Агробизнесни ташкил этиш ва бошқариш тдау-2020 Ўзбекистон республикаси


Пахтачилик иқтисодиёти ва бошқарув


Download 1.13 Mb.
bet109/225
Sana11.01.2023
Hajmi1.13 Mb.
#1089269
1   ...   105   106   107   108   109   110   111   112   ...   225
Bog'liq
Дарслик-Ўрмон хўж.

11.5 Пахтачилик иқтисодиёти ва бошқарув.
Ер юзида 80 га яқин, Ўзбекистонда эса – 40 га яқин техник экинлар экилади. Уларнинг ичида ғўза асосий экин ҳисобланади. Ғўза етиштиришдан пахта хом-ашёси ва ғўзапоя олинади. Пахта хом-ашёсини бирламчи қайта ишлаш жараёнида пахта толаси ва чигит олинади. Пахтачилик универсал тармоққа айланиб бормоқда. Унинг асосий маҳсулотлари пахта хом-ашъёси ва поясини қайта ишлаш жараёнида 1200 дан ортиқ саноат маҳсулотлари олинади. Ўзбекистон тўқимачилик саноати хом-ашъёси балансида пахта толаси 70 фоизни, ўсимлик ёғ-мой саноати балансида – чигит 90 фоизни ташкил этади. Пахта хом-ашъёсидан газлама, ип, момиқ, сунъий ипак, тўқимачилик ва бошқа кўпгина буюмлар ишлаб чиқарилади. Чигитдан энг арзон ёғ, маргарин, совун, глицерин ва бошқа маҳсулотлар, чигит қолдиғидан эса кунжара, шелуха олинади. Пахта тозалаш ва ёғ заводлари чиқиндиларидан изоляция материаллари, целлюлоза, спирт, линолеум, лак, ҳар хил буёқлар, кино плёнкаси ва бошқа кўпгина товарлар тайёрланади. Ғўза баргидан органик кислоталар, жумладан, сирка, лимон, олма кислотаси олинади. Ғўзапоядан дағал қоғоз, картон, фанер ва бошқа материаллар ишлаб чиқарилади. Чигитдан олинадиган шелуха чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳисобланади, ундан гидролиз саноатида хом – ашъё сифатида фойдаланилади, фурфулон ва техник спирт олинади. Фурфулондан смола, пластмасса, капрон, синтетик тола, алиф, ҳар хил дориворлар ва бошқа маҳсулотлар олинади. Ҳар бир гектар ғўза гулларидан мавсумда 60-70 кг асал маҳсулоти олиш мумкин. Асаларичиликни ташкил этиш ҳисобига ғўзанинг чангланиш сифати тубдан яхшиланади ва унинг ҳосилдорлиги 2-3 центнерга ошади. Пахта толасини жаҳон бозорида сотиш жараёнида Ўзбекистоннинг валюта фонди кўпаяди, янги техника ва технология сотиб олиш имконияти мустаҳкамланади, ҳамда иқтисодий тараққиёт тезлашади.
Тарихий манбаларга кўра Туркистонда одамлар пахтачилик, чорвачилик ва боғдорчилик билан тахминан 3,5 - 4 минг йил олдин шуғуллана бошлашган. Туркистон халклари Россия империяси босиб олгунга қадар пахтачилик ва у билан бевосита боғлиқ бўлган халқ хўжалиги тармоқларининг ривожи жуда паст даражада бўлган. Ўзбекистонда 1860 йили 25,0 минг тонна пахта хом-ашёси ишлаб чиқарилган, бу мамлакат ички эҳтиёжини ҳам қондирмаган. Ҳар гектаридан пахта ҳосилдорлиги 7 ц, тола чиқиши 20-22 фоиз, тола узунлиги эса 20-21 мм. бўлган. Пахта хом-ашёси ишлаб чиқариш, уни қайта ишлашда ўта содда қўл меҳнати қуролларидан фойдаланилган, уни сотиш бозорлари чегараланган, ташқи бозорларга чиқариш учун транспорт воситалари ҳам ривожланмаган .
Россия империясининг марказий ва бошқа минтақаларида тўқимачилик саноатининг ривожланиши, унинг хом-ашъё базасини яратишни талаб этди. Бу вазифани тезроқ бажариш мақсадида Россия империяси Туркистон минтақасида темир йўл, пахтани бирламчи қайта ишловчи заводлар, каналлар қазиш ва бошқа зарурий ишлаб чиқариш воситаларини кўпайтириш ва такомиллаштиришга капитал қўйилмалар ҳажмини кўпайтирди. Пахта хомашёси ишлаб чиқариш ҳажми нисбатан тезлаштирилди. Масалан, 1913 йилда Ўзбекистонда 521,7 минг тонна ёки 1860 йилга нисбатан 21 марта кўп пахта хомашёси ишлаб чиқарилди. Ялпи пахтанинг кўпайиши ғўза экин майдонларининг кенгайиши ва унинг ҳосилдорлигини ошиши ҳисобига эришилди. 1920 йилда 1913 йилга нисбатан пахта ялпи маҳсулоти қарийб 17 марта камайди, экин мадонлари 20 марта қисқарди ва гектарига ҳосилдорлик – 2,7 марта пасайди. Пахтачиликдаги бундай тушкунлик шу йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳамда фуқаролари (гражданлар) урушининг натижасидир. Фуқаролар урушидан кейин Ўзбекистонда суғориладиган ерларни кенгайтириш, пахта уруғчилигини тубдан яхшилаш ва бошқа чора тадбирларни амалга ошириш пахта хомашёсини тезроқ кўпайтиришга шароит яратди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида малакали меҳнатга қобилиятли пахтакорларнинг армияга олиниши, техникавий ресурсларнинг камайиб кетиши ва бошка объектив ва субъектив камчиликлар натижасида пахта хом – ашъёси ишлаб чиқариш камайди. Ялпи пахта ҳосили 1945 йилда 1940 йилга нисбатан 45 фоиз кам олинган. 1960–1990 йилларда пахтачиликда интенсив ва экстенсив йуллардан кенг фойдаланиш ҳисобига ялпи пахта ҳосили кескин кўпайди. Унинг ҳажми 1990 йилда 1940 йилга нисбатан 3,6 марта, 1960 йилга нисбатан эса –1,7 марта кўпайди. Ўзбекистон пахтачилигида 1980 йилда гектаридан энг юқори ҳосил (29,7 ц.) ва ялпи ҳосил (5750 минг тонна) олинган ва жаҳонда 2- ўринни эгаллаган. Ўзбекистоннинг мустақил мамлакат бўлиб ривожланиш йилларида ялпи пахта маҳсулоти камайди. Мустақил ривожланиш йилларида пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига суғориладиган ғалла, айниқса, буғдой ишлаб чиқариш кўпайтирилди. Суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатининг ёмонлашиши, минерал ўғитлар меъёрининг камайиши, сув танқислиги ва ҳ.к. гектаридан олинадиган ҳосилдорликка салбий таъсир этди. Лекин, ғўза экиладиган майдонларнинг камайишига қарамасдан республикада унинг ялпи маҳсулоти ҳажми бўйича жаҳонда бешинчи, пахта толасини жаҳон бозорида сотиш бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Республика пахтачилигида истиқбол вазифа унинг ялпи ҳажмини кескин камайтирмаслик, унинг сифатини яхшилаш, асосий қисмини минтақада қайта ишлаш ҳисобланади. Пахтачилик ва у билан боғлиқ бўлган ижтимоий тармоқларини интенсив ривожлантириш, мавжуд меҳнат, ер, сув ва бошқа моддий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади, республика иқтисодиётининг барқарор ўсишига реал шароит яратади. Республикада унумдор ер ва айниқса, сув ресурслари чегараланган. Мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, биринчи навбатда ҳар бир гектар пахтадан олинадиган ҳосилдорликни ошириш ҳисобига эришилади.
Ҳосилдорликни ошириш агротехнологик жараёнларни сифатли ва қисқа муддатларда бажариш билан боғлиқ. Тармоқни ташкил этишнинг барча даврларида ва истиқболида ҳам юқори ҳосил олиш учун пахтачиликнинг хусусиятларини ҳисобга олиб даставвал алмашлаб экишни илмий асосда амалга ошириш лозим. Узоқ йиллар ғўза ва беда алмашлаб экиш тавсия этилган эди. Натижада тупроқ унумдорлиги сақланади, экин майдонлари бегона ўтлардан ва касалликлардан ҳимоя этилади, уларнинг шўрланиш даражаси пасаяди. Мустақил ривожланиш йилларида ғўза-дон, ғўза-ем-хашак ва бошқа экинлар билан алмашлаб экиш ҳам амалга оширилмоқда.
Ҳосилдорлик селекция ва уруғчилик ишларининг ҳолатига ҳам боғлиқ. Республика хўжаликларида давлат нав синовидан ўтган, тупроқ-иқлим шароитига мос навлар экилади. Селекционер олимлар ва мутахассислар томонидан яратилган Тошкент-6, С-6530, Бухоро-6, Оқдарё-6,7, Навбаҳор, Юлдуз, Меҳр ва бошқа навлар илмий асосланган ва технологик жиҳатидан жорий этилган 35-50 ц. ва ундан юқори ҳосил бериш потенциал имкониятига эга. Уруғчилик хўжаликларида элита, товар хўжаликларида I ва II класс уруғларини экиш учун шароит яратилган.
Ҳайдалма қатлами қалин бўлган тупроқли ерларда шудгор чуқурлиги 30-35 см бўлиши тавсия этилган. Бундай тупроқларда 4-5 йил оралиғида 45-50 см чуқурликда, йилига 30 см чуқурликда шудгорланса, ҳосилдорликка оптимал шароит яратилади. Минерал ва маҳаллий ўғитлардан илмий асосланган меъёр ва муддатларда фойдаланилса ғўзанинг ривожланиши жадаллашади, кўсакларнинг етилиши тезлашади. Тадқиқотларнинг натижаларига кўра, бир тонна пахта етиштириш учун ўрта ҳисобда 50-60 кг азот, 15-20 кг фосфор, 50-60 кг калий сарфланади. Уларни органик ўғитлар билан бирга қўлланилганда, минерал ўғитларнинг иқтисодий самарадорлиги анча юқори бўлади. Пахта экиладиган майдонларда ҳар 3-4 йилда бир марта 20-30 тонна гўнг солиш яхши самара беради. Ғўзани озиқлантиришда минерал ўғитларга чириган ва эланган гўнг аралаштирилади. Бунда 1 кг аммиакли селитрага 2-2,5 кг., 1 кг суперфосфатга 6-7 кг, 1 кг аммофосга 1,5-2 кг гўнг қўшиш юқори самара беради. Органик ўғитлар пахтачиликнинг барча микроэлементларга бўлган талабини қондиришни ҳам кучайтиради. Сифатли ҳосил олиш ғўза касалликлари илдиз чириш, гоммоз, вилт ва бошқа)га ва зараркунандалари(ғўза бити, ўргимчаккана, кародрина ва бошқа)га қарши кураш, ғўзани дефолиация ва десикация қилиш, ҳосилни қўлда ҳамда машинада теришни белгиланган қисқа муддатларда бажариш билан бевосита боғлиқ. Технологик жараёнлар айрим корхоналарда турли даражада бажарилади, бинобарин, гектаридан олинадиган ҳосилдорлик ҳам мос равишда фарқ қилади. Бу кўрсаткичга табиий объектив омиллар ҳам таъсир этади. Бунда асосий вазифа тармоқни интенсив ривожлантириш имкониятларидан тўлароқ фойдаланиш, кўпроқ, сифатлироқ ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришдир.
Пахтачилик сермеҳнат, бинобарин, меҳнат ҳақи кўп сарфланадиган тармоқ. Тармоқда 60 дан кўпроқ жараён бажарилади. Жами киши/соатида сарфланган меҳнатнинг 90 фоиз- дан кўпроғи қўл воситалари билан бажарилган вақтга тўғри келади. Бу вақтга машиналар ёрдамида бажарилган вақтга нисбатан 1,5-2 марта кўп меҳнат ҳақи тўланишига, кам унумли қўл меҳнатининг кўпайиши унинг унумдорлигини пасаяйишига, натижада маҳсулот бирлиги таннархининг кўтарилишига сабаб бўлади. Пахта хом ашёсининг иқтисодий самарадорлиги уни сотиш баҳоларининг ташкил топиш даражасига бевосита боғлиқ. Бу маҳсулотнинг давлат иқтисодиётидаги аҳамиятини ҳисобга олиб, кўтара харид баҳоларида сотилади. Уни белгилашда биологик навларнинг тола типлари ва саноат ассортименти асос қилиб олинади. Унинг даражасига жаҳон бозорида ташкил топадиган ўрта баҳолар ҳам таъсир этади. Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йилларида пахта хом ашёсининг ўртача баҳоси ошиб бормоқда.


Download 1.13 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   105   106   107   108   109   110   111   112   ...   225




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling