҳам сабаб бўлади» деб огоҳлантирган эди. Шахс - бу муайян ижтимоийлашув жараёнининг натижасигина эмас, бу узлуксиз ўсиб борувчи жараён. Агар доимий ривожланиш, камолотга интилиш, олға ҳаракат бўлмаса, у ҳолда шахс бузилиши, деградацияга дучор бўлиши мумкин. Инсон муаммосига яна ҳам чуқурроқ кириб бориш учун инсонни табиий-биологик, руҳий-маънавий ва ижтимоий жиҳатларнинг бирлиги сифатида олиб ўрганиш инсон моҳиятини бир қадар тўлароқ тушунишга имкон бериши айтилмоқда. Шу боисдан «инсон ва табиат», «инсон ва жамият», «табиат ва жамият», «инсон, жамият ва шахс» муносабатлари фалсафада қайтадан янгича тафаккур асосида кўриб чиқилиб, янгича баҳоланишларини талаб қилмоқда. Инсоннинг моҳиятини ўрганиш, аввало, унинг одам сифатида бошқа барча турдаги тирик мавжудотлардан, хусусан, ҳайвонлардан, ҳатто одамга жуда яқин маймунлардан фарқланувчи қандай табиий-биологик хусусиятларга эга эканлигини аниқлашни тақозо қилади. Инсон биологик олий тур - одам сифатида барча тирик мавжудотлар каби ҳаводан нафас олади, озиқ-овқат истеъмол қилади, унинг танаси ҳам тўқималардан иборат, унда ҳам доимо модда алмашув - ассимиляция ва диссимиляция, тўқималарнинг пайдо бўлиши, кўпайиши, бўлиниши, емирилиши ва ўлиши каби жараёнлар кечади. Инсоннинг танаси ҳам бошқа ҳайвонлар таналари каби табиий-биологик қонунларга бўйсунади. Лекин инсон олий биологик тур - одам сифатида барча ҳайвонлардан, шу жумладан, маймунлардан ҳам, тубдан фарқ қилиб, у ўзига хос ташқи ва ички тузилиши, кўриниши жисмоний ва руҳий, аҳлоқий ва хулқий жиҳатларига ҳам эга. Шунга кўра инсоннинг фақат табиий-биологик жиҳатлари ҳали унинг моҳиятини ташкил қилмайди. Қадимдан бошлаб файласуфлар инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий тафовутлардан бири деб, инсон хулқини қайд қилганлар. Инсоннинг хулқи унинг онги ёрдамида бошқарилади, у инсонда ижтимоий муҳит таъсирида, жамиятнинг таълими, тарбияси ва маданияти орқали шаклланади. Лекин кўпчилик мутафаккирлар инсон билан ҳайвонларни ажратиб турадиган муҳим фарқ бу - инсоннинг онги, инсонда онгнинг мавжудлиги, деб тушунтирадилар. Бундай ёндашув маълум даражада тўғри. Бироқ инсон билан ҳайвонлар ўртасидаги бу фарқ улардаги асосий ва муҳим фарқлардан фақат биттасидир, холос. Бунда бошқа муҳим фарқларни ҳам ҳисобга олиш зарур. Масалан, кўпчилик мутафаккирлар ва файласуфлар инсонни ҳайвонлардан фарқ қилдирувчи муҳим белги – бу инсонга хос тил, нутқ тили, деган фикрни ҳам билдиришган. Баъзи мутафаккир файласуфлар инсонни ҳайвонлардан фарқ қилдирувчи муҳим омил, бу - маданиятдир, дейишади. Маданият фақат инсониятгагина хос бўлиб, у инсоннинг инсон сифатида шаклланиши ва ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Бошқа бир гуруҳ мутафаккир файласуфлар эса инсонни ҳайвонлардан ажратувчи муҳим фарқ - бу инсонга хос аҳлоқдир, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам ҳайвонлардан, аввало, ўзининг одоб-аҳлоқи билан фарқ қилади, ҳайвонлар эса одоб-аҳлоққа эга эмас. Аҳлоқ инсонда инсон улғайган ижтимоий муҳит: оила, боғча, маҳалла, мактаб, кўча-кўй, уни қуршаган кишилар таъсирида қарор топади. Шуни айтиш керакки, биз юқорида кўриб чиққан инсонга хос хулқ ҳам, онг ҳам, тил ҳам, маданият ва аҳлоқ ҳам ҳамма-ҳаммаси жамиятда ижтимоий муҳитда, жамиятнинг таълими, билими ва тарбияси туфайли вужудга келадиган ижтимоий омиллардир. Жамият эса кишиларнинг ижтимоий уюшган бирлиги, ижтимоий муносабатлар жамидан иборатдир. Жамият биологик индивидларнинг оддий йиғиндиси ёки одамлар тўдаси, галаси эмас. Биологик индивидларнинг бундай бирликлари пода, тўда ёки гала, деб аталади. Лекин уларнинг ҳеч бирида инсоний фазилатлар, инсонлар жамоасига хос белги ва хусусиятлар мавжуд эмас. Ҳайвонларга хос бу бирликлар, асосан, инстинктлар, табиий-биологик хусусиятлар асосида ташкил топади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда файласуфлар: инсон фақат олий биологик тур, яъни одам бўлибгина қолмасдан, у энг аввало, ижтимоий мавжудот - ижтимоий зот, дейишиб, инсонни ҳайвонлардан бутунлай фарқ қилдирувчи омил бу унинг ана шу ижтимоий томонларидир, деган фикрни билдиришган. Бизга маълумки, ўрта асрларларда Шарқ файласуфлари, хусусан, Марказий Осиё мутафаккир файласуфлари томонидан ўз вақтида тўғри кўтарилган бу масала ҳақида жуда теран ва чуқур фикрлар айтилган бўлишига қарамай, унга эътибор берилмай келинди. Инсон муаммосини ўрганишда инсон ҳаётининг маъноси ва мазмуни масаласини тўғри тушуниш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун инсон ҳаётининг маъносини нима белгилайди, унинг мазмунини нималар ташкил қилади? Инсон қандай яшаса, унинг ҳаёти мазмунли кечади?... каби саволларга жавоб бериш лозим бўлади. Очиғини айтганда, инсоният пайдо бўлгандан бошлаб бу саволларга жавоб излаб келади. Бу саволларга жавоб бериш фалсафада инсон муаммосининг муҳим томонини ташкил қилади. Чунки бу масала инсон ўзини англашга киришган вақтдан бошлаб узоқ даврлар давомида кишилар дунёқарашнинг муҳим жиҳатини ташкил қилиб келади. Шунинг учун ҳам диний ва дунёвий, миллий ва умуминсоний масалалар билан шуғулланиб келган буюк олимлар, давлат раҳбарлари ва шу кабилардан тортиб, оддий кишиларгача бу масалани ўз ҳаётида ҳеч ким четлаб ўтмаган. Маълумки, ҳар бир инсонга ҳаёт бир марта берилади, шу жиҳатдан ҳар бир кишининг дунёдаги яшаш бетакрор, унинг бу дунёда вақтинча ва ўткинчи, ҳеч ким бу дунёда абадий яшаш мумкин эмас. Инсон бу дунёда қанча яшамасин, қандай яшамасин, барибир, бир кун келиб, бу дунёдан кўз юмади, уни тарк этади, яъни у вафот этади. Ҳар қандай шароитда ҳам инсон учун бу дунёда ўлим муқаррардир. Шу сабабли инсон бу дунёдан ном-нишонсиз ўтиб кетмаслиги учун имкони борича ҳаракат қилиш лозим. Инсон дунёга келдими, у ҳаётда шундай иш қилиши, шундай яшаши керакки, у умрининг охирида ўлими олдидан ўз ҳаёти бекорга ўтмаганлиги, бир марта яшашга берилган умр бекорга елга соврилмаганлиги, айниқса, ўзи учун, ўз оиласи, бола-чақалари фарзандлари, эли, халқи, миллати ва Ватани учун яхши ишлар қилиб, унинг умри самарали, маъноли кечганлиги, мазмунли ўтганлигига қониқиш ҳосил қилиб, бу ҳаётдан рози бўлган ҳолда кўз юмиши лозим. Бунинг учун ҳар бир киши бу дунёга келгандан кейин, аввало, ўз ҳаёт йўлини тўғри аниқлаб тўғри белгилаши, ҳаётдан ўз ўрнини тўғри топиши, ҳаётда онгли яшаши, ўз ҳаётини тўғри қуриши, ўз олдига буюк ва олижаноб мақсадлар қўйиб, уларни амалга ошириш учун доимо сабот ва қунт билан ҳаракат қилиш, кураш олиб бориши зарур. Чунки ҳар бир инсон бу дунёга келар экан, у ҳур ва озод ҳамда бахтли яшашга ҳам табиий ва ҳам ижтимоий жиҳатдан ҳақлидир. Инсон, аслида, дунёга бахт учун, бахтли ҳаёт қуриш ва кечириш учун, ҳаётнинг моддий ва маънавий неъматларидан тўлиқ барҳаманд бўлиб яшаш учун келади. Шунинг учун инсон дунёда келажакка доимо яхши умид билан яшайди. У ўз олдига доимо яхши орзу-ҳавасларни қўйиб, шу орзу-ҳавасларга эришсам, фарзандларимнинг бахти ва камолини кўрсам, деб; мен кўрмаган бахтли кунларни фарзандларим, набираларим кўрса деб, яхши ва қутлуғ ниятлар қилади, келажакка катта умидлар билан боқади. Бундай қараш миллий истиқлол ғоямизнинг объектив омили ролини ҳам ўйнайди. Халқимиз, миллатимизнинг ҳамжиҳатликда келажак орзу-умидалри билан яшаши ва меҳнат қилиши юртимизни обод ва фаровонлик сари етаклайди. Фалсафа инсон ҳаётининг маъноси ва мазмуни деганда аввало, инсоннинг дунёда ўзининг бошқа кишиларга кераклигини англаб яшашини, унинг ҳаётда ўз йўлини тўғри белгилаб, ҳаётда ўз ўрнини тўғри топишини, қилган яхши ва эзгу ишларининг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиб, ўз меҳнатига яраша жамиятда иззат-икромга эга бўлишини, унинг меҳнатига бошқалар ҳурмат билан қараб, унинг қадр-қимматини жойига қўйишини, унинг меҳнати ва ишлари қадрланишини, унга берилган умрининг самарасиз ўтмаганлигини тушунади. Инсон ҳаётининг маъноси, аслида, ҳар бир киши ўзининг камолотга томон доим бетўхтов, узлуксиз ҳаракат қилиб, интилиб яшашидир. Лекин унинг камолотга етдим, деб унга интилиш, ҳаракат қилишдан тўхташи, инсоннинг ўз-ўзини маҳв этлишидир. Инсон ҳаётининг қадр-қиммати эса ўз ҳаётини онгли ва мазмунли қуриши, маълум мақсадлар асосида яшаши, шу мақсадлари йўлида курашиши, бошқа кишиларга нафи ва ёрдами тегиши, ўзидан, аввало, яхши ишлар, яхши ном қолдириши, ўз ишлари ва ҳаётни давом эттирувчи тарбиялаб ўстириши, эли, юрти ватани манфаатлари учун курашиши, савоб ишларни кўп ва хўп қилиши асосида қарор топади. Лекин бунинг учун у ёшлигидан қунт ва сабот билан ўқиш, илм-маърифат ўрганиши, юксак маънавиятли бўлиб камол топиши зарур. Шундагина у комил инсон бўлиб етишади. Download 81.25 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling