Тўғри (ясси) искананинг (1) массаси 500 г бўлиб, метални кесиш учун ишлатилади.
Қўл омбурининг (2) лаблари ясси бўлиб, массаси 900 г, узунлиги эса 40 см га етади. У ишланаётган метални сандон устида ушлаб туриш учун хизмат қилади.
Ўчоқ омбури (3) қўл омбурига ўхшайди, фақат у сал узунроқ бўлиб, лаблари йўғонроқ келади. Бу омбур билан темир бўлаклари темирчилик ўчоғига жойлаштирилади ва керак пайтда уларнинг оловдаги ўрни алмашинилади.
Катта болғанинг (4) массаси 4–5 кг, дастасининг узунлиги 80 см га тенг. Кувалда металга кучли зарбларни бериш учун қўлланилади ва уни темирчининг ёрдамчиси ишлатади.
1 – расм. Темирчилик асбоблари:
1 – тўғри искана; 2 – қўл омбури; 3– ўчоқ омбури; 4 – катта болға;
5 – қўл болғаси; 6 – мих йўлакчасини ясаш учун искана; 7 – мих
тешигини ясаш учун сумба; 8 – ярим доирали искана; 9 – шпилька.
Қўл болғаси (5) тўртбурчак ёки ўртаси эса овал шаклда бўлиши мумкин. Унинг массаси 1,25–1,5 кг, қалинлиги 30х25 мм, дастасининг узунлиги 350 мм га тенг. Болғанинг бир томони ясси, иккинчи томони эса бўртиқ бўлади.
Мих йўлакчасини ясайдиган искананинг (6) массаси 400–500 г, дастасининг узунлиги 40 см. Искананинг учини тез – тез тўғрилаб туриш лозим бўлганлиги сабабли унинг дастаси осон ечилиши керак.
Мих тешикларини ясаш учун сумбанинг (7) кўндаланг кесими тўртбурчак шаклда бўлиб, массаси 400–500 г, дастасининг узунлиги 40 см. Сумба мих тешикларининг жойини белгилаш учун хизмат қилади.
Ярим доирали искананинг (8) массаси ҳам 500 г бўлиб, у ёрдамида тақа шохларининг учлари кесилади.
Шпилька (9) мих тешикларини охиригача очиш ва шаклини келтириш учун хизмат қилади. Унинг узунлиги 300 мм га тенг.
Агар тақада тишлар учун тешиклар ясаладиган бўлса, қўшимча қуйидаги асбоблар ишлатилади: юмалоқ сумба (459 г), тиш тешигини тўғрилаш учун оправка (диаметри 9–10 мм), тешикда резба очиш учун метчик ва вороток, тақа тишидаги резбани тўғрилаш учун клупп ва плашкалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |