ҲАЛҚА Қисса биринчи боб
Download 0.5 Mb.
|
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)
ЎН ЕТТИНЧИ БОБЕвропада Европа халқи учун ҳуррият бор, адолат бор, – деди Мубина хоним, яъни собиқ Анжелина. – Ҳукумат тепасидаги сиёсатчиларнинг худбинликларини инкор этмайман. Бироқ халқ демократияга ишонади. Меҳнат ва иқтидор муносиб баҳоланади. Шарқ одами учун ғайритабиий туюладиган ўзсеварлик бу ерда жуда ҳам табиий. Кайфиятинг, хоҳишларинг, фикр ва сўзларингга ўзинг эгалик қиласан. Бошқаларда ҳам бу эгалик ҳуқуқи бор. Унга дахл қилмайсан. Ана шу бош қоида. Мен Шарқнинг мусулмонлар кўп яшайдиган ҳудудларида бўлганимда уларнинг Европа ҳақидаги қарашлари икки хил эканлигини кўрдим. Бир тоифа одамлар Европани нуқул танқид қилади. Ҳолбуки, уларнинг бирортаси бизнинг Ватанда яшамаган, саёҳат ҳам қилмаган. Бу танқид ҳукмрон ҳукуматнинг бир ёқлама мафкурасининг меваси, холос. Бундай мафкуралар, одатда, миллионлаб одамларнинг манфаати, эркини ҳимоя қилмайди, балки, давлат тепасидаги гуруҳларнинг шахсий фаровонлигини таъминлайди. Одамлар қулоқлари билан шундай катта даъволарни эшитадилар . Улар эшитишга мажбур этиладилар. Мафкуранинг баланд овози чор-атрофни шу қадар қоплаб оладики, қулоқлар батанг бўлади. Инсонлар, натижада, шахсий ҳаётларида на фаровонлик, на ҳурриятни кўрмасалар-да, руҳиятларига ғалати, ҳеч тарк этмайдиган қўрқув сингиб кетса-да, ўзини бахтли яшаётган ишонади, умрини бахтли яшаётгани ҳақидаги аргументларни излаш билан ўтказиб юборади. Европада эса одамлар бахтли ёки бахтсиз эканликлари ҳақида кўп ҳам бош қотиришмайди. Улар учун, ўзлари истаган ишни қила оляптиларми, шу муҳим. Зотан, сенга бу масалада ташқи тўсиқ йўқ. Давлат ҳам халқ учун шароит яратиб беряпман, беҳаёларча деб кўксига уравермайди, бунинг имкони йўқ. Чунки ёлғон гапирса, халқ ҳукуматнинг эсини киритиб қўяди. Чунки давлатнинг мажбурияти шу. Ҳукуматнинг яккаю ягона вазифаси шу. Агар ҳокимият шу вазифасини бажара олмаса, исталган одам унга қарата: “Ҳей ҳукуматдагилар! Ишларингни эплолмаяпсизлар, қани, ўрнингизни эплайдиган одамларга бўшатиб беринглар!” – дейишга ҳаққи бор. Бу сира ҳам ажабланарли ёхуд қўрқинчли ҳолат эмас. Шарқда, Осиёда эса буни ҳеч ўзларига сингдира олишмас экан, айниқса, мусулмонлардан иборат мамлакатларда ҳукуматдан яхши ишлашни талаб қилганларни жазолашади, ҳолбуки, улар Европадаги каби ҳукуматдан истеъфо сўрашмайди ҳам. Кейинроқ Ислом тарихини батафсил ўрганиб, биздаги бу эркинлик Ислом таълимотининг асоси эканлигини кўрдим. Гап шундаки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳу даврларида уларни, жамиятнинг саъвияли инсонлари, агар адолат қилмасанг, сени ўлдирамиз, деб огоҳлантиришган. Оддий одамлар давлат раҳбарининг қарорига, агар унда хатолик бўлса, эътироз билдиришган. Бу учун ҳеч ким қораланмаган, аксинча, олқишланган. Европа Исломнинг шакли, қолипи билан ўз ҳаётини қурди. Бироқ Ислом ақийдасини қабул этмади, ақийдасиз исломий қолип Европани ҳуррият ва адолат ўлкасига айлантирди. Шарқ ва Осиё эса исломий ақийдани ҳам, исломий қоидаларни бузиб юборди. Майли, бу чуқур масала. Кўп жиҳатлари бор, кейинроқ тўхталамиз. Европага нисбатан шарқликларнинг яна бир муносабати буткул тақлиддан иборат. Кўп Осиё одамлари парвоналар чироққа қандай талпинса, Европага шундай талпинади. Европага эргашади. Ажабланарли жиҳати шуки, осиёликлар ҳам, шарқликлар ҳам Европага энг биринчи бўлиб, кийинишда, маиший турмуш услубларида тақлид қилишади. Шахсан, бу менга бироз эриш туюлади. Ахир, Европа халқи очиқ кийинса, столда овқатланса, ички, интим ҳаётида қандайдир қоидаларга амал қилса ёки бир жинсли никоҳни тасдиқласа, шуларни бутунича қабул қилсангиз, Европадек тараққиётга эришиб қолмайсиз-ку! Мен ўз ўлкамнинг Ер юзининг бошқа ҳудудларидан устунлигини тақлиддан йироқлигида, одамлари ўз ичидагини борича тақдим этишида ҳамда инсонлар ўз миллатдошлари устидан ҳукм юритишга интилмасликларида, деб биламан. Чунки шу асосида ҳамма ютуқни қўлга киритиш мумкин. Осиё мусулмонлари эса аксинча: улар, нима учундир, қудратлиларнинг хоҳиши учун яшашади, бошқаларнинг олдида муте ҳолда турадилар, ошкор этолмаган истакларини пинҳона амалга оширишга уринишади. Ҳолбуки, тилларида ёлғиз Аллоҳнинг розилиги ҳақида гапиришади. Аслида, инсон ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун яшаганида Ер юзида заррача зулм бўлмасди, бирор одамнинг кўзидан бир томчи ёш беҳуда тўкилмасди, ҳатто, чумоли ҳам оёқ остида қолиб эзилмасди, чунки Ислом нафақат одамзоднинг, балки, жонли ва жонсиз жамики мавжудотнинг ҳуқуқини, ҳурриятини мукаммал ҳимоялайди. Шундай ҳимоялайдики, бировнинг ҳаққини адо этиш билан бошқанинг ҳаққи поймол бўлмайди. Башарти, инсонлар Исломда яшаяпман, деб ҳаётларига Исломни татбиқ этмасалар, тилларида диёнатдан сўзлаб, дилларида хиёнатни одат этсалар, уларнинг устидан зулм тошлари ёғади, золимлар ҳамиша қойим бўладилар. Чунки бу Аллоҳнинг қонунини ўйин қилишдир. Аллоҳ Ўз Қонунини ўйин қилганларни эса, албатта, жазолайди. Масалан, золимларнинг қўли билан. Менга Ўрта Осиёда туғилиб, Ҳиндистонда салтанат барпо этган бир подшоҳ тарихи ҳақида айтишди. У ҳақдаги илмий фильм лойиҳаси тасдиқланибди. Мен сценарийнавис ўлароқ бу подшоҳ тарихини ўқишга киришдим. Унинг исми Муҳаммад Заҳириддин Бобур эди. Юқорида айтганларимнинг аксари подшоҳ Бобур фаолиятига ҳам тегишли, чунки у Исломнинг асл қудратини ўрта асрларда намойиш эта олган кам сонли ҳукмдорлардан биридир. У ҳақида сизларга батафсил гапиришга вақт етишмайди, бироқ бир неча муҳим нуқталар борки, шу нуқталар сабабли мен Бобуршоҳга маҳлиё бўлдим. Бу Бобуршоҳнинг тугамас шижоати, қатъий иродаси, ақлни лол этадиган ғайратидир. Унинг таржимаи ҳолига боқиб, чинакам Эрни, мухлис мусулмонни, Роббисига боғланиб, Ундан чексиз қувват олишга эришган Бандани, буюк мақсад йўлида ўзини қурбон этишга тайёр Улкан Шахсиятни кўрасиз. Унинг ўткир ақли, мустаҳкам эътиқоди, беҳад кенг тафаккури, кучли хотираси, сиёсат ва ҳарб илмидаги маҳорати сабаб мен Бобуршоҳга ошиқ бўлдим. Дастлаб, унинг “Бобурнома” китобини ўқидим. Ўқиганим сари қаршимдан жуда ғайритабиий, айни пайтда, хислат ва фазилатлари одамни сеҳрлаб қўядиган бир Инсон пайдо бўлди. Хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам, Бобуршоҳни ҳурмат қилиб бораверасиз. Мен бундай шижоатнинг, бундай жозибанинг манбасига кўпрок қизиқдим, ўргандим. Хулосам шу бўлдики, Бобуршоҳнинг қудрати Ислом экан. Ўн икки минг лашкар билан юз минг қўшин қаршисига чиқиш учун, ўйлаб кўринг, инсон ким бўлиши керак? Ёки бу қандай одам бўлиши мумкин? Ёки ўн икки минг одам юз минг кишилик қўшин билан жанг қилишга рози. Уларни қандай қилиб бу йўлга бошлаш мумкин, ахир? Ўн икки минг инсон юз минг нафар аскар рўпарасига чиқар экан, уларни қандай ишонч воситасида тарбияланган экан? Мени шу лол қолдирди. Энг ҳайратланарлиси, ана шу ўн икки минг юз мингни тор-мор қилди. Аминманки, Бобуршоҳ ҳам, унинг қўшини ҳам ўлимни бўйинга олиб урушга чиққан эдилар. Улар бу урушда ўлиш орқали дунё ҳаётидаги неъматлардан кўра улкан неъматга эришмоқларига инонмаганларида бу йўлга азм қилармидилар? Йўқ. Улар учун урушнинг натижасидан кўра урушнинг Мақсади қийматли бўлгани аниқ. Ана шу Мақсад уларни музаффар этди. Бу Мақсадни Бобуршоҳ ўз қалбига жо этиб, лашкарини ҳам шу Мақсад кучи билан майдонга олиб чиққан эди. Мен бу Мақсадни Аллоҳнинг розилиги бўлганига ишонаман. Бобуршоҳ Аллоҳ учун Ислом фатҳини амалга оширишни истади, нияти тўғри экан, Аллоҳ унга бу шарафни берди. Ана шундай хаёллар, хулосалар мени тўлқинлантириб юборди, Ҳиндистонга шундай завқ ва иштиёқ ила учдим... Анжелина Ҳиндистонга учаркан, у фақатгина Бобуршоҳ эмас, балки, ҳинд маданияти ва замонавий сиёсати ҳақида ҳам ўзига етарли маълумотларни ҳам ўрганди. Учоқ Янги Деҳлига қўнди. Оқшом. Анжелинага айтишганидек, ҳаво қўрқинчли даражада бўғувчан ёки иссиқ туюлмади, лекин иқлим ўзгаришини яққол сезиш мумкин. Шу куниёқ кечқурун Ҳиндистоннинг қайси шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишлари ҳақида қайта эслатма берилди. Саёҳатларнинг ҳаммаси автобус ҳамда поездларда бўлади. Илк манзил Агра шаҳри. Кейин Файзободдаги Аёдҳия, Ҳайдарабод, Аҳмадобод ва ҳакозо. Ҳар бир шаҳарда Бобур ва бобурий подшоҳлар қурдирган масжид, мадраса, сарой ва бошқа иншоотлар суратга олинади, маҳаллий тадқиқотчи олимлар, журналистлар, тарихчилар ва ерли одамлар билан суҳбат олиб борилади. Сценарийда “Бобурнома”да акс этган жўғрофия, ҳайвонот, набодот ва иқлимшуносликка оид маълумотларни бугунги шароит билан қиёслаш хам назарда тутилган. Тож Маҳал ҳамда баъзи қадимий масжидлар билан боғлиқ тасвир ишлари икки ҳафта давом этди. Анжелина қадимги ҳинд меъморчилиги ва санъати билан Мовароуннаҳр Ислом меъморчилигининг уйғунлигига дуч келди. У нафис нақшлар, ранглар, безаклар, бино тузилишлари, қурилиш услублари, фойдаланилган хом-ашёлар, ҳашамат ва улуғворликка боқиб, Бобурийлар салтанатининг қудратга тўла, дориломон даврларига тушиб қолгандек эди. Ўз иши билан овора, лекин одамга кулиб қарайдиган қорачадан келган ҳинд эрлари, сарига ўранган аёллар, соқол ўстириб, салла ўраган, тириклик меҳнатига ғарқ бўлган мусулмонлар... Шарқу Ғарбдан келиб, атроф-жавонибни тўлдирган турли рангли ва турфа тилли сайёҳлар... Қайноқ об-ҳаво... Одамлари зич кўчалар, инсонларнинг дарду ҳасрати, қувончу шодлиги, хайру шарри, савобу гуноҳи, итоату исёни, садоқату хиёнати, диёнату даҳрийлиги кўзгуси бўлган пасту баланд, ранго ранг, харобу обод бинолар, уйлар, маконлар, эҳтиромга сазовор сигирлар, муҳаббатга лойиқ илонлар, таъзимга арзийдиган маймунлар... Исонинг ҳайкали ўрнатилган, қўнғироқлари жаранглаб турадиган, деворларида насроний ривоятлари тасвирланган черковлар... Браҳма, Шива, Индра, Ганеша, Рам ва ҳоказо маъбудларнинг бутлари учун қурилган бутхоналар... Азонлари қалбни титратиб, қироатлари инсонни ларзага соладиган масжидлар – буларнинг ҳаммаси Анжелинани мафтун этди. Қадимдан ҳиндлар ўз юртларини Бхарат, деб аташаркан, Ҳиндистон сўзи эса мусулмонлар томонидан кўп қўлланган. “Панчатантра”, “Маҳабҳорат”, “Рамаяна” ва “Ведалар” Анжелина учун буюк тафаккур, юксак гуманизм, чуқур фалсафа ўлароқ туюлди. Ислом тарихида айтилишича, Одам ато ва Момо ҳаво ҳам Ҳиндистондаги тоғларда яшаб ўтишган. Бир ойлар ўтиб, Анжелина Ҳиндистонга мослашиб қолди. Ҳиндий саломлашув, муомала, баъзи сўз ва ибораларни ўрганди. Ҳиндларнинг тоифалари, қадимдан қолган браҳманчилик, табақаланиш ҳақида нафақат, эшитиб, ўз кўзлари ила кўра бошлади. Гарчи, шимолий ва марказий Ҳиндистонда одамларнинг браҳманлар, кшатрийлар, шудралар, ҳатто, чандаллар каби табақаларга ажралиши у қадар сезилмаса -да, чека ҳудудлар, айниқса, шарқий ва жанубий Ҳиндистонда фақат шу қоидалар устунлигини билиб олди. Бобуршоҳ ва унинг авлодлари ана шу табақаланишга қарши курашгани, мусулмон бўлмаганлардан жизя ҳам олганлари ўртага чиқди. Бобурий подшоҳлар қудрат ва таъсир масаласида турлича эдилар. Уларнинг баъзилар жизя олишда беэътибор бўлган, аммо Аврангзеб Оламгир иккинчи Ҳиндистонни бутунича итоатга келтирган, табақаланишга, ўликларни ёқишга, қароқчиликка, ўзбошимчаликка қарши қатъий курашган, мамлакатнинг ҳар бир нуқтасида Исломий қоидаларни жорий қилишга тиришган, бироқ бу ҳамиша ҳам самара бермаган. Ҳиндлар ичида ўз бутларига садоқатли ҳамда жангари қабилалар кўп бўлган. Улар аксари ҳолларда таслим бўлиб, шартларни қабул қилишарди, сўнг яна тезда ўз билганларича яшардилар. Ана шундай ҳудудларда Исломга ҳам, мусулмонларга ҳам, Бобуршоҳга ҳам, бобурийларга ҳам беҳад кучли адоват борлигини Анжелина англай бошлади. Аёдҳияга борганида қадимий Бобур масжиди бузиб ташланганлигини кўрди. Шу масжидга яқин мусулмон маҳалласидаги одамлар билан суҳбатлашиш истаги уйғонди. Бу ерда бобурийлар, деб аталадиган бир уруғ бор экан. Улар бевосита Бобуршоҳнинг наслидан эмас, фақат Бобурийлар давлатининг Мовароуннаҳрдан келган хизматчилари экан. Анжелинага маҳаллий мутахассислардан икки киши: Ашока ва Гуру бириктирилган эди. Ашока Лондонда тарих ва санъат йўналишида таълим олган, Янги Деҳлида шахсий мактаби бор, жуда маданиятли, миллатпарвар одам эди. У ўзини ёзувчи Рабиндрантҳ Тҳакурга қариндошлигини айтиб фахрланарди. Гуру эса Янги Деҳлиги Банорас штатидан келган. У шу ерда таълим олган. Ҳинд тили, лаҳжалари, урф-одатларини мукаммал билади, лекин ҳар қандай гапининг оҳангида Бобур, бобурийлар ва мусулмонлар ҳақида бирор салбий фикр айтишга ўч эди, буни Анжелина сезди. Мусулмонлар гаплашишга арзимайди, деб ўйлайман, хоним, – деди Гуру. – Сизга айтганимдек, уларнинг дини босқинчиликка буюради. Улар юртимизни босиб олишган. Динларини мажбуран тиқиштиришган. Шунинг учун, уларнинг бизнинг юрта гапириш тугул, яшашга ҳам ҳақлари йўқ. Улардан қандай маълумот олишингиз мумкин, ахир? Мана, биз ҳаммасини сизга батафсил тушунтиряпмиз-ку! Гуру соҳиб, – деди Анжелина. – Фикрларингизга эътирозим бор. Инсонларни бундай таҳқирлаш тўғри эмас. Мен улар билан гаплашишим шарт. Гуру, дўстим, – деди Ашока юмшоқлик билан. – Қўй, шу гапларингни. Хоним ўз лойиҳаси асосида ишлаши керак. – Ашока шундай деб, Анжелинага қаради. – Хоним, сиз истаган жойингизга боришингиз мумкин. Сизга ўзим ҳамроҳлик қиламан. Одамлар билан таништираман. Мусулмонлар мавзеси бошқа кўчалардан ажралиб туриши сезилди: тозалиги, тартиби, одамларининг юриш-туриши ғайридин ҳиндлардан фарқли, албатта. Ашока Анжелинани Бобурийлар хонадонига таклиф қилди. Хонадон соҳиблари қандолатфуруш экан. Ҳовлининг атрофидаёқ ширин таъм, ёқимли ифорлар кезади. Кираверишда бир қанча мижозлар кўринди. Уларнинг баъзилари қоғоз қутиларни ўз уловларига юклашмоқда, баъзилари ўрта бўйли, қорачадан келган, оқ салла ўраб, узун кулранг кўйлаги устидан енгсиз жигарранг нимча кийган, мошкичири соқолли, кўз ойнак таққан, ёши элликлар атрофида бир одам билан суҳбатлашмоқда. Ашока ва бошига пушти гулдор рўмол ўраган ажнабий аёлни кўриб, у одам ҳамсуҳбатларига узр, айтди-да, улар томонга юрди. Ашока, сени бизнинг уйга қайси шамоллар учирди? – деди кулиб. – Хуш келибсан! Улар сўрашишгач, Ашока Анжелинага мусулмон дўстини таништирди: Анжелина хоним, бу инсоннинг исми Хўжа Али оға. Мусулмонлар мавзеси оқсоқоли. Бу кишининг боболарининг оталари сўнгги Бобурий ҳукмдор Баҳодиршоҳ Зафар саройида мунший бўлиб хизмат қилганлар. Сиз билан танишиш мен учун шараф! – деди Анжелина хурсанд бўлиб. Раҳмат, хоним, хуш келдингиз, – деди Хўжа Али, бироқ хонимни танимагани учун Ашокага савол назари билан қаради. Бу Анжелина хоним, Бобурийларнинг мухлиси, сизларга жуда қизиқяпти, – деди Ашока. Хўжа Али жаноблари, – деди Анжелина. – Мен учун Ислом, мусулмонлар тарихи, ҳаёти қизиқарли мавзу, бобурийлар йўли эса жуда жозибали. Мен учун китоблардаги маълумотлар ҳам, ҳатто, тарихий ёдгорликлар ҳам тирик тарих бўлган инсонлар билан суҳбатлашишдек муҳим ва завкли эмас. Аминманки, сизда мени жалб этадиган ажойиб ҳақиқатлар бор. Хўжа Али меҳмонларни ичкарига таклиф қилди, ўғилларидан бирига ишини топширди, чой келтирди. Эҳтиромингиз ва адолатингиз эҳтиромга лойиқ, – деди меҳмонларга ширинлик ва чой узатиб. – Бироқ мақсадингизни билишни истардим, чунки биз мусулмонлар Ҳиндистонда кўраётган зулмларнинг чегараси бўлмаяпти. Шундай ҳолда, Анжелина хонимнинг ташрифларидан ҳайронман, очиғи. Хўжа Али жаноблари, менинг мақсадим ҳақиқатдир, – деди Анжелина. – Кўзбўямачилик, ёлғон, сохталикни ёқтирмайман. Мен сизлар билан холис танишмоқчиман. Керак бўлса, буюк сулола ҳақиқатини бутун дунёга етказишга ҳаракат қиламан. Жуда яхши ният, инша Аллоҳ, – деди Хўжа Али жиддий. – Бироқ бизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз йўли сизни ларзага солади, деб қўрқаман. Ва бу масалада, аввало, хонадонимиз аёллари билан диллашсангиз, мақбул иш, назаримда. Чунки аёлнинг тилини аёл билади, кейин қўшимча саволларингизга ўзим жавоб бераман. Анжелина ташаккур айтди. Аслида ҳам, унинг нияти хонадон ичидаги хонимлар билан суҳбатлашмоқ эди. Чунки чодралар ичидаги муслималарнинг ички дунёси уни тобора ўзига тортяпти, ахир, Муҳаммад Заҳириддин Бобур ва у каби юзлаб фотиҳларни тарбиялаган муслима аёлларнинг бугунги сийратлари қандай экан?! Download 0.5 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling