Adabiyot nazariyasi va zamonaviy adabiy jarayon


Download 1.72 Mb.
Pdf ko'rish
bet8/85
Sana19.06.2023
Hajmi1.72 Mb.
#1609517
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   85
Bog'liq
s.akhmad konf. tuplami 2

бўсағасида” номли уч қисмдан иборат. Унда ижодкор қишлоқ кишиларининг 
уруш йилларида фронт орқасида кўрсатган меҳнат қаҳрамонликлари, ўзбек 
халқига хос бағрикенглик ва ориятлилик, фидойилик ва меҳнатсеварлик каби 
фазилатларни бадиий гавдалантирди. Роман шунчалик муваффақиятли 
чиқдики, бир пайтлар ёш ёзувчини танқид қилган Абдулла Қаҳҳор 1965 йили 
ёзган “Илҳом ва маҳорат самараси” номли мақоласида асарни ижобий 
баҳолаб: “Саид Аҳмад бундан кўп йиллар муқаддам қўлига танбурини олиб 
чертганида қўли келишганини кўриб, яхши созанда бўлиб, яхши-яхши 
машқлар чалишини орзу қилган эдик. Шу орзу ушалиб келаётибди. “Уфқ” 
унинг илҳом ва маҳорат билан чалган машқидир”, деб ёзди. Бинобарин, Саид 
Аҳмад бу роман билан ўз ижодий йўлидан оғишмай, етуклик даврига қадам 
қўйди.
Романда миллат ҳаётининг ўн йиллик даври: иккинчи жаҳон уруши, 
уруш ва ундан кейинги давр воқелиги қаламга олинди. Трилогияда ўша 
йилларда халқимиз бошига тушган мусибатлар, одамлар кўксидаги армонлар, 
мусибатларни енгишга қодир мислсиз матонат ва шижоатлар зўр эҳтирос ва 
илҳом билан тасвирланди. Асардаги Икромжон, Жаннат, Азизбек, Дилдор, 
Асрора сингари ғоятда теран, халқчил, ёрқин миллий қаҳрамонлар ҳануз 
китобхонларнинг муҳаббат ва ардоғида бўлиб келмоқда.
Саид Аҳмад “Келинлар қўзғолони” (1976), “Куёв” (1986) комедияларида 
ўзининг юмористик маҳоратини ёрқин намоён эта олди. Халқона юморга 
йўғрилган Фармонбиби образи миллат менталитетини, унинг ўзлигини, 
кучли ва ожиз жиҳатларини ўзида мужассамлантирган ёрқин образ 
даражасига кўтарилди. Ижодкор таржима ишлари билан фаол шуғуллаиб, 
Б.Полевой, А.Мусатов, О.Гончар асарларини миллий тилимизга маҳорат 
билан ўгирди. 


29 
Ёзувчининг 1988 йилда яратган “Жимжитлик” романи моҳият эътибори 
билан Одил Ёқубовнинг «Оқ қушлар оппоқ қушлар», Эркин Самандарнинг 
«Дарёсини йўқотган қирғоқ» сингари асарларига яқин туради. Романда яқин 
тарихимизнинг «Турғунлик» деб аталувчи даврига хос иллатлар: сўнгги 
кунларини яшаётган шўро жамиятининг анчагина заифлашган томонлари, ўз 
мансабини суиистеъмол қилаётган айрим раҳбарлар фаолияти, ижтимоий 
адолат меъёрлари қўпол тарзда бузилиши, порахўрлик ва бошқа иллатлар 
фош этилди. “Жимжитлик” романи ҳаёт ҳодисаларини кенг ва кўптомонлама 
қамраб олгани, даврнинг умумий руҳини очиб беришга қаратилгани билан 
ажралиб туради. Асосий эътиборини давр моҳиятини очишга қаратгани учун 
ҳам муаллиф романига “Жимжитлик” деган рамзий ном қўйган.
Романнинг асосий воқеалари 80-йилларнинг бошларида Қашқадарё 
воҳаси қишлоқларида содир бўлади. Худди шу даврда асар қаҳрамонларидан 
бири: ҳақиқатгўйлиги учун хорижга жўнатилган, у ерда хотини ва ўғлидан 
жудо бўлиб, хастаҳол аҳволда қарийб йигирма йиллик жудоликдан сўнг она 
қишлоғига қайтган, шу масканда хотиржам умргузаронлик қилишни тилаган 
Толибжондир.
Адиб Кийиксовди момо тўғрисидаги афсона воситасида қишлоқ 
кишилари покиза қалби, инсоний меҳр-муҳаббатининг узоқ тарихий 
илдизларини кўрсатди. Бироқ, мазкур афсонани роман асосий воқеалари ва 
қаҳрамонлар руҳиятига етарлича туташтира олмади. Шунга қарамасдан, ўша 
ишоравийликда ҳам, Толибжон палаги тоза инсон экани ойдинлашган. 
Бадиий чекинишлар орқали ўтмиш ва бугун ўзаро туташтирилган. Ёзувчи 
қаҳрамон кечмишини тасаввур кўзгусидан ўтказишга интилган. Романда 
турғунлик йилларидаги иллатларнинг бош сабабларидан бири ҳақиқатнинг 
бўғилиши экани тўғрисидаги ғоя ойдинлашган. Тўғрисўзлик, самимият
саҳоват, назокат, миллат тафаккурининг қудрати каби миллий қадриятлар 
эъзозланган. Айни пайтда, романнинг ғоявий концепциясида қўрқув 
салтанати миллат тийнатида пайдо қилган ожизлик, ҳақсизликларга дадил 
қаршилик кўрсата олишдан чўчиш, ижтимоий курашчанликка ноқобиллик 


30 
каби ўша йилларга хос иллатларнинг ижтимоий-маънаавий илдизлари 
бадиий тафтиш этилди. Адиб яратган совхоз директори Мирвали ва масъул 
ходим Шавкат Раҳимов каби образлар муайян даражада ўз прототипларига 
ҳам эга. Бироқ, назаримизда, ушбу романни баҳолашда асарни эзгулик ва 
жаҳолат кураши негизида кузатиш, бадиий адабиётнинг азалий ва абадий 
муаммоларига боғлаб изоҳлаш, унда инсон тийнатига хос фазилату 
нуқсонлар курашини тасвирлаш негизида халқимиз тарихининг муайян 
даврига хос фожиалар ўз ифодасини топганига диққат қаратиш муҳимдир. 
Акс ҳолда, романда жуда ёрқин бўлмаса-да, турғунлик йилларига хос барча 
иллатлар илдизи собиқ шўро тузумига, унинг ақидапарастлик, иқтисодиётни 
тўғри режалаштира олмаслик, миллатлар маънавияти ва манфаатини 
қадрламаслик сингари бошқарув тамойилларига, унинг моҳир «дрижёр» 
ларига бориб тақалишига ишора қилинганини етарлича инкишоф эта 
олмаймиз.
Дарҳақиқат, муаллиф романда нотинч ХХ аср фалсафасини идрок 
этишга интилди. Адолат ва эзгулик учун курашчиларни буткул йўқотиб 
бўлмаслигига комил ишонч билан қаради. Турғунлик даврининг умри тугаб 
бораётганидан хабар берди, покланиш жараёни генеологиясини ифодалашга 
интилди. Бир сўз билан айтганда, романда шўро даврининг ички драмалари, 
тузум инқирози етакчи персонажлар фожеий қисмати орқали ўзининг бутун 
кескинлиги, шиддати билан кўрсатилди.
Таъкидлаш ўринлики, Саид Аҳмад истиқлол йилларида яратган “Хандон 
писта” (1994), “Бир ўпичнинг баҳоси” (1995) сингари қувноқ юмористик, 
жўшқин лирик ҳикояларда, шунингдек ҳаётимиздаги ўзгаришлар хусусида 
битилган кўплаб мақолаларда ҳам адиб услубининг янада сайқал топгани, 
унинг эркин ижод имкониятларидан баҳраманд бўлгани кузатилади. 
Айниқса, “Йўқотганларим ва топганларим” (1998), уч жилдлик “Танланган 
асарлар” (2000), “Қоракўз мажнун” (2001), “Киприкда қолган тонг” (2003) 
асарлари мустақиллик даври ўзбек адабиётида алоҳида адабий ҳодиса бўлди.


31 
Адиб забардаст ўзбек ёзувчи ва шоирларининг жонли қиёфаларини 
бадиий гавдалантирди. Истиқлол туфайли одамлар қисмати ва руҳиятида 
содир бўлган хайрли ўзгаришлар, эврилишлардан сўзлади. Қатоғонлик даври 
хотираларига шўнғиб, тарихдан ибратли хулосалар чиқарди. Ўзи яқиндан 
мулоқотда бўлган устоз адиблар билан бир қаторда, шогирдлари ва ниҳоят ўз 
ҳаёт йўли ҳақида хотира-эссалар битди. Улардаги нозик кузатишлар, эркин 
ва асов руҳ, гоҳ ҳазин, гоҳ нурли, покиза туйғулар, беғубор ҳазил 
мутойибалар фақат Саид Аҳмад аталмиш улкан феноменга хослиги билан 
ажралиб туради. 
Кези келганда, Саид Аҳмад ҳаётдаги яна бир ёрқин нуқта, яъни тақдир 
унга Саида Зуннуновадек хассос бир ижодкор аёлни умр йўлдошликка раво 
кўргани хусусида ҳам сўзлаш ўринлидир. Ёзувчи қатағонга учраган йилларда 
Саида опага кўп жабр-зулм ва ситамлар ўтказилган бўлса-да, у ҳамиша ўз 
умр йўлдошига бўлган садоқатини асраб қололган буюк эҳтиромга лойиқ аёл 
эди. Бевақт ўлим шоирани С.Аҳмаддангина эмас, балки ўзбек адабиёти 
бўстонидан юлиб кетган 1977 йилдан умрининг охиригача (2007) ўтган ўттиз 
йиллик ёлғизлик йилларида Саид Аҳмад унга ва унинг азиз хотирасига 
бўлган улуғ эҳтироми билан намоён бўлди. Бу жуфтликнинг муҳаббат ва 
садоқати ҳам ибратга лойиқ ҳаётий мисол, миллат зиёлилари маънавий 
жасоратининг бетакрор намунасидир. 
Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида адиб “Дўстлик”, “Буюк 
хизматлари учун” орденлари билан тақдирланди. “Ўзбекистон Қаҳрамони” 
деган юксак унвонга сазовор бўлди. Эндиликда, “Адиблар хиёбони”да унинг 
муҳташам ҳайкали қад ростлаб, ҳазрат Навоий “нафис мажлиси”дан муносиб 
жой олган экан, бу ҳол юртимиз тараққиётининг илгариги босқичларида 
наинки адабиёт ва санъатга, балки инсон шахси ва С.Аҳмад феноменига 
бўлган эътибор бениҳоя ортгани ёрқин нишонасидир. Дарҳақиқат, адибнинг 
ибратли ҳаёти ва ижодий мероси, маънавий жасорати ҳамиша улуғ эҳтиромга 
сазовордир. 

Download 1.72 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   85




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling