ҲАЛҚА Қисса биринчи боб


Download 0.5 Mb.
bet12/35
Sana22.02.2023
Hajmi0.5 Mb.
#1222559
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   35
Bog'liq
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)

ЎН ИККИНЧИ БОБ


Абдуллоҳ Ёрқин Уйғур диёрига учиб бораркан, ота юрт дийдоридан бироз бўлса -да, ҳаяжонга тушди. Ҳар хил маълумотлар унинг тасаввур дунёсида Ватан қиёфасини мужмал ҳолга келтирган эди.
Учоқдаги йўловчиларнинг хотиржам чеҳралари Хитой томонга яқинлашганлари сайин хавотирга чулғанаётганини Абдуллоҳ яққол сезди. Кулиб турган кўзлар маъюслашди, ўз –ўзидан бошлар эгилди, одамлар ўйчанлашди, юзлардаги ажинлар ҳам қуюқлашиб, кўпайиб ҳам кетди, гўё.
Ўттиз йилки, бу маконлардан йироқда сув ичган, гўдаклигидаёқ қардошлар ўлкасига тақдири олиб кетган бир фарзанд ўлароқ Абдуллоҳ бу ҳолдан ажабланди. Зотан, у ҳали ҳақсизлик таъмини тотгани йўқ, зотан, у зулм чангалида ҳаргиз инграниб кўзёш тўккан эмас. Музтариб ва мазлумнинг оламини изтироб чекмаган, зулм кўрмаган зот қаердан билсин?!
Учоқ бир силкиниб пастлай бошлади. Туйқус Абдуллоҳ ўз кайфиятида оғир ҳавони сезди. Учоқнинг ғилдираклари ерга теккан ондан эътиборан у вужудини ғалати ҳузун буткул эгаллаганига иқрор бўлди, ҳолбуки, кўнгилни хира қилгулик бирор воқеа ҳали рўй бермади. Ҳолатини таҳлил қилишга улгурмай, Абдуллоҳ ўзини учоқ эшиклари ёнида кўрди, димоғига Урумчи нафаси урилди. Йўловчилар шошилиб, нимадандир қўрққандек зинадан пала
–партиш тушар эди.
Абдуллоҳ ҳам уларнинг бу ҳолатини кўриб ғайриихтиёрий тезлашди. Тезлашдию, «Бизни ҳеч ким қувмаяпти-ку!» – деган ўй онгида «йилт» этди.
Учоқмайдон ари уясини эслатди: ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ, турфа одамлар юкаравачаларини судраб югуради, хитойча бақир –чақирлар қулоққа чалинади.
Абдуллоҳнинг хаёлини банд этгани инсонларнинг юзлари эди. Барчанинг қиёфаси бир хил! Эътибор берсангиз, ундай эмас: кимдир баланд, кимдир пакана; кимдир қоракўз, кимдир қўйкўз, кимдир қирғизқовоқ; кимдир япалоқбурун, кимдир қиррабурун; биров чўзинчоқюз, биров юмалоқбашара; айримлар соқолдор, айримлар кўса. Уларни бир хил кўрсатган умумий сифат қон –қонга, зеҳну зеҳниятга, жону руҳга, ақлу қалбга сингиб, ўрнашиб кетган қўрқув ҳамда тобелик мунги эди.
Бу мунг уларнинг ўзларидан яширин, бироқ Абдуллоҳ каби ҳурриятли ўлкадан келган ҳар кимга пешвоз чиқади. Бу мунг аччиқ тутун каби димоқни ачиштиради. Ҳаммадан ана шу тутун таралиб, атрофни қоплаган.
Тиқилинчда юкаравачасини базўр олиши билан Абдуллоҳнинг қаршисида пўрим кийинган, ёши ўттиз беш ва қирқ ўртасидаги бир киши пайдо бўлди. Кўзи қийиқ, жигарранг, юзи юмалоқтоб, соқоли қиртишланган, кастим –шим кийган бу одамнинг уйғур эканлиги аниқ эди.

  • Салом алайкум, хуш келдингиз, меҳмон! – деди Абдуллоҳга мамнун қўл чўзиб. – Исми шарифим Мойимхон Сотим. Уйғур ёшлар ташкилотининг етакчи фаолиман, коммунистик партия аъзосиман. Коммунистман, яъни. Партиямиз раҳбари кўрсатган йўлдан юриб бормоқдаман. Сизни кутиб олиш менга буюрилган. Сиз – туркиялик Абдуллоҳ Ёрқинсиз! Қадим Уйғур диёрига хуш келдингиз!

Абдуллоҳ унга пешвоз чиқажак мезбон ҳақида огоҳлантирилган эди. Демак, шу силлиқ назарда тутилган экан. Гарчи, Абдуллоҳ
Мойимхоннинг хушчақчақлигидан энсаси қотса -да, сездирмади, чунки унга бу лутф жуда сохта кўринди.
Мойимхон тинимсиз гапириб, Абдуллоҳнинг диққатини бошқа нарсалардан асрамоқчидай эди, гўё: учоқмайдондан катта, кенг, аммо исқирт кўчага чиқишди. Кўчанинг исқиртлиги бўшаган елим сувидишлар, халталарнинг сочилиб ётиши, ариқларнинг ахлатга тўлалиги, овозини «ванг» қўйиб тинмаётган катта –кичик, эски –янги, рангли –рангсиз ўзиюрар уловлардан чиқаётган бурқсиқ тутунлар билангина эмас, булутли осмон, нафасни ҳам, кўкракни ҳам қисадиган «дим» ҳаво ҳамда қора –қура, сариқ – суруқ, пакана –новча, семиз –озғин одамларнинг ҳар қаёққа олазарак шошиши билан ҳам намоён эди.
Йўл ёқаларида тунд бинолари қалашиб турибди, биноларнинг манглайига хитойча ҳарфлар ёзилган ҳархил пешлавҳалар осиб ташланган, қуйисида дўконлар қайнайди. Аёлу эркак, ёшу қари, болаю бақра дўконларга киради, чиқади, соқоли ўсган тиланчилар қўл чўзиб бир нима тиланади, йўл ўртасидан қандайдир темир излар ўтган, йўлчироқлар ёнади, ўчади.
Мойимхон Абдуллоҳни хитойча русумли уловга таклиф этди, улов қўзғалди, бир неча дақиқадан сўнг, диққинафас ва хўмрайган кўча ортда қолди, уйлар сийраклашиб йўл янада кенгайгандек бўлди, ўйдим –чуқурлар камайиб, улов ҳам қоқилмай қўйди.

  • Учоқмайдонимз шаҳарнинг четроғида жойлашган, сизни марказга олиб кетяпман, марказ маданиятли, осойишта. Буюк Хитой ва коммунистик сиёсатнинг асл қудратини кўрасиз, бунёдкорлигига гувоҳ бўласиз, – дерди Мойимхон Сотим. – Ватанпарвар ёшларимизнинг хорижда ўқиши – ютуғимиз. Биз катта ривожланиш йўлидамиз. Хитой Ер юзини лол қолдиряпти. Хитойга камарбаста уйғур халқи, Шинжон ўлкаси ҳам буюк йўлдан буюк келажакка бормоқда. Сиз ёшларимиз ичидан асл иқтидорларни саралаб олишингизга ишончим комил!

Абдуллоҳ Мойимхонни бош силкиб, маъқуллагандек ўтирса -да, зерикиб кетди. Университетда ўзини бозорга соладиган жипириқ ёшлар бўларди.
Ҳаммага яхши кўринишни истайдиган бу тоифадан Абдуллоҳнинг доим кўнгли айниган, Мойимхон эса ўша ёшлардан ҳам ўтиб тушди. Коммунистлар йиғинида минбарга ёпишиб олган вайсақи нотиқларнинг ҳаммасига хос ҳолат эди бу, улар, одатда, миясига пайвандланган ясама ғоявий жумлалари билан бошни оғритиб юборадилар. Мойимхон
коммунистик жамият қураётган сиёсатнинг энг кўп учрайдиган вакилларидан бири эди. Улар жорий этилган ҳамма қонунларга риоя этадилар, қайишувчанлиги учун ҳамма тешикка сиғадилар, қоидаларда ахлат ейиш ёзилса, албатта, иштаҳа билан фақат ахлат ейишади.
Уларда шахсий дид мавжуд эмас: катта раҳбарларга тақлидан кийинишади, масалан, пойабзал ва кастим –шимнинг ранги, галстукнинг кўриниши, сочни қай тарафга ётқизиб тараш кабиларда ҳам эргашилади.
Абдуллоҳга бундай маданият ёт эди, чунки у келаётган ўлкада коммунизмнинг «ҳаётбахш» нафаси йўқ, диндан эркин бўлишдек
«тараққийпарвар» ғоялар Туркияда ҳам устувор эса -да, диннинг файзи одамлардаги самимиятни ҳамон таъминлаётган эди, ҳарқалай.
Мойимхоннинг вайсашларига бош силкиса -да, хаёли бошқа жойларда юрган Абдуллоҳ йўлнинг қайсидир қисмида ўргимчак тўридек қаватлашган кўприклардан ўтишаркан, «Қойил!» деб юборди.
Бундан Мойимхон илҳомланиб кетди:

  • Бу каби кўприклар Буюк Хитой қудратидан бир дарак, йўлбошчиси коммунистик партия миллатнинг ижоди! Бундай иншоотларнинг саноғи йўқ!

Коммунистларнинг бунёдкорлиги ҳақидаги ҳаяжонли қиссалардан Абдуллоҳнинг қулоғи батанг бўлиши арафасида улов Урумчи марказига кирди. Меҳмон уни тинглаш иштиёқидан йироқлигини, ниҳоят, англаб етгач, Мойимхон ҳам секин жим бўла қолди. Марказий кўча ораста эди, албатта, ҳар хил уловлар, мутаҳаррик ёзувли пешлавҳалар, шакл берилган дарахтлар чирой кўчага бағишлайди, хитойча ва инглизча битиклар кўп, одамлар ҳам юриш –туришда, расм –русумда оврупоча бўлишга талпинишида Абдуллоҳ яхши идрок этди.

  • Кечирасиз, Мойимхон, – деди Абдуллоҳ. – Бир саволим бор эди.

Гапиролмай маъюс ўтирган Мойимхон меҳмоннинг мурожаатидан шодланиб кетди:

  • Бемалол, меҳмон! Бажонудил!

  • Мен намоз ўқийман, борадиган жойларимизда ибодатга шароит бўладими?

Мойимхон «намоз», «ибодат» сўзларидан ғайриихтиёрий безовталанди, лекин тезда жавоб берди:

  • Коммунистик партия диндан воз кечган, худо ҳақидаги сафсаталарга мен ҳам ишонмайман, бироқ меҳонимиз динга мойил бўлса, бемалол намоз ўқиши, чўқиниб, юкиниши мумкин.

Мойимхон бу гапларини кулимсираб гапирди, бу ҳол Абдуллоҳга оғир ботди.

  • Динга бундай беҳурматлик қилманг! – деди кескин. Ҳатто, овози титраб кетди.

Мойимхон мусоҳибини тинчлантиришга шошилди:

  • Азиз меҳмон, бу ҳақорат эмас, қизишманг! Коммунистик партия инсоният онгининг энг юксак кашфиёти, бемисл ютуғидир. Дин ҳам одамзод

ақли топган топилмалардан бири. Коммунизм инсонларни онгли бўлишга чорлайди, дин онгсизликка даъват этади. Онг билан ёндашсак, дин ҳақидаги танқидий фикримдан сиз нима учун асабийлашяпсиз, меҳмон? Ҳамма динларда радикализм бор, бу, айниқса, Исломда кучли. Мусулмонларнинг ҳаммасида радикаллик унсурлари мавжуд. Меҳмон, мен дин ҳақида танқид қиляпман, сизнинг шахсиятингизни эмас. Демак, ранжишингизга ҳожат йўқ. Келинг, ҳамма нарсани мана шундай онгли ҳал қиламиз.
Абдуллоҳ Мойимхон ўзи ўйлаганчалик гўл эмаслигини тушунди. Мойимхон коммунистлик ва даҳрийлик ғояларини ўзига чуқур сингдирган ноёб мутахассис эди, аслида. Унинг олдида асабийлашиш заифликдан бўлишини Абдуллоҳ англади, ичида: «Астағфируллоҳ», – деб такрорлай – такрорлай
ўзини босишга уринди.

  • Ажойиб мантиқ, – деб жилмайди у. – Тўғри айтасиз. Ҳар бир масалага онг ила ёндашсак. Сиз динни, айнан, Исломни илоҳиёт дастури эканлигини рад этяпсиз, бу фикрингиз сабабли жаҳли чиқаётган мусулмонни радикал, деб таърифлаяпсиз, шундайми?

  • Шундай, – жавоб берди Мойимхон мамнуниятдан ял –ял ёниб. – Диндорлик ва тажовузкорлик ҳамиша ёнма –ён юради. Диндан қутулиш ҳамма ёвузликдан қутулиш демакдир.

  • Буни қаранг, шунга сира ҳам ақлим етмаётган экан, – заҳарханда қилди Абдуллоҳ. – Коммунизмни энг аҳмоқона ғоя, одамзод учун зарарли, деб ўйласам ва айтсам, бундан ғазабланманг! Акс ҳолда, сиз ҳам, ўз мантиғингизга кўра, радикализмни юзага чиқарасиз. Коммунистлар радикал эмас, тўғрими, ахир?!

Бирдан Мойимхоннинг туси ўзгарди.

  • Сиз... Сиз буюк коммунизм ҳақида бундай дея олмайсиз! – деди кучаниб.

  • Кечирасиз, қизишманг, радикал бўлманг! – деди Абдуллоҳ. – Коммунизмни сиз Исломни рад этганингиз каби рад этиб, таҳқирлаганингиздек, таҳқирлайман. Бироқ сиз мусулмонлар ғазаблангани каби ғазабланманг, бу радикализмга айланиб қолади.

Мойимхон «мум» тишлади, лекин ўзини тезда қўлга олди:

  • Тилингизга эрк берманг, меҳмон, сиз коммунистик давлатдасиз! – деди тиш орасидан.

  • Таҳдид қиляпсизми? – сўради Абдуллоҳ. – Ҳамма меҳмонларни таҳдид билан кутиб оласизларми?

  • Сиз туркияликсиз, меҳмон, – деди Мойимхон. – Бироқ уйғурсиз! Туркия ватандоши бўлсангиз -да, уйғурсиз! Бу сизни буюк коммунистик Хитой давлатига боғлаб ташлайди!

  • Кечирасиз! – росмана қизишди Абдуллоҳ. – Мен ҳозироқ Истанбулга қайтаман. Менга қилинган бу таҳдид сабабли барча дастурларни бекор қиламан. Мени учоқмайдонга қайтаринг!

Бу кескин қарорни эшитиб, Мойимхон ўзини йўқотгандек бўлди.

  • Ўзингизни босинг, меҳмон, минг бора узр, – деди мулойимлашиб. – Дастурни амалга ошириш керак. Ахир, баҳс ўта табиий жараён-ку! Мен ҳазиллашдим! Нега, жаҳлингиз чиқади, ахир?

Мойимхон шундай деб, қаҳ –қаҳ отиб кулди, шундай кулдики, кўзидан ёш чиқиб кетди, Абдуллоҳ унинг, ҳақиқатан ҳам, ҳазиллашганига ишониб қолди.

  • Оббо, меҳмон! – дерди тиззасига қўлини уриб куларкан Мойимхон. – Арзимаган гапларга хафа бўлманг! Сиз бу ерда, аввало, буюк коммунизм ҳимоясидасиз! Бир тола сочингиз тўкилмайди!

Зинҳор хавотирланманг! Мана, манзилга етиб келдик! «Абадий дўстлик» меҳмонхонаси хизматингизда!
Улар уловдан тушишди. Тўққиз қаватли бино. Манглайига хитойчалаб ёзилган. Барзанги қўриқчилар. Кирди -чиқди кўп. Хорижликлар. Ойнаванд эшикдан хизматчи югуриб келиб, Мойимхонга таъзим қилди. Хитойчалаб бир нималар деди. Мойимхон улов юкхонасига ишора қилиб, юкни ол, деб буюрди, чоғи, хизматчи шундай қилди.
Меҳмонхонанинг қабулгоҳи кенг, ёруғ, серҳашам, қизил зийнатлар ҳаддан ташқари кўп; салқин, қаҳва иси; юмшоқ курсилар, хушмуомала ходимлар.
Келганларга навбатчи маъмурлар жилмаяди, калит узатишади, маслаҳат беришади.

  • Бешинчи қаватдаги йигирма биринчи махсус хона олдиндан буюрилган, – деди Мойимхон маъмурлардан бирига.

  • Хуш келибсиз! – деди жилмайганча маъмур ҳам уйғурчалаб ва компютер ойнасига қараб, буюртмани топди. – Ҳа, мана, 521 –хона, Туркия ватандоши Абдуллоҳ Ёрқин учун банд этилган. Марҳамат, калитни олинг!

Калитни олиб, кўтармада бешинчи қаватга кўтарилдилар.
Хона шинам, деразалари шимолга қараган, ҳамма шароит муҳайё.

  • Ёқимли ҳордиқ! – деди Мойимхон илтифот ила. – Мана бу телефон рақамим, зарурат туғилса, тезда қўнғироқ қилинг! Эрталаб соат тўққизда сизни биринчи қаватда кутаман. Соат ўнда тадбирга борамиз. Сафарингиз дастурини ҳам ўшанда бераман. Оқшомингиз хайрли ўтсин!

Мойимхон кетди. Абдуллоҳ жуда толиққанини билди. Боши ичига ари кириб олгандай, ғувиллайди.
Пардани очди: шаҳарнинг қовоғи солиқ қиёфаси намоён бўлди. Қуёш кунботарга оққан.
Абдуллоҳ телефон рақамларини терди ва гўшакка деди:

  • Мени Истанбулга уланг, – сўнг уйининг рақамларини айтди. Икки марта чақирув сасидан кейин кимдир гўшакни олди. – Ассалом алайкум!

Нарига томондан отасининг товуши келди:

  • Ва алайкум ассалом. Абдуллоҳ, сенмисан, ўғлим?

  • Ҳа, ота, Абдуллоҳман, Урумчидаман. Яхши меҳмонхонага жойлаштиришди. Ҳаммаси яхши, алҳамдулиллаҳ.

Ота –бола бироз гаплашишгач, хайрлашдилар.
... Эрталаб Абдуллоҳ бомдодга ухлаб қолди. Уйғонганида кун ёйилиб кетган эди. Шошиб, таҳорат олди, фажрни адо этди. Бироқ кўнгли ғашлик чангалида эди.
Нонуштадан сўнг, кўтармада пастга тушди.
Одам сийрак. Кўпчилик ухлаяпти, шекилли. Абдуллоҳ юмшоқ ўриндиқлардан бирига ўтирди, столга ташлаб қўйилган газеталардан бирини олди: ҳам уйғурча, ҳам хитойча. Биринчи саҳифасида қирмизи саҳнда Хитой раиси савлат тўкиб турибди, ёнида дафтарча чангаллаб, боши эгилган бир неча киши, худди энг муҳим ишлари раиснинг нутқини ёзиб олишдан иборатдек туришибди. Абдуллоҳга бу эриш туюлиши керак эди, бироқ Урумчи ҳавоси унинг ўпкасига кириб, қонига сингиб улгургани учунми, негадир ажабланмади. Гўё шундай бўлиши керак, деган ахборот унинг миясига аввалдан қуйиб қўйилган эди.
Туйқус бир чинқириқдан Абдуллоҳнинг ҳуши бошидан учиб, сакраб кетди: маъмурият олдида бир хитойлик ёш хизматчини тепиб, бақирар эди. Абдуллоҳ ҳайрон қолди, хизматчига бирор тепки қаттиқ тегди, шекилли, букчайиб ҳиқиллаб қолди. Абдуллоҳ уларнинг олдига югурди. Хитойи одам ерда ётганнинг юзини мажақламоқчидек оёғини кўтарган эди, Абдуллоҳ уни итариб юборди.
Саҳнда одам сийрак эди, бироқ кўпчилик бу ҳолга индамаётгандилар. Абдуллоҳнинг ҳимояга отилгани бир неча сонияда рўй бериб, ҳамма қотиб қолди.
Кутилмаган турткидан йиқилган хитойи ўрнидан туриб, ҳезланиб келди
-да, Абдуллоҳнинг жағига мушт солди.
Абдуллоҳнинг кўзидан ўт чақнади, ғазаби миясини қайнатди, энди у ҳам ўзини ушлай олмади, бор кучи билан хитойининг иягига мушт урди. Хитойи
«ғийқ» деб овоз чиқардию, ерга йиқилди, йиқиларкан, боши девор қиррасига тушиб, ёрилди, бир зумда қон оқди.
Меҳмонхонада қиёмат қўпгандек шовқин кўтарилди, полиция етиб келди, кириш -чиқиш эшиклари қатъиян ёпилди.
Калтак еган хизматчининг мурдадек оппоқ эди, хитойини «Тез ёрдам» олиб кетди, Абдуллоҳнинг қўлига кишан солишди.



Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   35




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling