Adabiyotshunoslik kafedrasi


якшанба куни кўкларни яратти, душанба


Download 1.4 Mb.
bet17/24
Sana30.03.2023
Hajmi1.4 Mb.
#1309193
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   24
Bog'liq
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)

якшанба куни кўкларни яратти, душанба куни ойни, кунни, юлдузларни яратди, фалак ичига жойлади. Сешанба куни қуш-қуртларни, фаришталарни яратти, чоршанба куни сувларни яратди, елларни, булутларни чиқарди, йиғочларни, ўт-емларни яратти, ундирди. Рўзларни улаштирди. Пайшанба куни жаннат (учмоқ), дўзаҳ (тамуғ)ни, раҳмат ва азоб фаришталарини яратти, хурларни яратти. Азина (жума) куни Одамни яратди. Шанба куни нарса яратмади. Барча нарсалар кўз очиб юмгунча бўлган муддатда яратилди.
“Сифати ас-самоват” қисмида етти қат осмон, ундаги фаришталар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. “Сифати ас-арзина” қисмида етти қат ер ости фаришталари ҳақида маълумотлар берилади. Етти қат осмон: Рафиқ, Руқча, Қайдам, Моъун, Ратқо, Захо, Арибо деган номлар билан аталиши берилади.
Етти қат ер ости: Рамко, Жулза, Арқа, Харна, Малсо, Сижжин, Ажибо деб аталиши айтилади.
Еттинчи қат ернинг остида Иблис дунёга келади. У арслон суратлиғ Жаблит, думи (қузуриғи) илонга ўхшаш отадан, бўри суратлиғ Таблит, думи чаён суратлиғ онадан туғилади. Аллоҳдан Жаброилга фармон берилади. Таблитни никоҳ қилиб Жаблитга бер деб. Бу барча маҳлуқотлар ичида илк никоҳ бўлади. Улар бир ўғил ва бир қиз кўрадилар. Уларни бир-бирига никоҳлайдилар. Еттинчи авлод ўғил кўрадилар. Унга Ҳорис деб от берадилар. У ғоят маккор эди. Аммо ёрлиғ келди ва туғилган қизни Ҳорисга бермаслик ҳақида. Ҳорис уфкаланди ва Аллоҳга сажда қила бошлади. Аллоҳ уни етти қат ер устига чиқарди. Унинг саждага боши тегмаган бир қарич ҳам ер қолмади. Аллоҳ уни етти қат осмонга чиқариб фаришталарга мударрис қилиб қўйди.
“Қиссаи Одам сифат алайҳис-салом” қиссасида аллоҳ Одамни яратмоқни исташи айтилади. Жаброилга хитоб қилиб, ер юзидан бир ҳовуч тупроқ олиб келиш тайинланди. Ер унга тупроқ бермади. Сўнг Исрофил тупроқ олмоқчи бўлди. Ер унга ҳам тупроқ бермади. Кейин Макоил келди. Ер унга ҳам тупроқ бермади. Азроил эса тупроқ олди. У ерга “сенинг нолангдан кўра, оллоҳнинг ёрлиғи азизроқ” дейди. Ёрдан тупроқ олиб юқорига кўтарилди. Шунда оллоҳ Азроилга сенинг кўнглинг қаттиқ экан, шу боис сенга одамлар жонини олишни топшираман дейди. Аллоҳнинг одамни тупроқдан яратишининг сабаби, тупроқнинг камтарлигидир. Чунки у барча нарсалар Одамни мендан яса деганида, тупроқ мендан ясама , чунки мен муносиб эмасман дейди. Тоғ ҳам, кўк ҳам, денгиз ҳам мендан ярат, мен азизман дея киборга бериладилар. Одам яралгач, Ҳаввони унинг қовурғасидан яратилди. Аллоҳ кўркни (чиройни) юз улуш қилиб, тўқсон тўққиз улушини Ҳаввога берди. Қолган бир улушини бошқа нарсаларга берди.
Ақлли бўлгани боис фаришталарга Аллоҳдан Одамга сажда қилиш ёрлиғи келди. Фақат Азозилгина сажда қилишдан бош тортди. Азозил мен нурдан яралганман, тупроқдан яралган Одамга бўйсунмайман, дейди. Шунда ундан Азозил исмини олиб, Иблис деб атай бошладилар. Аслида тупроқ ўтдан аъло, ортиқ эди. Ўт ўғри бўлиб, ҳамма нарсани ютиб йўқ қилади. Аммо тупроққа бир ҳовуч берсанг, у нарсани юз қилиб қайтаради.
Одам ва Ҳавво жаннатда юрган пайтида, Иблис уларга зиён етказиш учун жаннатга кирмоқчи бўлади. Лекин жаннат дарвозаси олдида қўриқчилар бор. Шунда илонни оғзига Иблис кириб олади. Уни товус қанотларини ёзиб яширади. Шу учун улар жаннатдан қувиладилар. Шу айби учун илон туя сингари оёқ билан юришдан, чиройли танадан маҳрум бўлади. Судралиб юрадиган, нақшинкор тани йўқолиб, совуқ қиёфага кириб қолади. Иблис Ҳаввони тақиқланган мева-буғдойни ейишни, агар еса жаннатда қолишини, ўлмайдиган бўлишини айтиб, алдаб, кўндиради. Сўнг Одам ҳам буғдойни ейди. Егандан кейин луқмаси кекирдагида қолди. Шу тариқа Одам ва Ҳавво жаннатдан қувилдилар. Одам Ҳиндистонда Анжалус отлиғ ерда Сарандиб тоғига тушди. Ҳавво Жидда тоғига тушди. Иблис Басрага тушди. Одам билан Ҳавво бир-бирини икки юз йил йиғлаб изладилар. Одамнинг томган ёшларидан ўт-ем, аччиқ-сучук унди. Ҳаввонинг кўзи ёши томган ердан уд, қаланфир, сунбул, ҳино, ўсма унди. Иккиси икки юз йилдан кейин Арофат тоғида учрашдилар.
Одам билан Ҳавводан бир неча авлод туғилди. Ниҳоят Қобил ва Ҳобил ўғиллари туғилди. Улар одатда сингилларига уйланиши керак эди. Улар Иқлимони талашиб қоладилар. Қобил ва Ҳобил Аллоҳга қурбонлик қўядилар. Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлик қўйини қабул қилади. Шунда Қобил тош билан уриб Ҳобилни ўлдиради. Бу ўринда Шайтон тош билан уриб бир қушни Қобил кўз ўнгида ўлдиради. Ўлган Ҳобилни ерга кўмишга эса икки қарға ўргатади. Бу ўлдирилиш одамзод қавмидаги биринчи ҳодиса эди.
Асарда булардан ташқари бошқа қиссалари ҳам бор. Мазкур қиссаларнинг ҳажми турлича, шунингдек, қиссаларнинг баъзилари ўзаро ички фаслларга (қисмларга) бўлинган. Гоҳо шундай ўринлар учрайдики, бир қисса ичида унинг мазмунини тўлдирувчи янги мазмундаги мустақил ривоят келтирилади.
“Қисаси Рабғузий”да қиссалар учун шундай умумийлик борки, бу кўпроқ пайғамбарлар, уларга хос сифатлар, уларнинг “худо томонидан” эл орасига юборилган динни ёйувчи элчи экани айтилади. Рабғузий ҳар бир қисса бошланишида пайғамбарнинг сифатларини баён қилади ва унинг бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларни қисқача изоҳловчи шеър келтиради, ундан сўнг насрда қиссанинг асосий мазмуни бошланади. Бу мазмун ҳам яхлит баён бўлмай, бир-бири билан боғлиқ бир неча нақл ва ҳикоятлардан иборат. Масалан, Идрис пайғамбар тўғрисида қисқача изоҳ ва шеър келтирилади, сўнгра насрда Идриса пайғамбарнинг ўзига хос хислатлари айтилади; у ҳам бўлса, Идрис пайғамбар юлдузларнинг юриш-туриши, саъд ва нахс отларини, одамларга худо томонидан бўладиган фармонни айтиб беради. Шунинг учун у Идрис деб ном олган (араблар уни Хурмис, яъни юлдузларни танийдиган деганлар). У илму ҳикматда, подшоҳликда, пайғамбарликда учинчи эди, нима нарса бўлса тикиб кийишни билган, шамшир, пичоқ каби асбобларни ясаган, осмонда яшаган, жаннатда тирик юрган, етмиш икки тилни билган, динга даъват қилиб, турли расм-русм ўргатган эди. Гўё худо унинг сидқидилдан қилган тоат-ибодатларини назарда тутиб, ўлиб қайта тирилишига, осмонга чиқиб сайр қилишига, дўзах ва жаннатни айланиб, жаннатда қолишга рухсат берган.
Бошқа пайғамбарлар тўғрисида ҳам шунга ўхшаш тавсифлар берила боради. Ҳар бир қиссадаги ўзига хослик эса, уларнинг юқорида айтганимиздек, ҳажмларида, композицион тузилишида, шунингдек, мазмун эътибори билан диний руҳдаги қиссалардан фарқланувчи ҳаётий воқеалари ва турмуш тажрибаларига асосланган мавзуларнинг ҳам баъзан учрашида кўринади.
Қиссалар баёнида халқ оғзаки ижодининг бевосита таъсири ҳам яққол кўзга ташланади. Шу жиҳатдан Сулаймон пайғамбар, Луқмон Ҳаким тўғрисидаги қиссалар жуда характерлидир.
Сулаймон пайғамбар тўғрисидаги қисса: Подшоҳлик Сулаймонга отаси Довуд пайғамбардан мерос қолади. Сулаймон пайғамбарнинг подшоҳлиги ҳаммадан ортиқ эди. Нақл борки, ҳазрат Довуд Сулаймонни тахтга чиқариб халққа ҳалифа қилади. Гўё худо фармони билан у барча ҳайвоноту парранданинг тилини билади. Сулаймон кеча-кундуз муножот қилиб, худодан менга ҳеч кимда бўлмаган мулк бергин дейди. Худодан фармон бўлиб, эй Сулаймон, ҳамма подшоҳларнинг жонини оламан, ер юзида сандан бошқа подшоҳ бўлмайди, дейди. Сўнг Сулаймон Мағрибдан Машриққа подшоҳ бўлади, деву пари, инс-жинслар унинг фармонида эди. Сўнгра шу қиссанинг ичида Сулаймон билан боғлиқ қатор мустақил мазмундаги ҳикоятлар келтирилади. Ҳикмат: Бир кун ҳазрат Сулаймон бойқушдан сўради, нима учун доим вайроналиғ ерни хоҳлайсан? Бойқуш айтдики, мени бу оламдаги меросимдир. Яна айтдиларки, не учун халқ орасида юрмайсан, айттики, одам фарзандларининг бир-бирига қиладиган зулмидан қўрқаман.
Сулаймон билан мўр, Сулаймон ва Билқис каби ҳикояларда биринчи навбатда Сулаймон пайғамбар тўғрисида эмас, кўпроқ подшоҳ Сулаймон тўғрисида гап бораётгандек туюлади. Сулаймон пайғамбарнинг пайғарбар сифатидаги каромати деярли кўринмайди, у фақат худога илтижо қилиш ва худо томонидан шу илтижонинг қабул этилиши, унга турли шон-шавкат, шамол, дев-париларнинг тобе қилиб берилишидан иборат. Бошқа пайғамбарларга ўхшаб динга даъват этиш билан боғлиқ бирор иш қилинмайди. Сулаймоннинг подшоҳлик шавкати, дабдабаси худди халқ оғзаки ижоди намуналаридаги тасвирга ўхшайди. Шунингдек, Сулаймоннинг номози бомдоддан намози шомгача эл билан мамлакат ишини маслаҳатини қилиш, фақат тахтга ўтирганда шоҳона кийим, қолган пайтда оддий кийимда юриши, ўзи сават ва занбил тўқиб сотиши, халққа ҳар куни овқат тортиши ҳам унинг эртаклардаги сахий, одил подшоҳлар образига яқинлаштиради. Сулаймон, шунингдек, Билқис тўғрисидаги тасвирлар шулар жумласидандир.
Шундай ҳолни Довуд пайғамбар қиссасида ҳам кўрамиз. Довуднинг шон-шавкатлари андоғ эрдики, бир неча киши посбонликда ётар эди. Кечалари ўзи ҳеч кимга билдирмай кўчаларда юриб учраган кишидан подшоҳларини яхшими, деб аҳвол сўрарди. Бир неча бир паризан айтдики, шоҳимиз яхши, аммо элнинг ҳақини ейди. Шундан сўнг Довуд худога илтижо қилиб, бир ҳунар сўради. Худо темирчиликни беради. Темир Довуд қўлида мумдек эрир эди.
Довуд вақтнинг бир қисмида иборат қилиб, иккинчисида ҳалол ризқ учун меҳнатга қўл урар, учинчисида подшоҳлик қилур эрди. Бунда ҳалол меҳнатни улуғлаш мотиви биринчи ўринда туради.
Мана бу ҳикояда эса инсонийликнинг бошқа бир томонига аҳамият берилган. Довуд пайғамбар бир хотинни ёқтириб қолади. Унинг эрини урушга юборади. Мақсад у ўлса, хотинига уйланиш эди. Шундоғ бўлади ҳам. Хотин агар ўғил кўрсам подшоҳлигингни берасан деган шарт билан Довудга тегади. Бир кун икки ака-ука келиб, Довудга арз қиладилар. Бири айтади: биз ака-укамиз, акамнинг тўқсон тўққизта совлиқ қўйи бор, менинг битта қўйим бор эди, уни ҳам тортиб олди.
Довуд, мени асримда кишига киши шундоғ зулм қилурми, нима учун шундай қилдингиз, дейди. Унга иккинчиси: “Сиз ўзингиз тўқсон тўққизта хотинингиз бўла туриб, унинг устига Урёни ғазавотга юбориб, ўлдириб, хотинини олдингиз, бундан зиёда зулм бўлурми”, деб ғойиб бўлди. Довуд билса улар фаришталар экан. Довуд ўзининг осий бўлганидан хабардор бўлиб, худога нола қилди. Саҳрога кетиб, эртаю кеч сажда қилиб йиғлайди. Кўзидан оққан ёшига ўтлар ўсиб, Довуд орасида кўринмай қолади. Гарчи инсон суратидаги фаришталар томонидан бўлса ҳам, унинг хотин масаласида қилган иши зулм эканининг қайд этилиши адолатсизликни танқид қилишга қаратилганлигидан аҳамиятлидир. Бундай ҳол фақат Довуд пайғамбар ёки Сулаймон тўғрисидаги қиссалардагина эмас, бошқа қиссаларда ҳам учрайди. Шуниси характерлики, кўпинча пайғамбарларнинг ана шундай “гуноҳ”га, манманликка йўл қўйишлари асосида ҳукмрон мавқеидаги шахсларга хос хатти-ҳаракат, хислат ётади. Маълумки, халқ оғзаки ижодида ёки ёзма адабиёт намуналарининг кўпида ёмон хулқ-одатлар очиқдан-очиқ қаттиқ қораланади, фош этилади ва асар охирида ундай шахслар ё жазоланади, ёки адолатга юз ўгиради. Бу қиссаларда эса гап пайғамбарлар устида бораётганлиги туфайли уларнинг осийликка йўл қўйганлари бирор мўъжиза, ё фаришта, ё жаброил орқали огоҳлантирилади. Уларнинг кўп гуноҳи тоат-ибодат қилиб, худога тавба қилгач, кечирилади.
“Қисаси Рабғузий”даги ҳикоятларда баъзи персонажлар тасвирида халқ оғзаки ижодининг таъсири кучли сезилади. Амалқа қабиласининг одамлари узун бўйлик, бўйи уч юз қари(ч), кўкси етти қари(ч) эди. Бани Исроил уларга ўн иккита бақувват баланд бўйлик кишилардан элчи юборди. Улар анча юриб бир кишининг боғига кириб узум еб турса, эгаси келиб қолади. Уларни тутиб олтитасини бир енгига, олтитасини бир енгига солиб подшоҳга олиб бориб, енгини ерга қоқади. У ердагилар ҳайрон бўлиб, бу нечук қуллик-оёқлик қуртлар деб кафтларига олиб томоша қиладилар.
Ёки Мусо пайғамбарнинг ҳассаси ерга санчилса мевали дарахт, душманга қарши катта илон, дарёга кўприк бўлиши каби хусусиятларга эга. Бу, албатта, қиссада худонинг “каромати” билан боғлиқ, лекин халқ оғзаки ижодида бундай сеҳрли нарсалар тасвири жуда кўплаб мавжудки, қиссадаги сеҳрли ҳодисалар ҳам ўқувчига худди ана шу эртаклардаги тасвир таассуротини беради. Шунингдек, қиссаларда фольклор учун характерли бўлган ва умуман Шарқ адабиётига хос муболағали тасвир кўп учрайди.
Масалан, Юсуфнинг акаларидан бири Яхудо наъра тортганида Миср халқи хушсиз йиқилади. Ёки Авж бин Ануқнинг тасвирини кўрайлик. У Одам алайхиссаломнинг қизи (Ануқ)нинг ўғли Нуҳ даврида яшаган. Унинг икки оёғи ораси бир кунчалик йўл эди, дарёлардан қўли билан катта балиқларни тутиб, офтобда пишириб ер эди. Тўфон унинг тиззасидан юқори чиқмасди, агар бирор кент аҳолиси аччиғини келтирса бир оёғини кентнинг бу бошига, иккинчисини у бошига қўйса кенг аҳли кўмилиб қолар, юз ботмон тамоқ наҳорлик бўлмас эди. Бир ривоятда айтилишича, Авж бин Ануқ дарё лабида оёғини нариги қирғоққа қўйиб ўтирганида Азроил жонини олган, оёқ суяги кўприк бўлиб қолган, бир неча йилдан кейин унинг икки бошини тешиб ичидан карвон ўтадиган йўл бўлган экан.
“Қиссаси Рабғузий”даги ҳикоятларнинг тарихий илдизи бир томондан Қуръонга, Тавротга ва шуларга асосланган муаллифларнинг қиссаларига, нақл, ривоятларга бориб тақолса, иккинчи томондан, улардан фарқ қилган ҳолда, ўзидан халқ оғзаки ижоди билан ёзма адабиёт ўртасидаги ҳаётий анъаналарни бирлаштириб келади. Бунда Рабғузий бадиий прозада ўзига хос маҳоратга эришган ёзувчи сифатида турли ҳажмдаги ҳикоятларда маълум бир мавзуни ечишга, ранг-баранг образлар яратишга эришади. Қиссаларнинг баъзилари (Шиис, Мусо, Солиҳ, Юсуф, Сулаймон в.ҳ.) ҳажм жиҳатидан катта бўлиб, улар ичида Юсуф тўғрисидаги қисса ўзининг савияси, пишиқлиги жиҳатидан Рабғузийнинг катта прозаик асарлар яратишдаги маҳоратини намоён қилган дунёвий руҳдаги қиссадир.
“Қиссаси Рабғузий” муаллифнинг прозадаги маҳоратинигина эмас, балки унинг қобилиятли шоир эканидан ҳам дарак беради. Юқорида айтиб ўтилганидек, муаллиф ҳар бир қисса бошланишадн шеърда ҳикоя қилмоқчи бўлган персонаж, унинг фазилати тўғрисидаги умумий тавсифнома беради. Сўнг насрда воқеа бошланади. Ҳикоя жонли тасвир билан давом этади, сўнгра шеърий парчалар, баъзан ғазаллар киритилади. Айниқса, Рабғузийнинг баҳор фаслининг гўзаллигини, табиат кўркини тасвирловчи ғазаллари унинг шоир сифатидаги маҳоратини намоён қилади. Юсуф қиссасидаги ғазал шу жумладандир. Яъқубнинг олти хотини бор бўлиб, улардан ўн икки ўғил туғилади. Улар Рубил, Ловий, Шамъун, Яҳудо, Жода, Дон, Яғсар, Ястохир, Заботук, Қозур, Юсуф, Ибн Ямин.
Юсуф ўн биринчи ўғил эди. Аллоҳ унга ўн нарса каромат қилиб беради: кўрк, қилиқ (хулқ), кечиримлилик, ялавочлик (элчилик), тушни таъбирловчи, тўғри сўз, оқибатлилик, умр, китобларни шарҳловчи, ишбилармонлик (омадлилик). Отасининг Юсуфга бўлган меҳрини кўролмаган акалар уни алдаб қудуққа ташлаб кетадилар ва бир эчкини сўйиб, унинг қонига кўйлагини суртиб, бўри еб кетди деб олиб бориб оталарига берадилар. Юсуф бошидан кўп саргузаштларни кечиради ва қул қилиб сотилади. Миср Азизи ва Зулайҳо қўлига тушади. Зулайҳо Юсуфни совиб қолади.
Асарда табиатнинг баҳор фаслидаги манзаралари шундай чизилади: Юсуфнинг акалари уни ўйнатиб келмоқ учун оталаридан рухсат сўрайдилар: “Эй ота, ёз куни бўлди, бу кун отлиг султон Ҳут отлиғ қишлоқни қўюб Ҳамал отлиғ яйлоқға учради. Одиз кўк йиғлар, яғиз ер кулар. Булут кўзларидан ёш оқса, ер юзинда кўк чимгонлар кулар. Усрук сабо эснаб тўяр...
Сўнг ғазал берилади:
Кун ҳамалға кирди эрса, келди олам наврўзи,
Кечти Баҳмон замҳарир қиш, қолмади, қори, музи.
Кун кела минг кўрки ортиб, тирилур ўлмиш жаҳон,
Тонг пазирлаб нақши бирла безонур бу ер юзи.
Найшакарлар минбаринда тўтиқуш мажлис тутар,
Қумри, булбул меҳри бўлуб ун тузар тун кундузи.
Лола сиғроқин ичарда сайрар деруб сандувоч
Турна ун тортиб ўтарди сакрашур боқлон қўзи.
Кўкда турлаб қўл солишур қувғу, қоз, фил, қормуғоч.
Ерда югруб гуфт олишур тош, тийн, қиш кундузи.
Бир яғиз ер кўк мингизлик яшногай майдон бўлиб,
Ўғрашур ойтек чечаклар теграсинда юлдузи.
Ҳури айн учмоқ ичинда енг солиб таҳсин қилур,
Ёз уза мундоғ ғазални айтса Носир Рабғузий.
Ғазалда муаллиф табиатнинг баҳор фаслидаги манзарасини жуда жонли ва гўзал мисраларда тасвирлашга эришади.
Яна мисол: Ишққа банди бўлган Зулайҳо Юсуфни кутади, у келмайди, эртаси келиб Юсуфга айтади: “Ё Юсуф, бўстон бағоят кўркланмиш, чечаклар сочилмиш, неъматлар егудек бўлмиш. Турғил, бўстонга борғил, неъҳматлар егил, чечаклар ислогил, томоша қилғил.
Шеър:
Сабо эснаюрда йиғоч бонг солар,
Булут йиғлаюрда чечаклар кулар.
Бу мундоғ чечакларда кўнглум бу кун,
Сенинг бирла ўлтуриб овунмоқ тилар.
Юқоридаги парчада Зулайҳонинг севгиси ва шу севги ҳисларига уйғун баҳор манзараси тасвири бир-бирига мос оҳангда ифодаланган. Шеърий парчалар ҳам насрий ҳикоялар каби содда ва равон услубда ифодаланган. Муаллиф ғазал ва шеърий парчаларда гўзал ўхшатиш, жонлантириш, қаршилантириш каби бадиий воситалардан ўринли фойдаланган.
“Қиссаси Рабғузий” ўзбек бадиий прозасининг илк намуналаридандир.
“Қиссаси Рабғузий”да муаллиф пайғамбарлар ва улар тўғрисидаги нақл ва ривоятларни бирор воқеа атрофида жам қилгани ҳолда аксарият ҳолларда тугал ғоявий-бадиий мундарижага эга бўлган асар яратади. Шуниси характерлики, муаллиф қаламга олган ривоятга катта маҳорат билан дунёвий руҳ сингдиради.
Хулоса қилиб айтганда, “Қиссаси Рабғузий” асари XIII аср охири ва XIV аср бошларидаги ўзбек адабиёти тарихида, хусусан проза жанри тараққиётида ўзига хос аҳамиятига эга бўлган ёдгорликдир. Асарда шеърий парчалар ғазалчилик жанри тараққиётининг тадрижи сифатида қимматлидир.



Download 1.4 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling