ҲАЛҚА Қисса биринчи боб
Download 0.5 Mb.
|
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)
ЎН БИРИНЧИ БОБТонг насими денгиз ҳавосини олиб келди. Бу ҳаво намчил, ҳатто, шўртак эди, гўё. Шарққа қараган очиқ дераза олдида Розия хоним Қуръон ўқийди. Деразадан денгиз жуда яқин кўринади. Жимирлаётган баҳр, даставвал, ол тусга кирди, кейин оловланди, сўнг офтоб олтин қош каби кўтарила бошлади. Розия хоним Шафиқанинг муаммосини ҳал этиб, бугун Истанбулга учиш ниятида эди. Кеча Шафиқани йиғидан тўсолмади. У на гапирди, на сўзлади, фақат сиқтади. У ўз ичидагини баён этишга бир сўз топмасди. Йўқ, сўз эмас, сўз топса-да, ҳоли йўқ эди, зотан. Надомат, тавба, истиғфор, қайта дийдор, тақдир қошидаги таслимият Шафиқани ажиб кайфиятга тутиб берди. Розия хоним буни яхши тушунди. Уни ўз ҳолига қўйди. Фотиҳ Каримникига борганларида хонадон соҳиби қайгадир кетибди, тезда қайтаман, дебди. Уларни Амина очиқ юз ила кутиб олди. Бир финжон чой ичишаркан, Розия хоним вазиятдан Аминанинг хабари бор-йўқлигини билишни истади. Амина хоним, – деди у. – Биз кеча ҳам келдик. Бугун яна уйингиздамиз. Бу сизни ажаблантирмаяптими? Соҳибингиз бу хусусда гапирдими? Амина чиройли кўзларини дастурхондан узмай деди: Эрим гапирмади, мен ҳам сўрамадим. Соҳибим муносиб билган гапини айтади, муносиб билмаса, айтмайди. Мен эса талаб қилмайман, – Амина шундай деб, бироз сукут сақлади, сўнг давом этди. – Бироқ эримнинг илк завжаси Шафиқа хоним ташриф буюрганини жуда яхши биламан. Розия хоним ҳам ажабланди, ҳам хотиржам тортди. Ажабланиши эҳтиромдан, хотиржамлиги шукрдан иборат эди. Шафиқанинг эса ичи куйди. Негадир қизариб кетди. Юзидаги парда буни ошкор этмади, беркитди. Эрим уйланса, монелик қилолмайман, бу унинг ҳаққи, – деди Амина. Гарчи у мардона сўзласа-да, сасида бир алам жизилладики, сезмаслик мумкин эмасди. Шафиқа юзидаги пардани кўтарди, чеҳрасининг гўзаллиги уйни ёритди, гўё, у икки қўли билан Аминанинг қўлларини тутди: Амина, мен Шафиқаман, – деди дона-дона қилиб. – Роббим эримга сиздек солиҳани насиб этганидан беҳад шодман, мен ҳам ўзимни Аллоҳ йўлида Фотиҳ Карим ва болаларим хизматига бағишламоқ учун келдим. Биз аёллар рашк ва макрдан зинҳор холи эмасмиз. Аллоҳдан кўрқишгина бизни рашк ва макр азобидан озод этади. Фотиҳ Карим никоҳига ўтар эканман, Амина, сизни синглим каби кўришга аҳд бераман. Сизга ҳаргиз ёмонлик тиламасман. Балки, ҳаққингизга дуо қилгайман. Шафиқа хоним, бизнинг юртда эрларнинг икки аёлга уйланиши ғайритабиий ҳол эмас-ку, – деб кулди Амина. – Кундошлар ўртасидаги жанжаллар нақадар табиий бўлса, уларнинг ўзаро сабрли бўлишлари шу қадар мажбурий. Аллоҳим берган рухсат бўлмаса эди, эрини баҳам кўрадиган муслима Ер юзида топилмасди, валлоҳу аълам. Сизнинг фарзандларингиз менинг фарзандларимдир. Улар сизнинг йўқлигингизни сезмасликларига интилдим. Роббимиз ризолиги йўлида уларга меҳр кўрсатишимдан норизо бўлмайсиз, деб инонаман. Болаларимга раҳм этганингиз каби Аллоҳим ҳамиша сизга раҳмат ва мағфират раво кўрсин! – дуо қилди Шафиқа кўзида ёш йилтираб. – Ўғилларимни кўрсам бўладими? ... Шафиқа ҳикоясини деярли якунлади. Эримга иккинчи хотин ўлароқ никоҳландим, – деди у тингловчиларига боқиб. – Бу воқеаларга ҳам ўн йилдан ошди. Ўғилларим ўн беш, ўн олтига тўлди. Роббим менга ҳам, Аминага яна фарзандлар ато этди. Хулоса қилиб айтмоқчиманки, гоҳо дин муҳити инсонга етарли эмас, инсон табиатини Аллоҳим сирли яратган, одам боласи хатолари ортидан аниқ ҳақиқатларни кашф этмаса, қалбан таскин топмас экан. Ҳайратланарли! – ўрнидан туриб кетди Анна. – Мен зинҳор ақлимга сиғдира олмайдиган бир воқеа! Ҳикоянгиз эртак сингари жозибадор. Агар ўз оғзингиздан буни тингламасам эди, ҳеч ишона олмасдим. Фикримча, аёл табиати Ер юзининг ҳеч бир иқлимида ўзгармайди. Исломда бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, аёл, аввало, Она. Унинг фитратидаги оналик туйғуси буюк инъом. Сўнг у садоқатли ва муҳаббатга ташна ҳилқат. Қизиғи шундаки, аёлга муҳаббатнинг зиёдаси малол келади, ози эса етмайди. Аёл ўзини тушунишдан заиф бўлган яратиқ. Шафиқа хоним, сиз болаларингизни -да фаромуш этдингиз, қалбингизда уйғонган ғайритабиий қудрат эса сизни тарбиялади, деб ўйлайман. Анна таассуротларини изҳор этиб тугата олмасди, бироқ унинг режаси бўйича яна бошқа муслималарни тинглаш керак эди. Мен болаликда дин тарбиясини олмаганман, – деб сўз бошлади навбатдаги суҳбатдош. У ўрта ёшли муслима эди, овозидан чўрткесарлиги бирдан сезилди. Ҳаракатлари ҳам дадил эди. – Ота –онам қўйган исм Анжелина, Исломни қабул этганимда ўзимни Мубина, деб атадим. Анна, сиз жуда ёшсиз. Менинг ёшлигимни ёдимга солдингиз. Мен Австрияда, немис муҳожири оиласида туғилдим. Отам вино сотарди. Онам унга кўмакдош эди. Акаларим, укаларим ҳам меҳнаткаш, урушқоқ эдилар. Оилада ягона қиз эдим. Иккинчи жаҳон урушида етим қолган ота –онам турмуш қуриб, тирикчилик илинжида Австрияга келиб қолишган. Ота-онам муҳожирлар мавзесидаги хароба кулбага бир амаллаб жойлашишган. Очлик, камбағаллик кучли эди. Европа ўша пайтлар ҳам аксар қитъаларда жаннатдек кўринган. Бироқ асл ҳаётнинг кинофильм ва телекўрсатувлардан фарқли жиҳатлари жуда кўп. Ҳақиқатан, Европада одамларнинг эркин ва фаровон ҳаёти учун курашган қаҳрамонлар кўп. Бу қаҳрамонлар, аввало, ғоя эгаларидир. Уларнинг ғоялари халқларни оёққа турғизган. Ҳуррияти, наслининг келажаги, дахлсиз ҳаёти учун курашга отлантирган. Биз европаликлар учун ўтган асрнинг ўрталарида инсон қадр- қиммати бирламчи масала бўлган. Инсон қадри олдида биз курашдан ҳам, ўлимдан ҳам қўрқмаганмиз. Ҳар биримиз, аввало, ўз эркимиз йўлида қатъий эдик. Жиноятчилар ҳам кўп эди. Порахўрлик ҳам. Қийноқлар ҳам. Биз жиноятдан хабар топсак, кўчага чиқардик -да, полициядан ишлашини талаб этардик. Ҳукумат бизни алдаса, яна кўчага чиқиб, бошқа раҳбар келишини талаб қилардик. Ҳаёт шундай эди. Онг, тафаккур шундай эди. Қўшнимга бўлаётган зулм эртага менинг бошимга келиши аниқ бўлгани учун уни ҳимоя қилганман. Менга бўлаётган зулм авлодимга бўлишини тушунганим учун курашдан ҳайиқмаганман. Бизнинг ёшлигимизда онгимизга сингдирилган ғоя шу эди. Биз каби муҳожирлар яшайдиган мавзелар асло хавфсиз бўлмаган. Кўча безорилари изғиб юришарди. Бироқ улар ҳам инсофсиз эмасдилар. Қашшоқ ва бегуноҳларга тегмасдилар. Газета-журналлар, кино ва театрлар, китоблар бизга ана шу ғояни сингдирди. Бу ғоя, шунчаки, назария эмас, ҳаёт эди. Бизнинг турмуш тарзимиз эди. Ҳаққимизни бировга бермаслик учун ўлиб –тирилганмиз. Ҳар қандай сўзимизни очиқ айтишдан чўчимадик. Хуллас, отам кекса француз виночига шогирд тушган. Францияни Гитлер бошлиқ немислар босиб олди, лекин айб немисларда эмас, Гитлерда, – дер экан у француз. – Биз биринчи жаҳон урушида бу ерга келганмиз. Лекин мен қалбан францияликман. Шарль де Голль фашистларга қарши партизан уруши қилганида, бормоқчи эдим, ўзлари ишни менсиз ҳам амаллашди, азаматлар! Виночи деганим вино ишлаб чиқармайди, вино савдоси бу. Европада француз винолари машҳур. Бандаргоҳга кемалар Франциядан вино келтиришади, отам устози билан бирга олиб келган, савдосига ҳамиша ёрдам берган. Кекса виночи уни ҳеч қачон қуруқ қўймаган. Яхши тўлаган. Шунинг учун ҳам ота –онам қисқа йилларда кулбаларини шинам уйга айлантиришган. Акаларим, мен, укаларим – ҳаммамиз кетма-кет туғилдик. У пайтларда аёллар оилани, фарзандни, эрни муқаддас билган, ҳаёт мазмуни санаган. Туғишдан қочмаган. Ҳозир эса вазият жуда бошқача. Мен бугун ҳаётимизга қараб, бегона дунёга тушгандай ҳис этаман ўзимни. Биз туғилиб, улғайган муҳит ўзгача эди. Тўғри, меҳнатдан бошимиз чиқмасди, бироқ дам ҳам олардик, далаларга борардик, соҳилларни айланардик. Ғамгин ва мамнун кунларни ўтказдик. Бизнинг оилада дин қоидалари заиф эди. Отам деярли чўқинмасди. Демак, черковга боришини тасаввур этиш қийин. Онам эса бувисидан қолган Инжилини баъзида ўқирди, иконаларга қараб чўқинарди, бизга ҳам Исо ҳақида, Марям ҳақида, авлиёлар ҳақида ривоятлар айтиб берарди. Биз ҳам қизиқиб тинглардик. Шундай бўлса-да, биздан ибодат талаб қилганини эслай олмайман. Муаммоларимизни Худонинг иштирокисиз ҳал қилишга ўргангандик. Бўйнимиздаги хочнинг қалбимиздаги бу эътиқод билан боғлиқ эмасди. Ақлимизни таниб, оиладаги ҳар бир фарзанднинг ҳаёт ҳақида аниқ тасаввури шаклланди. Бу тасаввурда Худо кўринмасди. Худо биз учун қайғули кунларимизда тасалли берувчи Зот эди, холос. Унинг зиммасига бошқа вазифа юкламагандик. Ўрта асрлар католик черкови истибдоди, инквизиция кирдикорлари ҳамда индульгенция тижорати ҳақидаги тарих бизнинг онгимизда ғалати бир тушунча уйғотган эди. Унга кўра, Худонинг қонунлари инсонлар ҳаётида унчалик қатъий эмас, агар у қатъий тус олса, демак, унга одам боласидан кимнингдир манфаати аралашгани аниқ. Шундай экан, Худонинг қонунларига ёпишиб олиш шарт эмас, биз ўз хоҳишларимизга назар солайлик. Башарти, кимнингдир табиатида художўйлик ошиб-тошиб кетаётган бўлса, марҳамат, черковга борсин, монастирда яшасин, Инжил ёдласин, роҳибликни танлаб, авлиё ота касбини ўзлаштирсин. Ҳарқалай, авлиё оталарга ҳам жамиятнинг баъзи қатламларида эҳтиёж катта бўлади. Мен адабиётга, санъатга қизиқиб қолдим. Роман ўқишга муккасидан кетдим. Бизнинг давримизда максималист ёшлар орасида Кафка, Камю, Хемингуэй, Фолкнер, Маркес кабилар урф эди. Руслардан Достоевскийни мен суйиб ўқиганман. Европада ёзувчилар ўша пайтда ҳам кўп эди. Америкада ҳам минглаб қаламкашлар топиларди. Воқеа баёнидан иборат романларнинг адади кўринмасди. Омманинг катта қисми воқеий романларни, детективни севади. Сентиментал, сюрреалист ва модерн асарларни эса олифта ёшлар яхши кўришади. Мен ҳам ўшалар сафида эдим. Зальцбург университетида ўқишни исташимни айтгандим, ота-онам бажонидил қўллаб-қувватлашди. Фалсафа йўналишида ўқий бошладим. Бакалавр даражасини олдим, кейин магистр дипломига эга чиқиш истаги пайдо бўлди. Таҳсилни давом эттирдим. Ёшим ўттизга кирганида онам: «Йигитинг борми?» – деб сўради. Мен ҳайрон бўлиб, «Йўқ», – дедим. Ўшанда онам турмуш қуришимни истаётганини илк даъфа сездим. Магистрлик ишим юнон мифлари ва фалсафа мавзусида бўлди. Миф, дин ва фалсафа орасидаги боғланишни тадқиқ этдим. Инсон онгидаги эрк, руҳнинг англамсизлиги, бунда мифнинг ягона ечимлигини тушунтиришга интилдим. Энди олим сифатида талабаларга маъруза ўқишим учун доктор даражаси зарур эди. Негадир, буни истамадим. Тўсатдан университет ҳаётидан чиқишни истаб қолдим. Қизиқарли, Ер юзининг ҳамма бурчакларига элтадиган, турфа эл ва элатлар ҳаётини таништирадиган касб излай бошладим. Бу истагим ўзимга маълум эди, холос. Зерикишимни бартараф этиш учун йигитлар билан танишдим, кўпинча сигарет чекдим, вино, виски ичдим, клубларда кўнгил ёздим. Бироқ турмуш қуриш режамда йўқ эди. Бу вақт орасида бир танишим илмий фильмлар суратга оладиган компанияда бўш иш ўрни борлигини айтди. Сценарийнавис керак экан. Резюме топширдим. Суҳбатга чақиришди. Ишга кирдим. Ишхонам уйимдан узоқда – Германияда эди. Ота –онам билан хайрлашиб, Берлинга йўл олдим. Бу ёшимда ҳам мен қайғусиз эдим. Ҳаётда мени Худо ҳақида ўйлашга мажбурлайдиган бир воқеага дуч келмаган эдим. Биринчи ишим Болқонда бошланадиган бўлди. Болқон тарихда узоқ йиллар турк фотиҳлари кўл остида бўлган. Бу юртларга турклар мажбуран Ислом динини сингдирганлар. Биз суратга оладиган фильм сербларнинг туркларга қарши аёвсиз курашларига бағишланиши лозим эди. Мен йўл – йўлакай тарихчи олимлар, археологлар билан кўп суҳбатлашдим, илмий – ҳужжатли фильмнинг сценарий ғоясини миямда пишитиб, синопсис қоралашга киришдим. Сараевога жойлашдик. Айтишларича, шу шаҳардаги археологик ёдгорликлар бизнинг бош объектимиз, тасвирлар, далиллар шу ердан йиғилади, маҳаллий халқ билан, мутахассислар билан суҳбат қилинади, мен ишга шўнғидим. Сараево жуда гўзал шаҳар экан. Ҳавоси ёқди. Одамлари камсуқум, Европанинг бошқа шаҳарлари аҳолисидан кескин фарқли эди. Масалан, ғарбий ва жанубий Европада эркинлик қонунга айланган. Шаҳар кўчалари нақадар гўзал ва сокин бўлмасин, сассиз шовқинни тинглайсан, кўринмас исённи кўрасан. Болқон эса мутлақо бошқа дунё эди. Мусулмонлар кўп. Ҳаммаси серб. Ҳаётларидан мамнун. Менга берилган фактларга кўра, сербларни туркларга қарши курашини ёритишим керак эди, бироқ сербларнинг турмушида буни сезмадим. Йўналишни ўзгартириш керак, – дедим ижодий гуруҳ мажлисида. – Тахминан Болқонга Исломни кириб келиши, серб ва турк муносабатлари масалаларини асосий ўринга чиқаришимиз керак. Нима учун? – деди лойиҳа раҳбари. Мен далилларимни тақдим этдим. Тарих ҳақиқатини холис етказмоқ учун серб ва турк халқи орасида, мусулмонлар ва ғайримусулмонлар ўртасида зиддият уйғотадиган жумлаларни қўллаш шарт эмас, балки бу каби сўзлардан қочиш зарур, дедим. Баҳс бошланди. Кимдир мени рад этди, кимдир маъқуллади. Вақт эса зиқ. Бизнинг мақсадимиз туркларни босқинчи, Исломни эса зулмкор дин сифатида кўрсатиш эмас-ку! – дедим мен. – Балки, тарихий ҳақиқатни холис ёритиш, яъни турклар Болқонга нима учун, қандай кириб келди, оқибати қандай кечди, деган саволга замон нигоҳи билан боқиб, атрофлича жавоб бериш бош мақсадимиз-ку! Фикрларим қийинчилик билан бўлса -да, қабул этилди, мен таклиф этган йўналиш бўйича тасвирга олиш ишлари бошланди. Ўшанда илк бор Ислом дини билан учрашдим. Болқон мусулмонлари ҳаёти менга жозибали, ёруғ кўринди. Муслималарнинг соддалиги ажойиб эди. Улар мен каби мифлар ҳақида бош қотиришмасди, фалсафанинг минг бир қоидаси ҳақида ўйламасдилар, беш маҳал ибодатларини адо этиб, эр ва фарзандларга ғамхўрлик машғул эдилар. Биргина эрга итоат этишади, эр ҳам аёлини ҳимоялайди, менга бу жуда ажиб туюлди. Ўзимнинг алмашиб турадиган йигитларим, ичкилик ҳамда тамаки ила ўтаётган ҳаётим кўз олдимда ғариблашди, гўё. Кейин эсимни йиғиб олиб, бу ҳолатимни ўта эмоционаллик деб баҳоладим. Эзотерикага берилиш яхши эмас, дедим. Кейин ўзингни бахтиёр сезиш учун эзотериканинг нимаси ёмон, дедим. Суратга олиш давомида бир серб оиласи билан яқиндан танишдим. Улар чинакам мусулмон эдилар. Оила буткул исломий урф –одатлар асосида яшар эди. Бу оила мени меҳмонга чақирди. Ҳовли баланд девор билан ўралган. Баланд ва нақшинкор эшиги шарқона санъатдан дарак беради. Ичкари кирдим. Мени хонадон бекаси кутиб олди. Бошида пушти рўмол, юзи кулиб турган бу аёлнинг сеҳрига бир лаҳзада мафтун бўлдим. Унинг немисча лаҳжаси ҳам ёқимли эди. Келганимдан жуда хурсанд эди. Келинг, келинг, – деб ҳовлига йўл бошлади. Баланд девор ичида жаннатни кўрдим! Ўртада фаввора, отилган сув етти қиррали ихчам ҳовузни тўлдиради. Ҳар қирранинг учидан сув оқиб чикиб, гуллар, турли экин ва ўсимликларнинг жўяклари бўйлаб югуради. Ҳовлига киришда ўнг томонда айвон, айвоннинг чегарасига нафис зийнатланган тўсиқ ўрнатилган, айвондан қандайдир хонага кирилади. Ҳовли ичи гулхона! Сариқ, қизил, алвон, пушти, зарғалдоқ, сиёҳранг, оқ, мовий гуллар саф тортиб, енгил шабада қўлида титрайди. Фавворага олиб борадиган мармар йўлак тушган, уй бекаси мени шу йўлакдан бошлади. Гуллар мавжи устида ранго –ранг капалаклар қанот қоқади, асаларилар учади, гулзор ичига узоқ –узоқ масофада олча экилган, четларига эса бир хил бўлиб анорлар қад ростлаган. Бу манзарани кўриб, қадим Қуртуба халифалиги ҳақида эсладим. Бу Андалусиядир. Андалусия мусулмонлари зироат, боғдорчиликда ўз даврида бутун Европани лол қолдирган. Қуръонни ўқиган роҳиблар Андалусия босқинидан сўнг, бориб у ердаги боғларни кўришган, тилларини тишлашган. «Мусулмонлар Қуръондаги жаннат лойиҳаси асосида уй қуриб яшашган экан, биз қачон уларга етиб оламиз?!» – дейишган ичлари куйиб. Мен кирганим хонадонда ўзимни айнан қадим Андалусия ўлкасига тушгандек ҳис этдим, у пайтларда Қуръонни ўқиб чиқмагандим, агар ўқиган бўлганимда худди ўша роҳиблар каби бу хонадонни жаннатнинг лойиҳаси билан Ер юзида бунёд этилган уй, деб атаган бўлардим, шубҳасиз. Фавворанинг ортида тўртта нақшинкор устун кўтариб турган айвонни кўрдим. Айвон ердан бел бўйи кўтарилган. Ўртада оёқлари калта Осиё столи, уни баъзи халқлар хонтахта, деб аташаркан, айвоннинг гирди гулдор нақшли тўсиқ, шу тўсиқларга алвон рангли болишлар суялган. Айвон тўрида эса ёши улуғ, нуроний, кенг либосли, бошидаги рўмоли узорларига қадар ўралган аёл тасбеҳ ўгириб ўтирарди. Сездимки, хонадоннинг улуғи шу аёл. Онажон, меҳмонимиз келди, – деди уй бекаси. Ёши улуғ аёл бошини кўтариб, қаради -да, жилмайди: Қандоқ яхши! Олиб кел ёнимга, – деди меҳрибонлик билан. Улардаги эҳтиром, мулозамат ва лутф қаршисида ўзимни ҳаётимда илк марта анча беўхшов, очиғи, қўпол ва дағал ҳис этдим. «Бу бир шакл, – дедим ўзимга ўзим. – Моҳиятга боқиш лозим. Бундай гўзал муомала гўзал бир ички дунёнинг мевасими, йўқми?» Очиғи, ўша гумонларим учун бугун уяламан. Download 0.5 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling