Adabiyotshunoslik kafedrasi
-мавзу: Хоразмий ҳаёти ва ижоди
Download 1.4 Mb.
|
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Назорат саволлари
11-мавзу: Хоразмий ҳаёти ва ижоди
Режа: Хоразмий таржимаи ҳоли ҳақида маълумот. “Муҳаббатнома”нинг яратилиш тарихи. “Муҳаббатнома”нинг мавзу кўлами. “Муҳаббатнома”да ёр, ошиқ, Муҳаммадхожа образи тасвири. “Муҳаббатнома”нинг бадиий хусусиятлари. Адабиётлар: Ўзбек шеърияти антологияси. Беш томлик. Иккинчи том. –Тошкент: Бадиий адабиёт нашриёти, 1961. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш томлик. Биринчи том. –Тошкент: Фан, 1977. Назорат саволлари: Хоразмий таржимаи ҳоли ҳақида сўзланг. “Муҳаббатнома”нинг яратилиш тарихи ҳақида маълумот беринг. “Муҳаббатнома”да ёр ва ошиқ образи тасвирини ёритинг. “Муҳаббатнома”да Муҳаммадхожа образи тасвири қандай? “Муҳаббатнома”нинг композицион тузиши қандай? “Муҳаббатнома”нинг бадиий хусусиятларини ёритинг. “Муҳаббатнома”нинг тил хусусиятлари ҳақида маълумот беринг. “Муҳаббатнома”нинг ўзбек адабиёти тарихидаги ўрни ва аҳамияти қандай? Хоразмий ўзбек дунёвий адабиётининг илк йирик намояндаларидан биридир. Хоразмийнинг ҳаёти ва ижодиёти ҳақида етарли тасаввур берадиган манбалар ҳозирча маълум эмас. Муаллиф ҳақида қисқа бўлса ҳам маълумот берувчи ягона манба унинг “Муҳаббатнома” асаридир. Шоир “Муҳаббатнома”нинг муқаддимаси ва қисман хотимасида ҳамда шу асарга илова қилган шеърий “Ҳикоят”ида ўз саргузаштлари ва адабий фаолияти ҳақида баъзи бир маълумотларни баён этади. Шоирнинг тўлиқ номи бизга маълум эмас. “Хоразмий” эса шоирнинг тахаллуси бўлиб, бу тахаллус унинг хоразмлик эканини кўрсатади. Хоразмий XIV аср бошларида (ёки XIII аср охирида) туғилган. Хоразмий яшаб ижод этган давр Чингизхон истилосининг даҳшатли оқибатларидан кейин Ўрта Осиёда хўжалик ва маданий ҳаёт қайтадан бирмунча жонланиб, янги муваффақиятлар қўлга киритилаётган давр эди. Шоирнинг юрти Хоразм эса хўжалик ва маданий ҳаётда ўз аввалги мавқеини анчагина тиклаб олиб, қўшни ўлкалар билан савдо-сотиқ ишлари ҳамда маданий-алоқаларни маълум даражада изга солиб юборган эди. Хоразмийнинг ёшлик йиллари, ўқиш даври ва илк ижодий фаолияти Хоразмда ўтди. “Ҳикоят”да баён этилишича Хоразмий бир неча Шарқ мамлакатларига саёҳат қилган, турли халқларнинг ҳаёти билан танишган ва оғир машаққатларни бошидан кечирган. Жумладан, унинг Шом сафарини форс-тожикча сатрларда шеърий йўл билан баён қилади. Қуйида унинг ўзбек тилига қилинган таржимасини насрий баёнини берамиз: “Менда Шомга сафар қилиш фикри туғилиб, йўлга чиққан йили отлиқ ҳам бўлдим, аёв ҳам юрдим. Қўлимда ҳасса, оёғимда ковушим бор эди, қайҳолатда бўлмайин, вақтим хуш эди. Биров сув берар, биров нон берар эди, кема дилбарлар зулфидек паришон эди. Таваккал қилиб денгиздан ўтдим. Рум(Туркия)ни бошдан-охир кезиб чиқдим. Сўнгра Шомга йўлланма бердилар. Тайфур мулкидан Шомга йўл олдим. Ўртоғим бор эди, хур киши эди, ёшу поку сайидзода эди... Сулаймон чумолиларга ҳамтовоқ бўлгани сингари, сувимизни, шўр ёки ширинлигидан қатъий назар, баҳам кўрар эдик... Гоҳо гулга, гоҳо тиканакка дуч келдик, текислик ҳамда тоғликларда бўлдик...” Бу саёҳат давомида бир карвонбоши Хоразмийнинг ҳамроҳига ўринсиз дашном беради, йўловчи бир торса (христиан) эса уни ҳимоя қилиб, буларга ёрдам беради. Хоразмий Моварауннаҳрда ҳам узоқ саёҳат қилади. Саёҳат вақтида у 1353 йилнинг охирларида Олтин Ўрда хони Жонибекнинг Сирдарё музофотидаги амалдорларидан бўлган Муҳаммадхожабек билан танишади. Муҳаммадхожабек маърифатпарвар ва қобилиятли шоир бўлиб, у Хоразмийдан ўша қиш фаслида шу ерда қолиб, ўзбек тилида бир асар яратишни илтимос қилади. Форс-тожик тилидаги асарлари билан шуҳрат қозонган Хоразмий Муҳаммадхожанинг илтимосини мамнуният билан қабул қилади ва “Муҳаббатнома” асарини яратади. Шоир бу ҳақда “Баёни воқеин айтур”да шундай ҳикоя қилади: Табассум қилди, айди эй фалони, Кетургил бизга лойиқ армуғони. Кўнгул баҳринда кўп гавҳарларинг бор, Очунда порсий дафтарларинг бор. Муҳаббат нардини кўплардин ўттунг, Шаккартек тил била оламни туттунг. Тилар менким бизнинг тил бирла пайдо, Китобе айласанг бу қиш қотимда. Ки уш елтек кечар айёми фоний, Жаҳонда қолса биздин армуғоний. Қабул қилдим, ер ўптум, айдим: эй шоҳ, Эшикинг тупроғи давлатли даргоҳ. Кугум етмишча кўп хизмат қилойин, Жаҳонға эйгу, отингни ёйин... “Муҳаббатнома” асари ҳижрий 754 йилда (милодий 1353-1354 йилларнинг қиш фаслида) Сирдарё атрофида яратилади: Бу дафтарки бўлубтур, миср қонди, Етти юз элли тўрт ичра туганди. “Муҳаббатнома” сўзин мунда биттим, Қамуғин Сир яқосинда биттим. Хоразмийдан бизга қадар фақат “Муҳаббатнома” (унга илова қилинган “Ҳикоят” билан бирга) асари етиб келди. Бу асар ўзбек дунёвий адабиётининг ишқ-севгини куйлаб шарафлаган илк йирик асарларидан бири бўлди. Гарчи Хоразмийнинг бошқа асарлари бизгача сақланиб қолмаган ёки номаълум бўлиб қолаётган бўлса ҳам, Муҳаммадхожа тилидан айтилган “Муҳаббат кордини кўплардан ўттунг” сўзлари унинг бошқа асарлари ҳам дунёвий севги масалаларига бағишланганлигини кўрсатади. Асарнинг икки қўлёзма нусхаси бор. Улардан бири уйғур ёзувида, иккинчиси араб ёзувида кўчирилган. Уйғур ёзувидаги қўлёзма 1432 (835) йилда Язд шаҳрида Мир Жамолиддин деган кишининг топшириғи билан, Боқи Мансур бахши номли котиб томонидан кўчирилган. Бу қўлёзма Британия музейида сақланмоқда. “Муҳаббатнома”нинг араб ёзувидаги нусхаси 1508-1509 йиллар (914 йил)да кўчирилган. Бу нусхага мустақил асар бўлган “Ҳикоят” илова қилган. Бу нусха ҳам Британия музейида сақланмоқда. Бу икки қўлёзма бир-биридан бирмунча фарқ қилади. Араб ёзувидаги нусхада асарнинг ҳажми каттароқ. “Муҳаббатнома”нинг араб ёзувидаги нусхасида “Ҳикоят” билан бирга 473 байтдан иборатдир. “Муҳаббатнома” ҳамда, шоирнинг Муҳаммадхожа билан кўришганининг баёни, 3 ғазал (биттаси форс-тожик тилида), маснавий, “Муҳаммадхожабек мадҳи” ва “Васфул-ҳол”дан ташкил топган. Асарнинг асосий қисмини номалар ташкил этади. Шоир дастлаб асарни ўн номадан иборат қилиб ёзмоқчи бўлган экан, лекин охирида асарга яна бир нома қўшиб, уни ўн бир номадан иборат қилади: Бу ерга етди сўз таъхир бўлди, Бурун ўн дедим, у ўн бир бўлди. Ўн бир номадан учтаси: 4-, 8- ва 11-номалар форс-тожик тилида бўлиб, қолган 8 нома ўзбек тилидадир. Кўпчилик номалар маснавий-номадан ташқари, ғазал ва кичик соқийномани ҳам ўз ичига олади. (Биринчи номадаги ғазал Хоразмийнинг ғазали бўлмай, балки Муҳаммадхожанинг ғазалидир). Асарнинг хотимаси “Ғазал”, “Муножот”, “Қитъа”, “Хотиматул-китоб”, “Ҳикоят” (мустақил асар) ва “Илтимосин айтур” қисмларидан иборат бўлиб, асар тексти бир фард билан тугайди. Юқоридагилардан маълум бўладики, “Муҳаббатнома” хилма-хил жанрлардан (нома, маснавий, ғазал, қитъа, мадҳия ва бошқалардан) ташкил топган асардир. Нома асарнинг етакчи жанри бўлиб, унда шоир севгилисининг ҳусн-жамолини тасвирлайди, висол иштиёқи ва ҳижрон изтиробини куйлайди ва кўпинча сабо орқали унга салом йўллайди. Маснавий шоирнинг соқийга мурожаат қилиб айтган шеъри бўлиб, уни соқийнома деб аташ мумкин. Бу кичик шеърда (кўпинча 3 байт) шоир соқийдан май сўрайди, ўз қайғу-аламини енгиллаштирмоқчи бўлади ва уни: Сабрдан яхши йўқтур пеша қилсам, Бу йўлда сабр йўқ андиша қилсам. тарздаги нақорат билан тугаллайди. Бу нақорат “Муҳаббатнома”нинг форс-тожик тилидаги маснавийларига илова қилинган. Хоразмий нома (ишқий-шеърий мактуб) ва маснавий (соқийнома) жанрларида ҳам, қитъа ва бошқа лирик жанрларда ҳам ўз санъаткорлик маҳоратини кўрсата олган. Асар бир неча жанрлардан таркиб топиши, мураккаб композицияси, ҳажмининг катталиги ва бошқа хусусиятлари жиҳатидан лирик достонларга ўхшаб кетади. Шунга кўра, “Муҳаббатнома”ни шартли равишда лирик достон деб ҳам аташ мумкин. “Муҳаббатнома”нинг (“Ҳикоят” билан бирга) 317 байти ўзбек тилида, 156 байти форс-тожик тилида битилган бўлиб, асар ширу шакар усулида ёзилганга ўхшаб кетади. Лекин, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Муҳаббатнома”нинг асосий тили ўзбек тилидир. Асарнинг катта қисмининг ўзбек тилида ёзилиши, барча сарлавҳаларнинг ўзбек тилида номланиши ва форс-тожик тилидаги номларни хотималовчи байт сифатида ҳам ўзбек тилидан нақоратнинг келиши фикримизнинг далилидир. Ўзбек адабий тилининг равнақ топиши, унинг маданий ҳаётда кенгроқ ўрин эгаллай бориши, ўзбек китобхонларининг эҳтиёжи ва талаби форс-тожик тилидан асарлари билан шуҳрат топган Хоразмийни ўз она тилида ўзбек тилида ҳам ижод этишга, бу тилда “Муҳаббатнома”даги катта бадиий асар яратишга илҳомлантирди; у ўзбек мумтоз адабиётида илк зуллисонайн (икки тилда ижод қилувчи) шоирлардан бири бўлиб етишди, форс-тожик адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшди. “Муҳаббатнома” Олтин Ўрда хони Жнибекнинг (1342-1357) ҳукмдорларидан бири бўлган Муҳаммад Хўжабекнинг таклифи билан 754 (1353) йилда ёзилган. Асарнинг ёзилган жойи деганда тадқиқотларда Сирдарё бўйидаги Сиғноқ шаҳри тилга олинади. Бунга шоирнинг “Камуғин Сир яқасинда битидим” деган мисраси асос бўлган. “Муҳаббатнома” ўз номи билан ишқ-севги асаридир. Асардаги севги дунёвий моҳиятга эга бўлиб, у инсоннинг инсонга бўлган севгисини куйлайди, уни эътироф қилади, у инсонни таркидунё қилишга эмас, балки яшаши ва ҳаётнинг қадр-қимматини билишга чақиради. Сочинг бир торина минг ҳур етмас, Юзунгнинг нурина минг нур етмас. Агар берса суюрғаб ҳақ таоло Керакмас сенсизин фирдавси аъло. Ёр (инсон) ҳур-парилардин ҳам кўркли бўлиб, ҳатто осмон фаришталари ҳам унга ошиқ бўладилар. Ёр фақат ҳусн-жамоли билангина эмас, балки ақл ва донишмандлиги ҳамда билими билан ҳам гўзалдир: Билик билмак ичинда жавҳарий сен, Вале ҳусн ичра жавҳардин арийсан (юқори, юксак) Ёр шунчалик кўркам ва дилрабоки, уни кўрган тарсо (бутпараст) ҳатто санам (бут)идан воз кечади: Сени кўрса кечар тарсо санамдин, Вужудқа келмади сентек адамдин. Вафо, одамгарчилик ва камбағалпарварлик фазилатлари ёрнинг ҳуснига ҳусн қўшади. Шунга кўра, шоир унга шундай мурожаат қилади: Бўюнг сарву сонубартек, белинг қил, Вафо қилғон кишиларга вафо қил. Чечак дерман юзунгизга қамар ҳам, Халойиқ севганин холиқ севар ҳам. Қачонки шод эсанг, ғамгина раҳм эт, Агар султон эсанг, мискина раҳм эт. Ёрнинг яхши сифатларини мақтаб ардоқлаган шоир унинг вафосизлик, шафқатсизлик ва илтифотсизлик каби хислатларига бефарқ қараб туролмайди, уни қаттиқ қоралаб, шикоят қилади. Бу шикоят сўзлари кенгроқ ва чуқурроқ ижтимоий моҳиятга эга бўлиб, яшаган муҳитининг адолатсизлигига қарши маълум норозилик кайфиятларини ҳам ифодалайди. Шундай қилиб, Хоразмий “Муҳаббатнома”да дунёвий севгини куйлайди, ҳусн-жамоли ва ақл-одоби билан кишини мафтун қилувчи ёрни таъриф қилди, севгининг завқ-шавқини, висол шодлиги ва ҳижрон изтиробини ҳассослик билан тасвирлайди. Вафосиз ва жафокор ёрни танқид қилиб, яшаган муҳитининг айрим иллатларига қарши норозилик кайфиятларини ифодалади. Асар мундарижасига эътибор берилса, унинг умумий қурилишида қуйидагича ҳолат кўзга ташланади: Асарга расмий кириш: бу қисм ўз ичига ҳамд, воқеа баёни (асарнинг ёзилиши сабаби ва ўрни), “Муҳаммад Хўжабек мадҳи, сўз боши (васф ул-ҳол) ҳамда воқеа баёни билан боғлиқ ҳолда орада келтирилган ғазалларни (учта ўзбекча, битта форсий) олади. Асарнинг асосий моҳиятини ташкил этган номалар ҳамда улар билан боғланган соқийнома тарзидаги кичик маснавийлар. Асарнинг хулоса қисми (муножот, қитъа, хотима ул китоб ва форсий ҳикоя). “Муҳаббатнома”нинг асосини, унинг номидан ҳам кўриниб тургандек, муҳаббат номалари – ошиқнинг ўз маъшуқасига йўллаган шеърий мактублари ташкил этади. Номаларнинг ўнтаси тўғридан-тўғри маъшуқага мурожаат сифатида бошланиб, тасвир шу руҳда давом этади. Фақат битта мактуб – иккинчи нома тонг насимига мурожаат тарзида ёзилган (Саломим гулга айт, эй тонг насими). Бинобарин, бу нома ўз услуби билан бошқа қисмлардан ажралиб туради: бевосита маъшуқага қаратилган мактубларда маҳбубанинг тавсифи ва мадҳи етакчи ўринни эгаллаб, ошиқнинг шикояти, кечинмалари тасвири ҳам бўлса, иккинчи номада бу жиҳат анча кенг планда берилган. Ҳар бир номадан кейин соқийга хитобан уч байтли маснавий келтирилган бўлиб, уларда шоирнинг ҳар бир мактуб мазмуни билан боғлиқ таассуроти ва кечинмалари ўз ифодасини топган. Барча маснавийларда учинчи байт (“сабурдин”) айнан бир хил бўлиб, нақорат тарзидаги бу байт асарнинг барча компонентларини бир-бирига боғлаб, муайян фикрни таъкид этади. Download 1.4 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling