8-мавзу бюджетлараро муносабатлар
Download 1.36 Mb.
|
8 Мавзу БЮДЖЕТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР
2. Бюджетни тартибга солувчи даромадлар, давлат бюджети маблағларини бюджетлар ўртасида қайта тақсимлаш хамда бюджетни горизонтал ва вертикал баланслаштириш. • Бюджетни тартибга солиш – бу турли даражадаги бюджетлар ўртасида давлат бюджети даромадларини қонун билан бириктирилган тарзда тақсимлаш тартиби (турли даражадаги бюджетлар ўртасида молиявий ресурсларнинг қисман қайта тақсимланиши); ҳудудий бюджетларга минимал ҳажмда зарур даромадлар даражасини таъминлаш мақсадида ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига йўналтириладиган маблағларни қайта тақсимлашдир. • Бюджетлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади. Давлат бюджети даромадлари ва харажатларини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги томонидан амалга оширилади. • Турли бюджетларда даромадларга талаб турлича бўлганлиги боисидан давлат ҳар йили бюджетни тартибга солиб туради – бюджет тизими ичидаги маблағларни қайта тақсимлаш орқали барча маҳаллий бюджетларни баланслаштиради. Бу ўз навбатида, тартибга солувчи даромадлар ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади. • Тартибга солувчи даромадлар – бу қонунда ва ҳукумат қарорларида кўрсатиб ўтилган, турли даражадаги ўзаро боғлиқ бўлган бюджет қатнашчилари ўртасида ҳар йили қайта тақсимланадиган бюджетлар даромадларидир. Қуйи бюджетга бериладиган ҳар бир даромад қисмининг миқдори мазкур бюджет эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади ва белгиланади. • Тартибга солувчи даромадлар – республика ва маҳаллий бюджетлардаги солиқ ва бошқа тўловлар бўйича қуйи бюджетларга ажратмалар нормативлари ҳисобига келиб тушадиган даромадлардир. Ажратмалар меъёрлари (фоизларда) ҳар хил даромадлар турларига кўра келгуси молия йили учун ва шунингдек узоқ муддатга белгиланади. • Ажратмалар меъёри Бюджет Кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади. • Бюджетдан маблағ ажратиш - бу конун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Давлат бюджетидан бюджет ташкилотларига ҳамда бошқа бюджет маблағларини олувчиларга ажратиладиган пул маблағларидир. • Тартибга солувчи солиқлар ва даромадлардан ажратмалар – охирги вақтларда кенг тарқалган усул бўлиб, бунда юқори даражадаги бюджетларга тушаётган солиқлардан маълум даражада тегишли фоиз ўрнатилиб, у ҳудудий бюджетга ажратмалар кўринишида келиб тушади. Тартибга солувчи солиқлар • Тартибга солувчи солиқлар сифатида умумий давлат солиқлари: юридик шахслар даромад (фойда) колиғи, жисмоний шахслар даромад солиғи, қўшимча қиймат солиғи ва аксиз солиғи бўлиши мумкин. Хозирги давр амалиётида умумдавлат солиқларининг барчаси тартибга солувчи ҳисобланади. • Умумдавлат солиқлари – ер остидан фойдаланганлик учун солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар одатда турли даражадаги бюджетлар ўртасида тақсимланмайди. Улар тўлалигича республика ёки маҳаллий бюджетларга ўтказилади. • Республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бюджетларига ўтказиладиган тартибга солувчи умумдавлат солиқлар рўйхатини ўрнатиш ва улардан ажратмалар миқдори бўйича таклифлар ниҳоясида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. • Бюджетларнинг ўз даромадлари – бу қонунчиликка мувофиқ муайян бюджетларнинг доимий равишда тўлиқ ёки қисман бириктириб қўйилган даромадлари турларидир. Мисол учун, тегишли бюджетлар ва бюджетдан ташқари давлатнинг мақсадли жамғармалари бюджетларига бириктирилган солиқли даромадлар, солиқсиз тушумлар ҳамда беғараз ўтказмалар. Молиявий ёрдам (дотациялар, грант ва субвенсиялар) тегишли бюджетлар ва бюджетдан ташқари давлатнинг мақсадли жамғармалари бюджетларининг ўз даромади ҳисобланмайди. Ўз даромадлари ва бюджетни тартибга солувчи бошқа маблағлари етишмаган тақдирда қуйи бюджетнинг харажатлари билан даромадлари ўртасидаги фарқни қоплаш учун юқори бюджетдан қуйи бюджетга қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари бюджет дотацияси деб юритилади. • Кубвенсия - қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда муайян мақсадларга сарфлаш шарти билан юқори бюджетдан қуйи бюджетга қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари. • Давлат бюджети маблағлари бюджетлар ўртасида бюджет дотациялари, субвенсиялари, ссудалари ва ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича маблағларни юқори бюджетдан қуйи бюджетга, қуйи бюджетдан юқори бюджетга йўналтириш орқали қайта тақсимланади. • Бюджетлараро муносабатларнинг асосий муаммоларидан бири бу бюджетни баланслаштиришдир. У икки турга бўлинади: вертикал ва горизонтал баланслаштириш. • Вертикал баланслаштириш – ўзида ҳар бир ҳокимият органи даражасида унинг даромадлар базаси салоҳияти билан харажатлари ҳажми ўртасида мутаносибликка эришиш даражасини акс эттиради. • Агар қуйи даражадаги бюджет бирлигининг даромадлар қисми таъминланиш имкониятлари унга юклатилган функсияларни бажаришга етарли бўлмаса, марказий ҳукумат ушбу ҳудудий ёки маҳаллий бирликка етишмаётган маблағни тақдим этади. • Вертикал баланслаштиришда маҳаллий бюджетларнинг харажат функсиялари билан уларга бириктирилган даромадлар ўртасидаги номутаносибликни бартараф қилиш тушунилади. Марказий ҳукумат иқтисодий тартибга солиш ҳуқуқи ва имкониятига эга бўлиб, маҳаллий бюджетларнинг номутаносиблигини республика бюджети даражасидаги даромадларнинг бир қисмини бериш орқали бартараф этиши зарур. Бунда маҳаллий ҳокимият органлари ўзларига бириктирилган функсияларни молиявий таъминлаш учун жавобгар бўлишлари, ўз даромад потенсиалини сақлаш ва кучайтириш бўйича ҳуқуқларидан масъулият билан ва самарали фойдаланишлари зарур. • Горизонтал баланслаштириш – турли ҳудудлар имкониятларидаги нотекисликни бартараф қилиш учун бюджет маблағларини давлатнинг субъектлари ўртасида пропорционал тақсимлашни англатади. Горизонтал баланслаштириш жараёнида қуйидаги ҳудудий хусусиятлар ҳисобга олиниши зарур: аҳоли сони, аҳоли турмуш даражаси индекси, ҳудудлар бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг фарқи. • унитар давлат тузилишига эга бўлган иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар учун турли даражадаги бошқарув органларини маблағ билан таъминланганлик даражасини вертикал баланслаштириш мақсадга мувофиқроқдир. • федератив давлат тузилишига эга бўлган иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар учун эса, маблағ билан таъминланганлик даражасини горизонтал баланслаштириш мақбулроқдир. Бюджетни тартибга солиш усулларининг тўрт гуруҳи фарқланади: • бюджет даромадларининг тартибга солувчи манбаларини белгилаш ва тақсимлаш. Даромадларнинг тартибга солувчи манбаларини бюджетлар ўртасида тақсимлаш ушбу даромадлардан ажратмаларнинг тасдиқланган нормативлари воситасида амалга оширилади; • бюджет манбаларининг ўзини қайта тақсимлаш. Уларга қуйидагилар киради: а) юқори ваколатли органлар томонидан тегишли қуйи ҳудудий даражадаги бюджетларга узоқ муддатга (камида беш йилга) тўлиқ ёки қатъий чекланган фоизда ҳар қандай тартибга солувчи даромадларни бириктириш; б) юқори ваколатли органлар томонидан тегишли қуйи бюджетларга ўзларида бириктирилган даромадларни ўтказиш; в) қуйи турувчи бюджетлардан маблағларни юқори турувчи бюджетларга олиш. • қуйи турувчи бюджетларга юқори даражадаги бюджетларнинг маблағлари ҳисобига беғараз ёрдам кўрсатиш. Бу усуллар гуруҳига дотация, субвенсия ва субсидия киради; • бир бюджет маблағларидан бошқа бюджетларга ажратиладиган ссудалар. Download 1.36 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling