6-мавзу тафаккур ва нутқнинг психологик тавсифи. Режа


Хаёл турлари тўғрисида умумий тушунча


Download 161 Kb.
bet6/7
Sana18.06.2023
Hajmi161 Kb.
#1582278
TuriАнализ
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
5-маъруза

Хаёл турлари тўғрисида умумий тушунча
Хаёл ўзининг фаоллиги билан атроф муҳитни ўзгартиришга йўналтирилган шахсни ижодий фаолиятининг муҳим шарти сифатида хизмат қилади. Баъзи бир психологик маълумотларга қараганда, гоҳо хаёл фаолиятнинг функциясини бажаради, бунда у хатти-ҳаракатларнинг сунъий равишдаги мажмуаси вазифасини ижро этади, холос. Инсон қуйидаги ҳолатларда яққол тасаввурдан йироқ бўлган хаёлот оламига кириб бориши мумкин: 1)инсон ҳеч қандай йўл билан ҳал қилиб бўлмайдиган масалалар, муаммолар исканжасидан беркиниш мақсадида; 2) турмушнинг оғир шароитларидан, заҳматларидан ҳимояланиш ниятида; 3)шахсий нуқсонларнинг таъқибидан; 4) ушалган армондан; 5) патологик ҳолатга (руҳий нуқсонга)учраганда; 6)алкоголизм, наркомания ва бошқа вазиятларда. Хаёлот (фантазия) турмушда гавдаланиши мумкин бўлмаган, амалга ошириш имконияти йўқ хатти-ҳаракатлар дастурини намоён этади.
Юқоридаги мулоҳазалар негизидан келиб чиқувчи хаёлнинг бундай шакли психология фанида пассив (суст) хаёл деб номланади. Психологияда актив (фаол), ихтиёрий, ихтиёрсиз, тикловчи ва ижодий турлар тўғрисида ҳам муайян маълумотлар мавжуддир.
Инсон пассив хаёлни олдиндан ихтиёрий режалаштириб юзага келтириши ҳам мумкин. Худди шу боис ирода билан ҳеч бир боғлиқ бўлмаган, жўрттага «кашф» қилинган, бироқ ҳаётда гавдалантиришга йўналтирилган хаёлнинг ўзига хос образлари мажмуаси « ширин хаёл» дейилади. Одатда «ширин хаёл»да фантазиянинг маҳсуллари билан инсоннинг эҳтиёжлари ўртасидаги алоқа енгиллик билан юзага келганлиги туфайли қувончли, ёқимли, қизиқарли нарсалар ҳақида одамлар хаёл сурадилар. Инсон қанчалик ширин хаёлга берилса, у шунчалик даражада пассив шахс саналади, бу кўриниш унинг нуҳсони ҳисобланади. Пассивлик (сусткашлик) кишиниг қийинчиликларини енгишдан четлаштиради, яшаш учун курашга хоҳиш йўқолади, демак, у реалликдан тубдан узоқлашади. Гоҳо пассив хаёл ҳеч ўйламаганда, ихтиёрсиз равишда вужудга келиши ҳам мумкин, бунда қуйидаги ҳолат юз беради; А) онг назоратининг кучсизланиши, Б) иккинчи сигналлар тизимининг сусайиши, В) инсоннинг вақтинча ҳаракатсизланиши, Г) уйқусираш кезида, Д) аффектив вазиятдан, Е) туш кўришда, Ё) галлюцинацияда, Ж)патологик ҳолатларда ва ҳоказо.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, пассив хаёл ихтиёрий ва ихтиёрсиз турларга ажратилганидек, актив хаёл тикловчи ва ижодий кўринишларга бўлинади.
Ўзининг моҳияти билан тасаввурларга мувофиқ келадиган тасаввурлар, тасвирлар тизимини яратувчи хаёл «тикловчи хаёл» деб аталади. Табиятга, жамиятга ва шахслараро муносабатга, билимларга оид маълумотлар ўрганилишида хаёл бевосита иштирок этади ҳамда матнларда, расмларда, хариталарда акс эттирилган нарсалар қайта тикланали. Ижтимоий тажрибада, таълим-тарбия жараёнида фазовий хаёл, вақт ва ҳаракат бирликларига оид ахборотлар, масофа, ҳажм тўғрисидаги хабарларга диққат билан синчковлик билан қараш, тикилиш жараёнида мазкур хаёл тури ривожланади.
Хаёлнинг муҳим томонларидан бири-унинг ижодиёт ва шахс муносабатининг яхлит ҳолда талқин қилиш хусусиятидир. Ижодиёт шахснинг ички имкониятлари ва захираларини рўёбга чиқишининг асосий шартларидан биридир. Худди шу сабабдан шахс ўзининг ижодий фаолияти билан, биринчидан, инсоннинг яратувчилик қудратини амалиётда намойиш қилади. Иккинчидан, у ижодиёт таъсирида янги фазилатларни эгаллайди, нафосат, бадиий ижод, техник қобилият, кашфиёт ижтимоий муаммоларни интеграция қилиш ёки мавжуд умумий қонуниятлардан келиб чиқиб, уни дифференциаллаштиради. Учинчидан, жаҳон фанига ўз улушини қўшади ва цивилизацияга ўз таъсирини ўтказади, ижтимоий тараққиёт ҳаракатлантирувчисига айланади. Ижодиёт давомида шахс мотивацион, эмоционал, иродавий барқарорлик, характернинг мустаҳкамлиги ва бошқа индивидуал-типологик хусусиятлардаги етуклик ижодиёт маҳсулига, унинг самарадорлигига, сифатига муносиб равишда ижобий таъсир ўтказади. Ижодиёт таркиблари билан шахснинг хусусиятлари ўртасидаги уйғунликнинг юзага келиши икки ёқлама таъсир ўтказиш механизми сифатида муҳим роль ўйнайди, яъни фаолиятда шахс ўзининг янги қирраларини очади, унинг фазилатлари эса ижодий изланишларнинг муваффақиятли якунланишини таъминлайди.
Хаёлнинг аналитик хусусияти бўйича (немисча «tendens» лотинча «tendere» келиб чиққан бўлиб, психологиянинг тарихий тараққиёти давомида ҳар хил кўринишларда ҳукм суриб келмоқда. Аналитик ҳолат хаёлнинг мазмунини, моҳиятини, предметини, асосан тубдан янги маҳсуллар, янгича образлар, тимсоллар, тасвирлар яратилишидан, атроф-муҳитнинг ифодаси, янги безакли, жилоли эканлигини қайд қилишдан иборатлигини тан олишдир. Янгилик элементлари, баъзи жабҳаларининг қўшимча аломатлар билан бойитилиши, ижод қилиниши хаёлнинг асосий вазифаси эканлиги ғоясини акс эттирувчи тенденция психология фанида аксарият илмий мактаблар томонидан тан олинган ва тараққиёт ҳаракатлантирувчиси сифатида қатъий равишда ҳимоя қилиниб келинмоқда. Иккинчи тенденция биосфера ва неосфера тўғрисидаги маълумотлар, тасаввурлар, таъсирланиш, тимсоллар ижтимоий- тарихий тараққиёт давомида қайтадан тикланиш орқали хаёл маҳсули сифатида сақланиб келади, деган ғояга асосланади. Бу тенденцияда образларнинг тикланиши, сақланиши, кучайиши ёки ўчмас из тариқасида узлуксиз равишда инсон хотирасида, кўз ўнгида намоён бўлиши, гавдаланиши ҳаёт ва фаолият учун бирламчи эканлиги исботлашга ҳаракат қилинади. Ҳар иккала тенденция ҳам хаёл ҳолатининг аналитик вазифасини бажариш имкониятига эга бўлиб, ўзаро бир-бирини инъкор этиш даражасига олиб бормасликни тақозо қилади. Шунинг учунг ижодий хаёл янги образларни вужудга келтириш билан тараққиётга улуш қўшади, яққол воқелик ва уларнинг тимсоллар ҳақидаги маълумотлар, чизғилар тасвири ҳамда тасаввурларини қайта тиклаш орқали инсоният билими, тажрибасини бойитади.
Тикловчи хаёл инсоният томонидан олдин яратилган нарсалар ва ҳодисалар тўғрисидаги образлар, ахборотлар сифатида қайтадан жойланишига муҳим таъсир этади, ўзининг ҳаракат тезлиги билан ҳар қандай техника мўжизасини доғда қолдиради. Ҳар иккала тенденция уйғунлашуви орқали ижодий ва тикловчи хаёл турлари вазифасига, аҳамиятига, маҳсулдорлик даражасига оқилона баҳо бериш мумкин.
Акс ҳолда икки тенденция икки хил талқин, турлича якун, ўзгача мазмун, алоҳида ёндошув, устуворликка даво келтириб чиқариши айни ҳақиқатдир.
Хаёл аналитик ҳолатдан ташқари синтетик хусусиятга ҳам эгадир. Хаёлнинг синтетик ҳолати ушбу феноменлар орқали ифодаланади: агглютинация (лот. Agglutinare ёпиштирмоқ, елимламоқ маъносини билдиради) муайян тасаввурларни бир-бирига қўшиб ёки улардан фойдаланиб, нарса ва ҳодисаларнинг янги образларини яратишдан иборат хаёл феноменидан биридир; гиперболизация (юнон. Huperbole бўрттириш, кучайтириш маъносини англатади); схематизация (юнон. “schema” образ, шакл вужудга келтириш демакдир); типизация (юнон. “tupos” из, чизиқ деган маънони билдиради) ёки типиклаштириш; ўхшатма-муайян нарсаларга нисбатан қиёслаш орқали муҳим ва номуҳим томонларидан умумийликни танлаб олиш кабилар.
Агглютинация феномени образлар (тасвирлар, тимсоллар) синтезлашув жараёнининг соддароқ кўринишидан бири ҳисобланиб, инсониятнинг кундалик ҳаёти ва фаолиятида рўй-рост яхлитлаштириш имконияти йўқ хилма-хил хислатлар, фазилатлар, сифатлар ва қисмларни «қоришиқ» тарзида (бирлаштирилган) шаклда акс эттиради. Одатда агглютинация ёрдами билан донишманд халқ томонидан яратилган эртак тимсоллари, афсона тасвирлари яратилади ёки хаёлий композицияси тўқиб чиқарилади (лотинча compositio тузилмаси, таркибий жиҳатлари деган маъно англатади). Масалан, булбули гўё одамсимон (боши одам, танаси қуш) бир жонивор гавдаланади; сув париси (русалка) тимсолида аёл мужассамлашади ( бош ва гавдаси одамники, думи балиқники, сочи яшил сув ўтларидан иборат); кентавр (от ва одам); пегас (қанот ва от) қанотли от; товуқ оёқли уйча, еттибошли илон аждаҳо (илон, от ва қушдан иборат) ва бошқалар.
Ҳозирги замонда агглюцинациядан техник, бадиий, санъат ижодиёти кенг кўламда фойдаланилмоқда, чунончи, самолет амфибия (юнонча amphibios иккиёқлама ҳаёт кечириш маъносини билдиради)-учувчи қайиқ тоифасидаги қуруқлик ва сувга мослашган гидросамолёт; аэросани ( чана сингари сирғанувчи самолёт), жанговар техника амфибия (танк, бронетраспорт, автомобиль); аккордеон-фортепьяно билан баян бирлашмаси; автокран-автомобиль билан кран қоришиғи; автокор (инглизча «car» арава)-ўзи юрар арава ва ҳоказо.
Гиперболизация феномени хаёл образларини ҳамда тасаввур шаклларини ўзлаштириш жиҳатидан яқин агглютинацияга ёндош, ўхшаш психик жараёндир. Гиперболизация нарсалар ва жониворларни нафақат ҳаддан зиёд катталаштириш ёки кичиклаштириш (бармоқдек кичик бало, уйдек тухум, тоғдек паҳлавон, тариқдек бола, туядек бурга ва ҳоказо) билан тавсифланибгина қолмасдан, балки тасаввур образлари (тимсоллар, тасвирлар) миқдорини кўпайтириш ёки уларнинг ўрнига алмаштириш хусусиятларини ҳам намоён этади. Масалан, етти бошли аждарлар, кўпқўлли ва икки қоринли махлуқотлар, олти оёқли жониворлар, қуёш нурини тўсган афсонавий қушлар шулар жумласидандир.
Схематизация феномени хаёлот (фантазия) образларини яратиш имконияти мавжуд воситалардан бири ҳисобланиб, у борлиқдаги нарса ва ҳодисаларнинг у ёки бу аломатлари ҳамда сифатларини таъкидлашдан, шунингдек, уларга бутун диққат-эътиборни марказлаштиришдан иборат психик жараёндир. Худди шу усул, йўл, восита ёрдами билан муайян яққол инсонларга мўлжалланган ўртоқлик ҳазиллари (шаржи французча charge сўзидан олинган бўлиб, бўрттириш деган маънони англатади) ва аччиқ, аянчли, кулгили тасвирлар (карикатура италянча «caricatura» қайта мужассамлашув деган маънони англатади. Мазкур жараёнда хаёлот (фантазия) тасвирларида юзага келадиган тасаввурлар ўзаро бирлашиб кетиши натижасида тафовутлар қарийб йўқолади, ўхшашлик аломатлари эса бирламчи воқеликка айланади, қолаверса ушбу ҳолат схематизациялашни рўёбга чиқишга қулай негиз ҳозирлайди. Масалан, бунга конструкторнинг қушлар оламидан андоза олиб, янги қурилмалар яратиши, моделдан ҳақиқий асбоб ишлаб чиқиши; рассом табиат мўжизаларининг матога тушириши яққол мисолдир.
Типизация феномени ёрдами билан хаёлда тасаввурлар синтези рўёбга чиқиши мумкин. Одатда бадиий адабиётда типизация ёки типиклаштиришдан кенг кўламда фойдаланилади ҳамда унинг ёрдамида баъзи бир жабҳалари билан ўзаро ўхшаш, ҳатто мутаносиб нарса ва ҳодисаларда акс этувчи муҳим белгилари ажратиб олинади ҳамда улар яққол образларда мужассамлаштирилади. Ижодий жараёнларнинг вужудга келиши, кечиши, ривожланиши бир талай ассоциациялар орқали пайдо бўлади, лекин уларнинг қайта тикланиши хотира жараёнларида учрайдиган тикланиш ёки жонланишдан тафовутланади. Ижодий илҳомлари ҳисобланмиш эҳтиёжлар ва мотивларга ассоциациялар жараёнида ўзлаштирилган йўналиш бўйсунади.
Ижодий хаёл ўзига хос муайян хусусиятларга эга бўлиб, улардан энг муҳими ассоциацияларнинг анъанавий йўл-йўриғидан воз кечиб, ижодкор руҳиятида фавқулоддалик қилаётган ҳис-туйғулар, ўй-фикрлар, хоҳиш-истакларга тобе этишдир. Ваҳоланки, ассоциацияларнинг ўхшашлик, ёндошлик, қарама-қаршилик (контрастлик) кўринишлари сақланиб қолса-да, лекин тасаввурларни саралаш эса сабабий боғланиш механизими билан тавсифланади. Ижодкор (шоир, ёзувчи, рассом) асарида ассоциациялар чизгиси пайдо бўлади, уларнинг вужудга келишига асосий сабаб ташқи таассурот ҳисобланади.
Хаёл жараёнларининг, шу жумладан фантазия образларининг вужудга келиши инсон мияси фаолиятининг маҳсули ҳисобланиб, бош мия катта ярим шарлари пўстлоқ қисмининг функцияси орқали амалга ошади. Хотира билан хаёлнинг физиологик асослари, механизмлари ўртасида муайян даражада ўхшашлик ва баъзи тафовутлар мавжудлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Хотиранинг физиологик асоси муваққат нерв боғланишларининг ўзаро бирикуви ҳамда фаоллашуви (қайта жонланиши, тормозланиши)дан иборат бўлса, хаёл жараёнида инсон онтогенезида юзага келтирилган боғланишлар тизими бузилиши (емирилиши) оқибатида янги тизим ҳосил қилинади. Фавқулоддаги бундай ҳолат (бирлашиши, янги тизим) маълум эҳтиёж ёки бирорта тасодифий таассурот (ташқи таъсир) орқали мия пўстида кучли қўзғалиш ўчоғининг ҳосил бўлиши туфайли вужудга келиши мумкин. Худди шу боисдан хаёл сураётган шахсда нерв ҳужайраларининг гуруҳлари ўзаро янгитдан (қайтатдан) боғланиши, шунинг учун фантазия образларига хос янгилик ва ўхшашлик аломатлари мазкур янгича боғланишга бўйсунади.
Шундай қилиб, хаёл мия катта ярим шарлари пўстининг функцияси ҳисобланишига қарамасдан, унинг физиологик механизмлари миянинг бошқа қисмлари билан боғлиқ эканлиги тўғрисида фараз қилишга имкон туғдиради. Миянинг мана шундай чуқурроқ қисмлари гипоталам-лимбик (юнонча hypothalamus англатади ва юксак марказлар мажмуасидан иборат бўлиб, ҳар хил функциялар мослашувини таъминлаб туради; лотинча limbus чегара, чет, ҳошия деган маънони билдиради; юнонча thalamus тепалик дегани тизими фантазия образларининг шаклланиши билан уларни фаолият жараёнларига қўшилишда мия ярим шарлари пўсти билан бирга қатнашади. Тизимнинг пўстлоқ билан пўстлоқости қисмлари боғланиши туфайли гипоталамус мия стволининг ярим шарлар билан туташувида «лимб» (чегара) ҳосил қилади.
Инсон мияси фантазия образларига ҳамда организмнинг периферик (чет) қисмларига бошқарувчанлик таъсирини ўтказиб, уларнинг фаолиятини ўзгартириб туради. Шахс асабийлашганида бирор нарса ҳақида қаттиқ ўйласа, албатта тана аъзоларида кўзга ташланадиган ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Юзага келган бундай аломатлар (белгилар, излар) «стигмат»лар деб номланади (юнонча stigma доғ ёки чандиқ деган маънони англатади). Қадимги халқ афсонлари, ривоятларига қараганда инсон қаттиқ жисмоний калтакланган даврини эсласа, гўёки ўша азобнинг излари фавқулоддаги пайтда юзага келиши таъкидланади. Қўрқинч ҳолат тўғрисида хаёл образлари яратилса, одамга учуқ чиқиши, лаблари ёрилгандай ҳис этиши воқеликлари учраб туради. Масалан, чекиш ва ичишни мутлоқ ташлаган шахс папирос ёки спирт ичимлиги тўғрисида ўйласа, унинг оғиз бўшлиғида тамаки таъми, ароқнинг аччиқлиги пайдо бўлиши мумкин. Инсон жуда сувга ташна бўлса ёки очлик азоби қийнаса, улар тўғрисида ўйласа, «ширин қониқиш» «лаззатланиш» ҳислари вужудга келади.
Психологияда қўрқинч ҳолати тўғрисида муайян материаллар тўпланган ва таҳлил қилинган. Қўрқинч юнонча phobos «фобия» деб номланади. Фобия муайян шароитлар ва вазиятларда шахсда вужудга келадиган кучли асосга эга бўлмаган қўрқинч ва ташвишланишдан иборат, инсон томонидан енгиш имконият йўқ муттасил психопатологик ҳолати. Мазкур патологик ҳолатнинг баъзи бирларига тушунча беришга ҳаракат қиламиз: 1)агарафобия- шахснинг гавжум майдонлардан, шоҳ кўчалардан ўтишига қўрқиши; 2) каустрофобия- инсоннинг эшигини қулуфлаб ёлғиз ўтиришидан қўрқиши; 3) монофобия- шахснинг якка-ю ёлғиз, ҳеч кимсиз қолишдан қўрқиши; 4) атропофобия- инсоннинг кўпчилик даврасидан, ҳалойиқдан қўрқиши; 5) назофобия- одамнинг касал бўлиб қолишдан қўрқиши; 6) эйротрофобия- шахснинг кўпчилик даврасида изза бўлишдан, ўзини йўқотиб қўйишдан қўрқиши; 7) дидактоген- ўқувчи ёки талабанинг ўқитувчидан қўрқиши; 8) ятроген- беморнинг шифокордан қўрқиши ва ҳоказо.
Хаёлнинг органик жараёнлари билан узвий боғлиқлиги ҳақидаги маълумотлар яна идеомотор (юнонча idea- тушунча, тасаввур, лотинча motor ҳаракатлантирувчи деган маънони билдиради) актлар (ҳаракатлар)да мужассамлашган бўлади. Инсон у ёки бу ҳаракатни тасаввур қилиш биланоқ худди шу нарсанинг табиий равишда бажарилиши бошланади. Масалан, шахс қайсидир ашулани дилдан ўтказса, унинг хиргойиси амалга оширилади ёки рубоб тўғрисида тасаввур қилинса, ундаги бармоқ ҳаракати тасодифий ижрога киришади ва бошқалар.

Download 161 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling