Adabiyotshunoslik kafedrasi
-мавзу: Сайфи Саройи ижодий мероси
Download 1.4 Mb.
|
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Назорат саволлари
12-мавзу: Сайфи Саройи ижодий мероси
Режа: 1. Сайфи Саройи таржимаи ҳоли ҳақида маълумот. 2. Сайфи Саройининг ижодий мероси. 3. "Суҳайл ва Гулдурсун" достони. 4. "Гулистони бит-туркий" асари. Адабиётлар: 1. Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. -Тошкент: Ўқитувчи, 1976. 2. Ўзбек адабиёти. 4 томлик. 1-том. –Тошкент: Бадиий адабиёт нашриёти, 1959. Назорат саволлари: 1. Сайфи Саройи қачон ва қаерда таваллуд топди? 2. Сайфи Саройи ғазалларига хос хусусиятлар ҳақида сўзланг. 3. Сайфи Саройи яна қайси жанрларда ижод қилган: 4. Сайфи Саройи ижоди ҳақида қайси манбадан маълумот олиш мумкин? 5. Сайфи Саройининг "Гулистони бит-туркий" асари таржимаси ҳақида маълумот беринг. 6. "Суҳайл ва Гулдурсун" достони мазмун-моҳияти ҳақида сўзланг. 7. Сайфи Саройининг ўзбек адабиёти тараққиётидаги ўрни ҳақида маълумот беринг. 8. Сайфи Саройи ижодининг кейинги авлод ижодкорларига таъсири ҳақида нима дея оласиз? Сайфи Саройи XIV аср ўзбек дунёвий адабиётининг таниқли намояндаси. У лирик ва эпик шоир, ношир ва таржимон сифатида ўзбек дунёвий адабиёти ва ўзбек адабий тили тараққиётига муҳим ҳисса қўшди. Манбалардан маълум бўлишича, Сайфи Саройи 1321 йилда туғилиб, 1396 йилда вафот этган. Сайфи Саройининг яшаб, ижод қилиб ўтган даври тарихда Ўзбекхон ўғли Тинибек ва Жонибекларнинг ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Унинг қуйидаги мисралари муҳим биографик маълумот беради: Қамишли юрт меним тувғон элимди, Билиг ғурбатга келтурғон билимди. Келиб ўлдим саройда шеър фидойи, Саройнинг шоири, элнинг гадойи. Юқоридан маълум бўладики, шоир "Қамишли юрт"да (бу ҳозирги Хоразм вилоятининг Сариқамиш қишлоғи деб тахмин қилинади) туғилади, билим олмоқ учун ғурбатда-мусофирликка юз тутди. Маълумки, XIII асрнинг ўрталарида Шарқ халқларининг бошига оғир кулфат тушган. Чингизхон аскарларининг даҳшатли босқини Ўрта Осиё шаҳарларини вайрон қилди. Тахт талашишлар натижасида мамлакат ҳаёти издан чиқди. Шундай бир шароитда яшаган шоир, албатта, бундай даҳшатлардан қутилиш учун кўплар қатори ўз ватанини ташлаб, бошпана топишга мажбур бўлди. У бу ҳақда: Ўсиб тупроғим узра найзалар, мен эвдан айрилдим, Ватандин бенишон ўлдимда, ўзга юртга эврилдим. Негул менга фалак жавзо айлади қандай гуноҳим бор? Илоҳо айла кам жабринг, мен элга содиқ ул эрдим, - деб ёзган эди. У Мовароуннаҳрда, Олтин Ўрда давлатининг пойтахти Саройда яшаб ижод қилган, Миср ва Туркияда ҳам яшаган. Сайфи Саройи шаҳар-ўлкаларни кезар экан, ҳамма жойда одамларнинг оғир меҳнатини, очлик, қашшоқлик билан ҳаёт кечиришларини, ҳокимларнинг эса ўзгаларнинг меҳнати туфайли айш-ишратларини кўрди ва бу таассуротларини шеърий сатрларга киритди. "Гулистони бит-туркий" китобидаги қуйидаги мисралар шоирнинг Миср маликларидан бирининг хизматида бўлганлиги, қариб қолганлиги туфайли ўз ватанига кетиши учун маликдан рухсат сўраганидан далолат беради: Илоҳий бу қари мискин қулингни, Бағишла кўргузиб тўғри йўлингни. Маликлар расмидир дилшод қилмоқ, Қариса қулларин озод қилмоқ. Қари ёрли қулинг Сайфи Саройи, Фақиру бенаво лутфинг гадойи. Ани лутфинг билан дилшод қилғил, Бағишлаб ёзуқни озод қилғил. Сайфи Саройидан бизга адабий мерос бўлиб бир қанча ғазаллар, қасидалар, қитъа, рубоийлар, "Суҳайл ва Гулдурсун" достони, "Синдибоднома", "Гулистони бит-туркий" китоби етиб келган. "Гулистони бит-туркий" форс-тожик шоири Саъдийнинг "Гулистон" асарининг ўзбек тилидаги ижодий таржимасидир. "Гулистони бит-туркий" асарининг кириш қисмидаги ва сўнгги варақларидаги "Кўнгил", "Топулмас", "Кўзларинг", "Таолаллоҳ зеҳи сурат", "Ул юзи ой", "Кўзларинг", "Янги ой", "Қамар юзингдин", "Эрур", "Тутар", "Менингдек нечалар ҳайрон", "Кўринур" каби ғазаллари ва бир "Баҳор тасвири" шеъри етиб келган. Гарчи булар шоирнинг тўлиқ поэтик бисотини акс эттирмаса-да, унинг лирик ижоди тўғрисида маълум тушунча ҳосил этади. Сайфи Саройи ўз шеърларида шакл ва мазмун бирлигини биринчи ўринга қўйди. У асарда шаклни мазмундан устун қўйилишига қарши чиқди. Шунингдек, шакл мукаммаллигини санъатнинг жуда муҳим белгиси деб ҳисоблайди. "Гулистон" таржимаси муқаддимасида шоирлар таърифида қуйидагиларни келтиради: Жаҳон шоирлари, эй гулшани боғ, Кими булбулдурур сўзда кими зоғ. Кими тўти тегин чайнар шакарни, Кими лафзи билан ўртар дурорни. Кимнинг сўзлари мавзуну ширин, Кимнинг лойиқи таърифу таҳсин. Кими ўзганинг ашъорин меним дер, Кими ҳайвон киби шолғом чўпин ер. Кими маъни тузуб вазнин тузатур, Кими вазнин бузуб, санъат кузатур. Уларнинг уш бири Сайфи Саройи, Жаҳон орифларининг хоки пойи. Ани сан жумла шоир камари бил, Қимор юзга ҳамиша муштари бил. Сайфи Саройининг лирик шеърлар сон жиҳатидан жуда оз, девон тариқасида тартиб этилмаган. Лекин улар тематик жиҳатдан турлича. "Гулистони бит-туркий" асарининг кириш қисмидаги ва сўнгги варақларидаги "Кўнгил", "Топулмас", "Кўзларинг", "Таолаллоқ зеҳи сурат", "Ул юзи ой", "Кўзларинг", "Янги ой", "Қамар юзингдин", "Эрур", "Тутар", "Менингдек нечалар ҳайрон", "Кўринур" каби ғазаллари ва бир "Баҳор тасвири" шеъри етиб келган. Гарчи булар шоирнинг тўлиқ поэтик бисотини акс эттирмаса-да, унинг лирик ижоди тўғрисида маълум тушунча ҳосил этади. Сайфи Саройи ғазалларида самимий, ҳаққоний муҳаббат мотивлари: вафодорлик, содиқлик каби олижаноб инсоний туйғулар куйланади. Сайфи Саройи лирикаси вазн, қофияларнинг турлилиги ва ўзига хос сўз ўйинлари билан ажралиб туради. Қуйидаги шеърий сатрларда шоир "Гулзор эрур - гул зор эрур", "асрор эрур - асрор эрур" каби сўз ўйинлари яратадики, бунда гулзорда севгилисининг юзини гулзорга ўхшатиб, сифатлаш воситасидан, сўнгги сатрлардаги "гул зор эрур” сўзида севгилисининг юзини кўришга гул ҳам зорлиги ҳолатини англатади. Сўнгги сатрлардаги биринчи “воқифи асрор”да сирлардан хабардорликни маълум этса, иккинчи “асрор эрур”да асраш маъносини ифода этади: Дилбаримнинг зулфи сунбул, чеҳраси гулзор эрур, Бўйина ошиқ санубар, юзина гул, зор эрур. Шахд сўзи, ориф ўзи, воқифи асрор эрур, Васл бўстонида хуш ошиқларин асрор эрур. Васфина Сайфи Саройи иши ашъор эрур, Андин ўзга бирла ошиққа емак ош, ор эрур. Шоир мана шундай ўхшатишлар, сўз ўйинлари билан реал ҳаёт одами бўлган гўзалнинг образини ярата олган. Шунинг билан бирга, шоир ўз асарларида гўзалнинг ҳусни билан бирга одоби, илми, ёқимли ҳулқи ҳам бўлмоғи керак деб, унинг ички дунёсига ҳам майл-рағбат кўрсатади. Сайфи Саройининг XIV аср озарбайжон шоири Хусан Исфароёнийнинг бир ғазалига ёзган назирасида ҳам ер қизи ҳусни-гўзаллигининг беқиёс таърифи ётади. Сайфи Саройи бу ғазалда оригиналнинг айнан қофияларидан, истилоҳларидан тўла кўтарган эмас, оригинал қофиялар, ўхшатиш, сифатлаш, сифатлашнинг орттирма даражани ишлатган: Топилмас ҳусн мулкинда сенга тенг бир қамар манзар, На манзар – манзари шоҳид, на шоҳид-шоҳиди дилбар. Бу кун Юсуф жамолини қилибдур ҳақ сенга бахшиш, На бахши – бахшиши давлат, на давлат – давлати мафхар. Сўзинг дурру жавоҳирдур, кўнгуллар ганжина лойиқ, На лойиқ – лойиқи хисрав, на хисрав – хисрави кишвор. Шакардин тотлидир хулқинг, карамда хотиринг матлаб, На матлаб – матлаби маъдан, на маъдан – маъдани жавҳар. Зиҳи давлатли ошиққим, санинг бирла қолур ишрат, На ишрат – ишрати жаннат, на жаннат – жаннати кавсар. Бу ҳусннинг шавқи-завқинда кўнгил тўтилари топди, На топти, топти хуш лаззат, на лаззат – лаззати шаккар. Жамолинг нақшина Сайфи Саройи боғлади сурат, На сурат – сурати ҳасно, на ҳасно-ҳусни жонгарвар. Шоир лирикасида табиат образи ҳам учрайди. Бундай шеърларда биз Сайфи Саройининг ҳаётга бўлган муҳаббатини, некбин туйғуларининг табиатнинг сержило, серҳаяжон ажойиб лавҳаларга қоришиб кетганини кўрамиз. Яна кийда янги ашжор хилъат, Безониб боғу бўстон тавси зийнат. Бутоқлар олди бўстондин яна бож, Чечаклардин ўруниб ҳар бири тож. Бинафша бўйнин эгди гулга қарши, Очиб анбар кўзин сунбулга қарши. Бўлуб мутриб гулистонларда булбул, Қилур минг турли нағма бирла гул-гул. Сочар дон ризқ учун ер экинчи, Унинг бор экмагидин зўр илинжи. Бу шеърда шоир баҳор тасвирига – табиат образига меҳнатни олиб кирган. Экинчи-деҳқоннинг баҳор палласида дон экиши ҳақидаги бу шеърий сатрлар XIV аср поэзиясидаги ҳаётий деталлардир. Сайфи Саройи ўз ижодида пешқадам қарашларни ифодалаб халқ, Ватан, маърифат, инсонпарварлик, дўстлик ғояларини илари сурди. У Мисрда ҳижрий 793 йилда (милодий 1390/91) улуғ форс-тожик адиби Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарини таржима қилади. Бу таржима "Гулистони бит-туркий" деб номланади. Ҳижрий 796 йилда (милодий 1394 йилда) эса "Суҳайл ва Гулдурсун" достонини яратади. "Гулистони бит-туркий" асаридаги лирик парчалар ҳам фалсафий фикрларга ўралган ҳолда асосан шу ҳаётий темаларни ёритади. Бундай лирик парча, байтларда дастлаб шоирнинг инсонни билим олишга, бирор ҳунарни эгаллашга чақириши диққат-эътиборимизни жалб этади. Шоирнинг фикрича, иш-меҳнат инсон учундир ва инсон меҳнат билан инсондир. Ҳар бир эр – бир иш учундир, ҳар бир иш – бир эр учун. Инсонлар, дейди шоир, қўлидан келганича бир-бирига ёрдам қилмоғи керак: Етганича кучинг кўнгил ёпқил, Ким халоқий сенга дуо қилғай, Тушган эр ҳожатни раво қилсанг, Ҳақ сенинг ҳожатинг раво қилғай. Шунингдек, жоҳиллик қаттиқ қораланади: Жоҳил эр қилса жафо бўлмоқда роийи ҳаким, Не билур кўзсуз қиморга қадрини наққошнинг. Синдирур бўлса уриб олтин қадаҳни катта тош, Синмас олтун қиймати, ортмас баҳоси тошнинг. Юқоридаги қитъалар шоирнинг "Гулистони бит-туркий" китобидаги ҳикоятларга боғланиб, унинг фалсафий-ижтимоий фикрларини тарғиб қилувчи лавҳа бўлиб хизмат қилади. Сайфи Саройининг бизгача бир рубойиси ва бир чистони етиб келган. Уларда ҳам шоир яхшиликни, меҳр-муҳаббатни улуғлайди: Ким келди эса жаҳонға, шак йўқки, кетар, Оқил келибон бу ерда кўп хайр этар. Сен эзгулик эт, доғи тенгизға солғил, Ёзида сенга яқин бил, ул хайр етар. Сайфи Саройи шеърлари ибратли фикр-мулоҳазалари, ўгити ва фалсафий мушоҳадалари билан ҳам қимматлидир. Шоир садоқат ва самимиятни, эзгулик ва хуштавозеликни таърифлайди, ҳаёт ва коинот сирларини билишга интилиб орзуларга берилади, фикр юритади. Сайфи Саройи замонасининг моҳир санъаткоридир. У бадиий сўз сирларини яхши идрок этган, шеърият қонун-қоидаларини мукаммал эгаллаган шоирдир. Бунга унинг замондошлари билан қилган мушоираси ҳам ёрқин далил бўла олади. “Гулистон” қўлёзмасида 8 та мушоира берилган. Бу Мавлоно Қози Муҳсин, Мавлоно Исҳоқ, Мавлоно Имод Мавлавий, Аҳмад Хожа-Саройи, Хоразмий, Абдулмажид, Туғлихожа ҳамда Ҳасан ўғлининг биттадан 8 ғазали ва уларнинг ҳар бирига Сайфи Саройи битган назира – жавоб ғазалларидир. Сайфи Саройи мушоира қилган шоирлар ҳақида деярли маълумотга эга эмасмиз. Бироқ бу шоирлар, афтидан бир даврани, адабий мактабни ташкил этган, ғоявий-эстетик жиҳатдан бир-бирига яқин турган, ижодий ҳамкорлк қилишган, улар бир неча туркий халқларга мансуб бўлган. “Гулистон” қўлёзмасига киритилган мушоира уларнинг ижодий ҳамкорлигидан бир саҳифа бўлиб, бу мушоира Мисрда ўтган бўлиши мумкин. Мушоирадаги барча шеърлар дунёвий севгини куйлайди, ҳаёт ва коинот мадҳи, табиат тасвири, ўгит ва ибратли сўзлар бу ғазаллар мазмунини, моҳиятини ташкил этади. Шоирлар турли санъат усуллари ва бадиий тил воситаларини қўллайдилар, сўз бойлигидан унумли фойдаланадилар. Яна муҳим бир хусусият шундаки, кўпгина ғазалларда (хусусан қофияда) сўз ўйини қилинган, омонимлар қўлланган. Бу ҳол ҳудди шу даврда туркий халқлар ёзма адабиётида туюқ жанрининг вужудга келиши, халқ шеърияти таъсирида алоҳида шеърий форма сифатида шаклланиш жараёни ҳақида ҳам кенг тасаввур беради. Сайфи Саройи ижодида чистон ҳам мавжуд: Недир улким сўкуб, тортиб бунгалмас, Боши заҳлик даво бирлан ўнгалмас. Маълумки, чистон Шарқ халқлари оғзаки адабиётида кенг тарқалган жанр бўлиб, кишилар тафаккурининг кенгайиши учун хизмат қилган. Айниқса, болалар тарбиясининг муҳим воситаларидан бири бўлган, бу чистон Сайфи Саройи бадиий адабиётнинг кўпгина жанрларига ҳам қўл урганлигидан дарак беради. Сайфи Саройи шоир Хоразмийнинг табиат гўзаллигини мадҳ қилган бир ғазалга назира тариқасида 24 байтли қасида ҳам ёзган. Унинг бу қасидага Искандария ҳокимига бағишланган. Бу қасида Сайфи Саройи бадиий маҳоратининг ёрқин далили бўла олади. У бизгача етиб келган ўзбек тилида ёзилган XIV аср қасидасининг илк намунаси ҳамдир. Умуман олганда, Сайфи Саройи ўз лирикаси билан Хоразмий, Қутб кабиларни етиштирган дунёвий адабиётнинг тараққиётини ўз ҳиссасини қўша олган шоирдир. У севгили ёр тасвири, самимий муҳаббат каби инсон қалбига хос бўлган барча туйғу ва ҳисларни чуқур бадиий тасвирлар воситаси билан оригинал ифодалаб берган. "Суҳайл ва Гулдурсун" достони XIV аср ўзбек дунёвий адабиёти бисотига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Бу кичик достон дунёвий йўналиш, севги ва садоқатни, мардлик ва жасоратни куйлаши ҳамда тили ва бадиий услуби билан ўзбек дунёвий адабиёти тараққиётига, ўзбек адабий тили камолотига хизмат қилди. Достонда тарихий воқеаларнинг, Темир ва Тўхтамиш жанглари ҳамда уларнинг оқибатининг маълум акс садоси бор. Бинобарин, достон: Эмас афсона чин ушбу битилмиш, Бу чин афсонатек ишқда етилмиш. Айттим оғлабон даврим жафосин, Бир эрнинг қиссаси, ахчи вафосин. Темур Урганжа тортиб келди лашкар, Кўруб кўз-кўр, бўлиб қолди қулоқ-кар. Кўзутти жанг билан оламда тўфон, Оқитти сув текин ер узра кўп қон. Экинчи эвлари ёқилди ўтқа, Бундай соврилди, тупроқ бўлди бўтқа... сатрлари билан бошланади. Мана шу жангларда кўп киши асир олинади, асирлар қаторида Тўхтамишнинг ўғли Суҳайл ҳам бор экан. Суҳайл жуда баҳодир ҳамда гўзал йигит экан. Темурнинг қизи Гулдурсун уни севиб қолади. Чоҳга тушиб асир Суҳайлни қутқаради, икковлон қумли саҳрога йўл оладилар. Очлик ва сувсизлик уларни толиқтиради, Гулдурсун юролмай йиқилади. Суҳайл сув ва егулик излаб узоқдан кўринган қишлоққа йўл олади. Қайтиб келса, Гулдурсун ўлиб қолган бўлади. Бу фожиага чидай олмаган Суҳайл жасоратли ёри жасади устида: Менга яхши бу кун ёр билан ўлмак, На лозим ғам билан дунёда қолмак, - деб ўзига пичоқ санчиб ўлдиради. 1966-1967 йиллар мобайнида олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижасида Фарғона вилоят Ўзбекистон районининг Ленин номли колхоз аъзоси Камолхон Султонов қўлида сақланган бир кичик қўлёзма-ёдгорлик китобчани топишга муяссар бўлинди. Бу китобчада Сайфи Саройи қаламига мансуб "Суҳайл ва Гулдурсун" достони мавжуд бўлиб, у биз учун Сайфи Саройи ижодининг кенг қамровли ҳақида тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Охирги бўлим достоннинг ҳам кульминацияси ҳам воқеанинг ечими – фожиавий хотимасидир. Шу дам бўрон бошланиб, Суҳайл ва Гулдурсун жасадини кўчма қумлар кўмади. Суҳайл оҳ урди, шу дам кўпди бўрон, Анинг тенким, бузулди чархи даврон. Алар узра тўкилди, кўмди тупроқ, Бу сирни танҳо билди кўпроқ. Халос айлаб зулмдан кенг саройинг, Илоҳо асрагин Сайфи Саройинг, Хатм эттим буни тарихга ёдгор. Бу ёдгоримда ёлғон йўқу, чин бор. Битилган номани эллар ўқуғай, Суҳайлнинг тарихини тоза билғай. Ажойиб жинос санъати ҳам достон мазмунини кучайтирган. Бу байтнинг биринчи сатри охиридаги “Саройинг” сўзи шоирнинг тахаллусига ишора бўлса, иккинчи сатрдаги “Саройинг” сўзи шоирнинг “дунё”, “жаҳон” маъносини англатмоқда. Энг характерли жиҳат шундаки, биз унда шоирнинг ўша давр зулмига қарашга қаратилган “Халос айлаб зулмдан кенг саройинг” деган дадил овозини тинглаймиз. "Суҳайл ва Гулдурсун" ғоявий мазмуни билангина эмас, бадиий хусусиятлари билан ҳам қимматлидир. Достонда қаҳрамонларнинг руҳий дунёси яхши очилган. Характерлар конфликт тўқнашувида камол топиб боради, чиниқади. Достонда табиат манзаралари ҳам ҳаётий тасвирланган. Асир тушган Суҳайлни зиндонга – чоҳга олиб бормоқдалар. Аммо мушфиқ кишилар унга далда бермоқчи, дардига кишилар ва қушлар шерик, табиат уни ўз кўрки ва файзи билан юпатмоқчи. Контраст воқеликнинг моҳиятини тўлароқ ва мукаммалроқ очишга хизмат қилади: ... Суҳайл ҳусни эрур Юсуфдин олий, Этар мот олмани юзининг оли. Бийик ярдамлари бор, сўзи ширин, Бўлур ошиқ ани кўрганда Ширин, Вале жавр тоши ёғиб боши узра, Этинти бошини ҳам қоши узра. Уна йўқдур золимкорларда парво, Кима мунгайсин, этиб дарда даво Фақат ҳолини кўрганлар этур оҳ, Учраб атрофда қушлар дардли ҳамроҳ, Булбул мутриб гулистонларда булбул, Қилур минг турли нағма бирла ғул-ғул, Бошин эгмиш етиб олтун бошоқлар, Бошоқларни экинчилар машоқлар... "Суҳайл ва Гулдурсун" арузнинг ҳазажи мусаддаси мақсур вазнида (мофоийлун мафоийлун мафеъийл) битилган. Хотун содиқ ани севгил азиз эр, Ҳар оғир иш даҳам дойим сени дер V - - - V - - - V - - Достонда халқ ижодиётининг маълум таъсири ҳам кўзга ташланади. Бу мисраларнинг равонлиги ва соддалиги, айрим халқ ибораларнинг қўлланилиши, “бошланма”лар ва бошқаларда, шу билан бирга, туш эпизодида (“Суҳайлнинг туш кўриши”) кўринади. Сайфи Саройи ҳижрий 793-милодий 1390/91 йилларда Шайх Саъдийнинг машҳур “Гулистон” асарини ўзбек тилига таржима қилади. Сайфи Саройи “Гулистон” таржимасига киришар экан, уни Миср султони Ҳажиби – хос беги Батхосбекка бағишлайди. Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий форс-тожик адабиётининг улуғ намояндаларидан бири бўлиб, у 1204-1208 йиллар орасида Шерозда туғилиб, 1291/1292 йилларда вафот этади. “Гулистон” (1258) насрий ахлоқий-таълимий асар бўлиб, 8 бобга бўлинади. Боблар: подшоларнинг хислати (I), дарвешларнинг ахлоқи (II), қаноатнинг яхшилиги (III), хомушликнинг фойдаси (IV), ишқ ва ёшлик (V), нотавонлик ва қарилик (VI), тарбиянинг кучи (VII) ва суҳбат одоби (VIII). Ҳар бир бобда шу масалаларга мувофиқ кичик ҳажмли ибратли ҳикоялар келтирилади, шеърий парчаларда ёки ҳикматли сўзларда “қиссадан ҳисса” чиқарилади. Саъдий Шерозий ўз ижодиёти билан Шарқ ва Ғарб халқлари адабиётига самарали таъсир этди. Унинг “Гулистон”идан илҳомланган Абдураҳмон Жомий “Баҳористон” асарини, Мажидиддин Хофий “Хористон” ва Ҳабиб Каоний Шерозий “Парешон” асарларини яратдилар. Навоий, Бобур, Мунис ва Фурқат каби ўзбек ёзувчилари Саъдийни устоз санъаткор сифатида таърифладилар, ундан ўргандилар, айрим ғазалларига назира ва тахмис битдилар. Вольтер, Лафентен ва Гёте каби машҳур Европа ижодкорлари ҳам Саъдий ижоди билан танишиб, ундан маълум даражада баҳраманд бўлдилар. Лафентен ва Гёте эса унинг айрим ҳикоя ва ғазалларидан ижодий фойдаланган эдилар. “Гулистон”да мамлакатни ва эл-юртни тақдири, биринчи навбатда подшоларнинг фаолияти ва унинг маънавий дунёси билан боғлаб талқин қилинади. Ҳукмдорларни адолатли йўллаш, одилларни таъриф-тавсия этиш ва золимларни қоралаш. “Гулистон”нинг муҳим ғоявий мотиви бўлиб, шу ғояни бадиий мужассамлаштирувчи кўпгина ҳикоя ва тамсиллар келтирилади, мақол ва ҳикматлар берилади. Саъдий ва Сайфи Саройи карам ва саҳоватни мақтаб, бахилликни қоралаб, кишиларни ҳикматли ва саҳоватли бўлишга чақиради, эзгулик ва шафқат-мурувватни таърифлайди. Бировларнинг юкини кўтариб, мушкулини осон этган эшакни мардумозорлардан аъло деб билади: Эшак ул одамийдин яхшироқ ким, Қолур доим кишининг кўнглини озор. Илм-маъирфат ва олимларга эътиқод, эҳтиром масалалари “Гулистон”дан сезиларли ўрин олган. Илм-билим кишининг улуғ фазилати ва бойлиги. Киши ҳамма нарсани йўқотиши, ўғирлатиб қўйиши мумкин. Лекин илм-билим асло йўқолмайди. Аммо илми бўлиб унга амал қилмаса – у жоҳилдир: Сўзинг бу дурур ким мен фалон олимман, Чун йўқ амолинг яна ҳамон жоҳилсан. “Гулистон” худбинлик, кибр-ҳаво, мақтанчоқлик ва насл-насаб ёки амал билан керилиш иллатларини ҳам қаттиқ қоралади. “Гулистон” ажойиб ҳикоялар мажмуасидир. “Гулистон” ҳикоялари ҳажм жиҳатидан жуда кичик, лекин мазмунан бой, ибратли ҳикоялардир. Бу ҳикоялар инсофсизлик ва адолатсизликни, нодонлик ва жаҳолатни қоралайди, олижаноб инсоний фазилатларни тартиб этади. Уларда Нуширавон, Ҳотам, Маҳмуд, Аёз ва бошқа тарихий номлар билан юритилувчи образлар, ярим тарихий – ярим афсонавий шахслар образлари берилган. Нуширавон ҳақидаги ҳикояларнинг бирида овга чиққан шаҳнинг овқат учун ҳаққини тўлаб бир хонадондан туз олишини баён қилар экан, ҳукмдор одил бўлиш кераклиги баён этилади. Луқмон ҳикоясида “адабни адабсиздан ўргандим”, яъни одобсиз қилган ишни қилмадим, Ҳотам ҳикоясида қўл меҳнати билан топилган луқма ҳар қандай бойликдан улуғ дейилади, яна бир ҳикояда деҳқон кулбасида меҳмон бўлиб, уни сарафроз этган малик таърифи айтилади. Тил ва услуб жиҳатдан "Гулистони бит-туркий", Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” асарига, айрим ўринлари (хусусан билимга тааллуқли ўринлар) билан “Қутадғу билиг”га яқин туради. “Гулистон”нинг баъзи ҳикоялари Навоий, Ҳожа ва бошқа адибларда ўзига хос вариантларда учрайди. Download 1.4 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling