ҲАЛҚА Қисса биринчи боб


Download 0.5 Mb.
bet20/35
Sana22.02.2023
Hajmi0.5 Mb.
#1222559
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   35
Bog'liq
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)

ЙИГИРМАНЧИ БОБ


Подшоҳнинг амри билан болани тоғ чўққисига олиб чиқдилар. Унга яхши гапирдилар, насиҳат қилдилар, дўқ урдилар:


“Эй бола! Подшоҳ билан ўйнашма! У жуда қудратли. Сен сеҳргар сифатида унинг хизматида бўл. Ҳаётинг фаровон, қўлларинг узун яшайсан. Аллоҳдан воз кеч! Бошингдан бундай васвасани чиқариб ташла. Акс ҳолда, сени қатл этамиз!”
Бола уларга айтди:
“Аллоҳ оламларнинг якка Эгаси, фақат У ибодатга лойиқ. Унга иймон келтиринг, нажот топасиз!”
Подшоҳнинг сарбозлари ғазабланиб, болани улоқтириш учун уни ушладилар. Бола: “Аллоҳуммакфийни би ма шиъта!”, яъни “Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя қил!” – деб дуо қилди. Дуо ижобат бўлиб, чўққи ларзага келди, барча золимлар зилзиладан даҳшатга тушиб, ўзлари баланд тоғдан пастга “учиб кетдилар”. Бола эса соғ-саломат подшоҳнинг ҳузурига келди. Халқ ҳайратга ғарқ бўлди, одамлар боланинг Роббисига Аллоҳга иймон келтира бошладилар.
Подшоҳ болани тирик ҳолда кўриб ҳам қўрқди, ҳам қаҳр ила қутурди. Яна бир гуруҳ навкарларга буюрди: “Буни кемага солиб, денгизнинг ўртасига элтинг. Тушунтиринг, насиҳат қилинг, динидан қайтсин! Қайтмаса, денгизга чўктиринг!”
Хизматкорлар кема денгизнинг ўртасига боргач, боланинг қўл –оёғини боғлашди. Улоқтиришга шай қилиб, дедилар:
“Эй бола! Подшоҳдан қўрқ! Аллоҳни унут, Роббингдан воз кеч! Подшоҳнинг худо қилиб ол. У сени мукофотлайди, Ер юзида шон-шараф, давлат ва савлат ила юрасан. Акс ҳолда, сени денгизга отиб юборамиз. Наҳанг ошқозонида ҳазм бўласан!”
Бола хотиржам туриб, уларга шундай жавоб қилди:
“Эй одамлар! Тавба қилинг ва ёлғиз илоҳ, бутун оламнинг Роббиси Аллоҳга иймон келтиринг ва таслим бўлинг! Акс ҳолда, сиз ва подшоҳингиз жаҳаннамда ёнасизлар!”
Аскарлар болани кўтариб, денгизга ташлашга шайландилар, бола эса: “Аллоҳуммакфийни би ма шиъта!” – “Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя қил!” – дея дуо қилди. Денгизда пўртана кўтарилди, шамол эсди, тўлқинлар кемани шундай кўтардиларки, боладан бошқа ҳамма денгизга йиқилиб, наҳанг ошқозонига бориб тушдилар.
Боланинг эса қўл-оёқлари ечилди, у кема билан қирғоққа сузиб чиқди ва кофир подшоҳнинг олдига борди.
Болани кўрган подшоҳнинг тоқати тоқ бўлди, у қатлга ҳукм чиқарди.
Мамлакатдаги одамларни катта майдонга йиғди, болани бир устунга чирмаб боғлади.
“Эй одамлар! – деди подшоҳ. – Мана бу нонкўр болага сеҳр илмини ўргатишни мен буюрдим. Бу бўлса, қандайдир роҳибдан бемаъни нарсаларни таълим олди. Роҳибни шу қилмиши учун қиймаладим. Энди навбат болага келди. Ким унга эргашган бўлса, ақлини йиғиб олсин! Акс ҳолда, ҳаммангизни ўтда ёқаман!”
Подшоҳ шундай деб, болага юзланди:
“Эй аҳмоқ! Менинг худо эканимни тан ол! Шунда сенга ҳаёт бераман!”
Бола кулди ва: “Эй нодон подшоҳ! Сендан олдин ҳам сендан қудратли подшоҳлар бор эдилар. Ҳаммаси ўлди. Кофирлари Аллоҳнинг қаҳрига учрадилар. Сен ҳам улардан бўлма! Аллоҳга иймон келтир ва таслим бўл!” – деб ҳайқирди.
Подшоҳ бу ҳайқириққа чидай олмай, шахсан ўзи камондан болага ўқ узди. Ўқ нишонга тегди, лекин бола ўлмади. Кофир ҳукмдор яна бир неча бор ўқ отди, ўқлар болага тегса-да, санчилмасди ҳам, озорламасди ҳам.
Бола подшоҳга айтди:
“Эй подшоҳ, сенга ўзимни ўлдиришнинг йўлини ўргатаман. Ўқни “Боланинг Роббиси Аллоҳ номи билан!” дея менга от!”
Подшоҳ халқ олдида ўз айтганини қила олмаётгани учун шарманда бўлаётган эди, шунинг учун, ғазабдан кўзига ҳеч нарса кўринмади, камонни ўқлади ва: “Боланинг Роббиси Аллоҳнинг номи билан!” – деб бақириб, пайконни қўйиб юборди.
Ўқ боланинг юзига санчилди, у қонга беланди, бор кучини йиғиб, “Аллоҳдан бўлак илоҳ йўқ!” – дедию, жон берди.
Подшоҳ шундагина нима қилиб қўйганини тушунди: минглаб одамлар боланинг ҳақ йўлда бўлганлигини ўз кўзлари билан кўрган бу кароматдан сўнг англаб, иймон келтирдилар.
Подшоҳ эса аскарларига оломонни қуршовга олишни амр этди. Беҳад улкан чоҳ кавлатди. Чоҳни эса жуда кўп ўтин билан тўлдириб, уч кун олов ёқтирди. Сўнг қўшинига буюрди: “Аллоҳга иймон келтирганларга айтинг! Динларидан қайтсинлар! Акс ҳолда уларни чоҳга улоқтиринг! Оловда куйиб, кул бўлсинлар!”
Иймон келтирганлардан ҳеч ким кофир подшоҳнинг амрига итоат этмади. Аскарлар уларни олов тўла чоҳга судраб, суриб улоқтира бошладилар. Одамлар ичида ёш гўдагини кўтарган аёл фарзанди сабаб оловдан қочмоқчи эди, гўдак тилга кириб: “Онажон, қўрқманг! Сиз ҳақ йўлдасиз!” – деди.
Мўминлар чоҳга йиқиларкан, Олов Аллоҳга илтижо этди:
“Аллоҳим! Кофирлар наздида иймондан бўлак айби бўлмаган мўмин қулларингни зинҳор ёндиришни истамасман! Уларни Ўз Олий Даргоҳингга кўтар!”
Аллоҳ чоҳга улоқтирилган барча мўминларни баданларини куйдирмасдан, жонларини уларга енгил ва ҳузурли ҳолда олди ҳамда Ўз Олий даргоҳига кўтарди.
Олов эса: “Аллоҳим, Сенинг изнинг ила кофирларни куйдираман!” – деди ва чоҳ тепасига шиддат ила чиқди. Кофир подшоҳ ва унинг барча қул, хизматкор, лашкари билан биргаликда ўз домига ютиб, азоблаб куйдирди, ҳалок этди.
Ушбу буюк қисса мазмунини имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисдан топиш мумкин. Аллоҳ таоло Буруж сурасининг 4 – 9- оятларида бу воқеа ҳақида шундай марҳамат этган:
“Чоҳ эгаларига лаънат бўлсин! У чоҳнинг ёқилғиси оловдир. Кофирлар ўша олов тўла чоҳ атрофида ўтирибдилар. Улар иймон эгаларига қандай зулм этган бўлсалар, ўша ишларига ўзлари гувоҳдирлар! У кофирларнинг мўминлардан топган “айб”лари шу бўлдики, мўминлар Иззат ва Ҳамд эгаси бўлган ёлғиз Аллоҳга иймон келтирган эдилар. Аллоҳ, осмонлару ернинг подшоҳлиги фақат Унга хос бўлган Зотдир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага гувоҳдир!”
Абдуллоҳ Ёрқин камерада ўтириб, Айдар ва Найновдан мусулмонлар устидан қилинаётган зулмлар ҳақида эшитгач, титроққа тушган эди. Бу титроқ қўрқувдан эмас, иймон эгаларига бўлаётган ҳақсизликдан туғилди. Бироқ унда: “Аллоҳуммакфийни би ма шиъта!” яъни, “Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя эт!” деб дуо қилишдан бўлак чора йўқ эди. Абдуллоҳ шундай деб дуо қилди. У ҳали бу дуони кўп зикр этади. Биз эса Сизга бу муборак дуонинг тарихини айтиб бердик.
Энди эса Абдуллоҳнинг қамоқдаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қиламиз.
Икки кундан сўнг, терговчи Абдуллоҳни чақиртирди. Адвокат Тублибек ҳам келибди.

    • Мана, сизнинг “иши”нгиз, – деб терговчи қалин ва қора жилдни Абдуллоҳ томон сурди. – Ўқиб чиқинг ва керакли жойларини имзоланг.

Абдуллоҳ ўз “жиноий иши” диққат билан ўқишга киришди: у тушунтириш хатида ёзиб берган ҳамма нарса киритилибди, аввалги сафарги тергов тафсилоти ҳам икир-чикирларигача баённомага туширилибди. Ҳар бир саҳифанинг энг тагига, ҳар бир хатбошининг сўнгига, терговчининг ҳар бир саволига берган жавобидан кейин тасдиқ имзосини қўйиш шарт экан.
Ярим соат ичида Абдуллоҳ имзолашни тугатди. Энди адвокат қўл қўйишни бошлади.
Абдуллоҳ ишнинг бу қадар силлиқ кетаётганидан шубҳага тушди. Бу “адолат” ортида, албатта, қандайдир разолат борлигига, негадир, ич-ичидан амин эди.
Адвокат ҳам ишини битиргач, терговчи эълон қилди:

    • Абдуллоҳбей, жабрланувчи, Хитой Халқ Республикаси фуқароси жаноб У ва гувоҳ Саримсоқ Сағир ўғли ҳам келишган. Чақиринглар!

Хонага Абдуллоҳ калтаклаган хитойи аввал кирди. У худди отасининг мулкига киргандек керилди, бурни осмонда. Терговчи ўрнидан туриб, Уни кутиб олди, ўтириши учун курси кўрсатиб, хитойчалаб чуқур мулозамат қилди.
Бўйнини қисиб, хитойидан калтак еган хизматчи ҳам шу ерда ҳозир бўлди. Абдуллоҳ хизматчига диққат қилди: у жуда ориқ, нимжон ва касалмандлигини эса қиёфаси “айтиб турибди”.
Терговчи хитойи У билан анча чуғурлашди, кейин Абдуллоҳга деди:

    • Абдуллоҳбей, сиз жаноб Уни бесабаб урибсиз.

    • Йўғе, у мана бу йигичани ўзи урди-ку! Мен бир мазлумни ҳимоя қилдим, холос.

    • Жаноб У эса аксинча айтяптилар... – деди терговчи ва хизматчига савол берди. – Сиз мана қаршингизда ўтирган айбланувчи жаноб Уни беаёв ва ваҳшийларча дўппослаганини холис гувоҳ сифатида тасдиқлайсизми?

Саримсоқ Сағир ўғли дам терговчига, дам хитойига, дам Абдуллоҳга мўлтиради. Овози қалтираб деди:

    • Ҳа, тасдиқлайман.

    • Қандай бесабаб? – ҳайрон бўлди Абдуллоҳ. – Хитойлик сизни ураётган эди. Мен эса ҳимоя қилдим-ку!

Хизматчи жим бўлиб қолди. Билинар-билинмас минғирлади:

    • Мени ҳеч ким урмади. Сиз жаноб Уга сабабсиз тажовуз этдингиз...

    • Тажовуз?! – Абдуллоҳ қулоқларига ишонмади. Ўрнидан сапчиб турди. – Ҳой, ноинсоф! Нега алдаяпсан? Нега менга туҳмат қиляпсан?

    • Алдамаяпман! Туҳмат қилмаяпман! – Саримсоқнинг овози туйқус дадиллашса-да, йиғлагудек бўлиб гапирди. – Сиз жаноб Уни негадир ҳақоратладингиз. Урдингиз, мен эса буни кўрдим, ҳозир эса тасдиқлайман!

Абдуллоҳнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. У ҳаммасини тушунди.

    • Эҳ, бечора!.. – деди ҳорғин қараб хизматчига. – Менга туҳмат қилсанг, сенга душманлар лутф қиладиларми? Улар учун бир кўппакчалик ҳам қадринг йўқ.

    • Туҳмат қилмаяпман! Алдамаяпман! – деди хизматчи.

    • Йўқол! – деди Абдуллоҳ унга.

    • Айбланувчи, гувоҳга тазйиқ ўтказманг! – огоҳлантирди терговчи ва даъвогар ҳамда “холис”га кетиш учун рухсат берди. Абдуллоҳ асабий эди.

    • Уларнинг кўрсатмалари расмийлаштирилади, ишни судга ўтказаман,

  • деди терговчи. – Қонун олдида жиноятингиз учун жавоб берасиз.

    • Қўйсангиз-чи! – Абдуллоҳнинг энсаси қотди. – Қайси қонунни айтяпсиз? Ўзингиз ўша қонунингиз ишламаслигини жуда яхши биласиз-ку!

    • Сизга яна бир янгилик бор, – Абдуллоҳнинг гапига эътибор бермади терговчи. – Устингиздан шикоят тушди. Раҳбарият бу ишни ҳам менга топширди. Бу бошқа жиноят. Ўта оғир турдаги, ўта хавфли жиноят. Бу алоҳида тергов, алоҳида суд, демакдир.

    • Сизлар туҳматдан чарчамас экансиз, яна қандай ўйин топдингиз? – тишининг орасидан гапирди Абдуллоҳ.

    • Терговга халал беряпсиз, адолатли Давлатимиз тизимини ҳақоратлаяпсиз, ҳар бир гапингизни “ишингиз”га қўшаман, жазони оғирлаштиради, – деди терговчи.

    • Шундай денг? – кулди Абдуллоҳ. – Ажойиб! Ҳақ гапни айтсанг, терговга халал берган бўласан! Қойил қолдим.

  • Абдуллоҳ Ёрқин! Эшитинг! – деди терговчи қўлидаги вараққа тикилиб. – Сиз, Туркия ватандоши, буюк Хитой Халқ Республикасига фитна уюштириш, давлатни обрўсизлантириш, Хитой фуқаролари орасида давлатига ишончсизлик уйғотувчи туҳматона уйдирмалар тарқатиш, бетартиблик келтириб чиқариш мақсадида таълим дастури ниқоби остида кириб келиб, фаолият юритганликда айбланасиз!

Абдуллоҳ ўзини кулишдан тўхтата олмай қолди.

  • Бу қандай аҳмоқона бўҳтон бўлди, жаноб терговчи! – деди. – Урумчига келишимдан йигирма тўрт соат ўтмай қамоққа тиқдингиз. Қандай қилиб фаолият юритаман?

  • Биз осмондан олиб гапирмаймиз, – деди терговчи дўқ оҳангида. – Фуқаро Мойимхон Сотимга учоқмайдондан меҳмонхонага келишда экстремистик, террористик ва антикоммунистик ғояларни сингдиришга урингансиз. Ана шу хатти-ҳаракатингиз уюшган ҳолда давлат тўнтариши уюштириш йўлидаги фаолият ҳисобланади. Лекин ватанпарвар фуқаро сизнинг қутқуларингизга учмади, ёт ғояларингизга алданмади, ўз вақтида тегишли ташкилотларга хабар берди. Ана энди ана шу фитнангиз хусусида алоҳида тергов ўтказаман.

Абдуллоҳ лол эди. Макрнинг бу қирраси унинг ақлини шоширди.

  • Энди менга макр қилдингиз, шундайми? – деди терговчига. – Билиб қўйинг, Аллоҳ ҳам сизга шундай макр қиладики, кўзингизга ҳеч нарса кўринмай қолади!

  • Абдуллоҳбей! Абдуллоҳбей! – шу онда тилини ютиб юбориб жим ўтирган Тублибек гап қотди. – Бундай қизишманг! Ишни қийинлаштирманг! Агар айбловда хатолик бўлса, қонунан курашамиз.

  • Сиз ҳам қонун дейсизми? Кўряпман қонунларингизни! Жуда “мукаммал” ишлаяпти! – заҳарханда қилди Абдуллоҳ.

  • Судда бу гапларингиз учун ҳам жазо оласиз, – деди терговчи совуққон. – Сизга савол: сизни ким Хитойга юборди? Ғоявий раҳнамоингиз ким? Моддий таъминотчингизнинг исмини айтинг.

  • Мен бу масалада бирорта саволингизга жавоб бермайман! – деди Абдуллоҳ.

  • Терговга ёрдам беринг, – огоҳлантирди терговчи. – Ўзингизга осон бўлади.

  • Осонлаштирувчи ҳам, қийинлаштирувчи ҳам Аллоҳдир! – деди Абдуллоҳ.

Терговчининг кўзида бирдан ёвузлик чақнади:

  • Менга қара, маҳбус, ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Бу қамоқ жаҳаннам эканлигини кўрдингми? Сени ҳеч чертмаяпти? Биласанми, нима учун? Чунки юқоридан айтишди: келгиндининг бурни қонамасин, дейишди! Акс ҳолда, унингни ҳам чиқара олмасдинг! Киндигингдан бошлаб қорнингни ёриб, ичагингни салла қилиб, бошингга ўраб қўярдим, аллақачон! Худойингга ибодат қилиб ўтирардинг! – деди оғзидан тупук сачраб. – Индамаганим сари бошга чиқяпсан! Суд ўтади, камида ўн бешта оласан, камида ўн беш! Жамлоқда эсингни киритиб қўйишади!

Адвокат Тублибек терговчининг дағдағасидан ранги оқариб, нафас ололмай қолди.
Абдуллоҳ пинагини бузмади. Терговчига хотиржам деди:

  • Асл башарангизни очдингиз, офарин! Кўзбўямачиликка ўйлаб топган қонунларингизни беҳаёларча пеш қилишингиз-чи! Мойимхоннинг шикояти юзасидан эса битта сўз айтмайман ҳам, ёзмайман ҳам!

  • Мард экансиз-да, Абдуллоҳбей! – тўсатдан тиржайди терговчи. – Шундай жиноятларни бўйнингизга қўяманки, иқрор бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам, бемалол камоққа кириб кетаверасиз!

  • Қўлингиздан келганини қилинг, жаноб терговчи! – Абдуллоҳ шундай деб ўрнидан турди. – Миршабларга айтинг, камерамга кузатиб қўйишсин!

Терговчи ташқарига чиқди, Тублибек овози қалтираб, ялингганнамо деди:

  • Абдуллоҳбей, терговчидан кечирим сўранг! Ўзингизга қийинчилик туғдирманг!

  • Хавотирланманг, ҳасбияллоҳу ва ниъмал Вакийл! – деди Абдуллоҳ қатъий. – Сиз ота-онамга қўнғироқ қилдингизми? Менга шуни айтинг!

Тублибек жавоб беришга улгурмади, икки миршаб кирди ва Абдуллоҳнинг қўлини қайириб, олиб кетдилар.
Абдуллоҳ ўз камерасига эмас, зиналар орқали ер тагига, ним қоронғу, чироғи хира милтираётган йўлакка тушаётганини кўриб, бақирди:

  • Мени қаёққа олиб кетяпсанлар! Қўйиб юбор! – деб силтанди.

Ер тагида узун, охири кўринмайдиган, эни икки қулоч келадиган йўлакка тушдилар. Бетон деворларда ўргимчак тўри йилтирайди. Димоққа
«гуп» этиб йиринг, қон, зах, нажосатнинг аралаш иси урилди. Ҳаммаёқдан ингроқ овозлари тараларди.

  • Сенинг тилинг жуда узун экан, келгинди, – деди миршаблардан бири.

  • Тили узунлар билан яқиндан танишиб ол -чи!

Иккинчи миршаб хиринглади. Биринчи темир эшикнинг қаршисида тўхтадилар. Йўлакнинг нарига томонидан миршаб кийимида баланд бўйли, тиртиқ лабли, бесўнақай бир нусха уларнинг олдига келди.

    • Кимни келтирдинглар? Янгисими? – деб сўради хириллаган товушда.

    • Ҳа, янгиси. Янги келинчакдек нози бор, – боя хиринглаган миршаб.

Абдуллоҳ бу гапни эшитиб бир силтанди.

    • Бунга ҳамма камераларни бир-бир кўрсатсанг, Девоға, – илтимос қилди миршаблардан бошқаси. – Келажак маскани билан яқиндан танишиб олсин!

Девоға:

    • Яхши, – деди-да, Абдуллоҳнинг орқа ёқасидан даст кўтариб ерга қўйди. Абдуллоҳ бўғилиб, йўталди. Дев уни судраб биринчи темир эшик рўпарасига келтирди. Эшикнинг тамбасини суриб, очди.

    • Ичкарига қара, маҳбус, – деди қўлчироқ билан ёритиб.

Ичкарида икка яланғоч маҳбус икки томонга қўлидан осиб қўйилган. Уларнинг оёқда туришга қуввати қолмаган, билакларини темир ҳалқа тишлаб турибди. Қорин ичига тортилиб, тери қолган, холос. Қовурғалари саналиб ётибди. Соч ва соқол патак бўлиб ўсган, битлаган. Елка, сон, болдирларидаги яралари йиринглаган, пашша вижиллайди, майда қуртлар босган. Камеранинг деворлари, поли қасмоқ. Ҳар ер-ҳар ерда одам нажосати. Камерага бир парча ҳам ёруғлик кирадиган дарча кўринмайди.
Абдуллоҳнинг димоғи ачишди, кўзидан дувиллаб ёш отилди.



Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   35




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling